"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Эркин Самандар. Султон Жалолиддин. Тарихий драма

Ўқилди: 1 802

Қатнашувчилар

Жалолиддин Мангуберди – Сўнгги Хоразмшоҳ
Ибн Аммор – Ҳужра соҳиби, муфассир –     (Қуръони каримни тафсир қилувчи)
Саълаба – унинг хотини
Абу Зайд – унинг ўғли
Умайя – унинг қизи
Ойчечан бону – Жалолиддин Мангубердининг онаси
Малика – Озар маликаси
Абутолиб – қишлоқ волийси
Ибн Халлож – оқсоқол, собиқ гуржи сарбози
Сайфий – оқсоқол, собиқ гуржи муншийси
Солмон – қўшни йигит
Тоғ йигитлари
Руҳлар

Биринчи кўриниш

Кавказортининг тоғлик мусулмонлар қишлоғи. Тоғ этаги, жилға бўйида кичик хужра. Лавх (китобдон)да Қуръони карим.
Ибн Аммор ўчоққа ўтин ташлаб, хонтахта олдига келиб ўтиради. Қуръони каримни қўлга олиб варақлайди.
Ибн Аммор
Ҳаёт нима, сўрадилар Расулуллоҳдан,
Расулуллоҳ айтди: Ҳаёт Оллоҳ неъмати.
Инсонларга берар уни Оллоҳнинг ўзи.
Ва Оллоҳнинг ўзи уни қайтариб олар.
Магар Оллоҳ изн бермас эрса ҳеч кимса
Ола билмас бу неъматни қилич, ўқ ила.
Абу Зайд халлослаганча беҳуш ва ярадор йигитни олиб киради. Буни сезган Саълаба ва Умайя ичкаридан безовта чиқишади.
Саълаба
Вой, ўлмасам, ким бул нотавон?
Умайя
Кимдур бул йигит?
Уни авайлаб сўрига ётқизишади. Ибн Аммор ўта таъсирланиб, йигитни кўздан кечиради.
Саълаба
Мусофирга ўхшар йигит, биздан эмасдур.
Айт, ўғлим, ким бу?
(Ибн Аммор ҳамон йигитни кўздан кечирар экан, ҳаяжони ошиб, унинг атрофида парвона бўла бошлайди.)
Ибн Аммор
(ўғлига)
Воқеани менга сўйлаб бергин бир бошдан,
У ким эрур? Қайдин? Уни яралаган ким?
Хўш, гапир, ўғлим.

Абу Зайд
Уч-тўрт йигит тоғ йулида кетиб борардик,
Кўриб қолдик дупур-дупур чопган отларни.
Назаримда ўнми-ўн беш муғул биз томон
Оқ от минган суворийни қувиб келарди.
Учиб келар эди оқ от худди йилдирим,
Ўқ  отарди орқасига қайрилиб қочоқ.
Тап-тап қулар эди унинг ўқидан муғул.
Ҳар дақиқа борар эди ора очилиб.
Ҳолдан тойди чоғи муғулларнинг отлари,
Оқ от минган йигит анча олислаб кетди.
Қувар эди уни муғул шундай бўлса-да,
Ўқ отарди орқасидан унинг пайдар-пай
Оқ от ногох тисарилиб сапчиди тикка,
Бошин эгиб ётиб қолди йигит эгарга.
Аммо жуда бало экан оқ от. Бирпасда
Эгасини олиб кетди қоя ортига.
Йулдан чалғиб орқасига қайтди муғуллар,
Ким экан деб изладик биз қочган йигитни.
Топдик уни ичкарида – булоқ бўйидан.
Майса узра ётар эди ҳушидан айри.
Бизни куриб типирчилаб кишнади оқ от,
Хиёл кўзин очди йигит, кўрди бизларни.
Жалолиддин дея олди холос ва яна
Ҳушдан кетиб қолди.
Ибн Аммор
(ўз-ўзига)
Бугун тонгда хужрамизга бирдан инди нур,
Унинг бурчак-бурчаклари ёришди, иллоҳ.
Кичик хужра кошонага айланди гўё.
Мен қасрда турган каби сездим ўзимни.
Хайрли кун бўлар бугун дея ўйладим,
Билдим, келар хужрамизга азиз бир меҳмон.
Неча йиллар кутдим унинг келмоғини мен,
Йўлларига интиқ-интиқ тикилдим узоқ.
Хеч кутмаган эдим аммо беҳуш бўлар деб.
