"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Туҳмат (эртак)

Ўқилди: 764

Бор экан, йўқ экан, оч экан, тўқ экан, қадим замонда, Бухоро шаҳрида Хондархон деган подшо ўтган экан. Подшонинг вазирлари ичида Қосим жаллод деган бир вазир бор экан. Подшо унинг сўзини эътиборга олар экан.
Муҳаммаджон деган бир йигит орзу-ҳавас билан бир бойнинг қизини олган экан. Муҳаммаджон хотини билан етти йил бирга умр кечириб, ҳеч фарзанд кўрмабди.
Бир кун Муҳаммаджон хотинига қараб айтибди:
— Эй хотин, мен тенги уйланганлар фарзанд кўрди. Улардан бирортаси боласини кўтариб кўчага чиққанини кўрсам, ерга кириб кетаман. Мен сен билан етти йил умр қилиб, фарзанд кўрмадим. Жуда хафаман. Маҳалламдаги ўртоқларим билан бир саёҳат қилиб келмоқчиман. Сен мени уч йил кут. Агар уч йил кутмасдан бошқа эр қилсанг, сендан рози бўлмайман.
Йигит уч йилга етар-етмас уй харажатларини тўғрилаб, хотинига:
— Остона хатлаб эшикка чиқмайсан, — деб сафарга кетибди.
Хотини эридан ҳомиладор бўлиб қолган экан. Орадан тўққиз ой, тўққиз кун ўтгач, ўғил кўрибди. Ўғлини яхши тарбиялабди. Эрининг кетганига икки ярим йил бўлибди. Кунлардан бир кун боласини аллалаб ухлатаётганида, эрининг сўзлари эсига тушиб, шундай қўшиқ айтибди.

Алла болам, аллаё, алла,
Жон болам, жоним болам, аллаё, алла.
Баланд-баланд тепада қуш ўлтирар, алла.
Йўқчилик бошимга кулфат келтирар, алла.
Йўқ бўлиб отанг, ёнимда хор бўлгунча, алла,
Тоғдаги арслон бўлай то ўлгунча, алла.
Яхши бўлса эр йигитнинг хотини, алла,
Шул чиқарар йигитнинг отини, алла.
Деразадан ой тушди юзимга, алла,
Сиздан бошқа ёр кўринмас кўзимга, алла.
Кеча-кундуз сабр тилайман ўзимга, алла,
Жон болам, жоним болам, аллаё.
Отасини кўрмаган, йиғисини қўймаган, алла,
Жон болам, жоним болам, аллаё, алла.

Она боласини ухлатиб, бешикка бош қўйиб, ухлаб қолибди. Тушида эрини кўрибди. Муҳаммаджон келиб кўча эшигини тақиллатиб уни чақирибди, югуриб чиқиб, эшикни очиб кўчага қараса, эри лойга ботиб қолган эмиш.
Эри:
— Эй, хотин, кирай десам эшигинг берк экан, лойга ботиб қолдим. Кел, қўлимдан торт! — дебди.
У, эрининг қўлидан ушлаб тортган экан, эрининг оёғи тагига йиқилиб тушибди. Хотин уйғониб қараса, тонг пайти экан. Бешикка бош қўйиб ухлаб ўтирган эмиш.
«Ажабо, бу нима бўлди, буни кимга айтаман. Эрим остона хатлаб эшикка чиқмагин деган эди», деб ўйлабди. Чой қайнатиб, дастурхон ёзиб, чойдан бир пиёла ичмоқчи бўлиб турган вақтида, бирдан дарвоза тақирлаб қолибди. Бу ким экан, деб эшик ёнига бориб:
— Кимсиз? — деб сўрабди:
— Мен, оч эшикни! —деган аёл товуши эшитилибди. Эшикни очиб қараса, қўшниси Мастура кампир эмиш. Кампир бу хотиннинг пайида юрар экан. Кўриниши дўст бўлса ҳам, ичдан душман экан.
— Келинг, эна, хизмат? —  дебди уй эгаси.
— Айланай болам, — дебди кампир, — уйимда гугуртим тамом бўлиб қолган экан. Сизда бўлса, сўрагани чиқдим.
— Яхши чиқибсиз. Ичкарига киринг! Бир пиёла чой ичинг, — дебди уй эгаси. Кампир:
— Ҳа, майли, ичсам ича қолай, — деб ўтирибди. Иккиси чой ичишибди. Уй эгаси:
— Мен сизни энамдай кўриб юраман. Бугун бир туш кўрдим. Сиз шу тушимни яхшига жўйиб берсангиз, — дебди.
