"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Шуҳрат (1918-1993)

Ўқилди: 935

Иқтидорли шоир, таниқли носир Шуҳрат 1918 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У Низомий номидаги давлат педагогика институтини битиргандан кейин нашриётларда, „Шарқ юлдузи» журнали таҳририятида, Ёзувчилар уюшмасида фаолият кўрсатган. 1935 йилдан ўз асарлари билан вақтли матбуотларда иштирок эта бошлади. Шуҳрат ўн бешдан ортиқ шеърий тўпламларнинг муаллифидир.
Бундан ташқари, у „Шинелли йиллар“, „Олтин зангламас“ ва „Жаннат қидирганлар“ сингари романлари билан ҳам кенг китобхонлар эътиборини қозонган ёзувчидир. Шунингдек, Шуҳрат А. С. Пушкин, Г. Гейне, Т. Шевченко, Р. Тагор, А. Тўқай, Наби Ҳазрий ва А. Митскевич каби қардош халқлар адабиётининг етакчи вакиллари асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳратнинг болаларга бағишланган бир қатор поема ҳамда балладалари ўзининг таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Жумладан, Ватан озодлиги учун курашган аёл „Тўмарис“ ҳақидаги балладаси бу жиҳатдан ибратлидир.
Шоир ва адиб Шуҳрат 2003 йилда „Буюк хизматлари учун“ ордени билан тақдирланган.

ТЎМАРИС

Узоқ-узоқ ўтмишлар
Тарихин титсам,
Массагетлар шонидан
Бир қисса битсам.

Афсона деб, китобхон,
Қўлимни тутма,
Шонли, узоқ ўтмишдан
Кўзинг беркитма!

Ахир қанча чуқурдан
Қайнаса булоқ,
Суви шунча пок бўлур,
Шунча тотлироқ.

Кўҳна тарих бу кунга
Гар бўлса ибрат,
Уни эслаб турмоқлик
Керакдир албат.

Афсонага ўхшайди
Қиссанинг ўзи,
Аммо унда мавжуддир
Ҳақиқат изи.

Ҳақиқатдан туғилар
Баъзан афсона,
Улуш қўшса не ажаб
Эртакчи она.

Бахши унга боғласа
Қанот ва қуйруқ,
Қалби бергач кўксидан
Шундай бир буйруқ.

Тарихимиз кўп улкан,
Кекса, беқиёс,
Ҳар йили юз достонга
Бўлур бир асос!

Амудан сув ичганмиз
Чўлда мол боқиб,
Боботоғда юрганмиз
Лолалар тақиб…

Баъзан душман келарди
Долбойин қоқиб,
Жанг қилганмиз қирларда,
Тунда ўт ёқиб.

Бир кун юртга от солди
Босқинчи Эрон,
Кайхусравнинг нияти:
Ер-сув, мулк, қирон…

— Бош эг! — деди элларга,—
Мен яшай мағрур.
Мен ўтганда қўлингни
Қовуштириб тур!

Менга бўшат уйингнинг
Юмшоқ тўрини,
Менга бўшат ёз чоғи
Салқин сўрини.

Кабоб яса қўзининг
Барра гўштидан.
Хазинамга солиқ йиғ
Боғ, қир, даштидан!

Ҳарамимга тўплансин
Там-там гўзаллар.
Шавкатимга тўқилсин
Достон, ғазаллар.

…Найранг билан Амудан
Ўтди от солиб.
Байроғида шум ажал,
Эрксизлик олиб.

Тинч бир ўлка оромин
Йўқотди шунда,
Ҳатто гўдак кўксига
Ўқ отди шунда…

Эл-у юртни қоплади
Мотам либоси,
Қон йиғлади ҳаттоки
Қўлида ғози.

Қон йиғлади эл-элат,
Уруғ ва аймоқ.
Қон йиғлади дала-туз,
Саҳро, қир ва боғ.

Қон йиғлади бешикда
Тилсиз нораста,
Қон йиғлади чол-кампир,
Диллари хаста.