Саълаба
Тавба, бирдан нима бўлди сизга отаси,
Кўзингизда сирли маъно борга ўхшайди.
Назаримда юзингиз ҳам қизариб кетди.
Умайя
Бу йигитни танийсизми, ота?
Ибн Аммор
Йўқ,  қизим,
Танимайман.
(Бориб уст — бошини тузатиб қўяди.)
Танимоқни истайман, аммо.
Саълаба
Тез бўл қизим, олиб чиққил сув ила сочиқ.
(Умайя кетади.)
Елкасидан яраланган, боши лат еган…
Қайси ҳайвон бул кўйларга солдийкин уни?!
(Умайя зарур нарсаларни олиб киради. Ликопчага сув солиб энасига узатади. Йигитга боқиб, кўнглида ғалати ҳиссиёт сезади. Йигит алаҳсирай бошлайди.)
Йигит
Қув, ёғийни, қочирма, от!
Эй, сен нечун тисарилдинг?
Қўрқма итлардан.
Ибн Аммор
(ўғлига)
Қўлингдаги  у не камардур?
Абу Зайд
(Камарни ушлаб турганини энди сезиб.)
Уники.
Ибн Аммор
(Камарни унинг қўлидан олиб, кўздан кечиради. Ўз-ўзига.)
Подшоҳ камари? Демакки, у шоҳ,
Демакки, ушалур орзу!
(Ўғлига)
Билурмисен, қайси юртнинг подшосидир бу?
Абу Зайд
(Энсаси қотиб)
Туш кўрибманми.
Ибн Аммор
(Камарни яна кўздан кечириб)
Хоразмшоҳ камарларин белгилари бу.
Демакки, бул йигит Хоразмшоҳ, Жалолиддин
Мангуберди! Султон Жалолиддин!
Жалолиддин
(алаҳсирайди.)
Чингиз, малъун Чингиз… Қочманг ундан ота,
Тўхтанг, тўхтанг!
Абу Зайд
Ҳа, ҳа, демак чиндан Хоразмшоҳ у.
Бошлаб келди уни ажали.
Энди тирик чиқа билмас бизнинг хужрадан.
Ибн Аммор
(Ўз-ўзига)
Минг шукурки, уни бизга етказди Оллоҳ!
(Камарни авайлаб хонтахтага қўяди.)
Абу Зайд
Уни ўлдирмасам мени армон ўлдирар.
(Қиличини кўтариб унга ташланмоқчи бўлади. Ибн Аммор унинг йўлини тўсади.)
Саълаба
Нечун бундоқ қилурсен, ўғлим?
Умайя
Нима гап, ака?
Абу Зайд
Аралашма, сен.
(Жалолиддин алаҳсираб, ўрнидан турмоқчи бўлади. Мажоли етмай ингранади.)
Саълаба
Қизим, наъматакдан бўлса олиб чиқ.
Умайя
Ҳали тополмаган эдим, энажон.
Саълаба
Сен унга қараб тур, ўзим топарман.
(Чиқади. Умайя йигит қошида ўлтириб, секин қўлини тутмоқчи бўлади. Лекин ийманади. Унга тикилиб қолади.)
(Саълаба чиқиб йигитни муолажа қила бошлайди.)

Абу Зайд
Эна, бас қилинг. Сиз билмайсиз,
Кимга меҳр кўрсатурсиз!
Саълаба
Ҳаммамиз ҳам боласимиз яратганнинг, бил,
Бу ҳам ахир, бир онанинг ўғли эмасми?
Унутдингми сен менинг ҳам она эканим.
(Абу Зайд ғижинади.)
Ибн Аммор
(Қизини четга чақириб)
Сен тоққа бор, қизим, боргил ўшал булоққа.
Шифобахшдур унинг суви, ўзинг билурсен.
Тўлдириб ол кўзани нақ қайнар жойидан.
Сўнг… сен билурсен гиёҳлар кўп тоғ этагида,
Дўлана ва илонқуйруқ, кийик ўт, хуллас
Кўпрок териб келгин баридан.     Бор, қизим, бор.
Тез қайт!
(Умайя кетади.)
Абу Зайд
(Кесатиқ билан)
Ҳа-ҳа, парвона бўлингиз унинг бошида,
Ахир, у сизнингча халоскор шоҳдур.
Аслида-чи, у жаллод…
Ибн Аммор
Бас қил!
Энди менга аён эрур қаҳринг боиси,
Энди аниқ кўрмоқдамен ичи – ташингни.
