"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Пўлат Мўмин (1922-2004)

Ўқилди: 4 433

Пўлат Мўмин ёшлигиданоқ адабиётга ҳавас қўйди. У Тошкент педагогика билим юртида ўқиб юрган вақтида адабиёт тўгарагига фаол қатнашди. Адабиётни қунт билан ўқиди, ўрганди. Ҳозирги Низомий номли Тошкент давиат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факултетига ўқишга кириб, уни муваффақиятли тамомлагач, аспирантурада ўқиди, мактабларда ўқитувчилик қилди. Сўнгра Ўзбекистон Давлат нашриётида ишлади. П. Мўмин қаерда ишламасин, доимо адабиётга муҳаббат билан қаради. Биринчи шеърлар тўплами 1949 йилда „Сайранг, қушлар“ номи билан нашр этилди.
Болалар учун ижод қилиш, бу соҳада муваффақият қозониш учун қобилият ва истакнинг ўзигина етмайди. Белинский таърифи билан айтганда, болалар ёзувчиси бўлиб туғилиш керак. Бу болалар ёзувчиси моҳир педагоглардай бола қалбининг билимдони бўлсин, нозик таъб эгаси, гўзал табиати ва психологиясининг билимдони, меҳрибон ва болажон, камтарин ва самимий, болаларча соддадил ҳамда доно бўлсин, деган мазмунни англатади.
Ўзбекистон халқ шоири Поиат Мўминнинг ижодий меҳнати туфайли „Ҳунардан унар“, „Тўғри ўсган гул бўлар“, „Ақл қаерда бўлар“, „Ўринбосарлар“, „Олтин най“, „Бир ярим Карим“, „Eнди адашмайди“, „Барча бола дўст бўлса“, „Раҳматга раҳмат“, „Газполвон эртак айтар“, „Чанг ютар ботир“, „Офтоб ва одоб“, „Яхшиларга ўхшасам“, „Бу жуда соз“, „Эсон ва Омон“, „Олтмиш олти олтин қўл“, „Устозлар изидан“, „Болаларнинг бахти кулган“, „Бир юз бир олтин қўл“ шеърий тўпламлари, „Чаноқвой билан Қовоқвой“, „Баҳодирнинг ботирлиги“, „Оқ фил йўқолди“, „Суқатой-Конфетвой“, „Она болам дейди…“ каби эртаклари, пьесалари юзага келди. Бу китобларга кирган энг яхши шеър ва қўшиқлари, достон ва эртаклари болалар адабиёти хазинасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди, уни бойитди. Бу асарлардан бир қанчаси жаҳон халқлари тилларига таржима қилинган.

ПАПКА БИЛАН СИЁҲДОН

Сиёҳдон билан папка
Тушибди ҳасрат — гапга.
Гаплар чўзилмиш анча,
Сўзлашибди билганча.
Папка дебди: — Сиёҳдон,
Бу ишинг жуда ёмон.
Атроф тўлди сиёҳга,
Арзга борай қаёққа.
Бунақанги бўлма без,
Ахир чиқиб кетгин тез.
Шунда папка ичидан
Сиёҳдон дебди чиндан:
— Ҳурматли дўстим, Папка,
Мендан қилмагин ўпка,
Уйи томон кетганда
Копток қилиб тепганда,
Тўкиламан ҳар ёнга
Айб қўйма сен менга,
Эгамиз ўзи нодон,
Бизни асрайди ёмон.
Нима деса эгамиз,
Унга бўйин эгамиз.
Эгамдан кўп ҳасратим,
Тақдирламас хизматим.
Ичим тўла нон увоқ,
Шу ҳам бўлдими сиёҳ?
Папка дебди: — Сиёҳдон,
Топгин илож ва имкон.
— Қочгин, — дебди Сиёҳдон, —
Эгамиз бўлсин сарсон.
Папкадан китоб, дафтар:
— Маъқул, — дебди бу гаплар.
Папка бир куни таққа —
Қочмиш номаълум ёққа…
Ўша папка эгаси
Қарабсизки, эртаси,
Дарсга кепти бепапка,
Роса қолибди гапга.

