"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ҳасан ва Зуҳра (эртак)

Ўқилди: 793

Бир бор экан, бир йўқ экан, қадим замонда бир подачи чол билан кампир бор экан.
Уларнинг Насиба, Гулбаҳор ва Зулфия деган уч қизи бўлар экан.
Ойдан ой, йилдан йил ўтибди, қизларнинг бўйи етибди. Насиба йигирма бирга, Гулбаҳор ўн тўққизга, Зулфия ўн саккизга кирибди.
Чол-кампир қизларига совчи келмагани учун кеча-ю кундуз хафа бўлиб юришибди.
Кунлардан бир куни чол кампирга қараб:
— Қариган чоғимизда жуда қийин аҳволда қолдик, бу уч қиз ўғил бўлганда бизни боқарди. Ҳеч бўлмаса буларга совчи келса ҳам майли эди, у ҳам йўқ, — деб зорланибди.
Кампир чолга жавобан:
— Бизнинг касбимиз қашшоқ подачилик бўлганидан кейин қизларимизни ким ҳам олар эди? —  дебди. Чол ўйлаб туриб, кампирга бундай дебди:
— Бир маслаҳат бор, қизларимизни ўзимизга ўхшаган камбағалга берсак дейман. Агар улар маъқул топса, енгил-елпи тўй қилиб, қизимизни берайлик!
Чолнинг бу маслаҳати кампирга маъқул тушибди.
Чолдан аввал кампир йўлга равона бўлиб, қкшлоқдаги бойнинг қароллари билан бирма-бир учрашиб, ҳар қайсисига шундай дебди:
— Болам, сенга бир сўзим бор, қизларимнинг бўйи етди. «Тенг тенгги билан» дегандай, сен ҳам камбағал, мен ҳам. Топганингни тўй қилиб, қизларимиздан хоҳлаганингни ола қол. Лекин кампирнинг бу сўзига ҳеч қайси қарол кўнмабди, кампирнинг иши унмабди.
Бечора кампир пешонасига бир уриб, йўлга тушибди. Шундай қилиб, подачининг қизлари куёвга чиқмай юраверибдилар.
Бир кун қизлар сўзлашиб ўтириб: «Оқжарнинг тути пишибди, бир бориб тутхўрлик қилиб келмаймизми?» дейишибди. Сўнгра учовлари Оқжарга кетишибди. Боришса, тут пишган, ҳамма ёқ чаманзор, булбуллар сайрамоқда эмиш. Қизлар кундузи тут ейишибди. Кечаси чайлада иккиси ётиб ухласа, бири уйғоқ, ўтириб пойлабди. Учала қиз шу аҳволда юраверибди.
Энди гапни бошқа ёқдан эшитинг:
Ўша юртнинг бир золим подшоси бор экан, ўғил-қизга зор экан, қирқ хотини бор экан-у, ҳеч бири туғмас экан. У бир кун тахтда ўтириб, вазир-вузаролари, донишманд ва сипоҳиларини йиғиб, уларга шундай дебди:
— Э ёронлар, мен подшолик даврини суриб, кўп кайфу сафо қилдим. Энди умрим ғам-андуҳда ўтмоқда. Оламдан ўтсам ўрнимда қоладиган ўғил-қизим йўқ. Шунинг учун камбағалми, қашшоқми, менга барибир, тезроқ бир қиз топилсин, топилганда қирқ кун улоқ чопилсин!
Шундан сўнг вазир-вузаролар маслаҳат қилиб, ҳар ёққа тарқалишибди. Подшо қирқ хотинини йиғиб:
— Эй хотинларим, сизларни кўп дунё сарф қилиб олган эдим. Сизлар билан шу вақтгача яшадим, энди ёшим улғайиб қолди. Ҳануз фарзанд кўрмаганим учун жуда хафаман. Энди яна уйланмоқчиман. Менга бир хотин олиб беринглар, — дебди.
Хотинлар ҳам рози бўлишибди.