Сен қонга-қон сўраяпсан Сухайл учун.
Абу Зайд
Сухайлни ўлдирдилар Хоразмийлар.
Унга одам ўлдириш мумкин,
Бизга эса мумкин эмас уни ўлдирмоқ…
Шу тўғрими?
Ибн Аммор
Жангда ҳалок бўлди Сухайл. Ва бир ўзимас,
Шаҳид кетди Сухайлдай не-не йигитлар.
Абу Зайд
Демакки…
(Беҳуш Жалолиддинни кўрсатиб)
Бу жавоб берар барчаси учун,
Қони билан жавоб берар.
Ибн Аммор
Уруш қурбонсиз
Булмас, ахир. Уларнинг ҳам кўпи қирилган.
Абу Зайд
Аммоки бу… Сухайлни қатл этишга
Шахсан буйруқ берган ўзи, бошин кестирган.
Сен ҳам буни эшитгансан, ота!
Ибн Аммор
Урушда
Нима бўлмас, ўғлим, оти ўчсин урушнинг.
Абу Зайд
Урушни ким бошлади? Ким қон истаб келди?
(Ярадорни кўрсатиб)
Мана шу… Ҳа, бош айбдор удур, факат у!
(Сукут)
У бостириб келмаганда дўстим Сухайл
Умри хазон бўлмас эди очилмасидан.
Ибн Аммор
Билурсанки, жасур ва пок ўша дўстингни –
Сухайлни кам кўрмасдим сендан. У ҳам бир
Ўғлим каби менга азиз, муҳтарам эди.
(Сукут)
У акаси Солмонга ҳеч ўхшамас эди,
Қалби нурдай тозалигин биларди ҳама.
Энди уруш сабабига келсак…
Абу Зайд
Йўк, ота,
Керак эмас. Сабаб билан менинг ишим йўқ.
Мен биламан Сухайлни Хоразмликлар
Бошин кесиб қонин тўкиб азоблаганин.
(Сукут)
Гарчи сиздек билгувчи кам Оллоҳ сўзини,
Лекин ҳар ким биладиган ҳақиқат шуки,
Хунга-хундур, жонга-жондир абадул-абад,
Бундан қочиб қутулолмас Хоразмшоҳ ҳам.
Ибн Аммор
Қисматидан қочиб қайга борар бандаси,
Бу дунёда чап берса ҳам жазога одам,
У дунёда қоча билмас боқий азобдан.
Ҳар ким ўрар экканини, Оллоҳ изни шу!
Абу Зайд
Истайманки, сиз паноҳга олган қотил шоҳ
Бу ҳаётда, шу хужрада тортсин жазосин.
Ибн Аммор
Майли, ўғлим, сен айтганча бўлсин, розиман,
Арзи ҳол эт аммо бориб аввал волийга.
Бизнинг тоғлик қишлоққа у бошдир ҳар қалай,
Оқсоқоллар кенгашсин-у чиқарсин ҳукм.
Абу Зайд
Керак эмас волийси ҳам, оқсоқоли ҳам,
Гапим битта, ота. Унинг ажали
Солмон билан иккимизнинг қўлимиздадур.
Ибн Аммор
Сен ўзингни Солмон билан тенг тутма, ўғлим,
Бошқа жойдан олингандур Солмоннинг лойи.
У маҳрумга ўхшар гоҳи фикр этмоқдан,
Иш буюрар фақатгина билак кучига.
Билак кучи билан бирга одам зотига
Ақл кучин ато этган Оллоҳ таоло.
Шунинг билан фарқланадур одам ҳайвондин.
Боргил, ўғлим, волийга бор, арзи хол айла.
Абу Зайд
Ота!!!
(Саълаба киради.)
Ибн Аммор
(Ҳайрон бўлиб турган хотинига)
Волийга бориб,
Хабар бер деб айтаяпман бунга бор гапдан.
Саълаба
Отанг туғри айтар, уғлим. Ҳушига келмай
Ўлиб-нетиб қолса борми… Оллоҳ асрасин.
Абу Зайд
Сиғинаман отам билан сизга мен, эна,
Аммо бугун нима бўлган икковингизга?
Сизлар, ахир, ўзингизга ўхшамайсизлар.
Саълаба
Нима дединг?!
Ибн Аммор
Хафа бўлма.
Саълаба
Тавба де, ўғлим,
Ўғил ота-онага шу сўзларни дерму?
