"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Сусамбил (эртак)

Ўқилди: 870

Бор экан-у йўқ экан, оч экан-у тўқ экан, бўри баковул экан, тулки ясовул экан, қарға қақимчи экан, чумчуқ чақимчи экан, ўрдак сурнайчи экан, ғоз карнайчи экан.
Ўтган замонда бир бой бор экан. Унинг эшаги ва бир ҳўкизи бор экан. Унинг ери кўп экан, қарол-қўшчиларига экин эктириб кун ўтказар экан. Хўжайиннинг ўғиллари кўпинча эшакни миниб юрар эканлар. Хўжайин эшакка яраша эгар-тўқим қилдириб берган экан. Тўқими гажимли, жуда ҳам келишган экан. Шундай қилиб, бу эшакни хўжайин ҳам, хўжайиннинг болалари ҳам яхши кўриб, сув ўрнига шарбат, ўт ўрнига қора майиз бериб боқишаркан. Хайр, эшак сув ўрнига шарбат, ўт ўрнига қора майиз еб маза қилаверсин, энди гапни ҳўкиздан эшитинг.
Хўжайин ҳўкизни эртадан кечгача қўшга қўшар экан. Ҳўкиз кечқурун қорни очиб, чарчаб қайтиб келса, унинг олдига бир боғ қуруқ пояни ташлаб қўяр экан. Ҳўкиз бечора ҳар куни бир боғ қуруқ пояга йўлиқиб, қорни очиб, қони қочиб, ранги тўзиб, кўп абгор бўлибди. Бир кун ишдан келиб, пояни егиси келмай атрофга қараса, бояги эшак сув ўрнига шарбат, ўт ўрнига қора майиз еб, маза қилиб ётибди. Шунда ҳўкиз унинг овқатидан егиси келиб, эшакдан:
— Ҳой ўртоқ, мен кўп оч қолдим, раҳминг келмайдими? Кел, менга ҳам овқатингдан бер, — дебди.
Шунда эшакнинг раҳми келиб, овқатидан берибди. Эшакнинг олдида ҳар доим овқат ортиб ётар экан. Хўжайин эрта билан чиқиб ко рсаки, эшакнинг олдида овқати қолмабди. «Э, эшагимнинг иштаҳаси энди очилибди», — деб кўп-кўп овқат соладиган бўлибди.
Бир куни хўжайин чиқиб қараса, эшакнинг овқатини ҳадеб ҳўкиз келиб еяётган эмиш.
— Ие, ҳали сенинг қорнинг тўйиб, димоғинг кўтарилиб қолибди-ку, — деб эртаси куни ҳўкизни эшакнинг ўрнига қўйиб, эшакни обориб ҳўкизнинг ўрнига қўшга қўшибди.
Эшак шўрлик умрида қўшга қўшилмаган экан, омочни тортишга кўп қийналибди. Охири тақдирга тан бериб, қўшда юришга ҳам кўникиб қолибди. Кечгача қўшда юриб чарчаб, қорни очиб уйга борса, аввалги овқатлар йўқ, шарбат ўрнига бир пақир сув, майиз ўрнига бир боғ поя. Эшак бечора ночор ейишга тушибди.
Хайр, шундай қилиб, хўжайин эшакни кузгача тоза ҳам қўшга қўшибди. Куз бўлганда эса унга юк ортиб, узоқ-узоқ ерларга борадиган бўлибди.
