"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Бузоқ, эчки ва қўзи (эртак)

Ўқилди: 705

Бор эканда йўқ экан, бир дангаса бор экан, ҳеч ишга тоби йўқ экан. У ҳатто шу даража дангаса эканки, кунга чиқиб ўтиришни ҳам хушламас экан.
Унинг биргина хотинидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Баҳор келиб, ўтлар кўкариб, ёзнинг иссиқ кунлари келмасдан бойлар ўз моллари билан яйловга кўчиб кетар эканлар. Ҳеч қандай моли бўлмаса ҳам дангаса хотини билан уларга эргашиб кўчиб кета берар экан.
Бир қанча вақт ўтгач, дангасанинг хотини ҳар кимнинг ишини қилиб, бир оз пул топибди.
Кунлардан бир кун дангасанинг хотини топган пулини бериб, айтибди:
— Биз ҳам мол қилиб, яйловга кўчиб борайлик, бозордан бир мол сотиб олинг.
Дангаса бозорга тушиб катта ҳайвонлардан сотиб олишга пули озлик қилибди, юриб-юриб охири бир қўтир улоқни сотиб олибди.
Яна бир ҳафта ўтгандан кейин дангасанинг хотини унинг қўлига: «мол олинг», деб яна бир оз пул берибди.
Дангаса бозорга бориб бир қўтир қўзи сотиб олибди.
Яна бир ҳафта ўтгандан кейин дангасанинг хотини унинг қўлига яна пул бериб:
— Бозордан бир мол сотиб олинг, — дебди. Дангаса бозорга бориб, бир қўтир бузоқ сотиб олибди.
Шу орада баҳор кирибди. Бойлар мол-ҳоллари билан яйловга кўча бошлабдилар.
Дангаса олиб келган молларига қарамай, хотини билан бойларга қўшилиб кўчиб кета берибди. Хотини ҳам «молимиз бойларнинг моллари ичида юргандир», деб хотиржам бўлиб кета берибди. Дангасанинг қиши билан яшаган жойида ҳам ўтлар чиқиб, орадан кўп вақт ўтмай унинг қаровсиз қолган моллари семириб кетибди. Энди бузоқ буқа, улоқ серка, қўзи қўчқор бўлибди. Учаласи кунда бирга ўтлаб келиб уйда ёта берибди.
Кунлардан бир куни уйга бўри кириб қолибди.
Уларни кўриб ўзига уч кунлик овқат деб мўлжаллаб хурсанд бўлиб, ашула айтибди:

Дингирдик-дингирдик
Бузоқча ҳам бир кунлик
Дингирдик-дингирдик
Улоқча ҳам бир кунлик.
Дингирдик-дингирдик
Қўзичоқ ҳам бир кунлик.

Шунда ақлли бузоқ ўйлаб туриб, бўрига бир сиёсат қилиб кўрмоқчи бўлибди: Бузоқ туриб:
— Эчки, сен эшикни тўс, қўй, сен тешикни тўс, — деб буйруқ берибди.
Бузоқ тилини чиқариб бўкира бергандан кейин, бўри қўрқиб кетибди, нима қилишини билмай, уйдан югуриб чиқиб қочиб кетибди.
Бўри шошилиб қочиб кетаётганида саккизта бўри бир ерда тўпланиб турган экан. Улардан бири:
— Эй, оғайни, нимага қочиб кетаётибсан? —  деб сўрабди.
Бўри:
— Мана бу ерда бузоқ-буқа, серка-така, қўзи-қўчқор учови мени ўртага олиб қолган эдилар, аранг уларнинг олдидан қочиб кетаётибман, чаққонлик ва абжирлик қилиб қочиб қолдим, бўлмаса, ўлар эдим, — дебди.
Бўрилар айтибди:
— Шошма, бизни уларнинг олдига бошлаб бор, уларни бир ейлик.
Дангасанинг моллари ҳам бўриларнинг тўдаланиб келишини билиб, ўзларини панага олибдилар. Ҳовлида бир туп ўрик бор экан. У ўрикнинг айрисига эчки билан қўзи бузоқни бир амаллаб кўтариб чиқазиб қўйибдилар. Унинг кеткдан шу ўрикка қўзи кейин эчки чиқиб яширинибди.
Бирдан ҳовлига тўққиз бўри кириб келибди. Бўрилар уйни, молхонани қараб, қидириб-қидириб бузоқ, эчки, қўшни тополмай, бошлаб келган бўрини «бизни алдадинг», деб койибдилар. Қочиб борган бўри:
— Худди мана шу ерда кўрган эдим, — деб уларни ишонтирибди.
Тўққиз бўри ўрик остига тўпланиб фол очибдилар. Шу пайт ўрик устидаги бузоқ шохга ўрнашиб туролмай секин-секин оға бошлабди.
Шунда бузоқ аста-секин:
— Эй, оғиб кетяпман, оғиб кетяпман, — дебди. Эчки:
— Тилингни тишла, тилингни тишла! — дебди. Ахири бузоқ ўрнашиб туролмай гумбиллаб фол очаётган бўрилар устига ағанаб тушибди. Эчки бўлса, ўрик устидан туриб:
— Фол очганини ушла, фол очганини ушла! —деб бақирибди.
Тўққиз бўри қўрқиб, тўққиз ёққа қочибди. Бўрилар қочиб, бориб-бориб бир ерга тўпланибдилар. Эсон-омон қутулганлари учун шодланиб бир-бирига:
— Фолчисини ушла, деб бақиради, улар бизнинг фолчимизни ушлаб олгандан сўнг авлод-аждодимизни қўймай қуритар эди. Яхшики вақтида қочиб қолдик, энди бошқаларга ҳам айтайлик, бу ерларга ҳеч келмасинлар, — дейишиб жўнаб қолишибди.
Дангасанинг моллари бўрилардан соғ-саломат қутулиб, семириб, хурсанд бўлиб юрибдилар.
Кунлардан бир куни дангасанинг хотини:
— Эй, бизнинг молларимиз бор эди, улар қаёқда қолди? —  деб сўрабди.
Кейин эр-хотин молларини қидириб йўлга тушибдилар. Дангасага ҳам ғайрат кирибди.
Улар ўз ҳовлиларига келиб кўрсалар, моллари ўтлаб юрган экан. Шу билан эр-хотин ҳам молга эга бўлиб мурод-мақсадига етган экан.

Сайт бўлими: Ўзбек халқ оғзаки ижоди

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