Подшо: «Бир ўғил, бир қиз кўрсам, катта тўй қилар эдим», деб ўз-ўзича хурсанд бўлиб юраркан. Қирқ хотини яширинча йиғилиб, маслаҳат қилишибди. Улардан бири туриб:
— Подшо уйланса, фарзанд кўрса, бизга ғазаб қилса, аҳволимиз қандай бўлар экан? — дебди. Шунда подшонинг катта хотини, яъни вазирнинг қизи бундай дебди:
— Ҳой, халойиқ! Подшо фарзанд кўрмаганидан яна уйланмоқчи. Шунинг учун қашшоқ бўлса ҳам, етим бўлса ҳам бир қиз топинглар!
Шунда бир киши туриб:
— Тақсир, бир қошиқ қонимдан кечсангиз, бир сўз айтсам, — дебди. Вазир:
— Айт! — дебди.
— Э жаноб вазир. Оқжарга учта бўйи етган қиз келганига ўн кунча бўлди. У ерда тут ғарқ пишган, қизлар кундузи тут ейдилар, кечаси бир чайлада ухлайдилар, ҳеч нарса билан ишлари йўқ. Учови ҳам гўзал, келишган қиз. Агар жаноблари маъқул топсалар, шулар қалай бўлар экан?
Вазир:
— Мени ўша қизлар ёнига олиб бор, уларни бир кўрай-чи, қандай қизлар экан, — дебди.
Вазир қизлар чайласи ёнига бориб қулоқ солса, улар гаплашиб ўтиришган экан. Насиба сингилларига қараб:
— Подшо мени олса, бор ҳунаримни ишлатиб, унга шоҳона кийимлар тикиб берар эдим. Бу кийимлар дунёда ягона бўлар эди, — дебди. Ўртанча қиз Гулбаҳор:
— Подшо мени олса, унга ширин-ширин овқатлар пишириб берардим. Егани билан тўймас эди, — дебди. Кенжа қиз Зулфия эса:
— Подшо мени олса, икки бола: Ҳасан ва Зуҳра туғиб берар эдим, — дебди.
Вазир бу сўзларни эшитиб бўлиб, чайлага кириб борибди. Қизлар уни кўриб, ўринларидан турибдилар. Вазир қизларнинг кийимларига тикилибди: кийимлари жулдур-жулдур экан. Вазир дарҳол подшо ҳузурига бориб, кўрган ва эшитганларини бирма-бир айтиб берибди.
Подшо вазирдан бу сўзларни эшитгач, терисига сиғмай севинибди ва вазирга қараб:
— Майли, ўша кенжасини олай, — дебди. Сўнгра вазирни яна Оқжарга юборибди.
Вазир Оқжарга бориб қизлардан:
— Подшо Зулфияни олмоқчи, нима дейсизлар? —  деб сўрабди. Шунда Зулфия.
— Камбағал бўлса ҳам ота-онамиз бор, ўшалар билаи сўзлашсангиз яхши бўларди, — дебди.
Вазирга Зулфиянинг гапи маъқул тушиб, мулозимларидан бирини подачи чол ҳузурига юборибди. Мулозим подачи олдига бориб:
— Э ота, сизнинг кичик қизингизни подшо олмоқчи. Сиз шунга нима дейсиз? —  деб сўраганда, подачи бу сўзга ишонмай:
— Сиз мени алдамоқчимиз? —  дебди.
Мулозим чолнинг ишонмаганини Оқжарга бориб вазирга айтибди. Вазир Оқжардаги ҳамма одамларни йиғиб, млслаҳатлашибди:
— Э халойиқ, мен подачига мулозимимни юбордим. У чолга подшо Зулфияни олмоқчи бўлганини айтибди. Подачи: «мени алдаётирсиз», дебди. Энди сизлар менга қандай маслаҳат берасизлар?
Аввал вазирни қизлар олдига бошлаб борган чол бундай дебди:
— Э вазир, «қуш тилини қуш билади» деган мақол бор. Қишлоғимизда бир подачи чол бор. Ўша чолни қизларнинг отасига юборсангиз, балки унинг сўзига ишонар, — дебди.
Бу маслаҳат вазирга маъқул тушибди. Вазир айтибди:
— Хўп, майли, подачи чолни тезда чақириб келинг, гаплашиб кўрсин.
