"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Султон Жўра (1910-1943)

Ўқилди: 894

Султон Жўра 1910 йилнинг 15 январида ҳозирги Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Қағалтом қишлоғида деҳқон оиласида туғилди. Етти ёшида ота-онасидан етим қолган Султон ҳар кишиларнинг эшигида хизмат қилди. У дастлаб бошланғич мактабда ўқиб, 1924 йилда Бухорога келди ва бу ерда Педагогика билим юртига ўқишга кирди, уни 1930 йилда битирди.
Султон Жўра 1931-1938-йилларда Бухоро рабфагида, 1938-1941 йилларда Андижондаги ўқитувчилар илмгоҳи ва Педагогика билим юртида тил ва адабиётдан дарс берди.
1942 йилда Султон Жўра ҳарбий хизматга чақирилди. У душманга қарши ҳам қурол, ҳам қалам билан жанг олиб борди. 1943 йилнинг 14 ноябрида Белоруссия тупроғида немис-фашист босқинчиларига қарши жангларнинг бирида жангчи-шоир қаҳрамонларча ҳалок бўлди.
Султон Жўранинг дастлабки шеърлари 1933 йилда Бухоро ёш шоирларнинг „Шеърлар“ тўпламида нашр этилди. Унинг 1939 йилда „Фидокор“, 1941 йилда „Москва“ шеърий тўпламлари, 1942 йилда „Ирода“ номли пьесаси нашр этилди. Шоир вафотидан сўнг 1951 йилда рус ва ўзбек тилларида „Танланган асарлар“, тинч қурилиш йиллари даврида истеъдодли шоирнинг „Ҳаворанг қалам“, „Зангори гилам“, „Бруно“, „Парвоз“, „Қалдирғоч“ каби китоблари босилиб чиқди.

ТИНИШ БEЛГИЛАРИНИНГ МАЖЛИСИ

Беш-олтита тиниш белги келиб бугун,
Ўтказмоққа қарор қилди жиддий йиғин.
Раис бўлди ундов белги — мирзатерак,
Деди: — Ҳар ким ўз ролини айтмоқ керак.
Тушунтиринг недур сизнинг вазифангиз?
Сўз вақтини кўпроқ берай оз десангиз.
Ўз жойида ишлатмасдан Турғун, Ғани,
Балки сизни хафа қилган? Сўзланг, қани.

Биринчи сўз нуқтавойга — У бош, катта, —
Нуқта чиқди бир думалаб мисли копток:
— Фикрларнинг бекатиман — Нуқтадирман,
Ҳар дарак гап охирида тўхтайдирман.
Бошқа фикр бошланажак мендан кейин,
Баъзан қулоқ солмасалар мен не дейин?
Паравозлар сув олгандек бекатлардан,
Менга етгач, олмоқ керак тўлиқ бир дам.
Ўзимдан сўнг қўймоқ зарур зўр бош ҳарф,
Бироқ баъзан унутади бизни Зариф.
Ҳар бир бош ҳарф ёнимдаги бир соқчидир,
Қайси бола буни қўйса зап яхшидир.
Гапим тамом, бундан бўлак менда не бор?
Ўйлайманки, сўзим қолмас бееътибор.

— Энди сизга гап навбати, ўртоқ „Сўроқ“, —
Ана, чиқди сўроқ белги, мисли ўроқ.
У қоқилиб кетмай қолди аранг қулаб,
Ё бу белги ёки зирак таққан қулоқ.
— Сен сингари ролим айтсам, нуқта, дўстим,
Ҳар сўроқ гап битган жойда менинг постим.
Мендан сўнг ҳам катта ҳарф қўймоқ шартдир,
Бунга одат қилинмаса, ёмон дарддир.
Уқдингизми? Етадими? Борми савол?
Ёки ўзим сўрайинми сиздан савол?

Ундов новча ўзи олди сўз галини,
Михдай туриб баён қилди ўз ҳолини:
— Мазмунидан ундов, севинч, нафрат, ғазаб,
Ё ҳаяжон маъносини англатса гап,
Шундай жумла адоғида бўлар жойим,
Мендан сўнг ҳам бош ҳарфлар келар доим.
Эҳ… Нақадар соз бу кунги йиғилишимиз!
Бу яхши иш, ҳар чоқ шундай йиғилишингиз!

— Ўртоқ раис, энди менга навбат беринг, —
Деб сўз олди кичик тўқмоқ — бизнинг вергул.
Ўрним тенгдош бўлакларнинг орасида,
Фикрларнинг „разьезди“ мен: менда бирпас
Олиб ўтар ҳар ўқувчи ярим нафас.
Ундалма сўз келиб қолса гап бошида
Ундан кейин мен тураман ёнбошида.
Гар ундалма гапда келса қоқ ўртада,
Унинг икки ёнбошида мен жўрттага:
„Қани, энди, ундалмахон, қочиб боқ-чи“ —
Деб бўлурман, юбормайин унга соқчи.
Гар ундалма гап сўнгида келса, у чоқ,
Ундан олдин қўйилурман, тушун, ўртоқ!

Циркдаги қизиқчидек қўштирноқлар
Бир маҳалда кулиб чиқди хушдимоғлар:
— Корхоналар, хўжаликлар, газета, журнал —
Ҳоказога от қўйилган бўлса дарҳол
Уни қуршаб оладирмиз икки ёндан…
Кўчирма гап кетолмайди биздан қочиб,
Уни доим оламиз кенг қучоқ очиб.
Мана раис „Вақт тамом, тўхтатингиз“, —
Деб қолди-ку. Майли, энди йўқ гапимиз.

Энг охирда шошиб-пишиб, нари-бери
Жиндаккина сайраб қолди гугурт-тире:
— Диалогда менинг энг кўп турар жойим.
Яна маъно такрорланса, мен бор доим.
Гоҳо бир сўз сиғмай қолса тўлиб хатга,
Аямасдан бўғинидан қирқиб ҳатто
Қолганини кўчирарман бўлак йўлга,
Бироқ шартим — сўз қолмасин ўлда-жўлда.
— Кўп чўздингиз, англайсизми, ўртоқ, тире?
— Майли битди, қарор бўлса ўқиб беринг.
Шунда раис деди: — Энди мажлис ёпиқ!
Ҳар бир вакил жўнаб кетди йўлин топиб.

ОЙ НEЧТА

I

Юлдуз, Қундуз, сингил ва опа
Бошладилар катта тортишув.
Юлдуз деди: — Ой битта фақат
Қундуз деди: — Йўқ, иккита-ку!
— Кеч бўлсин-чи, кўрамиз, қани,
Кимнинг гапи ростга чиқаркан?
— Юлдуз бўлсанг ойни кўргани
Ундан илгарироқ чиқарсан?..

II

Ана келди кутган кеча ҳам,
Ёниб чиқди қизил ширмон ой.
Чопиб кетди Юлдуз кўчага,
Қундуз деди: — Ҳовлидан боқай.
Иккови ҳам кўраркан ойни,
Бир-биридан олишди дарак:
— Унда борми?
— Ҳа, биттаси бор.
Қайсисининг ойи каттароқ?
Ишонмади бири-бирига
Ва дедилар:
— Ой нечта, ойи?
— Ётинг энди.
Фақат битта осмоннинг ойи!
Катта бўлгач, айланайларим,
Ойнинг ўзин миниб кўрарсиз.
— Ўшанда-чи, ойижон, бизга
Катта шоти олиб берарсиз?

III

Мен ҳам шундай болалигимда
Ойни иккита деб юрардим.
Ўша пайтим тушиб эсимга
Шу шеърни ёзиб юбордим.

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