Бир куни хўжайин эшакни миниб бозорга борибди. Бозордан бир қоп туз сотиб олибди. Тузни эшакка ортиб, устига ўзи миниб, йўлда кетаётса, бирдан ҳаво айниб, ёмғир ёға бошлабди. Ҳаш-паш дегунча дарров йўллар лой бўлиб кетибди. Эшак бечора устида туз, унинг устига хўжайин минган, боз устига юклар ёмғирда вазминлашган, ёмғирдан жунлари ивиб, йўлда аранг юриб келар экан. Ноинсоф хўжайин лоақал эшакнинг оёғидаги тақасини ҳам янгилатиб қўймаган экан. Тақаси сийқаланиб қолгани учун эшак лойда тойилиб, туртиниб борар экан. Устидаги оғир юки босиб, дармони қуриб, бунинг устига хўжайин:
— Тез-тез юрмайсанми? — деб қўлидаги халачўпи билан бўйнига ниқтабди, «хих-хих» деб, икки оёғи билан қорнига тепибди. Эшак шу азоб билан бораётиб йўлда бир бузуқ кўприкка келиб қолибди. Бечора эшак тойилиб-тойилиб кўприкнинг устига чиққанида оёғи тойиб, кўприкнинг тешигига кириб қолибди, устидан хўжайин чалқанчасига ағанаб кетибди. Шунда хўжайиннинг қаҳри келиб, чаёндай заҳри келиб, кўп¬рикнинг тагидан бир сўйилни тортиб олиб, ўлганнинг устига тепган дегандай: «Мени ағанатадиган сенмисан», — деб бечора эшакни тоза урибди. Эшакнинг оёғини қисган, ўзини юк босган, бунинг устига калтакнинг аччиғи. Эшак бўйнини ерга солиб, бошини лойга қўйиб, кўзидан ёшини оқизиб ётиб қолибди. Шунда уч-тўрт йўловчи етиб келибди.
Эшакнинг аҳволини кўриб, йўловчиларнинг раҳми келибди. Битта йўловчи:
— Ҳой, ноинсоф. Эшакнинг аҳволига қарасанг-чи, уни уриб нима қиласан? Устидаги юкини ол, бўлмаса ўлиб қолади, — дебди.
Кейин йўловчилар келиб, бири юкнинг устидаги арғамчини қирқибди, бири тузни ағанатибди, бири эшакнинг белидан кўтариб, яна бири думидан ушлаб, кўприкдан чиқариб олибди. Шундан кейин хўжайин тузни ортиб яна йўлга тушибди. Эшак бечора шунча азоб билан қорни очиб уйга зўрға етиб борибди. Боргандан кейин уйдагилар: «Хўжайин ёмғирда ивиб келибдилар, кўп азобланибдилар», — деб уни қўллаб-қувватлаб, иссиқ уйга олиб кириб кетишибди. Эшакни эса очиқ ҳавога боғлаб қўйишибди. Хўжайин ўчоққа қўлларини тоблаб, исиниб, ёғли паловни еб маза қилибди. Эшакка бўлса, «бояги-бояги, бойхўжанинг таёғи» дегандай бир боғ қуруқ пояни ташлашибди.
Эшакнинг жуда хўрлиги келиб, шу аҳволда юраверишга рози бўлгиси келмабди. «Eнди нима қилсам бўлар экан? — деб ўйлабди. — Мен шу хўжайиннинг қўлида токай эзиламан, ахир, хўжайинникидан чиқиб кетсам, очдан ўламанми? Кел-е, шу ердан бошимни олиб кетайин!» — дебди.
«Энди қаёққа борсам экан?» — деб ўйлабди.
Эшак ёшлигида онасидан: «Сусамбил деган мамлакат бор экан, у жойда ўтнинг бўлиғи, сувнинг тиниғи мўл экан. Унда биров билан бировнинг иши ҳам йўқ, азоб-уқубат ҳам йўқ, овқат мўл, қорнинг доим тўйиб юради», — деган гапни эшитган экан. Онаси бечора кўп орзу қилса ҳам, Сусамбилга боролмай ўлиб кетган экан. Эшак ўйлаб-ўйлаб шу Сусамбилни топмоқчи бўлибди. Ўрнидан туриб, чираниб тортиб, бошвоғини узиб, осмонга қараб бир ҳанграб олибди. Кейин хўжайиннинг ташқи ҳовлиси билан хайрлашиб, ёига тушибди.
