"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Шуҳрат Ризаев. Истиқлол даври ўзбек тарихий драматургияси

Ўқилди: 1 729

1958 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетини битириб (1980), Ойбек уй- музейида катта илмий ходим (1980, ЎзМУ ўқитувчи (1989), Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонида (1996), Вазирлар Маҳкамасида (1997), Маданият ва спорт ишлари вазирлиги (2004), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясида (2007) ишлаган. Ҳозир “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири (2012).
Ш.Т.Ризаевнинг ўзбек адабиёти, театр ва кино санъати масалаларига доир ўнга яқин монография, рисола ва илмий, адабий-танқидий мақолалар тўпламлари, икки юздан ортиқ мақолалари чоп этилган. “Искандар”, “Дискотека”, “Она”, “Етакчи” (иккинчи номи “Эзгулик йўли”, Н.Аббосхон билан ҳаммуаллифликда), “Дискотека”  пьесаларининг муаллифи.

ИСТИҚЛОЛ ДАВРИ ЎЗБЕК ТАРИХИЙ ДРАМАТУРГИЯСИ

Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталаридан бошланган ижтимоий уйғониш миллий тарихимизнинг Шўро мафкураси тазйиқида пинҳон тутилган ёки соҳталаштирилган юзлаб саҳифаларини аниқлаш ва тамомила янгитдан ўрганиб чиқишга ҳамда кенг жамоатчиликка ошкор этишга умуммиллий эҳтиёж пайдо қилди. Зеро, ўзликни англаш инсоннинг ҳамиша ўз ўтмишини билиши, аждодларини танишидан бошланиши исбот талаб қилмас ҳақиқатдир. Жамиятимиздаги ана шу ҳолат дастлаб ижтимоий-сиёсий, бадиий публицистикада тўлақонли намоён бўлган эса, у билан ёнма-ён бадиий адабиётда ҳам жанрий тадрижда кўриниб, кўлам касб этиб борди. Табиий равишда миллий тарихни бадиий ифода этиш майллари санъатнинг бошқа барча турлари, жумладан, театр ва кинода ҳам яққол кўринди. Ўнлаб, юзлаб тарихий мавзудаги назм, наср, драматургия, кинодраматургия, театр ва киноасарлари яратилди. Жамиятнинг миллий тарихимизни билишга бўлган дастлабки маърифий эҳтиёжи бир сидра қондирилди. Бу жараён аввал бошлаб ҳатто ўзига хос қизиқиш доирасига айланиб, тарихимизнинг қайси даври бўлмасин, бор далилларни юзага чиқариш, уни кўпинча тизгинсиз эҳтирослар билан ҳар ким ўз маърифати ва дунёқараши даражасида  талқин этиши тарзида кечган бўлса, бора-бора эҳтирослар билим ва тафаккур элакларида эланиб, ҳовур бир қадар босилди. Ва ҳозирга келиб энди тарихни бадиий тадқиқ этиш тамойиллари ниш уриб, уни обдон идрок этиш ва замонамиз қарашлари, интилишларига муштарак этиш истаги ҳамда имкониятлари кучайиб боряпти. Ана шу ўзига хос тадрижни илмий экскурс тарзида ўрганиш ва таҳлил этиш учун фавқулодда катта миқдордаги тарихий мавзудаги драмаларни ўз ичида яна икки тарихий-даврий чегарада кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу даврийлик ижтимоий-сиёсий, тарихий мезонлар ҳамда белгиларнинг бир-биридан моҳият эътиборига кўра жиддий фарқланишига асосланади. Демак, тарихий драмалар даврий чегаралари ва ўтмиш аждодлар яшаб ўтган воқеликнинг узоқ мозий ёки яқин ўтмиш тарихга дахлдорлигига кўра иккига ажралади, яъни:
Биринчиси, қадимги    даврлардан то ХХ асргача бўлган мозий ва шу даврларда яшаган аждодларимиз-буюк тарихий сиймолар ҳақидаги пьесалар.
Иккинчиси, яқин ўтмиш, ХХ асрдаги ижтимоий силсилалар, шўро қатағонлари ва шу даврдаги халқимиз ҳаёти, миллий зиёлиларимиз тақдири бадиий ифодасини топган драма асарлари.
Биринчи даврий чегара ҳақида сўз юритганда, милоддан аввалги маданий тамаддунлардан бошлаб XIX аср иккинчи ярмидаги Россия босқинларигача ўлкамиз ҳудудларида кечган воқеалар ва тарихий сиймолар жонланган пьесалар оқими борасида илмий экскурс қилиш лозим бўлади. Айни чоғда яна тарих илмида қабул қилинган даврлаштириш меъёрларига суяниб иш кўрилса, қадимдан то ХХ асргача бўлган воқеликнинг ўзини ҳам ва шу даврлардаги улуғ шахслар ҳаёти, кечмишларининг драматургиямизда акс этган намуналарини ҳам яна муайян кичик даврий чегараларда алоҳида олиб кўриш мумкин. Буни қуйидагича таснифласа бўлади:
—    энг қадимги даврлардан Ислом дини Ўрта Осиё ҳудудларида  қарор топгунгача бўлган давр воқеалари ва шахслари ҳақидаги пьесалар;
—    Ўрта Осиё Ренессанси номини олган ўрта асрлардаги улуғ аллома, мутафаккир зотлар ҳақидаги саҳна асарлари;
—    Амир Темур ва темурийлар ҳаётига бағишланган пьесалар;
—    XVII-XIX асрларда яшаб ўтган атоқли шахслар-шоир, адиб, муаррих ва давлат арбоблари кечмишларидан нақл қилувчи тарихий драмалар.