Подачи чолни чақириб келибдилар. У эса қўрққанидан тинмай йиғлаб, бундай дер эмиш:
— Тақсир, мен гуноҳкор эмасман. Пода боқишдан бошқа ҳеч нарсани билмайман. Аҳволимга раҳм қилинг. Халқ унга:
— Қўрқма, бошқа гап бор, — деса ҳамки, яна қаттиқроқ қўрқиб:
— Э тақсир, бола-чақангизнинг роҳатини кўринг, мен айбдор эмасман. Мен молларни ҳеч урмайман. Тўғри, бир вақт бир ола сигир юрмаган эди. Унинг шохига бир урган эдим, холос…— дер эмиш. Вазир кулиб:
— Майли, гуноҳингни кечирдим, энди сенга бошқа бир гап бор. Сенга икки кун муҳлат бераман. Подшо учун подачи чолнинг кичкина қизига совчи бўлиб борасан. Икки кундан кейин келиб жавобини менга айтасан, — дебди. Подачи:
— Хўп, тақсир, хўп! Қизнинг отаси менга таниш, — деб хурсанд бўлиб чиқиб кетибди.
Подачи: «Осонгина қутулганимга шукур», деб қизнинг отасиникига равона бўлибди. Йўлда ўз-ўзига: «Хайрият, вазирнинг қўлидан эсон-омон қутилдим», деб севинибди. Подачи қизнинг отаси қошига келиб, у билан саломлашибди. У ёқдан-бу ёқдан гаплашиб ўтириб, қизларнинг ҳол-аҳволини сўрабди. Шу кеча чолнинг уйида ётиб қолибди. Эртасига эрта билан икковлари Оқжарга жўнашибди.
Қизларнинг отаси подачига:
— Мен шу ерда тураман, сен вазир олдига бор, — дебди.
Оқжарлик подачи вазирнинг ёнига келиб:
— Буйруғингизни бажо келтирдим, — дебди. Вазир кулиб:
— Балли, ишни муҳлатидан бир кун илгари тамом қилдинг. Қандай шарт-шароит қўйдинг? —  деб сўрабди.
— Подачи чол қизларини кўргани келди, — деб жавоб берибди. Шу пайтда ота ўз қизлари билан гаплашмоқчи экан.
Зулфия отасига қараб:
— Агар шоҳ менга уйланмоқчи бўлса, сизга қирқ туя қиммат баҳо мол берсин, икки опамнинг бошидан-оёғигача зар тўксин, уларга яхши кийимлар кийдирсин, — дебди. Бу гап подшога маълум қилинибди.
Подшо қизнинг айтганларини тўла-тўкис бажо келтирибди, қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томошалар қилиб, Зулфияни олибди.
Орадан бир оз вақт ўтгандан сўнг чол-кампир катта қизлари Насиба билан Гулбаҳорни ҳам узатиб, кўнгиллари тинчибди.
Кундан кун, ойдан ой ўтиб, йил тўлибди. Зулфиянинг туғиш вақтига бир ой қолибди. Подшо хурсандликдан ҳар куни овга чиқар экан. Зулфиянинг ҳомиладорлигидан ич-этларини еб юрган подшо хотинлари ҳар хил макр-ҳийлалар ўйлай бошлабдилар. Подшонинг катта хотини вазир отасига:
— Зулфия яқинда туғади, энди подшо бизга эътибор бермай қўяди, — деб ҳасрат қилибди.
Бошқа хотинлар ҳам ҳасрат қилишибди. Шунда вазир;
— Сизлар ҳеч кимга айтманглар, подшо ҳам билмасин. Зулфия туғар вақтида бир кампир топиб, доя қиламиз, ҳисобини ўзи тўғрилайди, — дебди.
Кунлардан бир кун Зулфия эрига:
— Бугун аҳволим бошқача, ҳар хил сўзлар бўлаётганга ўхшайди, қўрқаман. Бугун сиз овга чиқманг, — деган экан, аҳмоқ подшо Зулфиянинг сўзини писанд қилмай, овга чиқиб кетибди. Салдан сўнг Зулфияни тўлғоқ тутибди. Шу пайтда подшонинг аламзада хотинлари бир маккор кампирни чақиришибди. Маккор кампир подшонинг катта хотинлари билан гапни бир жойга қўйиб, Зулфияга:
— Чироғим, Зулфия, подшо хотинлари тўлғоқ тутганда кўзларини рўмол билан маҳкам танғиб қўйишади. Сенинг ҳам кўзингни боғлаб қўйсак яхши бўлади, — деб Зулфиянинг иккала кўзини боғлабди. Зулфия бир-биридан чиройли бир ўғил ва бир қиз туғибди, бир оз беҳуш бўлиб ётибди.
