"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Китоб — хазина

Ўқилди: 48

“Агар сиз фарзандингизга данғиллама уй қуриб берсангиз – вақти-соати келиб, у эскириши мумкин. Агар энг зўр машина олиб берсангиз – уям тез орада эскириши мумкин. Агар унга моддий бойлик, пул қолдирсангиз – уям бир кун сарф бўлиб тугаши мумкин. Аммо дунёда ҳеч қачон эскирмайдиган, йўқолмайдиган бебаҳо бир бойлик борки, у ҳам бўлса, фарзандингизга берган билим ва ҳунардир. Лекин билим ва маърифатни қаердан, нимадан олиш мумкин? Аввало, китоб деган хазинадан”.

Ш.М.МИРЗИЁЕВ

Президентимизнинг ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш, янги лойиҳаларни белгилаш мақсадида 28 февраль – 1 март кунлари Наманган вилоятига амалга оширган ташрифи давомида айтган бу пурмаъно даъвати бугун тобора умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётгани қувонарлидир. Зеро, шиддат билан глобаллашиб бораётган, ахборот олиш дўкондан нон олишдан-да осонлашиб бораётган замонда келажагимиз эгалари бўлган ёшларимизнинг дунёвий, замонавий илмларни эгаллаши баробарида уларни Ватанимиз тарихига, буюк аждодларимизга ҳурмат, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш ҳар қачонгидан ҳам долзарбликни касб этаётир.

Китоб – башарият тарихида энг буюк кашфиёт саналади. У энг улуғ мўъжиза сифатида асрлар давомида ўз қадрини йўқотмай келаяпти. Китоб жаҳолат, маърифатсизлик, тубанликка қарши курашишда энг ишончли восита ҳисобланади. Ахборот технологиялари мисли кўрилмаган даражада ривожланган бугунги замонда ҳам китобга эҳтиёж ниҳоятда катта.

Халқимиз тараққиётнинг янги, юксак босқичи сари дадил ва мардона қадам қўяётган бир даврда мамлакатимизда китобхонликни, мутолаа маданиятини ривожлантириш, китоб махсулотларни нашр этиш борасида улкан ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани бежиз эмас. Юртбошимиз мамлакатимизнинг қайси гўшасига бормасин, албатта, ёшлар қалбида китобсеварлик туйғусини уйғотиш, уларни мутолаа маданиятига ўргатиш масаласига жиддий эътибор қаратмоқда. Кейинги икки йил мобайнида ҳудудларда ташкил этилаётган кутубхоналар, китобхон ёшларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган турли танловлар, танлов ғолибларига Президент совғаси сифатида автомобиль туҳфа этилаётгани, кўчма кутубхоналар фаолияти йўлга қўйилаётгани, машҳур адибларимиз номи билан аталадиган ижод мактабларининг бунёд этилгани, буюк адиблар хотирасини абадийлаштириш, адабиётни ривожлантириш бўйича кетма-кет қарор, фармонлар қабул қилинаётгани мисолида ҳам буни яққол кўриб турибмиз.
Президентимизнинг Наманган вилоятига бу галги ташрифи ҳам вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаётда ёрқин воқеа бўлди. Ушбу ташрифи чоғида Юртбошимиз Наманганни республикамиздаги энг китобхон вилоятга айлантириш таклифини ҳам ўртага ташлади. Бу эзгу ташаббус вилоят аҳли, ёзувчи ва шоирлар, кенг жамоатчилик томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Хайрли ташаббуснинг амалдаги рўёби ҳам узоқ куттирмади. Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан 25 минг дона китоб, мусиқа чолғулари ҳамда спорт-соғломлаштириш жиҳозлари ортилган “Маънавият карвони” Наманганга қараб йўл олди.