Қон йиғлади боғда гул,
Қирда чечаклар,
Қон йиғлади номус деб,
Қиз, келинчаклар.

Қон йиғлади қўзи-қўй
Тақир ўтлоқда.
Қон йиғлади „Сув! Сув!“ — деб
Деҳқон қирғоқда.

Шунда чиқди отилиб
Она Тўмарис.
— Ўлим ёвга!— деди у,—
Букмаймиз ҳеч тиз!

Бизни саҳро бургути,
Лочини дерлар,
Бизга азиз, муқаддас
Бу она-Ерлар.

Душман оти нағалин
Изи тушмасин,
Боғимиздан бирор қуш
Бевақт учмасин.

Уят бизга — душманга
Бош эгиб яшаш!
Қаранг, душман мол-мулкни
Қилур хомталаш!

Ўчоқдаги оловим
Сўнмасин, десанг,
Ариқларда сувларим
Тинмасин, десанг;

Гулларимнинг шохлари
Синмасин, десанг,
Бола-чақам қон йиғлаб
Қолмасин, десанг;

Қўлларимга ёв занжир
Солмасин, десанг,
Она юртим дахлсиз,
Муқаддас, десанг;

Десанг, она элимнинг
Азиз тупроғи,
Десанг, бевақт сўлмасин
Ҳатто япроғи;

Сариқ хазон бўлмасин
Ёрим жамоли,
Қон ҳидига тўлмасин
Баҳор шамоли;

Булут ичра толмасин
Ёрқин қуёшим,
Ўт ичида ёнмасин
Қир, дала-тошим;

Бўғзимда қолмасин
Эрк тўла куйим,
Айланмасин азага
Базмим ва тўйим;

Оёқ ости бўлмасин
Аждодим гўри,
Подам ичра оралаб
Юрмасин бўри;

Ўтирмасин ёв чиқиб
Уйим тўрига,
Сув сепмасин тандирда
Қолган қўримга;

Букилмасин элликка
Етмасдан белим,
Кесилмасин оғзимда
Бу бийрон тилим;

Ўйилмасин кўзларим,
Кўрсин жаҳонни,
Қулликда тутмайман
Танда бу жонни —

Десанг, халқим, бош кўтар,
Тур, оёққа тур!
Душман келур бостириб,
Қаршисига юр!

Омочни қўй, қўлингга
Қилич, яроғ ол!
Агар қилич топмасанг,
Болта, ўроқ ол!

Оёғинга этик кий,
Белингни боғла!
Она тупроқ тузини,
Вақт келди, оқла!

Хоҳ отлисан, хоҳ яёв,
Анжоминг тузат.
Майдонга чиқ, майдонга,
Мардлигинг кўрсат!

„Хўп бўлади!“— деди эл,
Турди оёққа,
Ҳатто чоллар таяниб
Ҳасса-таёққа.

Битта муштга айланди
Юрт, овул, қишлоқ.
Тўлиб кетди лашкарга
Қир-у сой, тошлоқ.

Кийим-боши қурама,
Мақсад биттадир.
Бир оғиздан барчаси
Хитоб этадир:

— Сенсан юртнинг онаси,
Оналигинг қил!
Сенинг сўзинг биз учун
Амри вожиб, бил!

Ўзинг бошла майдонга,
Бошла, Тўмарис!
Қолсин биздан тарихда
Шонли порлоқ из!

Қўли боғлиқ яшашдан
Ўлим аълодир.
Босқинчи ёв ўлимга
Маҳкум балодир.

Ўзинг бошла мардона,
Бошла, Тўмарис,
Ё ўламиз, ё юртни —
Шонга кўмамиз!

— Хўп! Мен рози!— деди у,—
Тингланг алқисса:
Менинг учун қонундир,
Элим не деса.

Бошлаб кетди лашками,
Остида тулпор.
Халқ ишончи қалбига
Яна куч тўплар.

Қилич, қалқон ярашар
Мағрур бастига.
Узун сочи олинган
Қалпоқ остига.