Шуни таъкидлаш жоизки, кўзда тутилаётган ҳар бир давр воқелиги ва тарихий шахслар номлари билан боғлиқ ўнлаб пьесалар яратилди. Масалан, Амир Темур ва темурийзодалар ҳақида йигирмадан ортиқ, Имом Бухорий ва Аҳмад Фарғонийга бағишлаб қарийб ўнтадан ва шунга мувофиқ бошқа алломаю адиб, шоҳу шоирлар ҳақида битта-иккитадан то беш-олтитагача алоҳида саҳна асарлари ёзилди, эълон қилинди ва аксарият турли шаҳар ва вилоятлар театр саҳналарида қўйилди. Мамлакатимизда Истиқлол йиллари изчил олиб борилган маънавий ислоҳотлар туфайли миллий маданий тарихимиздаги улкан ҳодисалар ва шахслар билан боғлиқ йирик саналарнинг кенг миқёсда нишонланиши адабиёт ва санъатнинг барча йўналишларида бўлгани каби драматургияда ҳам кўплаб бағишлов тарихий драмаларининг яратилиши ва юзага чиқишига омил бўлди. Юқорида келтирилган рақамлар, асосан, соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги, Имом Бухорийнинг 1225 йиллиги ёки Аҳмад Фарғонийнинг 1200 йиллиги ва ҳоказо саналар муносабати билан юзага келган. Шу ўринда тарихий драматургия йўналишида яратилган асарларни эслатиб ўтиш мазкур ҳодисанинг умумиллий драматургиямиз ривожида қанчалар салмоқли ўрин тутганини тасаввур этишга имкон беради.
Энг қадимги маданий даврдан то юртимизда Ислом диний эътиқоди қарор топгунга қадар кечган воқеалар Йўлдош Муқимовнинг “Авесто” ҳақидаги “Мангу машъал”, Комил Авазнинг “Авесто” — меҳр фарзанди”, Й.Муқимов ва Ҳайитмат Расулнинг Спитамен жасоратларидан ҳикоя қилувчи романтик руҳдаги “Муқаддас Тахтизар”, Насрулло Қобулнинг Иброҳим алайҳиссалом таваллудига бағишланган “Намруд”, Усмон Азимнинг “Алпомишнинг қайтиши” С.Сирожиддиновнинг “Тўмарис” пьесаларида ифода этилди.
Ўрта Осиё, янада аниқроғи, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларида ўрта асрларда бўлган маданий-маърифий юксалиш даврлари ва унинг буюк аллома, мутафаккир, донишманд, саркарда зотлари ҳақидаги саҳна асарлари сифатида Усмон Қўчқорнинг “Расулуллоҳ котиби”, Муҳаммадали Эргашевнинг “Саодат йўли”, Рустам Маъдиевнинг “Бир кечалик туш”, Собир Эҳсоннинг “Муҳаддис”, Муҳиба Ҳамидованинг “Бухорий муҳаббати” каби Имом Бухорий ҳақидаги, Иброҳим Раҳимнинг “Аҳмад ал-Фарғонийнинг ёшлиги”, Йўлдош Сулаймоннинг “Осмонга сиғмаган муҳаббат”, Нуриллохон Абдуллаевнинг “Башар алломаси”, Ҳайтмат Расулнинг “Пири коинот”, Жуманиёз Жабборовнинг “Ал-Фарғоний” номли улуғ алломага бағишланган ҳамда Эркин Самандарнинг “Жалолидддин Мангуберди”, Бурҳон Исломовнинг “Сарбадорлар” тарихий драмаларини санаш мумкин.
Амир Темур ва темурий шаҳзодалар ҳақида яратилган пьесалар миқдори йигирмадан ортиқ эканини айтдик. Шулардан эътиборга моликлари Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон”, Одил Ёқубовнинг “Фотиҳи Музаффар ёҳуд бир париваш асири”, Маъруф Жалилнинг “Соҳибқирон” (“Амир Темур қиссаси”), Қилич Абдунабиевнинг “Амир Темур ва Йилдирим Боязид”, Тўра Мирзонинг “Амир Темур”, Урфон Отажоннинг “Хумоюн қабул”, Шавкат Пардаевнинг “Жаҳонгир”, Туроб Акбархўжаевнинг “Замон ўғлони”, Салоҳиддин Сирожиддиновнинг “Соҳибқирон Темур”1, Насрулло Қобуловнинг “Амир Музаффар фожиаси”, Хуршид Давроннинг “Бобуршоҳ” (“Соғинч”) тарихий асарлари. Шу ўринда мазкур даврий чегара доирасида олинадиган яна бир неча драмалар борки, булар улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири ҳазрат Алишер Навоий ҳаёти ҳақида ёки асарлари асосида яратилган тарихий, тарихий-фалсафий пьесалардир. Хусусан, Чори Авазнинг “Фуқаронинг тахтсиз подшоҳи”, Абдулла Аъзамнинг “Дугоҳи Ҳусайний”, Ш.Ризаевнинг “Искандар” асарлари ўша жумладан. Яна бир маълумотни мазкур мавзу доирасида қайд этмоқ керак. Бир неча авлод ўзбек китобхони ва томошабинларига суюмли ҳам ёд бўлиб кетган Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий” пьесаси гарчи ўтган аср 40-йиллари маҳсули бўлса-да, истиқлол даврида Иззат Султон томонидан қайта кўриб чиқилиб, замонавий ғоявий талқинда янгитдан саҳналаштирилди. Асар мафкуравий сохталиклардан тозаланиб, тарихий ҳақиқатга мувофиқлаштирилди.
