"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Маҳмудхўжа Беҳбудий. Падаркуш (драма)

Ўқилди: 1 481

ПАДАРКУШ

ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли

(Туркистон маишатидан олинган ибратнома)

3 парда 4 манзарали, миллий биринчи фожиа

ҚАТНАШУВЧИЛАР

Б о й — 50 яшар.
Т о ш м у р о д — бойнинг ўғли, 15—17 яшар.
Д о м у л л о — янги фикрлик бир мулла, 30—40 яшар.
З и ё л и — (оврўпо либосида), ўрусча ўқуғон, миллатчи мусулмон.
Х а й р у л л о — бойнинг мирза ва маҳрами, 18—20 яшар.
Т а н г р и қ у л — бойнинг қотили.
Д а в л а т ила Н о р (бўз болалар) — киссаларига 4 сўм қадар майда керак.
Л и з а — рус хотини, қабиҳа шаклинда.
А р т у н — армани майхоначи.
П р и с т у ф — 2 политсейский, 2 қоровул, бойнинг 3 нафар эркак ҳамсояси.
Б о й б у ч ч а — бойнинг хотини, 35—40 яшар.

КЕРАК НИМАРСАЛАР

Бир лаъли ширавор, нон, дастурхон, чойнак, пиёла, чилим.
Меҳмонхонага кераклик гилам, кўрпа, ёстиқ.
Бойни(нг) ётоқ асбоби ва каравот.
Бир калтак.
Ўн шиша сув ва кивас.
Беш-олти истакон.
Бир сандуқ.
Бир ҳамён ичида пулға ўхшаған нимарса.
Бир катта пичоқ.
Бир таппонча.
Сандуқни очатурғон темур асбоб.
Мукаммал пристуф либоси.
2 политсейский мукаммал либоси.
2 қоровул калтаги.
1 ҳуштак.
1 шоҳсақа.
1 каноб.
1 қўл кишани.

БИРИНЧИ ПАРДА

Бой меҳмонхонада ўтирар, Xайрулло ила домулла кирар:

— Ассалому алайкум.
БОЙ. Ваалайкум ассалом, марҳамат қилсинлар (туриб мулоқот қилуб, домуллага жой кўрсатиб, ўлтирур).
ДОМУЛЛА. Бой давлатини Оллоҳи таоло мундан ҳам зиёда қилғай (фотиҳа қилур).
БОЙ. Нафас(лари)и муборак, иншооллоҳ, дурлари қабулдир.
ДОМУЛЛА. Балли, жумъа оқшоми дуони қабул вақтидир.
БОЙ. Хуш келдилар, тақсир.
ДОМУЛЛА. Саломат, саломат (қўлини кўксига қилиб).
БОЙ. Хайрулло! Чой ва лаъли келтур.
ХАЙРУЛЛО. Хўш! (Чой ва лаъли келтирар, чой сузар, алар танаввул айлар, Тошмурод кирар, саломсиз, беадабона).
ТОШМУРОД. Ота, томошаға бораман, пул беринг.
БОЙ. Ўғлим, ким ила борасан?
ТОШМУРОД. Турсун акам ила.
БОЙ (киссасидан пул бериб). Албатта, вақтли келинглар ва ёмон ерларга борманглар.
ТОШМУРОД. Хайр, хайр, ҳов кўп гапура(р)сиз-да (чиқиб кетар. Домулла бой ва Тошмуродға бадбинона боқиб, бошини солар).
БОЙ. Сўзлашиб ўлтуринг, тақсир.
ДОМУЛЛА. Хўб, хўб, бойвачча катта бўлубдур, Худо умр берсин, усули жадида мактабигами ўқийдур, ёинки эски мактабга?
БОЙ. Иккисига ҳам бормайдур.
ДОМУЛЛА. Ўз ҳовлингизда ўқутатурғонсиз?
БОЙ. Йўқ, йўқ. Мен ўғлумни ўқутмоқға ўйлаганим йўқ.
ДОМУЛЛА. Ажойиб, сабаб недурки, ўқутмайсуз? Ваҳоланки, ўқумоқ қарз ва илм сабаби иззати дунё ва шарофати охиратдур.
БОЙ. Мани хаёлимға дунёнинг сабаби, иззати — бойлик. Охиратга бўлса, Худонинг қилган тақдири бўлур. Чунончи, биз кўрамизки, одамлар бойни муллодан зиёда иззат қиладурлар. Хусусан, мана, банклар кўпайди. Катта бойлар чилен бўлуб, ҳар ким чиленларни иззат қилур, ҳатто, иши тушатурғонлар чилен молини қиммат олур, азбаски, чилен илтифотига олмаган одамларга банклар пул бермайдурки, сўнгра муомиладорлар синиб, майда-майда бўлур, билдингизми?
ДОМУЛЛА. Бу сўзларингиз ҳозирги замонага маъқул, лекин чилен ва бойларни иззатлари вақтинча ва халқни кўзи очилгунчадир. Ҳолбуки, аларни иши тушганлар иззат қилур, муллони бўлса, барча халқ иззат қилур, яъни муллони илми иззат қилинадур.
БОЙ. Бизни ҳам бойлигимиз иззат қилинадур, ҳатто, мусулмонлар нари турсун, ўрус ва арманлар-да иззат қилур.
ДОМУЛЛА. Иззатни нари қўйдук, агарда ўғлингизни ўқутсангиз, дафтарингизни ёзар, намозингизни ва мусулмончилигини яхши билур ва ҳам сизга савоб бўлур.
БОЙ. Мирзалик осон, мана, Хайруллога ойинда етти сўм бераман, кундузлари мирзалик ва оқшомлари меҳмонхона ишини қилар ва ҳатто, уйқум келгунча ходимлик қилар, китоб ҳам ўқуб берар.
ДОМУЛЛА. Шариат илми ва зарурияти динияни билмоқ учун бойваччани ўқутмоқ, албатта, сизға лозимдир.
БОЙ. Шариат илмини ўқитмоқни лозим билмайман, чунки ани муфти ё имом ва муаззин қилмоқчи эмасман, азбаски давлатим анга етар.
ДОМУЛЛА. Зарурати динияга не дерсиз?
БОЙ. Мен ўзим беш вақт намозни кераклик дуолари ила билурман. Ўзим ўргатурман.
ДОМУЛЛА. Хат ва саводга не дерсиз? Ҳолбуки, саводи йўқ одам ҳеч нимага ярамайдур.
БОЙ. Бу фикрингиз ғалат, чунки мани саводим йўқ, бовужуд, бу шаҳримизнинг катта бойларидандурман ва ҳар ишни билурман.