Бир одамнинг бир кам қирқта товуғи, битта хўрози бор экан. Макиёнлар ҳар куни бир кам қирқта тухум қилиб берар эканлар. Бироқ эгаси жуда хасис одам экан. Товуқларга лоақал уч кунда бир марта ҳам дон сочиб қўймас экан. Товуқлар ҳовлида хашакларни ва гўнгларни титиб, шундан овқат топиб, қорин тўйғазар эканлар.
Бир куни товуқлар қўшнисининг ҳовлисида донлаб юрганда унинг хотини уй обрезида оқшоқ ювиб, қозонга солибди. Обрезнинг четида тўрт-бешта оқшоқ тўкилиб қолибди. Буни хўроз кўрган экан, секин кириб, ҳалиги донларни ея бошлабди. Шунда қўшнисининг хотини кўриб, «кишт-кишт, қирилгурлар, кишт», деб оташкуракни отиб юборибди. Оташкурак хўрозга тегиб, уни бир неча маротаба юмалатиб юборибди. Оташкуракнинг зарбидан хўроз кўп алам тортиб, бир чеккага бориб йиғлабди. Хўрлиги келиб: «Хўжайин ҳар куни бир кам қирқта тухум олса, лоақал, битта тухумнинг пулига дон олиб сочмаса; унинг эшиги ёнига борсак, ўзи ҳам, хотини ҳам «кишт-кишт» деб ҳайдаса, боз устига қўшниларидан ҳам калтак есанг! Менга нима азоб! Кел, шу ерда юргандан кўра далаларга чиқиб кетиб, ўша ерда ўзимча тирикчилик қилсам, нима бўлади?» — дебди. Ўрнидан турибди ва «қу-қу-қу» деб қичқирибди. Кейин «пир» этиб деворга қўнибди, ундан учиб кўчага тушибди-ю, далага қараб кетаверибди.
Хўроз дала йўлида бораётган экан, уч кўчанинг бошига бориб қолибди. Уч кўчанинг биридан бояги эшак, иккинчисидан хўроз чиқиб келибди. Хўроз эшакка қараб:
— Ассалому алайкум, эшаквой! — дебди. Эшак:
— Ваалайкум ассалом, хўрозвой, — дебди. Хўроз:
— Сизга йўл бўлсин? — деб эшакдан сўрабди. Эшак:
— Сусамбилга,— дебди. Хўроз:
— Сусамбил қандай жой? — дебди. Эшак:
— Сусамбил — ўтнинг бўлиғи, сувнинг тиниғи, унда азоб-уқубат йўқ, маза қилиб юрасан, — дебди.
Хўроз:
— Мен ҳам борсам бўладими? — деб сўрабди. Эшак:
— Хайр, битта эдим, сен билан иккита бўламиз, юравер! — дебди. Иккови бошидан ўтганларини бир-бирига гапириб кетаверибди.
Энди бояги ҳўкизга келайлик. Хўжайини уни ҳўкизлар билан уриштириб юрар экан. Ҳўкиз жуда уришқоқ бўлиб, ҳамма жойда донғи кетган экан. Бир куни ҳўкиз уриштириш бўлиб қолибди. Шунда бу ҳўкиз етти-саккиз ҳўкизни қочирибди. Энди битта жуда уришқоқ ҳўкиз қолибди. Хўжайин ҳўкизини бу ҳўкиз билан эртасига уриштирмоқчи бўлибди. Тонгда хўжайин:
— Энди ҳўкизни уриштиришга бораман. Шохини ёг лаб қўяй! — деб молхонага чиқса, ҳўкизнинг икки кўзи юмуқ, ҳадеб ухлаяпти. Тушида катта бир йиғин эмиш. Ҳўкизни хўжайини йиғинга олиб кирса, ҳалиги ҳўкиз буни йиғиндан қувиб чиқариш учун ҳамла қилиб, югуриб қолибди. Шунда бунинг аччиғи чиқиб, келаётган ҳўкизга ҳужум қилиб уни бир сузибди. Шунда ҳўкиз шохини ёғлаётган хўжайинни сузиб юборибди. Хўжайиннинг ёғ косаси бир тарафга, ўзи иккинчи тарафга учиб тушибди.
