"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Асқад Мухтор (1920-1997)

Ўқилди: 1 687

Атоқли шоир ва носир Асқад Мухтор 1920 йилнинг 23 декабрида Фарғона шаҳрида темирчи ишчиси оиласида туғилган. У 11 ёшида отадан етим қолиб, болалар уйида тарбияланган. Мактабни тугатгач, Асқад Мухтор Ўрта Осиё давлат университетига (1938) кириб ўқийди. Сўнг Андижон педагогика институтида ,,Ўзбек адабиёти“ кафедрасининг мудири бўлиб ишлайди.
Асқад Мухторнинг Тошкентга келиши унинг фаолиятида янги саҳифа очди. У Республика газеталари таҳририятларида бўлим мудири, масъул котиб, „Шарқ юлдузи“ журналида бош муҳаррир (1960—1965), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб (1957) бўлиб ишлади. „Гулистон“ журнали ва ,,Ўзбекистон адабиёти ва санъати“ ҳафталигига муҳаррирлик қилди.
Асқад Мухтор „Тилак“, „Тонг эди“, „Тотли дамлар“ сингари илк шеърлари (1935— 1938)да шеъриятнинг мақсад ва вазифасини, шоирнинг жамият олдидаги бурчини аниқлаб олишга интилди. У шеъриятга „Қалбга
қанот“, „Дардга даво“ берувчи деб қаради. Шоир иккинчи жаҳон уруши бошланиши билан „Ғалаба ишончи“, „Жангчининг байрам кечаси“, „Туғишганлар қайтди“, „Соғиниш“ сингари қатор шеърий асарларини яратиб, халқни фашист босқинчиларига қарши курашга ундади. Ватан гўзалликларини, туганмас бойликларини, халқ ҳаётидаги катта ўзгаришларни тасвирловчи „Пўлат қуювчи“ (1947), „Ҳамшаҳарларим“ (1949), „Раҳмат, меҳрибоним“ (1954), „Чин юракдан“ (1965) шеърий китобларини ёзди.
Ёзувчининг „Дарёлар туташган жойда“ (1950), „Қорақалпоқ қиссаси“ (1958), „Бухоронинг жин кўчалари“ каби қиссаларида, „Опа-сингиллар“ (1955), „Туғилиш“ (1963), „Давр менинг тақдиримда“ (1964), „Чинор“ (1973), „Аму“ каби романларида замонамизнинг муҳим муаммолари ўз ифодасини топган. „Чин юракдан“ (1956) шеърий китоби, „Ҳаётга чақириқ“ (1956), „Дунё болалари“ (1962) ҳикоялар тўпламлари ўзбек болалар адабиёти хазинасини бойитди.
Асқад Мухтор „Мардлик чўққиси“ (1948), „Яхшиликка яхшилик» (1949), „Самандар“ каби пьесалар ҳам ёзган.
Софокл, Р. Тагор, А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов, В. В. Маяковский, М. Горкий, Т. Шевченко, А. Блок, А. Корнейчук асарлари Асқад Мухтор таржимасида ўзбек китобхонларининг маънавий мулкига айланган.
Лирик шоир, таниқли адиб, моҳир таржимон сифатида ўзбек маданияти тараққиётига катта ҳисса қўшган Асқад Мухтор ,,Ўзбекистон халқ ёзувчиси“ унвони ва Ҳамза номидаги республика Давлат мукофотига сазовор бўлган.

ҲАФТА

„Ҳафта“ дегани — еттидир,
Оилада еттимиз.
Ойга, йилга нисбатан
Биз, албатта, миттимиз.
Аммо-лекин биз бўлмасак,
На ой бор-у, на йил бор.
Биздаги мазмун билан
Одамнинг умри дилбар.
Еттовлонмиз, етти ўғлон,
Етти оғайни ботир.
Ана, биринчи бўлиб
Якшанба келаётир.

ЯКШАНБА

„Як“ дегани — бир дегани,
Тўнғичиман ҳафтанинг.
Як бўлсам ҳам, якка эмас,
Бир жанговар сафдаман.
Вазифам бор — дам бераман
Меҳнат қилган кишига.
Ҳар ҳафтасин безайман,
Якун ясаб ишига.
Меҳнаткашнинг виждони пок,
Роҳат қилиб ухлаган.
Болаларни эргаштириб,
Ёр-у дўстин йўқлаган.
Дарс ҳам йўқ, иш ҳам йўқ,
Ўйин-кулги, томоша.
Тўй овози — карнай-сурнай,
Девор оша, том оша…
Катта йўлнинг гулшаниман,
Ором олинг гулшанда.
Ҳар ҳафтада меҳмонимсиз,
Менинг отим Якшанба.
Еттовлон, етти ўғлон,
Етти оғайни ботир.
Ана, иккинчи бўлиб
Душанба келаётир.

ДУШАНБА

„Ду“ дегани иккидир,
Меҳнат бизнинг зотимиз.
Якшанбанинг укасиман,
Қофиядош отимиз.
Ёқтирмайди мени ялқов,
Оғир, деб урушади.
Аммо бугун иш юришса,
Бир ҳафта юришади.
Ҳордиқдан сўнг ланжликни
Ғайрат билан енгинглар,
Янги куч-у ҳавас билан
Бел боғлайди минг-минглар.
Меҳнат мендан старт олар,
Мен очаман ҳафтани.
Меҳнат эса юргизади
Завод, дизел, шахтани.
Мени танир болалар ҳам
Тонгим саболаридан,
Мактабдаги қўнғироқнинг
Кумуш садоларидан.
Еттовлонмиз, етти ўғлон,
Етти оғайни ботир,
Ана, учинчи бўлиб
Сешанба келаётир.

