"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Олтин тарвуз (эртак)

Ўқилди: 753

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтган замонда бир камбағал деҳқон бор экан. Унинг атиги бир танобгина ери бор экан. Деҳқон шу ерда кечаю кундуз тинмай меҳнат қилиб кун кўрар экан. Баҳор келиб қолибди. Деҳқон ер ҳайдай бошлабди. Ерни икки марта ҳайдаб бўлиб, яқинидаги катта сойнинг бўйида салқинлаб ўтирса, осмонда учиб кетаётган бир лайлак йиқилиб тушибди. Деҳқон қараса, лайлакнинг қаноти синиқ эмиш. Деҳқон ҳалиги лайлакни дарров уйга олиб бориб, синиқ қанотига тахтакач боғлаб бир қанча вақт уни боқибди. Лайлак соғайиб, учиб кетибди.
Бир кун деҳқон чигит экиб юрса, лайлак пастлаб учиб ўтибди. Деҳқон эса чигитни экаверибди. Бироқ лайлак яна пастлаб ўтибди. Шу ўтишда уч дона тарвуз уруғи ташлаб кетибди.
Бир неча кундан кейин чигит билаи баравар тарвуз уруғи ҳам униб чиқибди. Экинни вақтида ўтабди, суғорибди, чопибди. Шундай қилиб, ҳосилни йиғадиган пайт ҳам келибди. Бир куни тарвуздан учтасини узиб, уйига олиб кетибди. Тарвузлар жуда катта экан. Деҳқон ўзининг яқин кариндошларини ва ошна-оғайниларини меҳмон килиб чақирибди. Бир маҳал тарвузга пичоқ урса, пичоқ сира ботмас эмиш. Уни қўйиб иккинчисини сўймоқчи бўлибди, пичоқ ўтмабди, учинчиси ҳам шундай бўлибди. Деҳқон ҳам, меҳмонлар ҳам ҳайрон бўлишибди. Ерга бир уриб ёриб қарасалар ичи тўла тилла эмиш. Қолган иккитасини ҳам ёриб кўришибди. Уларнинг ичи ҳам тилла эмиш. Камбағал севиниб кетиб, ҳаммасини меҳмонларга улашибди, улар ҳам хурсанд бўлиб, уй-уйларига тарқабдилар. Уч туп тарвузнинг ҳар бири ўнтадан солган экан. Деҳқон қолган тарвузларни ҳам йиғиб олибди. Шундай қилиб камбағал деҳқон жуда бойиб кетибди.
Унинг бир бой деҳқон қўшниси бор экан. У ҳалиги камбағал деҳқондан: «Сен нима қилиб бойидинг?» деб сўрабди.
Деҳқон воқеани айтибди: «Қўшни, менинг еримни ўзингиз биласиз. Эрта баҳордан ерни ҳайдашга киришдим. Бир кун чарчаб, сой бўйида салқинлаб ўтирсам, осмонда учиб кетаётган бир лайлак йиқилиб тушди. Қарасам бир қаноти синган экан. Раҳмим келиб, кўтариб уйга олиб келдим. Қанотини тахтакач билан боғлаб, дори-дармон билан парвариш қилдим, боқдим. Лайлак бир неча кундан кейин тамом соғайиб учиб кетди. Кунлардан бир кун ер ҳайдаб бўлиб, чигит экиб юрсам, ҳалиги лайлак тепамдан учиб ўтди. Ишимни қилавердим. Бир оздан кейин лайлак орқасига қайтди. Қайтишда пастлаб учиб ерга уч дона тарвуз уруғи ташлаб ўтди. У уруғлар ердан униб чиқди. Уни ғўзаларим билан баравар парвариш қила бердим. Тарвузларни сўйсам, ичидан тилла чиқди. Шундай қилиб бойиб кетдим», — дебди.
Буни эшитган бой деҳқон: «Зора мен ҳам шундай олтинларни қўлга киритсам», деб сойга бориб турибди. Бир вақт бой нарироқда бир лайлакни кўрибди. У секин бориб, пойлаб туриб лайлакнинг оёғига таёқ отибди. Лайлакнинг оёғи синиб, учолмай қолибди. Бой дарров уни тутиб, уйга олиб келибди, оёғига тахтакач боғлаб, парвариш қилибди. Бир неча кундан кейин лайлакнинг оёғи тузалиб учиб кетибди. Бой деҳқон ҳар куни далага чиқиб, лайлакни кутаверибди. Кунларнинг бирида унинг тепасидан таниш лайлак ўта туриб икки дона уруғ ташлаб кетибди. Уруғи кўкариб чиқиб тарвуз солибди. Тарвуз пишиши билан бой деҳқон ҳамма қариндош-уруғини меҳмонга чақирибди. Тарвузга пичоқ урган замон ичидан катта-катта қовоқ арилар чиқиб, ўтирганларни талай бошлабди. Бой тура солиб уларни ҳайдамоқчи бўлганда, арилар уни боши демай, юзи демай чақиб ташлайверибди. Орадан сал ўтгач, бойнинг калласи, бурни, лаблари шишиб кетибди. Бунинг аламига чидолмай, ўзини катта сувга ташлаб чўкиб кетибди.
Камбагал деҳқон ҳалоллик билан муродига етибди, бой деҳқон ўз қилмишига яраша жазосини тортибди.

Сайт бўлими: Ўзбек халқ оғзаки ижоди

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