Хўжайин ҳушидан кетибди, ҳушига келгандан сўнг:
— Ҳали мени сузадиган сенмисан?! — деб ҳўкизни чунон урибдики, қавариб чиқмаган жойи қолмабди. Шунда ҳўкиз ётиб йиғлабди, хўрлиги келибди: «Мен хўжайинга шунча ишларни қилиб, қанча ҳўкизлар билан уришиб, уларни енгиб, пул ютиб берсам, у эса шугина ҳазилимни кўтармай мени ўларча урса, бу менга қандай хўрлик?!» — дебди ва: «Кел-е, мен токай хўрлик тортаман, шу хўжайинникидан кетсам, нима бўлар эди, кетаман!»— деб ўрнидан турибди, бир чираниб бошвоқни узиб, йўлга тушибди, юриб-юриб бир жойга борса, бояги эшак кўринибди. Шунда ҳўкиз эшакни чақириб, орқасидан югурибди. Орқасига қараса, узоқдан бир ҳўкиз уни тўхтовсиз чақириб келяпти.
Эшак тўхтаб турибди, ҳўкиз етиб келибди. Қараса, ўзининг шериги экан. Эшак:
— Ҳа, ҳўкизвой, нима қилиб юрибсан? — дебди. Ҳўкиз айтибди:
— Сендан кейин хўжайин мени ҳам тоза азоблади. Мен ҳам «бор-е» деб келавердим. Сен қаёққа кетяпсан?
Эшак:
— Мен Сусамбилга кетяпман, — дебди. Ҳўкиз:
— Сусамбил қандай жой? — дебди. Эшак айтибди:
— Сусамбил ўтнинг бўлиғи, сувнинг тиниғи, унда азоб-уқубат йўқ, маза қилиб юрасан!
Ҳўкиз:
— Бўлмаса мен ҳам борсам бўладими? — дебди. Эшак:
— Келганинг яхши бўлибди. Иккита эдик, учта бўлдик. Юравер! — дебди.
Ҳўкиз, эшак, хўроз учови бошидан ўтганларини бир-бирига гапиришиб, ҳасратлашиб кетаверишибди. Неча кун йўл юриб, чўл-у биёбонга етишибди.
Чўлда ҳеч ким йўқ экан. Бир жойда иккита каламуш турар экан. Чўлда озиқ-овқат камлигидан, озгина овқат топиш учун кўп жойларга бориб, кўп ерларни қазир эканлар. Шунда қорин тўяр-тўймас озгина овқат топишар экан. Бора-бора чўлда овқат топилмай қолибди. Бир куни иккала каламуш ейдиган овқати йўқ, қорни очиқиб, энди нима қиламиз деб, уясининг оғзига чиқиб шумшайиб ўтиришганда, узоқдан ҳалиги эшак, ҳўкиз ва хўрозлар кўринишибди.
Бири айтибди:
— Шу кўринганлар йўловчи бўлади. Юр, улардан овқат олайлик. Зора раҳми келиб, бирор нарса ташлаб кетишса, — дебди.
Иккаласи йўлнинг устига чиқиб турибди. Кўринган ҳайвонлар ҳам етиб келишибди. Шунда каламуш улардан овқат тилабди. Эшак туриб:
— Эй биродарлар, биз ҳам сизларга ўхшаш оч қолганларданмиз. Агар овқат керак бўлса, биз билан бирга юраверинглар, — дебди.
Каламуш эшакдан:
— Қаерга кетяпсизлар? — деб сўрабди. Эшак:
— Биз Сусамбилга кетяпмиз, — дебди.
— Сусамбил қандай жой? — деб сўрабди каламуш.
— Сусамбилни асло сўрама! Сусамбил ўтнинг бўлиғи, сувнинг тиниғи, унда азоб-уқубат йўқ, маза қилиб юрасан! — дебди эшак.
— Бўлмаса биз ҳам борайлик, — дейишибди каламушлар.