ДОМУЛЛА. Сиз илгари замонда бир нави ила бой бўлубсиз, аммо энди бой бўлмоқ нари турсун, фақат рўзғор ўткармоқ учун (ҳам) илм керак. Кўрамизки, йигирма-ўттиз йилдан бери барча савдо ишлари армани, яҳудий ва бошқа ажнабийлар қўлиға ўтди, муни сабаби бизларнинг ўқумағонимиздур. Ўқумаган бойваччаларни кўрамизки, ота молини барбод этар ва охири хор ва зор бўлур, бинобарин, ўғлунгизни ўқутмоқни сизга таклиф қилурман.
БОЙ. Ай, домулло! Сиз манга таҳқиқчими? Ўғул маники, давлат маники, сизга нима? Ўқуганни бири сиз, емоқға нонингиз йўқ, бу ҳолингиз ила манга насиҳат қилурсиз. Хайрулло! Меҳмонхонани қулфла, уйқум келди (Хайрулло лаъли ва асбобларни жамлаб, мунтазир турар).
ДОМУЛЛА (одамларга қараб). Ўқумоқ ва мулла бўлмоқ учун пул керак, бадавлатларимизни ҳоли бул, бас, бу кетиш ила наузамбиллоҳ, дунё ва охиратга расво бўлурмиз, ўқумоқ барча мусулмонга, эркак ва ё хотин бўлсун, фарз эди. У қайда қолди? Оҳ, вой бизни ҳолимизга! (Бойга қараб). Бой, ман сизга амри маъруф этдим ва менга шариат бўйича лозим бўлган ишни бўйнумдан соқит қилдим. Иншооллоҳ, мўйлаб чиқариб, алифни таёқ демайтурган ўғлунгиз ҳолини кўрармиз ва ўқутмаганингиз учун гуноҳкор бўлурсиз (домулла нос чекар).
БОЙ. Ай, домулло! Манга насиҳатчи кераги йўқ, безор қилдингиз, (одамларга қараб) ишимдан, уйқумдан бу одам мани қолдирди. Хайрулло, меҳмонхонани қулфла (домулла аразлаб чиқиб кетар, бойни димоғи куйиб ўлтурар. Зиёли мусулмон кирар, пальто ва асосини михга қўяр, бой ола-ола қарар, хушламас).
ЗИЁЛИ. Ассалому алайкум.
БОЙ (карахтлик ила). Ваалайкум ассалом, Хайрулло, курси келтур. Бу киши ерга ўлтуролмайдур (келтурар, зиёли ўлтуруб, папирус чекар).
ЗИЁЛИ. Жаноб бой, сизни кайфсиз кўраман, мумкинми сабабини билсам?
БОЙ. Бир мулло келиб эди, ўғлингни ўқутмайсан деб жуда жонимни олди, қувлагандек қилиб зўрға қутулдим, фақат муштлашмадик.
ЗИЁЛИ. Аҳ-ҳа, қизиқ ва интересний ҳодиса эмиш (одамларга қараб), бу шаҳарда бойларга амри маъруф қилатурғон мулла бор экан, Худога шукур. Ул жаноби ҳаққоний домуллани топиб, зиёрат қилмоқ керак. Бой афанди, сизга малол келмасун, ушбу тўғридан мен ҳам сизга қачонлардир бир неча сўз айтмоқчи эдим. Ва аммо соати ушбу дақиқага мавқуф экан, энди сиздан илтимос қиламанки, бир неча дақиқа менга қулоқ берсангизки, илм нафи тўғрисида сўзлайин.
БОЙ (ола-ола қараб). Энди билдим, сиз ҳам ўғлунгни ўқут деб мани қисар экансиз (одамларга қараб), бугун чап ёним ила турганман, ўйламаган ишлар олдимдан чиқар, мазмуни — қордан қутулиб, ёмғурга учраймиз. Хайрулло! Чилим келтур! (Тарафайн сукут, чилим келар. Бой чекар, йўталар).
БОЙ. Хайрулло!
ХАЙРУЛЛО. Лаббай, тақсир!
БОЙ. Жойимни ташла, уйқум келди (ҳомуза тортар), эртага иш кўп, вақтлик ётмоқ керак (яна ҳомуза).
ХАЙРУЛЛО. Хўш, ҳозир.
ЗИЁЛИ (жиддият ила). Бой афанди! Мен сизга дедимки, миллатга кераклик илмлар тўғрисида сўзламоқчиман, аммо сиз мени(нг) сўзимии эшитмоқға хоҳламайтурғонға ўхшайсиз. Иккинчи дафъа айтаманки, қулоқ беринг ва бу сўзлар сизни(нг) ва миллатни(нг) нафъидур.
БОЙ. Сўзингизни жабр ва зўр ила эшиттирасизми? Ва ё мени азоб бермакками келдингиз?
ЗИЁЛИ. Йўқ, мен асли бошқа иш учун келиб эдим ва лекин илм баҳсининг устидан чиқиб қолдим. Ушбу сабабли муддаони табдил қилиб, илм тўғрисидан сизга баён қилмоқни қасд этдим. Шоядки, жанобингиздек бойлар миллат болаларини ўқутмоқға саъй қилсалар.