Маккор кампир подшо хотинларига: «Янги туққан эчкининг бир урғочи, бир эркак боласини дарров топиб келинглар», дебди.
Қирқ хотин кампирнинг айтганини даров бажо келтирибди. Кампир бўлса икки болани бир халтага солиб, яшириб қўйибди. Зулфия ҳушига келганда, кампир икки улоқни Зулфияга кўрсатиб:
— Болам, хафа бўлма, тақдиринг шу экан, одам боласи ўрнига, иккита эчки боласи туғдинг: бири эркак, бири урғочи. Подшонинг пешонаси шўр экан, — деб Зулфияга пичинг қилибди.
Зулфия зор-зор йиғлаб, ўтган кунларини эслабди. Қирқ хотин эса тоза севинишибди. Кампир халтадаги икки чақалоқни карвонлар ўтадиган чўл-биёбонга элтиб ташлабди. Қирқ хотин подшога хабар учун чопар юбора туриб унга:
— Хотинингиз туғди, дейсан, подшо шодланиб, «нима туғди» деганда, икки эчки боласи туғди: бири урғочи, бири эркак дейсан, — деб обдан тайинлашибди.
Чопар бориб, бу хабарни подшога етказибди. Буни эшитган подшо ғазабланиб, Зулфияни зиндонга ташлатибди.
Энди гапни бошқа томондан эшитинг: Йўлдан ўтаётган карвонлар шум кампир ташлаб кетган болаларни кўриб, ҳайрон бўлибдилар. Улар орасида бир киши бор экан. Болаларга унинг раҳми келиб иккаласини олиб кетибди. Тирноқ бетига зор бўлиб юрган эр-хотин икки болани яхшилаб парвариш қила бошлабди. Уларга Ҳасан ва Зуҳра деб ном қўйишибди. Ойдан ой, йилдан йил ўтиб, Ҳасан билан Зуҳра етти ёшга киришибди. Асранди болаларга ота-она жуда бино қўйишиб, уларга одоб-таълим ўргатишибди. Болалар бу камбағал оилада жуда яхши тарбия олиб етишибдилар. Ҳасан улғайгаи сари кучли, бақувват бўлаверибди. Курашда ўзидан катталарни ҳам йиқитадиган забардаст полвон бўлибди. У ҳар ишни уддалайдиган тадбирли, баҳодир йигит бўлиб етишибди. Зуҳра эса ҳунар ўрганиб, чиройли гиламлар тўқийдиган бўлибди. Зуҳранинг тўқиган гиламлари бозордаги гиламлардан ўн чандон қиммат юрар экан.
Кунлардан бир кун Ҳасан отасига:
— Менга бир яхши от, бир қилич ва бир ўқ-ёй олпб беринг, — деб ялинибди.
Отаси ўғлининг айтганларини олиб берибди. Ҳасан ҳар куни овга чиқадиган бўлибди. Ўша юртнинг подшоси ҳам овга чиқар экан. Ҳасан ёш бўлса ҳамки, кўпгина ов қилар, подшо эса қуруқ қайтар экан. Подшо бу ҳодисани хотинига айтиб берар экан.
Бир куни Ҳасанга отаси бундай дебди:
— Синглинг билан икковингни чақалоқлигингда чўлдан топиб олган эдим, икковингни парвариш қилдик, мана энди катта бўлдиларингиз.
Шунда Ҳасан отасига миннатдорлик билдириб:
— Энди сизлардан бошқа ота-онамиз йўқ. Синглим икковимиз сиз билан онамизга қўлимиздан келганча яхшилик қилайлик, — дебди.