— Учта эдик, бешта бўлдик, юраверинглар, — дебди эшак. Мана энди булар бешови бошларидан ўтган саргузаштларини бир-бирига гапиришиб, Сусамбилга кетаверибдилар.
Ўша чўлда бир гала ари бор экан. Улар ҳам овқат йўқлигидан оч қолиб, нима қиларини билмай, осмонда ғўнғиллаб учиб кетаётган эканлар, бирдан ҳалиги Сусамбилга кетаётган беш жониворга йўлиқибдилар.
Арилар буларни кўриб: «Уҳ, мана овқатнинг конидан чиқдик, керагини олиб қол!» — деб чаққани киришибди.
Шунда эшак айтибдики:
— Эй укалар, сизлар ҳам бизга ўхшаб оч қолиб қийналганга ўхшайсизлар. Бизнинг танамизда шира қолгани йўқ. Сўрганларинг билан ҳеч нарса чиқмайди. Ширамизни хўжайинларимиз сўриб олган. Агар овқат керак бўлса, биз билан юраверинглар! — дебди.
Шунда арилар буларнинг аҳволини кўриб, булар ҳам бизга ўхшаган оч қолганлардан экан, деб қаёққа кетишаётганини сўрабди.
— Биз Сусамбилга кетяпмиз, — дейишибди.
— Сусамбил қандай жой? — деб сўрабди арилар.
— Сусамбил ўтнинг бўлиғи, сувнинг тиниғи, унда азоб-уқубат йўқ, маза қилиб юрасиз, — дейишибди.
— Бўлмаса биз ҳам борайлик, — дебди арилар.
— Майли, бешта эдик, кўп бўлдик, — дебдилар.
Шунда булар ҳаммаси: «Сусамбил, қайдасан?» деб бошидан ўтганларини гаплашиб, ҳасратлашиб кетаверибдилар. Йўлда кетаётиб: «Қачон Сусамбилга етамиз?» деб, юраклари жиғиллаб, гоҳо-гоҳо эшакдан: «Яна бир гапириб беринг. Сусамбил қандай жой ўзи?!» деб сўрашар экан. Эшак ҳам Сусамбилни мақтаб, уларнинг кўнглини кўтарар экан.
Булар:
— Сусамбилга борсак ундай қиламиз, бундай қиламиз! — деб ўзларича ширин-ширин хаёллар суриб боришар экан.
Булар йўл юрибди, йўл юрса ҳам мўл юрибди. Охири димоғларига Сусамбилнинг хушбўй шабадаси урилибди. Сусамбилга ҳам етиб келишибди.
Сусамбил жуда ҳам кенг, бепоён бир жой экан. Ҳавоси жуда тоза, нариги ёқда улкан тоғ бўлиб, унинг шабадаси доим ғириллаб келиб турар экан. Ерда кўм-кўк майсалар, бедалар яшнаб ётибди. Бир ёқда буғдой, арпалар; бир ёқда қовун-тарвузлар, бир тараф кета-кетгунча боғ: унда узум, анжир, ўрик, шафтоли ва турли-туман мевалар ғарқ пишган. Ариқларда оппоқ сутдай сувлар шарқирайди. Борганларнинг бағрига шамол тегибди.
Шунда бу бечоралар жуда ҳам хурсанд бўлиб кетишибди. Хурсандликдан баъзилари йиғлаб олишибди. Улар кўп оч қолишган экан. Ҳар қайсиси истаган овқатини еб, қорнини тўйғазиб, вақтларини хушлашиб, сўнгра салқин бир жойга келиб дам олишибди. Йўл азоби —  гўр азоби, дегандай, кўп чарчаб қолишган экан, шу салқин жойда ётиб узоққина ухлашибди.
Уйқудан туриб қў1-бетларини ювиб, яна хоҳлаган овқатларини ебдилар. Шу билан булар Сусамбилга келиб кўп роҳатланиб қолишибди.