Ибн Аммор
(Гапни буриб)
Сен бор, ўғлим, вақт ўтиб боряпти, ахир.
Абу Зайд
(Жаҳлдан тушмай)
Майли, сизнинг айтганингиз бўлсин, борамен,
Аммо билинг, ноҳақ ҳукм чиқарса волий
Бажараман ўзим сизга айтган сўзимни.
(Ўзига сиғмай чиқиб кетади)
Саълаба
Тушунмадим, ўғлимизни нима жин урди,
Ёки мендин бир нарсани сақлармисиз сир?
Ибн Аммор
Нимани ҳам сир сақлардим сендин, Саълаба,
Сир-синоат сиғарму бу кичик хужрага…
(Алаҳсираётган Жалолиддинни ичкарига олиб киришади. Саълаба дори тайёрлашга чиқади. Ибн Аммор чиқиб гулханга тикилганча ўтиради. Ичкарида Жалолиддин ва Умайя ёлғиз қолишади.
Умайя Жалолиддиннинг пешонасига қўйилган ҳўл румолчани
бот-бот алмаштириб туради. Жалолиддин аста кўзини очади.)
Жалолиддин
Тушимми бу, ё ўнгимми?
Сен Робия? Ў, Робия!
Севгилим, азизам,
Сўйла… Сўйла…
Қандай чиқдинг ёв қуршовидан,
Қандай топдинг мени?
Қандай?!!
Умайя
Аттанг, яна кетиб қолди ўзидин,
Робия… Кимдур ул Робия?
Ҳа, севгилим дедику.
Демакки, ул қуршовда қолган.
Кошки эди яна сўйласа, оҳ,
Кўп ёқимтой экан унинг майин овози,
Унга шифо айла, ўзинг Яратган эгам.
Икинчи куриниш
(Муаззин овози эшитилади. Ибн Аммор ўчоқ четидаги қумғонни олиб, таҳоратга чиқиб келади. Шом номозини ўқий бошлайди. Токчадаги ва хонтахта устидаги шамлар нур тарата бошлайди. Ибн Аммор юзига фотиҳа тортиб ўрнидан туради.)
Ибн Аммор
Нима берар экан энди кираётган тун,
Қандай сиру асрорига этаркан ошно.
Инсоф бергил мусулмону номусулмонга,
Хеч бандангни иймонидин айирма, Тангрим!
(Ичкари хужрадан деворга суянганча Жалолиддин чикиб келади.)
Жалолиддин
Мен қайдамен, отим қани, қани қиличим?
Бу не хужра, қайда унинг соҳиби?
Ким бор?
(Кўзи жим турган Ибн Амморга тушади.)
Ибн Аммор
(Ҳаяжондан энтикиб)
Иншоллоҳ, ниҳояга етди тушингиз,
Бир уйқудин уйғондингиз, ёмон уйқудин.
Жалолиддин
(Ҳаёл ва чин ва орасида тургандек)
Кўз олдимга келди ҳазрат Нажмиддин Кубро,
Худди уни кўргандекмен!
Ибн Аммор
Қуллуқ. Ул ҳазрат
Пир эрурлар фақирга ҳам.
(Яқин бориб омонлашади, ўчоқ бошига суяб ўтқизади.)
Ул мукаррам зот
Шайх Куброни кўрган эрдим илк бор Боғдодда.
Мурид бўлуб ҳазратга мен қўл берган эрдим.
Жалолиддин
(Бир оз ўзига келиб)
Шаҳид бўлдилар.
(Юзига фотиҳа тортади.)
Тиғ кўтариб муғулга тик борганларида
Ҳақ йўлида бошларидин жудо бўлдилар.
Ибн Аммор
Ёраб! Шундай зоти покни ўлдирдилар денг?!
Жалолиддин
(Оғриқдан ўртаниб)
Аҳли ёвуз зот танирму?!
(У ёк — бу ёқни кўздан кечириб)
Дарвоқе, хужра
Соҳиби сиз булурмисиз?
Ибн Аммор
Шу муъжаз хужра
Фақирники эрур, Ибн Аммор камина.
Жалолиддин
Қуллуқ. Айтгил, Ибн Аммор, бул ҳужрангга мен
Қандоқ қилиб келиб қолдим? Сабабчиси ким?
Ибн Аммор
(Қуръони каримга ишора қилиб)
Ушбу илоҳ калом  —  Сўзга қасамки, хужрам
Кутар эрди кўпдан сизни… Хоразмшоҳни!