Ўлкамиз тарихида темурийлардан сўнг бўлиқ из қолдирган атоқли шахслар ҳақида ҳам кўплаб тарихий-биографик саҳна асарлари яратилди ва турли театрларда турлича талқинларда томошабин ҳукмига ҳавола этилди. Булар Эркин Самандарнинг “Араб Баҳодирхон”, Комил Авазнинг “Огаҳий”, “Феруз” (“Сақили наво”), Насрулло Қобулнинг “На фалакман, на фаришта” (“Машраб”), А.Шаломаевнинг “Аҳмад Дониш”, Салоҳиддин   Сирожиддиновнинг “Фиғон” (Нодирабегим), Зулхумор Солиеванинг “Увайсий” каби асарларидир. Юқорида муаллифлари ва номлари қайд этилган саҳна асарлари айримларининг адабий матнлари эълон қилинган, аксарияти, асосан, саҳналаштирилган. Узоқ мозий тарихи ва сиймолари образлари акс этган бу асарлар жанр жиҳатидан янада ранг-баранг ва табиийки, ғоявий, бадиий хусусиятларига кўра ҳам турфа хилдир. Фожиа, драма, мусиқали драма, шеърий драма, драматик достон ва ҳоказо.
Ғоявий-бадиий жиҳатларига кўра, албатта, алоҳида олинган ҳар бир тарихий давр воқеалари, атоқли шахслар қиёфалари жонлантирилган ўнлаб асарлардан айримларини том маънодаги эстетик мезонлар билан таҳлилга тортиш мумкин. Масалан, дастлабки даврий чегарада олинган пьесаларни бадиийлик талабларига жиддий урғу қилмаган ҳолда, мавзуни, яъни юртимиз қадимиятини бадиий идрок этишнинг бошланғич босқичи дея қараб, мазкур асарларнинг ўқувчи ё томошабинга кўпроқ маърифий аҳамиятини фазилат сифатида тақдим этиш мумкин.
Ўрта асрлар Уйғониш даври алломалари ҳақидаги тарихий асарлардан Жуманиёз Жабборовнинг “ал-Фарғоний”, Усмон Қўчқорнинг “Расуллиллоҳ котиби” шеърий драмалари, назаримизда, рўйхатнинг бошида санашга арзигулик.    Гарчи бири-бирига катта-кичик замондош бўлган икки сиймо — дин ва дунёвий илм алломалари, шуҳрати дунёни тутган муҳаддис Имом Бухорий ва мунажжим, муҳандис Аҳмад Фарғоний ҳаёти ва фаолиятини шунчаки шеърий йўсинда қайд этиш эмас, балки фалсафий-лирик услубда идрок этишни ғоявий-бадиий мақсад қилиб қўйган бўлсалар-да, муаллифлар устивор мотивларига кўра бири иккинчисидан фарқланувчи, ўз ижодий манераларига хос йўлдан борадилар. Жуманиёз Жабборов қомусий олим Аҳмад Фарғонийнинг талабалик йилларидан то Мисрга бориб Нил дарёсига тўғон қуриш давригача бўлган кечмишларини кўпроқ лирик тонда, ўрни билан ижтимоий конфликтлар марказида тасвирлаб, қаҳрамонона-романтик образини чизса, Усмон Қўчқор Имом Бухорийнинг айни етуклик палласини қаламга олиб, унинг Нишопурдан Бухорога қайтиши воқеаларини, она юртидаги ҳаёти лавҳаларини фалсафий-психологик ёндошув асосида акс эттиради.