БОЙ (халққа қараб). Кошки, домулло ҳикоялари етмаса эди. Хўб, модомики қўймайсиз, эртароқ сўйлаб тамом қилинг, уйқум келган (ҳомуза тортади), одамлар боласини ўқут, дейдур-а.
ЗИЁЛИ. Ҳозир янги ва бошқа бир замондир. Бу замонга илм ва ҳунарсиз халқни бойлиги, ери ва асбоби кундан-кун қўлидан қетгандек, ахлоқ ва обрўйи ҳам қўлдан чиқар, ҳатто, дини ҳам заиф бўлур. Бунинг учун биз мусулмонларни ўқутмоқға саъй қилмоғимиз лозимдур, ваҳоланки, дини шарифимиз ҳар нав нафлик илм ўқумоқни бешикдан мозоригача бизларга фарз қилгандир. Бу ҳукм — ҳукми шариатдир. Биз мусулмонларга, алалхусус, бу замонда икки синф уламо керакдур: бири олими диний; дигари олими замоний. Олими диний: имом, хатиб, мударрис, муаллим, қози, муфти бўлуб, халойиқни диний ва ахлоқий ва руҳоний ишларини бошқарар, бу синфга киратурғон талабалар, аввало, Туркистонда ва Бухорода илмий, диний ва арабий ва бир оз русча ўқуб, сўнгра Макка, Мадина, Миср ва Истанбулга бориб, улуми динияни хатм қилсалар керак, ёки комил мулло бўлсунлар (бой мудрайдур). Англадингизми бой?
БОЙ (бошини кўтариб). Ҳа, ҳа, айтаберинг, қулоғим сизга.
ЗИЁЛИ. Олими замоний бўлмоқ учун болаларни, аввало, мусулмоний хат ва саводини чиқаруб, зарурияти диния ва ўз миллатимиз тилини билатурғондан сўнгра ҳукуматимизни(нг) низомли мактабларига бермоқ керакдур, яъни гимназия ва шаҳар мактабларини ўқуб тамом қилғонларидан сўнг, Петербург, Масков дорилфунунларига юбориб, доктурлик, закунчилик, инженерлик, судьялик, илми санъат, илми иқтисод, илми ҳикмат, муаллимлик ва бошқа илмларни ўқутмоқ лозимдир. Русия ватанина ва давлатина билфеъл шерик бўлмоқ керакдир ва давлат мансабларига кирмоқ лозим. Токи маишати эҳтиёжи замонамиз тўғрисида ватан ва миллати исломга хизмат қилинса ва ҳам давлати Русия подшоҳлик мансабларига кириб, мусулмонларга наф еткурулса ва ҳам давлати Русияга шерик бўлунса, ҳаттоки, шул тариқа ўқуган мусулмон болаларини Фарангистон, Америка ва Истанбул дорилфунунларига тарбия учун юбормоқ керакдур. Ҳазрат пайғамбаримиз: илм Хитойга ҳам бўлса, талаб қилингиз, демадиларми? (Бой уйқуда). Бул ишлар бўлмас, магар пул ила, сиздек катта бойларни ҳиммати ила, чунончи, Қафказ, Оренбург ва Қозон мусулмонларини бой ва аҳли ғайрати илм йўлига кўп пуллар сарф этарлар ва камбағал болаларини ўқутдирарлар (бойга қараб), албатта сўзларимга тушунгансиз, жаноби бой. Бой бова, ҳой!
БОЙ (мудрайди, бош кўтариб, эснаб). Ҳа, ҳа…
ЗИЁЛИ: Ал-он биз Туркистон халқига бир ёмон одат борки, бир киши русча ўқуб, подшоҳлик ишига кириб, расмий формасида юрса, масхара қиладурлар, агар извошчилик ва ё қора меҳнаткаш бўлуб, оврўпалиларни эски либосини кийса ва ё ўйинчиларнинг либосини кийса, ҳеч ким бир нима демайдирки, бу камоли нодонлик ва дунёдан хабарсизликдир. Шундай эмасми, бой амаки.
БОЙ (ўлтуриш еридан бир тарафга оғиб ётиб). Хур, хур, хурра, хурра, хурра…
ЗИЁЛИ. Илоҳи худоё! Уммати исломияга, хусусан, биз Туркистонликларга раҳминг келсун!.. (рўмоли ила кўз ёшини артиб, чиқиб кетар ).