СEШАНБА

„Се“ дегани — уч дегани,
Ҳафта учга киради.
Ҳаммажойда, ҳаммажойда
Меҳнат кучга киради.
Ажраб турган жойим йўқ,
Оддийгина бир кунман.
Аммо шон-у шуҳратдан
Тож кийишим мумкин ман.
Биласизми, Гагарин
Сешанба кун учганди.
Сирдарёнинг Фарҳод ГEСи
Шу кун ишга тушганди.
Тасодифми? Бўлса бордир.
Шуниси қонунийки,
Бир ҳафтада нима бўлса,
Бешдан бири — меники.
Ҳа, оддийман, кўп қатори,
Ҳеч: „Мен — буюкман“ демасман.
Аммо кўриб турибсизки,
Унча оддий эмасман.
Еттовлонмиз, етти ўғлон,
Етти оғайни ботир.
Ана, тўртинчи бўлиб
Чоршанба келаётир.

ЧОРШАНБА

„Чор“ дегани — тўрт дегани,
Тўртинчиман сафда мен.
Ярим йўлга етдингиз,
Қоқ белиман ҳафтанинг.
Бир-бирининг давоми-да,
Бел бўлмаса бош қани?!
Мен каттаман демагин ҳеч,
Камситмагин бошқани.
Биз шунақа — бир бутун,
Бамисоли занжирмиз.
Биримизда иш унмаса,
Ҳаммамиз ҳам ранжиймиз.
Худди шундай шаҳарлар ҳам,
Худди шундай — одамлар,
Синфдаги дўстларингиз,
Заводдаги даданглар.
Ҳаммаси ҳам бир-бирисиз
Босолмайди илгари.
Боғлиқ экан бир-бирига
Ҳаёт-мамот сингари.
Еттовлонмиз, етти ўғлон,
Етти оғайни ботир.
Ана, бешинчи бўлиб
Пайшанба келаётир.

ПАЙШАНБА

„Пай“ дегани — „панж“дан чиққан,
Панж, яъни бешинчи.
Отим ғалат, аммо биров
Мени нўноқ десин-чи!
Ёқтирмайман — кимда-ким
Мени бекор олдирса.
Ёки менинг ишимни
Жума кунга қолдирса.
Бўлса дейман маъноли
Дақиқамнинг барчаси,
Нега десанг мен ҳам сенинг
Умрингнинг бир парчаси.
Қалбингни мен ҳам жиндак,
Бойитаман галимда,
Зимдан ҳисоб сўрайман
Айланиб келганимда.
Сизнинг ками-кўстингиздир —
Бизнинг ками-кўстимиз.
Бизнинг ютуқ — сизнинг ютуқ,
Биз одамнинг дўстимиз.
Еттовлонмиз, етти ўғлон,
Етти оғайни ботир.
Ана, олтинчи бўлиб
Жума ҳам келаётир.

ЖУМА

Олти —асли „шаш“ бўлади.
Қофиясиз юраман.
„Шашшанба“ни айтиш қийин,
Шунинг учун Жумаман.
Жума деган бола ҳам бор,
Жума куни туғилган.
Угинамас, ҳаммангиз
Меҳрим билан йўғрилган.
Ҳар бирингга бахт келтирай,
Илҳом солай дилингга.
Кунлар қадрига етинг,
Ихлос қўйинг билимга.
Кунлар тўплаб мисқоллаб
Байрамлар шодлигини.
Кунлар бунёд этади
Умринг ободлигини.
Умр ўзи кунлардандир,
Шу кунларнинг бириман,
Мен охирги меҳнат куни,
Ҳафтанинг тақдириман.
Еттовлонмиз, етти ўғлон,
Етти оғайни ботир.
Ана, еттинчи бўлиб
Шанбавой келаётир.

ШАНБА

Як, ду, се, чор, панж… эмас,
Мен шунчаки Шанбаман.
Иш ҳафтаси бекилди,
Мен мисоли тамбаман.
Аммо мактаблар очиқ,
Дам куни деб овунманг.
Ишчи кўпроқ дам олсин деб,
Якшанбага муовинман.
Театрга, овга борсин,
Кўпроқ ўқисин китоб.
Соғлигига мадад бўлсин
Соф ҳаво, сув, офтоб.
Шундай ҳурматга лойиқ
Бизнинг элда ишчилар.
Бутун бойликни яратган
Энг табаррук кишилар.
Шундай қилиб, биз меҳнатда,
Етти оғайни ботир.
Қулоқ солинг: бир звенодек,
Ҳафтангиз келаётир!
„Ҳафт“ дегани — еттидир,
Оилада — еттимиз.
Ойга, йилга нисбатан
Биз, албатта, миттимиз.
Аммо-лекин биз бўлмасак,
На ой бор-у, на йил бор.
Биздаги мазмун билан
Одамнинг умри дилбар.

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