Сусамбилнинг бир томони баланд тоғ бўлиб, унда кийик дейсизми, ишқилиб кўп жониворлар яшар экан. Тоғнинг бир жойида эса бир тўда бўри турар экан. Бир куни бўриларнинг подшоси уларни тўплаб, базм қилиб, ичкилик ичиб, кабоб қилиб еб ўтирган экан. Шунда бўриларнинг подшоси узоқдан ҳалиги эшак билан ҳўкизни кўриб қолибди:
— Уҳ, бизга барра кабоб топилди, ҳув ана, ўтлаб юрибди. Уч-тўртта бўлиб бориб шуларни оҳб келинглар, кабоб қилиб еймиз, — дебди.
Бўриларнинг ичида битта ҳовлиқмаси бор экан, у туриб айтибди:
— Шугина нарсага уч-тўрт кишининг нима кераги бор? Битта ўзим бориб олиб келаман! — дебди.
Бўриларнинг ичида яна битта ҳовлиқмаси бор экан. Ҳалиги бўрининг гапини эшитиб, шартта ўрнидан туриб:
— Ҳов, нима деяпсан ўзинг? Мен турганда сен қаёққа борасан? Ўтир жойингда! Мен ўзим бориб олиб келаман! — дебди.
Бунга у бўрининг аччиғи келибди:
— Мени писанд қилмаяпсан, сендан нима камлигим бор?! — деб бир-икки даф қилибди. Шу ерда иккови олишиб кетибди.
Шунда бўриларнинг подшоси туриб:
— Ҳой муттаҳамлар, уришманглар! Бор, икковинг бориб олиб кел! — дебди. Шу билан иккови чопқиллашиб кетишибди. Булар кетаётганларида бизнинг сусамбилликларимиз ўтлаб юришган экан. Бир вақт ҳўкиз ердаги кўкатни еб, оғзини тўлдириб, бошини кўтариб, ўтни чайнаб, тоғ томонга қараб, узоқдан чопиб келаётган иккита бўрига кўзи тушибди. Шунда ҳўкизнинг юраги шувуллаб кетибди. У қўрқиб оғзидаги ўтини ерга ташлаб, шерикларини чақирибди. Шериклари ҳам бўриларни кўришибди. «Энди нима қиламиз? Қочамизми, турамизми?» деб маслаҳатлашибдилар.
Эшак:
— Қочсак, қувиб етиб олади, яхшиси қочмаймиз, — дебди. Ҳўкиз айтибди:
— Башарти олдимизга келса, нима қиламиз? Шунда хўроз:
— Мен дарахтнинг тепасига учиб чиқиб кетаман, — дебди.
Каламушлар:
— Биз ерни кавлаб, кириб кетамиз, — дебдилар. Эшак:
— Ҳанграб туравераман, — дебди. Арилар:
— Биз рўпара келганини чақиб, ҳамма ёғини шишириб ташлаймиз! — дебдилар. Ҳўкизга ариларнинг гапи жуда ҳам ёқиб тушибди:
— Бўлмаса сизлар жон борича чақинглар. Қолганларини менга қўйиб беринглар! — дебди.
Булар маслаҳатни бир қилиб тураверишибди.
Бир зумда бўрилар етиб келибдилар. Бўрининг ҳалиги ҳовлиқмаси шеригига:
— Ҳув анавини сен кўтар! Мана буни мен кўтараман, — деб ҳўкизга қараб югурибди.
Шунда ҳўкиз орқасига қайтиб туриб, бўрига қараб югуриб бориб бир сузганда, бўри «дод» деб етти думалаб тушибди. Буни кўриб шериги югуриб келган экан, ҳўкиз уни ҳам қаттиқ сузиб ташлабди. Каламушлар қўрққанларидан ерни кавлаб кириб кетишга уринибди. Ер тошлоқ, қаттиқ экан, улар кавлаб киролмабдилар, бир зумда аллақанча жойни ўйиб юборибдилар.
Хўроз бўлса дарахтга чиқиб олиб, ҳадеб «қу-қу-қу» деб қичқираверибди.