Парда инар

ИККИНЧИ ПАРДА

Пивахона манзараси: бойвачча ила уч нафар ўлтурарлар.

ТАНГРИҚУЛ. Бу оқшом, билмайман, нима учун ичкилик мени тишламайдур: Намози дигардан бери бир дюжина шишани бўшатдим. Даюсни пивоси қулоғимни қизитмади. Тўлдир, ичайлик (Нор қадаҳларни тўлдирар).
ҲАММАСИ. Тошмурод бойваччани саломатлигига ура! Ура! Ура! (ичарлар).
ДАВЛАТ. Жўралар. Манувни ичдим, энди ёдимга Лизажон тушди. О, Лизажон!
ҲАММАСИ. Оҳ, Лизажон, воҳ, Лизажон, қайдасан?
НОР. Золим фалак фироқиға куйдирди мани; биллоҳки, келмаса, бўмийди.
ДАВЛАТ. Бу доду бедод ила ҳеч нима бўлмас. Хўжайинни чақирармиз, отам ўлди базми қилармиз.
НОР. Қўлингни бер, эй, номард, топдинг (қўлини сиқар). Бўлди.
ДАВЛАТ. Эй, тўтабурут Тангриқул. Даминг чиқмайдур. Шунча одам сўзини ўғирлаб ўлтурасан. Эрга навбат, шерга навбат. Гап бериб ўлтур. Ё бу одамларни писанд қилмайсанми? Бизларни ҳам ёнимизга беш тангалик ақчамиз бор. Жўра! Бу мастлик ростликдир. Қовоғингни очиб ўлтур.
ТАНГРИҚУЛ. Жўралар. Сизлардан яширатурғон сўзимиз йўқ. Тўғрисини десам, мануни ичдим, қулоғим қизиған, сен Лиза дединг, энди ўзим шунда бўлсам-да, ҳушим Лизага, то Лизани келтурмасанг, мани гапиртуролмайсан. Аммо гап келтурганингга, Давлат зўр!
ДАВЛАТ. Ғам ема, муддаонг Лиза бўлса, шул замон ёнингга кўрарсан, келмасами? Бошини оларман.
НОР. Бойвачча! Баришнага тобингиз борми?
ТОШМУРОД. Майли, одам юборинглар, базм қилсун.
ТАНГРИҚУЛ. Гап, гап ила вақтни ўткарарсизлар, буюратурғон бўлсанглар, буюринглар, эртароқ келсун, кайф қилайлук (Давлат қўнғироқ чалар. Артун армани майхоначи кирар).
АРТУН. Нима дейсан?
ДАВЛАТ. Лизага бировни юбор, келсун.
АРТУН. Бунда?
ДАВЛАТ. Ҳа, мунда келтурмасдан мозоргами кетурардинг?
АРТУН. Извинит сурушдим-да.
ДАВЛАТ. Бўл. Бўл. Бировни юбор.
АРТУН. Баҳ, не вор, билурсин, Лиза банга демишки, ўн беш манатсиз банга киши кўндарма. Ҳа, ўн беш манат-да ва файтун пулини-да вер, гейин Николайи кўндарайум. Лиза ўлмаса, бошқасини гетирсин, кайфинг нечик?
ДАВЛАТ. Аввал келтуруб, сўнгра пулни олсанг бўлмасми?
АРТУН. Давлат зўр! Бан сана демишимки, Лиза ақча олмайинча гелмаз, бана не? Сен ўзинг билирсанки, у гавур қизи, баним дегил.
ТАНГРИҚУЛ. Артун. Бир оз тўхта, пул берамиз.
АРТУН. Бош устина, ҳозирам (чиқар. Жўралари кайфлари учуб, сукут этарлар).
ДАВЛАТ. Суз, ичайлик! (Нор сузиб қуяр.)
ТАНГРИҚУЛ. Пулни пешаки талаб қилгани ишни белини синдурди.
ДАВЛАТ. Иш аксига олса, шундай бўлур. Пулларинг борми? Ҳаммаларинг чиқаринг (ҳаммаси чиқаради, Давлат санар, беш сўм етмас). Бу минан ҳеч нима бўлмас. Бир иложини топмоқ керак.
НОР. (тамаъгирлик ила). Эй, бойвачча, бизлар-ку, камбағал. Сизга нима, киссангиздан пул чиқмайдур? Ана бойбаччанинг ҳоли (қўли ила кўрсатур).
ДАВЛАТ. Парво қилма. Нор. Мен бир нимарса ўйладим, агар бойвачча кўнса.
ТАНГРИҚУЛ. Нима экан? Нима?
ДАВЛАТ. Тўхта, нима эканлигини биларсан. Аввал бойваччани(нг) саломатлигига ичайлик (Тангриқул сузар, ичарлар бойваччанинг саломатлигига).
ДАВЛАТ. Бойбачча. Бу кечадек чаҳоршанба сайри ойда-йилда бир бўлур ва (ё) йўқ, бир кеча минг кеча бўлмас, агар қабул қилсангиз, Тангриқулни сизга қўшарман. Бирга бориб, отангизни сандуғини кўрсатурсиз. Бошқа ишни Тангриқул бажарадур.
ТОШМУРОД. Тангриқул ака, борасизми?
ТАНГРИҚУЛ. Улфатлар буюрса, у дунёга бораман. У-ку сизнинг ҳовлингиз.
ДАВЛАТ. Сен нима дерсан, Нор?
НОР. Мен ҳам кўпни бири, бор десанг, борарман.
ДАВЛАТ. Йўқ, икков бас. Кўрганлар бадгумон бўлмасин. Букунни эртаси бор.
НОР. Бойбачча! Отангиз сандиғини жойини биласизми?
ТОШМУРОД. Отамнинг ётатурғон уйинда.
ДАВЛАТ. Ётатурғон уйни неча эшиги бор?
ТОШМУРОД. Уч.
ДАВЛАТ. Қайси эшикдан кирасизлар?
ТОШМУРОД. Эшикнинг бири онамнинг уйиндан очилур, мен кириб, ҳовли тарафидаги эшикни очарман, сўнгра Тангриқул акам кирар.
ДАВЛАТ. Баракалла! Илгари ҳам ўғирлик қилганга ўхшайсиз. Нор! Тўлдур, ичайлик! (Нор тўлдурар, ичарлар. Тангриқул ва Тошмуродга қараб) Энди борадургансизлар?
ТАНГРИҚУЛ. Албатта. Бормай нима бўлубдур (Давлат тўппончасини бойваччага берар. Нор этик соғидан пичоқни олиб, Тангриқулга берар. Алар эҳтиёт қилиб турарлар).
ДАВЛАТ. (иккисига қараб). Йўл бўлсин, ботирлар?
ТАНГРИҚУЛ. Олгани (Давлат Тангриқулни бир четга олиб, ишорат ва хуфия маълумот ва амр берар).
НОР. Омин, оллоҳ… (Ҳаммаси) Оллоҳу акбар. (Давлат фотиҳа берар).