1996 йили ЮНЕСКО Халқаро ташкилоти буюк бобокалонимиз Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан бу санани дунё миқёсида нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди. Ўзбекистонда эса Амир Темур йили эълон қилинди. Табиийки, улуғ бобомиз шарафига мамлакатимизда ва хорижда кенг миқёсли тадбирлар ўтказиш режалаштирилди. Булар орасида Ўзбек Миллий академик драма театрида Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” шеърий драмаси (муаллиф баъзан “достон” деб ҳам қўллайди)ни саҳналаштириш масаласи ҳам бор эди. Режиссёр Олимжон Салимовнинг саъй-ҳаракати билан кўпроқ мутолаа учун мувофиқ келган асар отахон театр саҳнасида спектакл тусини олди. Юксак қаҳрамонлик, тантанавор руҳ, муҳаббат устувор бўлган спектаклда Амир Темур сиймоси халқ ва мамлакат бирлиги учун курашган, адолатни бош шиор билиб, ўз юртида улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган буюк давлат арбоби, ватанпарвар шахс сифатида кўрсатилади. Бундай талқин шеърий драма табиатига тўла мувофиқ эди. Абдулла Орипов Соҳибқирон сиймосини яратишда Мақсуд Шайхзода, Уйғун ва Иззат Султон анъаналаридан ижодий фойдаланиб, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа миллий қаҳрамонлар образларини гавдалантиришнинг саҳна адабиётига хос қаҳрамонона-фалсафий талқин тажрибаларини истифода этади. Зероки, бу Истиқлолнинг дастлабки йиллари маънавий-мафкуравий ислоҳотлар, кишиларимиз дунёқарашини ўзгартириш мақсадларига ҳамоҳанг эди. Гарчи ўтган аср биринчи ярмидаги ота-боболаримиз фикр-қарашлари, псиҳологияси билан аср охирларидаги авлоднинг қараш-тушунчалари, туриш-турмуши, интилишларида кескин фарқ бўлса-да, ижтимоий-сиёсий воқеликнинг муайян даврларида юз берадиган глобал ҳодисалар таъсирида кишиларнинг ҳиссий-ҳаяжон майлларини қўзғаш ва оловлантириш, уни маълум мақсадларга йўналтириш усуллари ва бунда, жумладан, адабиёт ва санъатнинг беқиёс ролидан максимал фойдаланиш имконияти ўз аҳамияти ҳам долзарблигини сақлаб қолади. Агар зикр этганимиз улуғ шахслар сиймолари муайян бурилиш нуқталарида халқни бирлаштириш ва унинг руҳини кўтариш маъносида йирик асарлар мавзусига айланган бўлса, Амир Темур образи ҳам энди тамомила янги мустақил давлатчилик асослари барпо этилаётганда худда ўшандай ва балки улардан-да ортиқроқ вазифани бажариши керак эди. Драматург буни жуда теран ҳис этиб мавзуга ёндашади ва асарни шундай эпилог билан бошлайди:

Аллоҳим бахш этмиш шунчалар шукуҳ,
Комилу етукдир шажара, зоти.
Бир ёнда Улуғбек-синмас қаноти.
Не бахтким, туққан юрт бўлганда озод,
Муборак Ватанга қайтиб келмишсиз.
Қулоқ тутгайми, деб ноаҳил авлод,
Ташаккур, бизларни кўзга илмишсиз.

Пьесанинг адабий асоси ҳақида ҳам, унинг спектакл варианти борасида ҳам ўз вақтида кўп фикрлар айтилган, мақолалар ёзилган. Драма Миллий театрдан сўнг Қорақалпоғистонда Бердақ номидаги Давлат театрида ва Қашқадарё вилоят мусиқали драма ва комедия театрида саҳналаштирилди, турлича талқинлар топди. Аммо шунга қарамай драмада кўзда тутилган марказлашган йирик давлат асосини бунёд этиш, адолатпарварлик, эл-юрт, миллат қайғуси, Ватан туйғуси кабилар барча театрларда ҳам Амир Темур образи учун асосий калит бўлиб, маҳобатли, монументал патетик тимсол тасаввурини барқарор қилди. Гарчи Абдулла Ориповдан бир икки сана аввал ёки кейин ҳатто шу яқинларгача номлари зикр этилган ўнлаб қаламкашлар Соҳибқирон аждодимиз ҳақида саҳна асарлари яратишга уриниб кўрган, кўраётган бўлсалар-да, ҳозирча Амир Темур сиймосининг бошқача ракурсдаги талқинини таклиф этувчи бадиий бақувват саҳна адабиёти пайдо бўлмади. Ваҳоланки, шекспирона миқёс ва теранликда бадиий талқинини топиши зарур бўлган тарихий материал ва сиймо образи орзулигича қолиб келмоқда.
XVII-XIX асрларда Ўрта Осиё ҳудудларида содир бўлган воқеалар ва тарих саҳнасига чиққан шахслар ҳаёти, кечмишлари, фаолият миқёслари инсоний эҳтирослар жамулжам бўлган адабий тур — драма учун чексиз манбадир. Афсуски, бу манбадан фойдаланиш ҳам кутилганидек эмас. Агар шу давр воқелиги ва шахслари ҳақидаги саҳна асарлари сарҳисоб қилинса, шубҳасиз, бу рўйхатнинг аввалида ўтган аср 20-йилларида яратилиб, сўнг муаллифи билан бирга тақиққа учраган, фақат юртимиз Истиқлоли туфайли адабиётга, саҳналаримизга қайтган Абдурауф Фитратнинг “Абулфайзхон” тарихий фожиаси хаёлга келади. Бу асарнинг тарих эмас, фаол ҳаракатдаги ғоявий-бадиий юксак драма намунаси экани мутахассислар томонидан  эътироф этилган. Аммо бу ва умуман, бизда тарихий драманинг юксак  эталонлари бўлгани ҳолда  назарда тутаётганимиз тарихий давр билан боғлиқ шуларга монанд ёки яқин келадиган янги асарларнинг пайдо бўлмагани таассуфли. Бироқ бу йўлда изланишлар, ўзига хос муваффақиятли ҳаракатлар бўлганини ҳам эътироф этмаслик адолатдан эмас. Шу маънода драматург Насрулло Қобулнинг “На малакман, на фаришта” номли оташин шоиримиз Бобораҳим Машраб ҳақидаги тарихий фалсафий-психологик шеърий драмаси эътиборга лойиқ.