Арилар ҳар иккала бўрига ёпишиб чақаверишибди-чақаверишибди, бир зумда дўмбира қилиб шишириб ташлашибди. Бўрилар шунда ҳам қочмай, жонҳолатда келиб, ҳўкизга ёпишибдилар. Ҳўкиз уларни сузавериб, аъзойи баданини яра қилиб ташлабди. Эшак бўлса нарироқда бор овози билан ҳанграб, нари бориб-бери келиб тураверибди.
Бир вақт бўрилар олишиб-олишиб чарчашибди. Қараса, ҳўкиз билан арилар ўлдириб қўядиган. Шунда дастлаб ҳалиги ҳовлиқма бўри қочишга тушибди, орқасидан буниси эргашибди. Булар шу қочганича подшонинг олдига етиб боришибди. Бу бўриларнинг ҳамма ёғи ёрилган, қонлари оққан, ари чаққан юзлари шишиб, кўзлари кўринмайдиган бир аҳволда экан. Подшо ва шериклари буларнинг аҳволини кўриб, ранги ўчиб, қони қочиб, ияклари қалтираб, кўзлари ялтираб қолибди.
Подшо:
— Сизларга нима бўлди? — деб сўрабди.
— Эй тақсир, булар барра кабоб эмас, бошга келган бало экан! — дейишибди.
— Ҳа, нима бўлди? — деса, бўрининг бири:
— Булар бизнинг жонимизга қасд қилиб келган экан. Буларнинг ичида мункар-накири, унинг бир жуфт гўркови ҳам бор экан. Мункарнакир гурзиси билан бир урганда, агар шер бўлса ҳам, неча думалаб кетади, — дебди.
Бўрининг яна бири:
— Эй маҳмадона! Сен тек тур! Ўзим гапираман. Буларнинг ичида азроил ҳам бор экан. Жонни олиш учун найзасини суқса, аъзойи баданинг ачишиб, шишиб кетар экан, — дебди.
Энди буниси:
— Ҳе, сен билмайсан! Булар гўркови билан келган экан. Ҳали биз ўлмай туриб, ҳар биримизга еттитадан гўр қазиб қўйишибди, — дебди.
Униси айтибди:
— Сен кўрмабсан! Булар сўфиси билан келган экан. Ҳали биз ўлмай туриб, дарахтнинг тепасига чиқиб, ҳадеб одамларни жанозага чақиряпти.
Униси:
— Лекин буларнинг ичида бир каттаси бор экан. Униси эшони бўлса керак. Бизга яқинлашмади, лекин нарироқда туриб иш ўргатиб, буларга бақириб турди. Агар униси ҳам келганда, биз мутлақо ўлар эдик, — дебди.
Бўрилар буларнинг афт-ангорини кўриб, гапларини эшитиб, қўрқиб васвасага тушибдилар. Подшо:
— Энди нима қиламиз? — дебди. Ҳалигилар:
— Эй тақсир, агар балога дучор бўлайлик, кунимиз битибди, ўлайлик десангиз, тураверамиз. Бўлмаса қочамиз. Булар бизнинг орқамиздан қувса, ҳали замон етиб келади,— дебди.
Буни эшитиб бўриларнинг подшоси яна қўрқибди.
— Бўлмаса туринглар, жўнаймиз, — дебди.
Шунда ҳамма бўрилар, бу жойга келмай, ҳар ёқда тирқираб юрганларини ҳам топиб келиб, Сусамбил тоғини ташлаб қочиб, етти тоғнинг нариги ёғига ўтиб кетишибди.
Сусамбилликлар энди тамом эркинликка чиқиб, оғзи ошга тегиб, сал кунда семириб кетибдилар. Улар гоҳо хўжайинлариникида кўрган кунлари эсга тушса, ўкиниб, бу ердаги роҳатларни кўриб севиниб, Сусамбилнинг овини овлаб, довини довлаб, маза қилиб юришаверибди. Шу билан мурод-мақсадларига етишибди.

Сайт бўлими: Ўзбек халқ оғзаки ижоди

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