Кунлардан бир кун Ҳасан овга чиқибди. Подшо ҳам овга чиққан экан. Ҳасан кўп ов қилибди. Подшо бош вазири билан қуруқ қайтибди. Бу нарса подшога алам қилиб, Ҳасандан:
— Э, бола, нимага бу ерда ов қиласан? Ўзинг кимнинг ўғлисан? —  деб сўрабди. Шунда Ҳасан чақалоқлик вақтида синглиси икковини бир карвон топиб олганидан тортиб, синглисининг ҳозир гилам тўқишга жуда уста бўлганигача айтиб берибди.
Подшо аҳмоқ экан, ҳеч нарсани ўйламабди. Аммо ҳалиги вазир ўйлаб туриб: «Ўша болалар ўлмай, катта бўлган экан-да, ўзи ҳам худди отасига ўхшайди», деб кўнглига тугиб қўйибди ва бўлган воқеани бориб қизи билан шум кампирга айтиб берибди.
Вазирнинг қизи жуда айёр экан:
— Ҳа, ота, ўша болалар худди Зулфиянинг болалари, — дебди. Вазир ҳам:
— Ўшалар бўлса ажаб эмас, — дебди.
Подшонинг бош вазири, қирқ хотин, шум кампир кўп афсус қилибдилар.
Подшо эртасига яна овга чиқибди. Ҳасан ҳам овга чиққан экан. Ҳасан подшони уйига чорлабди. Ҳасаннинг боқиб катта қилган отаси подшони яхши қабул қилибди.
Суҳбат чортанг келибди. Подшо турли воқеаларни айтиб берибди. Зулфия тўғрисида ҳам сўз бўпти. Ҳасан билан Зуҳрани гапирибди. Карвоннинг хотини доно экан. У Ҳасанга қарабди, подшога қарабди, иккаласининг тусини, қош-кўзини бир-бирига ўхшатибди.
— Э шоҳим, бир қошиқ қонимдан кечсангиз, бир гапим бор айтсам, — дебди.
— Кечдим, айт, — дебди подшо. Хотин гап бошлабди:
— Ўзингиз «менинг қирқ хотиним бор эди, ҳеч қайсиси туғмас эди», дедингиз. Шундан кейин Зулфия деган қизга уйланганингизни ва унинг икки эчки боласи туққанини айтдингиз. Менимча, кундошлар Зулфияни кўролмай, макр-ҳийла билан икки бола ўрнига икки эчки боласини келтириб қўйишган бўлса керак. «Зулфия икки эчки боласи туғди», деган гап ёлғон. Наҳотки, одам эчки боласи туғса. Бизнинг Ҳасан-Зуҳрамиз худди сизга ўхшайди. Зулфиянинг зиндонга солинганига қанча вақт бўлди?
— Роса ўн икки йил бўлди, — дебди подшо ва пешонасига бир уриб, «аттанг!» дебди.
— Воқеани Зулфиядан аниқлаб сўранг-чи, нима дер экан, — дебди хотин.
Подшо Ҳасанни олиб уйга қайтибди. Ўрдага борганда зиндонбонни чақириб, Зулфияни зиндондан чиқариб юборишга буюрибди. Зулфияни зиндондан олиб чиқиб подшо қошига келтирибдилар. Подшога Зулфия ҳамма воқеани бирма-бир айтиб бериб йиғлабди.
Шунда Ҳасан онасининг сўзини эшитиб: «Онамиз шу экан», деб она-бола йиғлашиб кўришибди. Сўнгра подшо қирқ хотинини чақириб, бўлган воқеани суриштира бошлабди. Подшонинг бир хотини ростгўй, тўғри сўз экан, бошқа хотинлари уни ёмон кўрар эканлар. Ўша хотин бутун сирни очиб ташлабди. Подшо ғазабланиб:
— Жаллод! Аввал вазирни, кейин қизини дорга ос! — дебди. Кейин ўттиз саккиз хотинини ҳайдаб юборибди. Подшо қирқ кеча-ю қирқ кундуз тўй-томоша қилиб берибди…
Ҳасан ва Зуҳра эса ўз ота-оналаридан зиёд тарбиялаб вояга етказган карвонга ва унинг хотинига меҳрибонлик қилиб, умр кечиришибди.

Сайт бўлими: Ўзбек халқ оғзаки ижоди

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