Мушоҳада, бадиий идрок устивор санъатда воқеа-ҳодисанинг фикр оқимига туртки берувчи мантиқи муҳим. Ҳодиса тафсилотлари учун мезон тарихий реаллик эмас, балки мантиқ ривожи аҳамиятлидир. Томошабин ё китобхон воқеадан эмас, фикрдан ва мантиқ ривожидан таъсирланиши, икки томонлама мушоҳада қилиши керак. Бу ўринда бадиий ижоднинг коммуникатив хусусияти, яъни муаллиф-қаҳрамон-ўқувчи ёки томошабин муносабати масаласига оид илмий-назарий қарашлар ёдга келади. Асар муаллифи ва реципиент (қабул қилувчи) алоқаси таҳлилга тортилган пьеса мисолида икки томонлама фаолликни тақозо этувчи интеллектуал фалсафий ва психологик ифода усулидан намоён бўладики, жаҳон адабиёти ва санъатида аллақачонлар етук намуналарини берган бу тажриба ўзбек саҳна санъатида, хусусан “На малакман, на фаришта” (Машраб) асарида дастлабки куртакларини кўрсатган. Ўқувчи–томошабин муаллиф таклиф этаётган тарихий ҳодисанинг қайта бадиий идрок этилган ва ўз мушоҳадалари доирасида тақдим этилган янги версиясини қабул қилишда фаоллик кўрсатиб, кузатувчи эмас, ҳамкорга айланиб боради. Тайёр нарсани ўзлаштириш эмас, жараёнда иштирок этиш йўлини тутади. Бу  ўз навбатида, драматургиямизда, хусусан, тарихий биографик асарлар яратиш тажрибасида ўзига хос янгилик, изланиш самарасидир.
Иккинчи даврий силсилани ташкил этадиган пьесалар ҳам миқдор жиҳатидан аввалгисидан кам эмас. Драматургларимиз нисбатан яқин ўтмиш – ХХ асрдаги ижтимоий воқеалар, Шўро қатағонлари ва шу даврдаги халқимиз ҳаёти, миллий зиёлиларимиз тақдири, 80-йиллардаги “пахта иши” компанияси билан боғлиқ тазйиқ ва таъқиблар ҳақида ҳам талайгина тарихий – биографик ижтимоий-публицистик саҳна асарлари яратдилар. Буларни ҳам акс эттирилган тарихий даврлар чегараларида таснифлаш мумкин. Аммо бу даврий силсилада тасниф кўпроқ тарихий мавзулардаги пьесаларнинг ички жанр хусусиятларига кўра белгиланса, бадиий изланишларнинг нечоғлик теран ва кўламли кечгани яққолроқ намоён бўлади. Бунда қуйидагича шартли жанровий йўналишларни қайд этиш мумкин:
1.    Тарихий–биографик пьесалар.
2.    Ижтимоий-публицистик тарихий пьесалар.
3.    Тарихий асарлар асосидаги инсценировкалар.
Иккинчи даврий силсиладаги тарихий-биографик пьесалар орасида буюк жабрдийда адибимиз Абдулҳамид Чўлпон ҳаёти ва ижодига бағишланган асарлар кўп. Жумладан, Усмон Азимнинг “Кундузсиз кечалар”, Тўлан Низомнинг “Чўлпон”, Зиё Нажмийнинг “Занжирбанд шер” пьесалари фикримиз далили. Ундан кейин оташин шоир Усмон Носир ҳақидаги Нодира Рашидованинг “Усмон Носир” ва Абдулла Аъзамнинг “Усмон Носир қаерда” асарларини санаш мумкин. Булардан ташқари Усмон Азим яна Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор ҳаёти ҳақида драмалар ёзди. Нафсиламбирини айтганда, зикр этилган пьесалар орасида, албатта, катта шоир Усмон Азим қаламига мансублари эътиборни  кўпроқ жалб этади.
Усмон Азим Миллий академик театр учун муайян маънода «адабий учлик» — «трилогия» деб атаса бўладиган уч пьеса ёзди – Чўлпон ҳақида «Кундузсиз кечалар», Ойбекка бағишлаб «Адибнинг умри» ва «Абдулла Қаҳҳор» номли-тарихий-биографик драмалар. Уларни асосий қаҳрамонлари ҳаётига оид воқеабандлик жиҳатидан изчил бир-бирини давом эттирувчи трилогия дейиш мумкин эмас. Аммо бошқа талай хусусиятларига кўра бу уч асар бир-бирини тўлдиради. Аввало, давр, пьесаларда акс этган ижтимоий воқелик бир – Ўзбекистонда шўролар салтанати қурилиб, ҳукмронлик қилган йиллардан қарийиб эллик йили оралиғида кечган воқеалар акс этади уч асарда. Табиийки, давр бир экан, ижтимоий муҳит, муносабатлар, турмуш манзараларида ҳам муштараклик бўлиши аниқ. Иккинчидан, пьесаларнинг адабий-жанрий мансублиги ҳам бир тарихий-биографик драмалар. Учинчидан, ҳар учала пьесанинг қаҳрамонлари ҳам реал тарихий шахслар, қаламга олинган ҳодисалар ҳам айни тарихий воқелик. Тўртинчидан, пьесалар бош қаҳрамонларининг касби-коридан ташқари, муаллиф тасвирлаганидек, уларнинг кечмишлари, дунёқараши, тақдирлари ҳам бир. Чўлпон ҳам, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ҳам даврига сиғмаган, ҳурфикрлилиги, миллатпарварлиги, ҳақпарварлилиги, муросасизлиги учун жабр кўрган, таъқиб ва тазйиқларга учраган. Истеъдоди, обрў-эътибори туфайли ҳасадгўйларнинг туҳматларига дучор бўлган. Шуларга қарамай, иродаси букилмаган, жисмоний азобларга дош бериб, руҳан синмаган. Бошқа катта-кичик ҳолатлар, деталлардаги умумийликни санамаганда ҳам қайд этилган муштаракликларга суяниб уч пьесани тарихий-биографик трилогия деб дадил айтишга асос етарли. Дарвоқе, гарчи жуда муҳим бўлмаса-да, муштаракликка оид оддийгина бир фактни ҳам эслатиб кетиш ўринли. Ҳар уч пьеса бош тарихий қаҳрамонлар – уч адибнинг истиқлол шарофати билан юртимизда нишонланган 100 йиллик таваллуд саналари муносабати билан ижтимоий буюртма сифатида ёзилган.