Жалолиддин
(Оғир нафас олиб)
Шоҳ эмасмен. Шоҳнинг бўлур тахти, давлати,
Менда эрса шу бўйимдин бўлак вақо йўқ.
Ибн Аммор
Боғлаб бермас Оллоҳ таоло тахтни султонга,
Келиб-кетиб турар султонларга тахт, давлат.
Иншооллоҳ тахтда яна собит бўлурсиз
Маъзур тутинг, сўз очганим учун тож-тахтдан,
Рухсат айланг сизга сиҳат тилашга аввал.
(Шоҳ камарини қўлига олиб)
Елка ва қўл суягингиз лат еган қаттиқ,
Қон сачраган мана, сизнинг камарингизга.
Жалолиддин
Камар… Демак, сиз огоҳсиз.
Ибн Аммор
Огоҳмен султон.
Бул хужрадин ҳеч нарсани яшириб бўлмас,
Деворининг қулоғи бор томининг кўзи.
Жалолиддин
Ҳеч қачон ҳам осон бўлган эмас одамга,
Илк қадамдин то сунгиси қадар йўл оғир.
Ибн Аммор
Аммо бизнинг асримизда тала-тўп кўпроқ,
Қанча алам олиб келди бир Чингиз ўзи.
Жалолиддин
Гап Чингизда эрмас, Ибн Аммор.
(Оғриқдан бўшашади. Ибн Аммор кўмагида болишга ёнбошлайди.)
Аввал ҳам
Чингиз янглиғ босқинчилар келган ҳаётга.
Бироқ Чингиз ғалабага енгил эришди.
Падаримиз алдандилар макрга афсус.
(Қийналиб)
Макр… Шоҳлар алдангувчи бўлса макрга
Улус боши ғам-аламдин чиқмас. Юрт улар.
Ибн Аммор
Мени маъзур тутинг, султон, аммо ўзингиз…
Сиз макрга алданмадим деёласизму?
Жалолиддин
Алданмаган бўлсам эрди кош, Ибн Аммор.
(Саълаба киради.)
Ибн Аммор
Тепангизда мижжа қоқмай ўлтирган «Табиб»
Саълаба шу.
Жалолиддин
Ташаккур!
Саълаба
Мингта экан ўғлим жонинг, чидадинг,
Суягингни солиб қўйдим жойига. Сув ич,
Муздеккина.
(Саълаба унга сув ичкизаётганида Умайя киради.)
Умайя
Олиб келдим, эна.
Саълаба
Дарров тутатгил.
(Умайя исириқни тутата бошлайди.)
Ибн Аммор
Кароматдур Саълабанинг турган-битгани,
Нафаси ҳам ўткир эрур, қўли ҳам енгил
Боринг энди, дамингизни олинг, «Табиблар»
Жалолиддин
(Саълабага)
Сизга ҳамда… Қизингизга ташаккур.
Саълаба
Қуллуқ.
(Кетишади.)
Ибн Аммор
Иншооллох, тез оёққа туриб кетурсиз,
Дағи отга минажаксиз, жангга киражаксиз.
Ёвнинг додин беражаксиз!
Жалолиддин
Билурсиз, бул осон эрмас. Маним лашкарим
Қолиб кетган ўшал тоғнинг нариёғида.
Алар мени излаюрлар ҳозир, билурмен.
Ибн Аммор
Қандоқ содир бўлди султон, ўшал касофат,
Яъни, ёғий сизни бирдан қуршаб олгани?
Жалолиддин
Мен Шом сари борур эрдим лашкар йиққани,
Ярим тунда тоғ олдида қўндик ҳордиққа.
Тонгга яқин кўзим кетган эркан уйқуга,
Кўтарилди шовқин-сурон. Тепамга муғул
Нуёнлари келганини кўриб қолдимда
Ҳаётимни топширдим бедовга яна.
Сизнинг ушбу тоққа яқин келган чоғимда
Палахмоннинг тоши келиб тегди елкамга.
Шундан кейин не бўлганин билмаймен. Кўзим
Очганимда шу  ҳужрада кўрдим ўзимни.
Ибн Аммор
Ўз суюкли фарзандларин асрайди Оллоҳ,
Дийдорлашмоқ пешонага ёзилган экан.
Жалолиддин
Лекин ҳамон билолмасмен ҳалоскорим ким,
Бул ҳужрага элтиб қўйди қайси нажоткор?
Ибн Аммор
Ҳужрамизга олиб келган сизни ўғлимдур.
Жалолиддин
Сизнинг ўғлингизми?!