Парда инар

УЧИНЧИ ПАРДА

Одат бўйича бой ётар каравот устига уйқуда, уйни бир тарафига сандуқ. Тошмурод бир эшикдан оҳисталик ила кирар, бу тараф, у тарафга қараб, бошқа бир эшикни очар ва бир четга турар. Тангриқул кирар, қўлида калид ва темир асбоб, белига пичоқ, сандиқ тарафига бориб, калид солар, сандиқ очилмас. Тошмуродга қарайдур. Ишорат ила маслаҳат сўрайдур. Тошмурод сандуқни темир асбоб ила синдирмоқға амр берар. Тангриқул темир асбоб ила сандуқни синдирар. Сандуқни овози ила бой уйғонур. Бой чўчиб турар, калтакни олиб, вой, вой деб Тангриқулга югурар. Тошмурод калтакни келиб ушлар. Тангриқул пичоқ ила бойни қўлтиғига урар.

БОЙ (тарақлаб йиқилар). Воҳ, жоним (жон узар типирлар, хириллар. Тангриқул сандиқдан танга халтасини кўтарар, пичоқ ва темир асбобни ўзига беркитар, ташқаридан бир неча одам товуши эшитилур).
ОДАМЛАР. Нима гап, биров дод деди? (Бир неча эркак ила бой хотуни кирарлар, Тангриқул ила Тошмуродни кўрарлар).
ТАНГРИҚУЛ. Тошмурод, от! (Тошмурод ҳавога тўппонча отар ва ҳозир кишиларга силоҳ кўрсатиб қочарлар).
БОЙВУЧЧА. Вой, золим дастидан! Бу қандай кун эди, вой дод! (Чапак чалар, бой устига ўзини ташлар, юз ва сочини юлар). Ҳе, жувонмарг Тошмурод! Қон қус! Қошки чечакда кетсайдинг! Вой, падаркуш! Тошмурод! Вой, дод-ей!
ДОМУЛЛА (кирар). Онажон, сизга сабрдан бошқа чора йўқ. Бу бадбахтлик ва мусибатга сабаб жаҳолат ва нодонликдир, бемаънилик ва тарбиясизликдир. Уйингизни нодонлик бузди. Ўғлингизни беилмлик Сибирга юборади. Жонингиздан азиз фарзандингизни тарбиясизлик балоси сиздан умри айритадур. Болангизни отаси тарбия этмади, ўқутмади. Охири балога учради, ёмон рафиқлар йўлдан чиқардиларки, қурбони жаҳолат бўлдингиз.
БОЙВУЧЧА (тўлғониб). Ой, вой-вой болам! Вой бойим, оҳ, вой у-у-у!
ДОМУЛЛА. Бойингиз-да насиҳатга қулоқ солмади ва охири ушбу ёмон ҳодиса пайдо бўлди. Эндй сизга, очиғи, сабрдан бошқа илож йўқдир, онажон. Оллоҳ сизга сабр берсун.
БОЙВУЧЧА (камоли бетоқатлик илан оҳ-вовайло этар). Дод, вой болам! Вой бойим! Иккисидан ҳам айрилдим, эримни мозорга, боламни Сибирга юборарлар! Вой, вой, вой у-у-у!..