Истиқлол йиллари драматургиясида тарихий-биографик метод қолипларидан қочиб, тарихий шахс сиймосини фалсафий–психологик аспектда бадиий идрок  этишга ўзига хос уриниш намунаси сифатида Зиё Нажмийнинг “Занжирбанд шер” асарини мисол келтириш мумкин. Мазкур асарнинг саҳнавий талқини ҳақида санъатшунос Д.Раҳматуллаева атрофлича фикр юритиб, спектакль жанрини режиссёр фожиа-фантасмагория деб белгилаб тўла мажозий ечимга қурганини қайд этади1. Ҳамонки, пьеса фантасмагория ва мажоз ечимида саҳналаштирилган экан, шунинг ўзиёқ унда анъанавий биографик тафсилотчиликдан қочилгани англанади. Бош қаҳрамон, яъни Чўлпон ўз бошидан кечган воқеаларни хаёлан  жонлантирар экан, уларни шунчаки қайд этмайди, балки, аксинча, уларга фаол муносабат билдириб боради. Бунда унга Ҳамлет образи ёрдам беради. Чўлпон ҳаёти давомида ён-атрофида бўлган ва кечаётган воқеа-ҳодисаларга, турфа қиёфага кираётган “дўст”ларию душманларига, сотқинлик, тубанликнинг жамиятда оддий ҳолат бўлиб бораётганига адолат ва ҳалоллик тобора ғорат этилиб, сиқиб чиқарилаётганига худди Ҳамлет каби муносабат билдиради. Шекспир қаҳрамонидан қувват олиб, ўз воқелигини тафтиш этаркан, юз бераётган адолатсизликлар қаршисида ожиз, нотовон бўлиб қолмаслик, ҳаёт мазмунини курашларда деб билиш, ўз ҳақиқати учун гарчи жисман мағлуб бўлса-да, маънан ғолиб бўлиб интилиш сабоқларини ўзлаштиради. Ғурурли, ўктам бир инсон — Шахс қиёфасини ўқувчи-томошабинга сингдириб боради. Ҳақиқат учун, Ватан ва миллат учун фидойи бўлишининг бир инсон тақдири мисолидаги сабоқларини саҳнадан намоён этади. Айнан “Занжирбанд шер” спектакли муаллифлари – драматург, режиссёр, рассом Чўлпон образи ва унинг воқелиги талқинини Ҳамлетдан ва Шекспир даҳосидан қувватланиб, унга эргашиб акс эттиришга уринишади. Улар учун Чўлпон ўз замонасининг Ҳамлети бўлиб кўринади ва спектакл шу кўрим ва ғоявий ниятга бўйсундурилгани учун оддий томошавий ҳасби ҳолдан ўтиб, ижтимоий-фалсафий асар таассуротини беради. Бундан ташқари муаллифлар Чўлпон ҳаётининг расмий, илмий ва бошқа адабий-саҳнавий талқинларига ёпишиб олмай, айрим воқеа ва образлар ифодасига ўзларича ва бунда, албатта, бадиий мантиққа тўла риоя этган ҳолда мустақил ёндошадилар. Хусусан, Чўлпоннинг рафиқаси Солиҳа билан ажралиши расман қабул қилинганидек, шоирнинг олижаноблиги туфайли эмас, балки душманларнинг аёл ор-номусини топтаганлари, бадном қилганлари учун эканини ва бунда асосий қаҳрамоннинг юз берган қабоҳатни ҳис этиб, ўз севгилисига мурувватли бўла олганини кўрсатиш орқали унинг руҳий оламини, ички дунёсини янада гўзалроқ, юксакроқ қилиб ифода этадилар. Андижон вилоят Ёшлар театри драматург З.Нажмий билан ҳамкорликда яратган бу спектакь Чўлпон образининг оригинал, энг замонавий саҳнавий талқини бўлиб, драматургия ва театр санъатимизнинг тарихий биографик йўналишдаги изланишлари ҳам анъана, ҳам янгилик йўсинида ранг-баранг кечаётганидан яна бир далолатдир.
Ижтимоий-публицистик йўналишдаги тарихий пьесалар сирасида Истиқлол йилларида Шукур Холмирзаевнинг “Қора камар”, “Зиёфат”, Ўткир Ҳошимовнинг “Қатағон” ва вақт нуқтаи назаридан кейинроқ Шукруллонинг “Ҳасрат боғи” асарлари яратилди. Улар асосида Аброр Ҳидоятов номидаги театрда ва Миллий академик театрда спектакллар саҳналаштирилди. Мавзу бу асарларда яқин ўтмишдан, ўтмишнинг энг кир ва мудҳиш даврларидан белгиланган.