Ўғлингиз ҳам ўзингиздай софкўнгил экан.
Ибн Аммор
Ҳа, жу-да-а меҳрибон
Султон, сизни бир нарсадин этайин огоҳ,
Менинг ҳужрам сизга ўлим ҳозирлаб турар.
Жалолиддин
(Ҳайрон)
Ҳужра… Ўлим ҳозирлар? Қизиқ…
Ибн Аммор
Ҳа, турфа
Ўйинлари кўпдур кажрафтори – дунёнинг.
Гап шундаки, менинг ўғлим сизни ул тоғдин
Ўлдиргали олиб келган экан ҳужрага.
Жалолиддин
Ўлдиргали олиб келган? Не учун?
Ибн Аммор
Бизнинг
Сухайл отлиғ бир ўғлимиз – бўлажак куёвимизни
Ўлдирганлар жангда сизнинг амрингиз билан.
Унинг хунин талаб қилар сиздин Абу Зайд –
Ўғлим… Ҳамда Сухайлнинг акаси Солмон.
Жалолиддин
Шундайми?
Ибн Аммор
Ҳа шундай, султон. Ҳукм Оллоҳдин!
(Ташқарида шовқин, таҳлика, дағдағали овозлар эшитилади. Шошиб Саълаба ва Умайя киради).
Саълаба
Муғуллар… Бир тўп мўғуллар…
Умайя
Тинтув қилар уйларни, узоқ-яқинни.
Ибн Аммор
Мўғуллар?!  Қайдин пайдо бўлиб қолмиш алар?

Жалолиддин
(Осойишта)
Алар мени излаюрлар.
Ибн Аммор
Сизни? Астағфируллоҳ!
Жалолиддин
Шулар мени то тоққача қувиб келганлар.
Ибн Аммор
Султон, ичкарига этинг марҳамат,
Ушбу деворлар метиндан ҳам маҳкам эрур.
Жалолиддин
Йўқ, Ибн Аммор, менга қилич беринг.
Саълаба
Қилич беринг? Дармонингиз йўқ ахир, султон.
Йўқ, ичкари юринг биз билан.
Ибн Аммор
Тўғри айтар Саълаба, йўқ деманг, султон.
Жалолиддин
Мен бировдин яшириниб яшамаганмен,
Дағи дерман, қилич беринг тезроқ.
Ибн Аммор
Аввал соғайинг!!!
Умайя
Отам тўғри айтадурлар, юринг тезроқ.
Фурсатни бой бермоқлик ўлимла баробар!
(Жалолиддин аёллар раъйига буйсунади).
Саълаба
Тез бўл, қизим, вақт зиқдир, бошла султонни.
Бўлиб турай мен шул ерда, отанг ёнида.
(Жалолиддин ва Умайя кетади).
(Шу пайт  ширакайф курд йигитлари киришади. Улар нимадандир мамнун, руҳлари баланд. Ўзларича рақс тушишади).
Саълаба
Э, бу сенларми йигитлар…
Ибн Аммор
Кўчадаги ул не шовқиндур?
Биринчи йигит
Муғул башара одамлар
Кимнидир излаб юрурлар.
Ўтиб кетдилар нари кўчага.
Ибн Аммор
Хўш, бул ташрифнинг, бул шодликнинг
Боиси недур?
Биринчи йигит
Боисими? Э, боиси зўр.
Аввал айтинг Абу Зайд қани?
Саълаба
Нечун керак сизларга ўғлим?
Иккинчи йигит
Шунинг учунким Абу зайд ила
Нақ хазина топиб олганмиз.
Саълаба
Хазина?
Учинчи йигит
(хурсандлигидан ўйинга тушиб)
Ҳа-а, хазина. Хазина!
Саълаба
Сен ичганга ўхшайсан ҳаммадан кўпроқ.
Учинчи йигит
Ҳа, ичганман, яна ичаман.
Ҳаммамиз ичамиз яна.
Биринчи йигит
Сен кўп алжирайверма.
(Ибн Амморга)
Ушлаб олгандик бир бойваччани биз,
Уни олиб кетган эди Абу Зайд.
Билурмиз, ул бойвачча
Сизнинг ҳужрангиздадур.
Иккинчи йигит
Унинг белидаги олтин камари
Етади қишлоқни бир йил боқишга.
Учинчи йигит
Фақат қишлоқнимас, бори овулларни
Етади бош оёқ кийинтиришга.
