"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Сўз олдида ҳамма масъул!

Ўқилди: 65

Юртимизда сўз ва ижодга берилаётган эркинлик санъатнинг барча жабҳаларидаги ўзгариш-янгиланишларга, аввал кузатилмаган кўпдан-кўп тажрибаларга замин яратмоқда. Шу билан бирга, санъатга дахлдор барча соҳаларда эркинликни суиистеъмол қилиш, жумладан, сўзга масъулият билан ёндашишдан қочиш, ўқувчи, тингловчи ёхуд томошабинни писанд қилмаслик иллати ҳам тез-тез бўй кўрсатмоқда. Бу, айниқса, биз “шоу-бизнес” деб атайдиган шов-шувга ўч майдонда ҳар лаҳза ўзини намоён этаётир.

Бухоро вилояти маданият бошқармасида Ёзувчилар уюшмаси, Композиторлар ва Бастакорлар уюшмаси ҳамда “Ўзбекконцерт” ДМ вилоят бўлимлари фаоллари иштирокида ташкил этилган амалий семинарда шу каби масалалар кун тартибига қўйилди. Унда шоир – бастакор – хонанда учлиги ўртасидаги ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, бу жараёнда сўзга масъуллик ҳиссини мунтазам равишда шакллантириб бориш, вилоят ва республика оммавий тадбирлари ва танловларга тақдим этиш учун биргаликда янги ва яхши ижодий асарлар яратиш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Айниқса, республика телеканаллари орқали эфирга узатилаётган қўшиқларнинг матни, ижро маҳорати, клиплар савияси хусусида қизғин мулоҳаза юритилиб, бу борада бадиий кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш кун тартибидаги долзарб масалага айланганлиги таъкидланди.

Бунинг учун “Устоз–шогирд” муносабатларини тўғри йўлга қўйиш, аждодлардан мерос ва бугун катта авлод томонидан муносиб давом эттирилаётган анъаналарни ёшлар онгу шуурига сингдириш борасидаги аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Куни кеча вилоят ижодкорларига тақдим этилган вилоят маданият бошқармасининг янги биноси, бу ерда яратилган шароитлар ана шундай фаол ижодий муҳитни шакллантириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган хонандаларнинг ўз репертуарларини мунтазам бойитиб боришлари, анъанавий ижрочилик намуналаридан ташқари, муаллифлик асарларини яратишга ҳам бурчли эканликлари уқтирилди. Бу борада Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими тавсияси асосида профессионал шоир-ёзувчилар билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари белгилаб олинди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилояти бўлими

Сайт бўлими: Янгиликлар, Ҳудудий хабарлар

Қўшимча:

БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ! БАЙРАМ КУНЛАРИ ҲАМ КИТОБ ЎҚИЙМИЗ!
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
КИТОБХОНЛИК КИТОБХОНЛИК
ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ ПУБЛИЦИСТИКА КЕНГАШИ ҲИСОБОТИ