— Айт-чи, болам, нима туш кўрдинг? —  дебди кампир.
— Тушимда, эрим келиб чақиргандай бўлди. Қувониб, югуриб бориб эшикни очдим, чиқиб қарасам, эрим эшик олдида лойга ботиб қолган эмиш. Эрим: «Менинг қўлимдан ушла, тортиб ол!» деди. Мен эримнинг қўлидан тортаман десам, оёғи тагига йиқилиб тушдим, уйғониб қарасам, тушим экан.
— Эй болам, — дебди кампир, — сен тушингда бойингнинг оёғи тагида лой кўрган бўлсанг, унинг оёғи тагига йиқилган бўлсанг, икки-уч кун ичида бир туҳматга учрайсан. Сени подшонинг олдига олиб бориб, бир юз саксон газ минорадан ташлаб юборадилар.
Хотин:
— Сенинг менга душманлигинг бор экан. Энди кирсанг оёғингни синдираман, душманлигинг ўзингга етсин! — деб гугурт бермай, кампирни уйдан ҳайдаб юборибди.
Хотин: «Қуриб кетгур, кампир менинг ўчган ўтимни ёндириб, юрагимни куйдирди, тушимни айтмасам бўлар экан», деб ўйлабди. Кампирнинг сўзига, кўрган тушига эри кетганидан буён йиғиб қўйган ипини олиб сотиб, уч-тўрт гадойга садақа бериб келмоқчи бўлибди. Ўйлаб, ўзига-ўзи сўйлаб: «Қандай кийим кийиб борсам экан? Ёшга ўхшаб кийиниб бозорга борсам, битта-яримта йигит кўз қирини ташламасин, ҳар ҳолда кампирларга ўхшаб борай», деб эски кийимлар кийиб уйдан чиқибди. Калава ип бозорига борибди. Калава бозорга яқин келиб, бировдан:
— Айланай болам, калава бозори қаерда? — деб сўрабди. У:
— Яқин қолди, — деб калава бозорини кўрсатиб юборибди.
Калава бозорига кириб кетаётса, бир дўкондор йигит:
— Қўлингиздаги нима? — деб сўрабди.
— Айланай болам, калава, — дебди.
— Сотасизми?
— Сотаман.
Шунда дўкондор:
— Олиб келинг, бўлмаса, — дебди-да, тарозига солиб тортиб кўрибди.
— Калавангиз ўн қадоқ экан. Қанча сўрайсиз?
— Айланай болам, мен нима дер эдим, ўзингизга инсоф берсин, — дебди. Йигит:
— Ун қадоқ калавангизга ўн танга бераман, хўп десангиз беринг, — дебди…
— Майли, — дебди хотин. Дўкондор:
— Мен калавангизни ўн тангага олдим, лекин беш танга пулим бор экан. Шу растанинг нариги бошида менинг ўртоғим бор. Сизга шу ўртоғимдан беш тангангизни олиб бераман, — дебди.
— Майли, болам! —деб жавоб берибди хотин. Энди гапни бошқа томондан эшитинг:
Подшо бир ўғрини дорга осгин, деб фармон берган экан. Дўкондор билан кетаётган хотин подшо вазири Қосим жаллод ўғрини калава бозоридан ҳайдаб келаётганини кўриб, қўрққанидан ҳушидан кетиб, бошидан паранжиси тушиб, оёғига ўралиб йиқилибди. Қосим жаллод юзи очилиб қолган хотиннинг ҳусни-жамолини кўриб, «яхши хотин экан-да», деб ўғрини ҳайдаб кета берибди. Хотин бир дўкон тахтасининг орқасига яшириниб қолибди. Қосим жаллод йўлда кета туриб, муғомбир, айёр, ҳар ярамас ишга тайёр Абдулла чаққон деган одамни учратиб:
— Сен орқангга қайт! Калава бозорда бир хотинни кўриб қолдим. Шу хотинни олиб келиб, мен билан гаплаштирсанг, сенга бир от, юз танга пул бераман, — деб ўғрини ҳайдаб кетибди.