Биринчи йигит
Ҳа, ана шу бойликни ювдик олдиндан.
Нега кўринмайди Абу Зайд?
Ибн Аммор
Уми? Келиб қолади ҳозир.
(Ташқарида ғала-ғовур эшитилади. Йигитлар кетишади. Абу Зайд оқсоқолларни бошлаб киради).
Учинчи кўриниш
(Ўша жой. Ибн Аммор ва оқсоқоллар, тоғлик йигитлар. Оқсоқолларнинг  авзойи бузуқ).
Ибн Аммор
Юзингизда жаҳл кўриб қаро тун янглиғ
Не дейишни билмай колдим.
Абутолиб
Юзимизда жаҳл бўлса бесабаб эрмас,
Қани ўшал Хоразмшоҳ, ўшандан гапир.
Ибн Халлож
(Қўлтиқ таёғини тўқиллатиб)
Лол бўлмаган бўлса агар, саволимизга
Жавоб берсин.
Ибн Аммор
Қандай савол?
Сайфий
(Чўрт кесиб)
Сенга даҳли йўқ,
Саволларга ундан жавоб олмоққа келдик.
(Жалолиддин аста чиқиб, зимдан сўзга қулок тутади).
Ибн Аммор
Жалолиддин ярадордур, жисми ногирон,
Унга ҳозир савол эрмас, малҳам керакдур.
Ибн Халлож
Етар агар калимага айланса тили.
Чақир!
Ибн Аммор
Эсингни йиғ, Ибн Халлож, ахир, у шоҳ-ку!
Ҳамкишлоғинг эдимики, саволга тутсанг.
Абутолиб
Ҳа, у шоҳдур, Ибн Аммор, лекин қандай шоҳ,
У бостириб келган бизнинг юртга,
Гуржистонга, унутма.
Тоғлик йигитлар
— Э, ҳа, у шоҳ экан-да.
— Қайтанга яхши.
— Бойлиги чек билмас шоҳларнинг.
— Бир думалаб бойвачча бўлдик деявер.

Ибн Халлож
(Ибн Амморга)
Чақир. Жони бўлса чиқсин. Салом берайлик…
(Оёқда базур турган Жалолиддин бор кучини йиғиб, аста чиқади, ўзини хотиржам тутади).
Жалолиддин
Мана ўзим чиқиб келдим,
Не гап бўлса эшитишга тайёрмен.
Ибн Аммор
Булар
Қишлоғимиз волийси ва оқсоқоллари.
Хув чеккада турган маним ўғлим Абу Зайд.
(Жалолиддин йигитга зимдан боқади, унинг кўзларида қаҳр-ғазаб кўради).
Жалолиддин
(Ибн Амморга)
Меҳмон каби нечун турар у бир чеккада?
Абу Зайд
(Пичинг билан)
Отам сенга берса нетай уйнинг тўрини,
Ҳамма иззат-ҳурмат сенга, сен шоҳсан, ахир.
Ибн Халлож
(Заҳарханда билан)
Шоҳ бўлганда қандоқ шоҳ-а, қандоқ саркарда,
Поёндоз ҳам тушолмадик бундоқ йўлига…
Жалолиддин
(Жаҳл билан)
Жалолиддин Мангуберди исмим, чарх билур,
Ер-юзининг учдан бири менга мулк бўлур.
Гарчи ёвлар мулки покни ғорат этмишлар,
У манимдур, у туркники, Туронникидур.
Хоразмдай буюк маъво менга тож берган,
Маън этаман беҳурмат сўз айтмоқни сизга.
Абутолиб
(Оқсоқолларга)
Адолатли сўз керакдур пичинг ўрнига,
Ким қўйибди истеҳзони оқсоқолларга.
Ибн Халлож
(Жалолиддинни кўрсатиб)
Ўзин тутишини қаранг, худ шоҳи олам,
Э, ўргилдим мен сендақа қуруқ подшоҳдин.
Жалолиддин
(ғазабини босиб)
Тўғри, менинг ҳозир на тож, на-да тахтим бор,
На остимда отим бору на қўлда тиғим.
Кучимни-да емирдилар жароҳатларим.
Лекин менинг кўзим ҳали узоқни кўрар,
Сиз кўрмаган уфқларни илғашга қодир.
(Ибн Халложга)
Кўриб турар сенинг ичи-ташингни кўзим,
Кўриб турар қора дилинг, чиркин миянгни.
Сенга ялоқ кераклигин кўраяпман мен,
Ялоқ берсам сенга ўчар эди унларинг.
