"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Яхшиси ҳам, ёмони ҳам тил (эртак)

Ўқилди: 893

Кунлардан бир куни подшо вазирга:
— Менга дунёда энг яхши гўштдан кабоб қилиб келтиринг, — дебди.
Вазир боши қотиб уйига келибди, «энг яхши гўшт қайси молнинг гўшти экан?»—деб роса ўйлабди. У хуноб бўлиб ўтирган экан, қизи:
— Отажон, нимадан хафасиз, ёки подшодан ёмонроқ гап эшитдингизми? — деб сўрабди.
— Қизим, подшо менга, энг яхши гўштдан кабоб буюрдилар, ниманинг гўшти яхши ва ширин эканлигини билмай бошим қотиб турибди, — дебди вазир.
— Шунга ҳам ота гўри қозихонами? Битта қўйни сўйдиринг-да, тилини кабоб қилиб олиб боринг, гуноҳкор қилса мен кафил, — дебди қизи.
Вазир қизининг гапи билаи бир қўйни сўйдириб унинг тилини кабоб қилиб, подшонинг олдига киритган экан, подшо вазирга қараб:
— Энди энг ёмон гўштдан кабоб қилиб келтиринг, — дебди.
Вазир яна қизининг олдига келиб:
— Қизим, яхшисини қилдик, қутулдик, ёмони қайси гўшт? — дебди. Қизи:
— Яна бир қўйни сўйдиринг-да, тилини кабоб қилиб олиб боринг, — дебди.
Вазир яна шундай қилиб подшонинг олдига киритган экан, подшо айтибди:
— Қилган ишингиз жойида, бу сизнинг яхши билимдон эканлигингиздан далолат беради, — деса, вазир:
— Тақсир, гуноҳимдан ўтсангиз тўғрисини айтай, — дебди ва подшога бу ишни кимнинг ақли билан қилганини айтибди. Шунда подшо вазирнинг қизини чақириб:
— Қизим, нима учун тилни ҳам ёмон, ҳам яхши гўштларга санадингиз? —  дебди. Шунда қиз:
— Подшоҳим, кишининг бошига яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам тилдан келади. Элда бир мақол бор: «Тиш тилнинг қалъаси, тил бошнинг балоси». Бу гапни эшитиб подшо вазирнинг қизига ажойиб бир боғ инъом этган экан.

Сайт бўлими: Ўзбек халқ оғзаки ижоди

Қўшимча:

«Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти «Юрагимда ёнар бир чўғ» китоби тақдимоти
«Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини» «Мен оқлай, Ватаним, халқ ишончини»
Китоб- кўнгил чашмаси Китоб- кўнгил чашмаси
Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар Ҳарбийлар билан ижодий учрашувлар