Наманган азалдан азиз авлиёлар, олиму шоирлар юрти бўлиб келган. Бобораҳим Машраб, Фазлий Намангоний, Исҳоқхон Ибрат, Усмон Носир, Чустий сингари улуғ алломалар, Ўзбекистоннинг биринчи халқ шоири, ўзининг комил илми, зукколиги ва фаоллиги билан маориф вазири муовини даражасига кўтарилган Муҳаммадшариф Сўфизода ҳам шу тупроқда ўсиб-улғайган. Бугунги кунда ҳам Наманганда меҳнатсеварлиги ва бунёдкорлик салоҳияти билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи инсонлар кўп. Улар билан самимий суҳбат қуриб, кўнглига қулоқ тутсангиз, бугунги кундан рози эканлиги, тинч-осойишта ҳаётдан, Юртбошимизнинг шахсий ташаббуси билан амалга оширилаётган ўзгаришлардан мамнунлиги ва энг муҳими, эртанги кунга катта ишонч билан қараётганига гувоҳ бўласиз.

…Ниҳоят, худди эртаклардагидек, йўл юрса ҳам мўл юриб, довон ошиб, гўзал масканларни, дарёю кўлларни ортда қолдирган зиё карвони манзилига етиб келди. Наманган шаҳрида пойтахтдан келган таниқли ёзувчи ва шоирлар, санъаткорларни кенг жамоатчилик вакиллари, вилоят аҳли катта хурсандчилик билан, карнай-сурнай садолари остида кутиб олишди. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг юз-кўзларидаги қувончни, шодиёна кайфиятни таърифлашга тил ожиз.

Шаҳардаги муҳташам Адиблар хиёбонида шу муносабат билан ташкил этилган маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Ф.Маҳмудов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқа ижодкорлар Президентимизнинг ушбу эзгу ташаббуси ёшларимизнинг илм-маърифатга, китобхонликка, адабиёт ва санъатга, маданият ва спортга қизиқишини янада ошириш борасида қилинаётган доимий эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлганини таъкидладилар.

Шундан сўнг, китоблар, мусиқа чолғулари ва спорт-соғломлаштириш жиҳозлари наманганликларга тантанали равишда топширилди. Эътиборли жиҳати, бу ерга келтирилган бадиий асарлар орасида сўз мулкининг султони ҳазрат Алишер Навоий, ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий, вафо ва садоқат тимсоли Зулфия, устоз адибларимиз Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шуҳрат, Тоғай Мурод, Муҳаммад Юсуф, Иброҳим Ғафуров, Анвар Обиджон, Эшқобил Шукур, Энахон Сиддиқова, Иқбол Мирзо ва қардош халқларнинг улуғ ижодкорлари Абдураҳмон Жомий, Абай, Чингиз Айтматов, жаҳон мумтоз адабиёти буюк вакилларининг китоблари ўрин олган. Бундай қимматли асарлар наманганлик китобхонларнинг кўнгил мулкидан жой олиши, шубҳасиз.
Мазкур китоблар кун давомида ўз манзиллари – шаҳар ва туманлар, олис қишлоқлар, маҳалла кутубхоналари сари йўл олди. Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида таниқли ёзувчи ва шоирлар билан ижодий учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди, мусиқа мактабларига мусиқа асбоблари, спорт мактабларига спорт анжомлари ҳам тарқатилди.

Шубҳасиз, Наманган вилоятида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ишлари бундан кейин ҳам давом этади. Шу мақсадда “Гулшан диёр илҳомлари”, “Наманганлик фермер ва тадбиркорларнинг кутубхонаси”, “Китоб – меҳримиз тимсоли”, “Буюк тарихдан – буюк келажак сари”, “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан”, “Китобга қайтиб”, “Адабий телекўприк”, “Унутмас мени боғим” каби адабий-маърифий тадбир ва лойиҳаларни ўтказиш, йил давомида вилоятга бир миллион дона китоб етказиб бериш режалаштирилган. Бу каби эзгу лойиҳалар, албатта, ўз самарасини бериши, ёшларимизнинг маънавий-маърифий юксалишида катта замин яратиши табиий.

Жўрабек ЖАҲОН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Сайт бўлими: Янгиликлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