Абдулла чаққон бу сўзни эшитиб калава бозорига чопибди. Калава бозорига борса, калавафурушнинг олдида бир хотин турган эмиш. Унга калавафуруш:
— Мана, беш танга, олинг. Калавани беринг, — деб турганини эшитган Абдулла чаққон отдан тушиб калавафурушнинг ёқасидан ушлабди.
— Биродар, мен нима иш қилдим, мени ёқамдан бўғасиз? —  дебди калавафуруш. Абдулла чаққон калавафурушга: — Нега сен бу хотинга пул беряпсан? —  дебди.
— Э, болам, бу гапни айтманг? Мен бу кишига калава сотдим. Шунга пул беряптилар, — дебди хотин.
— Ҳа, ҳа, калавангиз қайси?
— Ҳа, анави, — дебди.
— Бўлмаса, бу калавани олиб тарозига солиб кўр-чи, қанча келар экан.
Калавафуруш унинг гапи билан калавани олиб тарозига қўйиб:
— Мана ўн қадоқ. Ҳар қадоғи бир тангадан, ўн танга бердим, — дебди.
— Бўлмаса сен ўн тангага олган бўлсанг, алдамаганинг шу хотин қолганми эди. Бу калавани ҳар ким ўн беш тангага олади-ю, сен ўн тангага оласанми? —  дебди Абдулла чаққон.
Калавафуруш:
— Сиз ўзингиз ўн беш тангага оласизми? — дебди.
— Ҳа, оламан, — дебди.
— Олинг бўлмаса, — дебди калавафуруш. Калавафурушнинг қўлидан Абдулла чаққон калавани олиб:
— Мана, эна, ўн танга, беш тангасини менинг уйимдан оласиз. Шу ердан тўғри бориб, иккинчи маҳаллага етиб «Абдулла чаққоннинг уйи қаерда?» деб сўрасангиз ҳамма кўрсатиб беради, — дебди.
Хотин калавафурушга ўн тангасини қайтариб бериб, Абдулла чаққоннинг сўзига ишониб, унинг ўн тангасини олибди.
Абдулла чаққон:
— Эна, энди сиз бора беринг. Менинг бозорда ишим бор, — деб бозорда қолгандек бўлиб, хотиннинг кетидан қорама-қора бора берибди. Хотин Абдулла чаққоннинг уйига етиб бориб эшигидан қараса, уйда ҳеч ким йўқ эмиш. Қайтиб чиқай деса, кўча эшиги бекилиб қолибди. Абдулла чаққон эшикни бекитиб кўчада турган эмиш. Хотин чиқиб кетмоқчи бўлибди. Абдулла чаққон:
— Чиқармайман сени. Шу ерда бир оз турасан. Агар турмайман десанг, қанотинг бўлса осмонга учиб кет, иложини топсанг, ерга кириб кет. Лекин сени менга бир одам тайинлаган. Ўша одам келиб: «Шу эди» деса, хўп-хўп, агар бошқа одам деса, кета берасан, — дебди. Хотин:
— Во ажабо, бу қандай гап? Уйда ёш болам қолган, — деб кўзига ёш олибди.
Қосим жаллод ўғрини дорга тортиб, қайтиб келиб, Абдулла чаққондан:
— Нима қилдинг? —  деб сўрабди.
— Эшикни очаман, кириб кўринг, — деб жавоб берибди Абдулла чаққон.
— Қани, очгин, кўрай, — дебди жаллод. Абдулла айёр эшикни очибди. Жаллод эшикдан кириб, ўзи тайинлаган хотин эканини кўриб, Абдуллага:
— Сени бир кун хурсанд қиларман, — дебди-да, хотинга қараб:
— Э, янга, чўнтагим тўла танга. Бу кеча мен билан гапиришсанг, ўн минг танга бераман, — дебди. Хотин:
— Ўн минг танга экан, юз минг танга берсанг ҳам, сенга юзимни кўрсатмайман, — дебди.
Жаллод бу сўзни эшитиб, жаҳли чиқиб, Абдулла чаққонга:
— Ҳайда буни! Подшо олдига олиб борамиз, бунга подшонинг жазосини бердирмасам, Қосим жаллод отимни бошқа қўяман, — дебди.
Хотин айтибди:
— Майли, мени подшонинг олдига олиб бор, нима жазога тортса тортсин.