ТИШ ЧЎТКА, ПОРОШОК ВА АТИРСОВУН ЭРТАГИ

Ўқиб кўринг, дўстларим,
Ёздим сизга бир эртак.
Яхши пайқаб олади
Бўлиб турса ким сергак.
Афсона деб ўйламанг
Ёзганимни тағин сиз.
Эшмат деган болани
Сиз ҳам яхши танирсиз.
Ҳа, мен унинг ишларин
Сизга таъриф этаман.
Билганимнинг кўпини
Битта-битта битаман.
Эшмат нима бўпти-ю
Ялқовлашиб қолибди.
Кейин анча дарслардан
„2“, „3“ ҳам олибди.
Мактабига кечикиб,
Борар эмиш баъзида.
Вазифани бажармай
Қизарармиш дарсида.
Тонгда бадантарбия
Қилмоқ жуда ҳам фойда.
Лекин барча ишида
Йўқ-да тартиб-қоида.
Озодалик одамнинг
Тани-жонига малҳам.
Ҳаммом деган жойга-чи
Бормабди уч ойда ҳам.
Устидаги кийимин
Юрмас тозалаб, тахлаб,
Ҳатто одат бўйича
Ювинмасмиш яхшилаб.
Қаранг, бир кун Эшматнинг
Тиши оғриб қолди-ку.
Куни билан вой-войлаб
Боролмади дарсга у.
Хўш, ошналар, Эшматни
Ҳозир ёзмай турамиз.
Нега бундай бўлганин
Сабабини кўрамиз.
Эшматвойда бор эди
Порошок, чўтка, совун.
Ювинганда буларни
Ишлатмапти у нечун?
Шундан кейин порошок,
Совун билан тиш чўтка
Роса суҳбат қилишди,
Ўтиришиб бир четга.
Қани, келинг, билайлик,
Учаласин дидини.
Совунхон гап бошлабди
Гуркиратиб ҳидини:
— Сизга айтсам ростини,
Жуда асл нарсаман.
Атиргуллар ҳуснидан
Яшнаб турар кенг чаман.
Менинг атир ҳидимни
Чаманзордан олишар.
Хизматимга ҳамиша
Кўплар қойил қолишар.
Агар гапни чўзворсам,
Дўстлар мени кечиринг,
Фикр-у ёдим тозалик,
Душманиман кир-чирнинг.
Кимки мени ишлатса
Бўлар соғлом, озода.
Шу ишимдан тарқатдим
Юртга яхши овоза.
Лекин менинг қадримга
Эшмат сира етмайди.
Қолиб кетдим чанг-чунгда
Қаранг, парво этмайди.
Олдинлари Эшматнинг
Юзини кўп ювардим.
Унинг тани-жонидан
Касалликни қувардим.
Кўрдингизми Эшматнинг
Қочип қопти мазаси.
Қилди ўзига ўзи,
Тортмоқда у жазосин. —
Бор-йўқ гапни гапирди,
Совун роса кўпирди.
Тинглади ҳам тиш чўтка
Ва порошок ўлтириб.
Шу пайтда тўсатдан
Жимликни бузди чўтка.
Соқолини силкитиб,
Ўрнидан турди тикка.
— Қаранг, бизнинг Эшматни,
Ухлолмайди вой-войлаб.
Порошок ва мен билан
Тиш ювмади бир ойлаб.
Олдинлари тишлари
Кўринарди дур каби.
Бажариларди нуқул
Эшматнинг ҳар талаби.
Фабрикада мен учун
Талай меҳнат қилишган.
Кейин дорихонага
Тезда олиб келишган.
Мен ҳам сиздай аслман,
Гавдам тоза суякдан.
Қадрлашар ҳар ерда
Дўстларим чин юракдан.
Порошоквой маъқуллар
Чўткавойнинг сўзини,
Улуғсифат тутарди
Порошоквой ўзини.
Шундай қилиб уч ўртоқ
Роса узоқ сўзлашди.
Эшматвойга ҳар гапда
Яхшиликни кўзлашди.
Энди, яна, эшитинг,
Эшматвойдан гапни сиз.
Тиш оғриғи тузалиб,
Кетган эмиш билсангиз.
У борибди докторга
Ушлаб олиб лунжини
Кирибди юриб зўрға,
Тишларига доктор ҳам
Ачингандай бўлибди.
Кўрса Эшмат тишларин
Кир-чирларга тўлибди.
Доктор опа Эшматга
Кўп насиҳат қилибди.
Маслаҳатни маъқуллаб,
Эшмат уйга келибди.
Тишларини ювибди
Порошок-ла чўткалаб.
Бадантарбия қилибди
Эртасига эрталаб.
Бу ишларни Эшматвой
Одат қилиб олибди.
Кўрган таниш-билишлар
Хурсанд бўлиб қолибди.
Эшмат барча ишида
Сақлар тартиб-қоида.
Ўқиши ҳам соғлиги
Бўлиб қолган жойида.

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