1989 йили ўзбек театр санъатининг икки асари Республика Давлат мукофотига лойиқ топилди. Буларнинг бири ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Миллий театр)да саҳналаштирилган буюк адиб Ойбекнинг “Қутлуғ қон” романи асосидаги спектакл бўлса, иккинчиси, Аброр Ҳидоятов номидаги Ёшлар драма театри (ҳозирги Ўзбек давлат драма театри)нинг Шукур Холмирзаев пьесаси асосидаги “Қора камар” спектакли эди.
Ғалати зидлик — “Қутлуғ қон” спектакли умрининг сўнгги палласига кирган шўролар иттифоқининг “шонли” ҳаёти якунига бағишланган ўзига хос “видо” бўлса, “Қора камар” Ўзбекистонда эндигина бўй тарата бошлаган озодлик, ҳуррият, истиқлолнинг илк бадиий муждаси эди. Аввалгисининг тақдирланиши янги пайдо бўлаётган қабрга ёдгорлик тоши ўрнатиш маросимини эслатса, кейингиси ҳурлик ғояларининг тантанасига, тасдиғига дебоча бўлди. Ўзбек Истиқлол театр ва драматургияси айнан ана шу ғоятда оригинал зиддиятли манзара – видо ва тантана оҳангларининг омухта жарангида ўз тарихининг илк саҳифасини очди.
Шукур Холмирзаевнинг “Қора камар” асари гўёки қонли инқилоб йиллари ёшлар ҳаракатининг етакчиларидан бўлган Абдулла Набиев ҳақида. Аслида эса пьеса ҳам спектакль ҳам набиевларга қарши турган кучлар хусусида эди. Аниқроғи, уларнинг маслагу интилишлари ва таназзули ҳақида. Бу кучнинг тимсоли сифатида саҳнада икки шахс – Хуррамбек ва Қорахўжа эшон образлари ҳаракат қилади. Илмий-тарихий соҳада Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистонда босмачилик ҳаракати борасида саноқсиз асарлар ёзилган. Гўёки босмачилик фақатгина талон-торожга асосланиб, ўз мол-мулки, мавқеини сақлаб қолишга интилган бир гуруҳ онгсиз бойваччалар ва мутаассиб руҳонийлар бошчилигидаги босқинчиликлардангина иборат бўлган ёвуз ҳаракат. Бундай қарашлар бадиий адабиётда ҳам ўзининг ўнлаб “бадиий” ижросини топди. Ҳақиқатда эса бир неча йиллаб бутун вилоят ва ўлкаларни ҳаракатга солиб турган ва оддий қора халқнинг муайян қисмини ўзига жалб эта олган оммавий ҳаракат фақат ўшандай майда манфаатлар заминига қурилган бўлганида, бу қадар салмоқ ва жиддият касб этмаган бўлар эди.    Шу ҳақиқатни “Қора камар” спектакли биринчилардан бўлиб бадиий йўсинда яққол намойиш эта олди, яқин ўтмишимиз борасидаги тарих ҳақиқатини, рост гапни айтишга дастлабки жиддий уриниш бўлганлиги билан эътиборни тортди. Бу сирада яна Шукур Холмирзаевнинг “Зиёфат”, Ўткир Ҳошимовнинг “Қатағон” пьесалари мазмунан янги ва муҳимлиги ҳамда бадиий бақувватлиги билан тарихий драматургиямиз манзарасини бойитди.
Мамлакатимиз Президенти И.А.Каримов 1994 йил 22 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн олтинчи сессиясида сўзлаган нутқида шундай бир аччиқ ҳақиқатни савол тариқасида ўртага ташланганди: “…бир зумга бўлса-да, тўрт-беш йил муқаддам бошимиздан кечган 1989-1990 йилларга хаёлан қайтайлик…  Гўё миллий ифтихор бўлмиш пахта, ҳақиқатда миллий ғурур ўрнига бўйинтуруқ бўлиб, халқимизни ялонғоёқ қилишдан, бошимизга азоб-уқубат, таъна-маломатдан бошқа нима келтирарди?.. – куни кеча эмасмиди бошимизни кўтармасдан яшаганимиз, Кремлнинг ҳар бир имосига маҳтал бўлиб, ярим қуллик ҳолатида кун кечирганимиз?.. У кунларни унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ. Буни ҳаммамиз яхши англаб олишимиз зарур”1.
Яқин тарихда халқимизнинг бошидан кечган бу оғир кечмишлар, айнан Юртбоши қайд этган воқеаларнинг бадиий – саҳнавий ифодаси юқорида зикр этилган асарларда ўз тажассумини топди. “ Зиёфат”да рамзий маънодаги исм билан номланган Пахта образи мисолида қулдай меҳнат қилиб, қадр топмаган ва хўрликларга чидолмай ўз-ўзига ўт қўйган аёлнинг фожиали ҳолати бир ош пишарлик фурсат давоми – зиёфат асносида кўрсатиб берилса, “Қатағон”да “пахта иши”, “ўзбеклар иши” каби машъум ёрлиқлар билан таҳқирланган, оғир руҳий ва жисмоний қийноқларга дучор этилган ҳалол, заҳматкаш ўзбек деҳқони – собиқ совхоз директори Панжи Жумановнинг аянчли аҳволи акс этади.