Қосим жаллод билан Абдулла чаққон хотинни подшонинг олдига олиб боришибди. Подшо:
— Қосимбой, нима гап-сўз топиб келдингиз? —  деб сўрабди. Қосим жаллод айтибди:
— Кеча ярим кечада Чорданзи маҳалласидан ўтиб кетаётсам, бир уйнинг ичидан гангур-гунгур овоз чиқаётганини эшитиб қолдим. «Ярим кечада бу овоз қаердан келаётир?» деб томга чиқиб, мўридан қарасам, бу хотин қирқта йигитга мусаллас қуйиб бериб ўтирибди: «Ҳап сеними? Сенга кўрсатиб қўймасам», деб томдан тушиб, эшикдан кирай десам, ҳовлисининг орқа томони боғ экан, бу хотин қирқ йигитни боғ тарафдан қочириб, эшикни очди. Менга:
— Нима кўрдинг? — деди. Мен: — Бу ерда ўтирган йигитлар қани? — деб сўрасам. У: «Қўлинг билан тутгин-да, нима қилсанг қила бер», деб менга дўқ қилди. Шунинг учун сизнинг олдингизга келтирдим. Шунга жазо беришингизни сўрайман, — дебди.
— Э аёл, ёш экансан, менинг замонимда бундай иш учун ўлимга буюришимни била туриб, шу ишни қилишга қўрқмадингми? —  дебди. Хотин:
— Эй подшоҳи олам, султони бокарам, мен ҳам арзимни айтай, эшитинг, — деб ёлворибди.
Подшо:
— Айт, — дебди.
Хотин эри саёҳатга чиқиб кетгани, унга икки ярим йил ўтгани, бир кун боласини аллалаб ухлаб қолгани, туш кўргани ва бошидан кечирган бутун воқеани подшога сўзлаб берибди. Сўзининг охирида: «Қилган гуноҳим шул тақсир», дебди. Подшо:
— Э Қосимбой, бунинг айтган сўзи тўғрими? — деб сўрабди: Жаллод:
— Тақсир, ўғри: — ўғриман, ёмон: — ёмонман, бузуқ: — бузуқман дейдими?! Сизга мен хизмат қила бошлаганимдан бери ёлғон гапирганманми? Агар бунинг гапига ишониб, менинг гапимга ишонмасангиз, ўзингиз биласиз, — дебди. Подшо жаллодга қараб:
— Бу хотиннинг гапи ёлғонлигига тўртта гувоҳ топиб келсангиз, уни жазога буюраман, — дебди. Қосим жаллод:
— Хўп, бўлмаса, мен гувоҳ топиб келай, — деб чиқиб кетибди. Бир қиморхонага бориб, тўртта ютқизган қиморбозни топиб, бозор бошига етганда, тўрттовига ҳам муллалар киядиган кийим кийдириб, ошхонага олиб кириб, қорнини тўйғазибди, гап ўргатибди, подшонинг олдига олиб борибди. Подшо:
— Қосимбой, буларни нимага олиб келдинг? —  дебди. Қосим жаллод:
— Сиз гувоҳ олиб кел, деганингиз учун гувоҳликка олиб келдим, — дебди. Подшо келганларга қараб:
— Сизлар Қосимбойга гувоҳмисизлар? —  дебди. Қиморбозлар:
— Ҳа, гувоҳмиз, — дейишибди. Подшо уларга қараб:
— Қосимбой бу хотинни фоҳиша дейди, бу хотин эса, «Мен фоҳиша эмасман», дейди. Қосимбойнинг гапи тўғрими, ё хотиннинг гапи тўғрими? —  дебди. Қиморбозлар:
— Э подшо, сизга тасаддуқ бўлайлик. Қосимбойнинг гапи тўғри. Биз биламиз: бу хотин бузуқ, ҳар қандай жазо берсангиз арзийди, — дейишибди. Подшо:
— Хўп, менинг давримда, шу одам ёмон деб тўрт одам гувоҳликка ўтса, уни қилган ишига қараб жазога буюраман, — дебди ва хотинга қараб. — Фоҳишалигинг йўриғидан сени ўлим жазосига буюраман. Жазо минорасидан ташлатаман, ё остираман ёки тўпга тутдираман. Шу уч жазодан қайси бирига розисан, айт! — дебди. Хотин:
— Эй подшо, сизга буларнинг туҳмати маъқул бўлиб, менинг гапим номаъқул бўлса, менинг яна сизга бир арзим бор, мана шу калитни бир одамингизга берсангиз. Менинг уйимга бориб эшикни очиб кирса, бешикда қолган болам бор. Шу боламни олдиртириб келтирсангиз. Агар олдириб келтирмасангиз, болам уйда қолиб, мени жазога торттирсангиз, рози эмасман. Боламни олдириб келиб, шу бир юз саксон газлик минорадан ташлатинг, розиман, — дебди.