ТЎРТИНЧИ МАНЗАРА
(Иккинчининг айни, майхона)

Нор, Давлат ичиб, ашула айтиб ўлтурар. Тангриқул ва Тошмурод писиб бориб кирар, тўппонча ва қонлик пичоқни бир четга яширар, ҳамённи чиқариб, стол устига отар; ўлтурарлар.

ТАНГРИҚУЛ. Чилим келтур-ей!

Артун чилим келтурур, чекарлар. Артун кетар. Тангриқул Давлатни бир тарафга олиб, хуфия бўлган ишларии сўйлар, ишоратлар қилар. Давлат «бечора» деб хуфия сўйлаб, ишорат ила хотиржам қиладир.

ТАНГРИҚУЛ (ҳамённи очиб кўриб, суюнар, Тангриқул ва Тошмуродни елкасига қоқар). Баракалла, баракалла (Давлат занг чалар, Артун кирар).
АРТУН. На буюрарсиз?
ДАВЛАТ. Ма, пулни ол, тезлик илан Лизанн келтур!
АРТУН. Бош устина. Ҳозир келур (пулни олар, ичарлар. Лиза кирар).
ЛИЗА. Добрий вечрим! (ҳаммаси-ла кўришар).
ДАВЛАТ. Исприздим, испасибо, испасибо, прихал…
ЛИЗА. Мерси (ўлтурар).
ДАВЛАТ. Суз, Лизанинг саломатлигига.
НОР (сузар, чўқиштириб). Лизанинг саломатлигига ура, ура (ичарлар).

Нор ашула ўқур, ташқаридан ҳуштак садоси келар, оёқ товушлари эшитилар. Мажлисдагилар саросима, ҳайрон бўлар. Силоҳлик политсейскилар, пристуф, қоровуллар бостириб кирарлар. Лиза очар.
Политсия тўрт нафарни ушлар, баъзиси буюмларини ва ҳар тарафни ахтарур, қонлик пичоқ ва тўппончани топар. Тўппончани пристуфга топширар. Искаб кўрар, ўқини бўшатар.
Тангриқул ва Тошмурод қочар. Қоровуллар ушлар.
Тошмурод ҳўнгир-ҳўнгир йиғлар, бетоқат бўлур.
Пристуф ишорат қилур. Қўлкишанни келтириб, Тангриқул ва Тошмуродга урарлар. Башка иккисининг қўли боғланур.
Пристуф гуноҳкор ва қоровулларни саф қилдирур.

ЗИЁЛИ. (кирар, гуноҳкорларга қараб афсус қилур. Одамларга қараб). Илм ва тарбиясиз болаларни(нг) оқибати шулдир. Агарда буларни отаси ўқутса эди, бу жиноят ва падаркушлик алардан содир бўлмас ва булар ичкиликни бўйла ичмасди, хун беғайри ҳаққин қилмас эди. Умри борича Сибир ва бандға ва қиёматға жаҳаннамға қолмас эди. Агарда булар ичкилик ичмаса эди, дунё ва охиратда илалабад азоб ва меҳнатда қолмас эди. Оҳ, ҳақиқатда бойни ўлдирган ва бу йигитларни азоби абадийға гирифтор қилган беилмликдур. Бизларни хонавайрон, бачагирён ва беватан ва банди қилғон тарбиясизлик ва жаҳолатдур: беватанлик, дарбадарлик, асорат, фақру зарурат ва хорликлар ҳаммаси илмсизлик ва бетарбияликнинг меваси ва натижасидур. Дунёга тараққий қилган халқ илм воситаси ила тараққий қилади. Асир ва забун бўлганлар-да беилмликдан. Модомики, бизлар тарбиясиз ва болаларимизни ўқутмаймиз, бул тариқа ёмон ҳодисалар ва бадбахтликлар орамизда доимо ҳукм-фармо бўлса керак. Бу ишларни йўқ бўлмоғига ўқумоқ ва ўқутмоқдан бошқа илож йўқдур. Оллоҳу таоло бошқаларга ҳамиша ибрат ва сизларга сабр бергай.
ПРИСТУФ (амирона). Ҳайда, турма, марш (йўналадур).

Парда инар

Сайт бўлими: Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