Агар “Қора камар”да ХХ асрнинг йигирманчи йилларидаги юрт қайғусидан баҳс очилган, “Зиёфат” ва “Қатағон”да ХХ аср саксонинчи йиллари фожиалари қаламга олинган бўлса, шоир ва драматург Шукруллонинг “Ҳасрат боғи” шеърий драмасида мавзу қатағон ва Миллий театримиз саҳнасига олиб чиқилган турғунлик йилларининг турли инсонлар тақдирларидаги машъум излари, мудом битмаган қалб жароҳатлари ҳақида. Ўша даврларни бадиий мушоҳада этиш, сабоқ бўларлик хулосалар чиқариш муаллифларнинг асосий мақсади.
Истиқлол даври ўзбек драматургиясининг тарихий йўналишдаги намуналари қаторида яна бир тур асарлар борки, улар ҳам тарихий драма, ҳусусан, иккинчи даврий силсила доирасида олиб ўрганишни тақозо этади. Булар адабиётмиз тарихига кирган ва албатта, нисбатан яқин тарихимиз кечмишларига бағишланган бадиий мумтоз насрий асарлар асосидаги инсценировкалардир. Бу сирада Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз”, (А.Ҳожиахмедов инсценировкаси), Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и асосида (Ж.Жабборов инсценировкаси) “Отабек ва Кумуш”, “Меҳробдан чаён” (Э.Хушвақтов инсцеровкаси) романлари асосидаги ҳамда Ғафур Ғулом ҳикоялари оҳангларидаги “Ўтган замон ҳангомалари” (У.Азим инсценировкаси) кабиларни санаш жоиз. Мазкур асарлар аксарият муайян театрнинг таклифи ёки бирор сана, муносабат билан амалга оширилган, албатта. Аммо, шу билан бирга, бу асарлардаги инсоний тақдирлар, бўлиқ характерлар, кучли драматизм, конфликт каби қатор ғоявий–бадиий жиҳатлар уларни саҳна орқали ҳам кўрсатиш ва шу йўл билан томошабинни муайян ёзувчи дунёсига олиб кириш, уларни яқинлаштириш эҳтиёжига ҳам хизмат қилади.
Тарихий драмалар борасидаги экскурсдан келиб чиқиб хулосалар қилинадиган бўлса, албатта, Истиқлол ғояларининг тантана қилиши, миллатнинг маънавиятини юксалтириш масаласининг давлат сиёсат даражасига кўтарилиши, фуқароларнинг ўз-ўзини таниш, маънавий–тарихий илдизларимизни билиш ва уни тиклаш, тарғиб этиш эҳтиёжи сўнгги йигирма йилларда драматургия ва театр санъатимизда тарихий: биографик, ижтимоий-фалсафий, ижтимоий–психологик, ижтимоий–публицистик йўналишдаги саҳна асарларининг, миллий мумтоз тарихий наср намуналари асосидаги инсценировкаларнинг кўплаб яратилиш ва у билан боғлиқ ижодий жараённинг шитоб билан ривожланишини содир этди. Шу борада санъатшунос олима Д.Раҳматуллаеванинг қуйидаги фикрлари тамомила асосли эканини эътироф этмоқ керак: “Мустақиллик тарихий драмани том маънода уйғотди. Тарихий драма драматургия ва театрда етакчи мавқени эгаллади. Бу давр собиқ тузум томонидан таъқиб қилинган шахслар ва мавзулар, қатағонга учраган адиблар ва уларнинг асарларига бўлган қизиқишни тўла қондириш имкониятини яратди. Буюк тарихий шахслар, ислом оламининг етакчи алломалари, олиму фузалолари, саркардалар саҳна санъатида жонланди. Наинки узоқ тарих, шунингдек, аср бошидаги Туркистондаги ижтимоий ҳаётга бўлган эътибор кучайди ва бу давр ўзининг асл сийрати ила саҳналарда гавдаланди. Қисқа вақт давомида юздан ортиқ тарихий драмалар яратилди ва саҳналаштирилди. Асарларнинг маънавий-маърифий жарангига катта эътибор қаратилди”.1
Дарҳақиқат, шундай. Бироқ, олима таъкидлаганидек, маърифий йўсиндаги тарихий-биографик асарлар кўпчиликни ташкил этса-да, юқорироқда кўриб ўтганмиз Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Машраб, Чўлпон ҳақидаги айрим драмалар анъанавий тафсилий–биографик усулдан ўтиб, фалсафий, психологик, ижтимоий-публицистик кўримдаги изланишлар асосида, ўзига хос ғоявий–бадиий ечимда яратилганини эслатмоқ жоиз. Шу билан бирга “Қора камар”, “Зиёфат”, “Қатағон” каби тарихий драмалар ижтимоий-сиёсий ва публицистик пафоси билан давр адабиёти ва санъатида эътиборли ҳодисалар бўлди.
Демак, тарихий драматургия Истиқлол йилларида мавзулар билан бир қаторда жанр ҳусусиятларига кўра ҳам хилма-хиллик кашф этиб, умум адабиётимиз ва театр санъатимиз ривожига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Сайт бўлими: Адабий танқид, Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