Ишонч билан лашкарни
Бошлаб кетди у.
Неча қир-у сойлардан
Бошлаб ўтди у.

Жангга кирди мардона,
Ифтихор билан.
Ишонч билан, ўч билан,
Номус-ор билан.

Ғурур билан, куч билан,
Матонат билан,
Ғазаб билан, зарб билан,
Зўр нафрат билан…

Минг-минглаб бош сапчадек
Узилиб қолди.
Минг-минг тана мажолсиз
Чўзилиб қолди.

Қонлар қонга қоришди,
Ўлик ўликка,
Отлар жангга кирарди
Пишқириб тикка.

Дуч келганни кесади
Ўроғ-у болта,
Узун қилар сўйиллар,
Қўл бўлса калта!

Мундоқ боқса Кайхусрав,
Қўшин ҳоли танг,
Хос аскарин тушириб,
Ўзи қилди жанг.

Амин эди маҳорат,
Куч, бардошига,
Мард Тўмарис от қўйиб
Чиқди қошига.

Қиличбозлик бошланди
Яккама-якка,
Ташланарди отлари
Арслондек тикка.

Қалқон тўсиб қоларди
Қилич зарбини,
Икки томон гаровга
Тиккан қалбини.

Қалбинимас, ҳаёти,
Эрк, иқболини,
Юрт номуси, шарафи,
Истиқболини!

Минг чиранди Кайхусрав,
Боимади бироқ!
Қочиб қолди қўшинин
Ташлаб тумтароқ!

Қувиб кетди мардона
Ёвқур Тўмарис,
Қорасини йўқотмай
Борар изма-из.

Шиддатида бор эди
Йигит виқори,
Етиб бориб қиличин
Тутиб юқори —

Елкасига туширди
Боши аралаш.
Дея: — Ўзи бўлурми
Тинч элни талаш?!

Отдан учиб Кайхусрав
Муккалаб кетди,
Қора қонга беланиб
Ёқасин тутди.

Титрар эди мақтанчоқ,
Чиранчоқ қалби,
Бир-бирига тегмасдан
Пўрсилдоқ лаби.

Учиб кетган қўлидан
Тилла соп қилич,
Зарбоф тўни дер эди:—
— Энди жондан кеч!

Шафқат тилаб боқарди
Тўмарисга у,
Тилин ўнглаб ололмас
Ҳатто сўзга у.

Калта қилди сўзини
Тўмарис эса:
„Ҳукм шудир — қаҳрамон
Халқим не деса!“

Бир оғиздан халқ деди:—
— Душманга ўлим!
Халқ қалбида нафрати,
Қаҳри лиммо-лим!

Бош думалаб ётарди
Эл оёғида,
Олтин сирға йилтиллаб
Сўл қулоғида!

Мард Тўмарис сўз олиб,
Деди: — Халойиқ!
Ёвга берган зарбингиз
Мақтовга лойиқ!

Дўстга бўлган меҳрча
Ёвга қаҳрингиз!
Энди бутун озоддир
Қишлоқ, шаҳрингиз!

(Сўнгра боқди думалаб
Ётган у бошга:)
— Тирикликда тўймовдинг
Сира қон-ёшга.

Мана энди тўйиб ол,
Бошинг кўмиб ич.
Бу гал сенга керакмас
Қалқон-у қилич! —

Дея узилган бошни
Чуқурга отди.
Чуқурдаги қонга бош
Кўмилиб ботди!

Халқ олқишлаб қизини
Деди:— Ташаккур!
Ақлинг — дарё, меҳринг — кўл,
Ҳар бир сўзинг — дур!

Эл тинчиди, ўлкада
Ур-сур йўқолди,
Ёвдан фақат тупроқда
Қонли из қолди.

Тунда ёмғир-сел келиб,
Ювди уни ҳам,
Гўё қайта бошидан
Покланди олам!

Тутди омоч қулоғин
Эрксевар деҳқон,
Мард Тўмарис довриғин
Эл қилди достон.

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