Подшо шу онда хотин тайинлаган жойга одам юбориб, боласини олдириб, хотиннинг қўлига берибди. Хотин боласини олиб, бир юз саксон газлик миноранинг тагига бориб, боласини эмизиб туриб, халққа қараб:
— Э халойиқ, подшо мени ноҳақ жазога тортаётир. Шунинг учун шу боламни ким олади? Агар олган одам асраб катта қилса, хурсанд бўлади, хафалик тортмайди, — дебди.
Бир чол келиб:
— Менинг қизим, ўғлим йўқ эди, фарзандга зор эдим. Сен менинг қизимсан, ўғлим ўрнига ўғлимсан. Болангни мен олай, боқиб катта қилай, — деб болани олибди.
Подшо хизматкорлари хотинни қопга солиб, бир юз саксон газлик миноранинг тепасидан: «Ҳукми подшо вожиб», деб ташлаб юборишибди. Хотин айланиб-айланиб азоб тортмай, худди томдан сакраб тушгандай тикка ерга тушибди. Халқ хотиннинг тирик қолганини кўриб ҳайрон бўлибди. Халқ ичидан уч-тўртта одам чиқиб жаллодга:
— Э, Қосимбой, бераҳмлик билан ноҳақ туҳмат қилган экансан-да, бу минорадан ташлаган одамлар парча-парча бўлиб, замбардаги лойдай ёйилиб кетар эди. Бу хотин парча-парча бўлмай, тик тушиб қолди. Сенинг гапинг ноҳақ гап, туҳмат, бу хотиннинг ёлборгани тўғри экан, — дейишибди.
Қосим жаллод туриб:
— Бу хотин жодугар, сеҳргар экан, шунинг учун ўлмади, яна қайтадан ташлатаман, — дебди. Одамлар:
— Сен қандай одамсан? Тағин минорадан ташлаш керак дейсан. Сенда инсоф борми? Лекин биз подшога бориб айтамиз: «Сиз минорадан ташлашга буюрган хотин, воҳақ жазо берилгани учун минорадан азоб чекмай, соғ-саломат тушди, ўлмади», деймиз. Подшо «яна минорадан ташланглар» деса, ташлаймиз, бўлмаса, йўқ, — деб хотиннинг тарафини олишибди. Қосим жаллод минора тагида қолибди, беш-олти одам подшонинг олдига бориб, бўлган воқеани бирма-бир баён қилишибди. Подшо уларга:
— Ундай бўлса, хотинни минорадан яна ташланглар! — дебди.
Бир вазир туриб:
— Сиз бир марта ҳукм чиқаргансиз. Хотин ҳақ бўлгани учун минорадан тушиб ўлмабди. Энди уни озод қилиб, боласини қўлига бериб жўнатиш керак. Қосим жаллодни эса, бегуноҳ бир одамга туҳмат қилгани учун жазога тортиш керак, — дебди.
Подшога бу гап маъқул тушибди.
— Боринглар, хотинни озод қилиб, чолдан боласини олиб қўлига бериб, яна унга ўн танга ҳам бериб, уйига элтиб қўйинглар. Қосим жаллод, Абдулла чаққон ва тўртта гувоҳини бу ерга олиб келмасдан, шаҳардан чиқариб ҳайдаб юборинглар, —деб фармон берибди. Бу одамлар минора тагига бориб, хотинни қопдан чиқариб, чолдан болани олиб, қўлига тутқазиб, ўн танга бериб жўнатишибди.
Қосим жаллод ва гувоҳларни эса бошқа томонга ҳайдаб юборишибди. Хотин уйига келиб уч ой тургандан кейин эри келибди.
Ҳол-аҳвол сўрашиб:
— Мен ҳаяллаб қолдим. Хафа бўлмай юрдингми? — дебди. Хотини у кетгандан кейин бошидан кечирган саргузаштларини айтиб берибди.
Эри:
— Шунчалик маломатга қолибсан, жонинг саломат қолибди. Энди хафа бўлмай икковимиз яхши яшайлик, — дебди.

Сайт бўлими: Ўзбек халқ оғзаки ижоди

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