Афсус сенга берадиган ялоқ йўқ ҳозир.
Қон яламоқ бўлса ишинг ялоқ не ҳожат,
Мана, келу қонларини яла ярамнинг.
(Елка, қўл ва оёқларга боғланган рўмолларни ечиб ота бошлайди).
Мана, сенга қон керакса, мана, ол, мана,
Менга ортиқ керак эрмас қоним ва жоним.
(Буни куриб Абу Зайд беихтиёр олдинга бир қадам юради.Сўнг аранг ўзини тўхтатиб орқасига тисарилади).
Ибн Аммор
Жалолиддин!!! Жонингизга келсин раҳмингиз,
Ўз ярасин ким тирноғи билан қонатур?!
(Ичкарига)
Саълаба, ҳой Саълаба, чиқ, султонга қара,
Астағфируллоҳ, воажаб!
(Саълаба киради).
Саълаба
Нелар бўлмоқда?
Ё тавба! Ким йиртди барин?
Ибн Аммор
Ҳозир билурсен, Ярасини бойла аввал,
Қонини тўхтат.
Жалолиддин
Керак эрмас, ҳожати йўқ.
Саълаба
(Абу Зайдга)
Қарашвор, ўғлим.
(Абу Зайд юзини тескари ўгиради).
Ибн Аммор
Ўзим сенга қарашаман, қани, бўлақол.
(Жалолиддин онанинг раъйини қайтараолмай унга бўйсунади. Саълаба яраларни боғлагач Ибн Аммор икколови султонни авайлаб, тўнка ўриндиққа суяб ўтқизишади. Ўриндиқ бир қадар юқори жойлашганидан Жалолиддин гўё тахтда ўтиргандай таассурот туғдиради).
Жалолиддин
Неча йилки, кундуз бўлсин ва ёки кеча
Қилич сопин қўйвормади маним қўлларим.
Мен ўлимдин зарра бўлсин ҳайиққаним йўқ,
Кўз кўради не ёзилган бўлса манглайга.
Аммо ноҳақ айбу туҳмат ўлимдин оғир,
Тоқатим йўқ эшитмоққа ноҳақ сўзларни.

Абутолиб
Сенга ноҳақ сўз айтмоққа келганимиз йўқ,
Ўз оғзингдин эшитмоққа келдик бор гапни.
Аввало, айт, Сухайлни нечун ўлтуртдинг?
Жалолиддин
Уруш билмас Сухайл ким ва бошқаси ким.
Абу Зайд
Тўғри, уруш жон танламас. Қўли, кўзи қон,
Лекин сен-чи? Сен одамсен, ахир, гар шоҳсен.
Сен билишинг керак кимни қатл этурсен?
Абутолиб
Эшитдикки, жанг чоғида йигитларимиз
Мағлуб бўлуб бари сенга асир тушмишлар.
Сен шуларнинг орасидин бўйунсунмаган
Бир нечтасин қатл этишга амр қилгансен.
Шулар аро бўлган эрмиш бизнинг Сухайл.
Саълаба
(Гарангсиб)
Сухайлни қатл эттирган ҳали сенмисен,
Қандай қўлинг борди уни ўлдирмокликка?
Абутолиб
Ул юлдузи эрди ушбу масканнинг.
Ибн Халлож
Бале!
Абу Зайд
Биз кўрмаган суратларни кўрар эди у,
Кўрар эрди етти қават осмонни.
Ибн Халлож
Бале!
Абу Зайд
У шундай бир сурат яратмоқчи эдики…
Кўрар кўзи эди Сухайл Оллоҳнинг.
Ибн Халлож
Бале!
Саълаба
Ростингни айт, уни қатл этган сенмисен,
Сенми Оллоҳ бизга берган нурни сўндирган?

Жалолиддин
(Қийинчилик билан ўриндиқдан пастга тушаркан)
Тиниқмоқда хира тортиб қолган хотирам,
Жанг лаҳзаси тирилмоқда энди ёдимда.
Неча кунлик савашдин сўнг тоғнинг устига
Чиқиб мағлуб этдик бизга қарши черикни.
Асир тушган отлиқлардан шунда бир йигит
Менга қараб бақирди бор овози билан.
Дедиким, сен, Жалолиддин… Чингиздан ёвуз,
Чингиздан бешбадтар қонхўр босқинчидурсен.
Ибн Халлож
Хақиқатни айтган экан Сухайл, бале.
Сайфий
(Қутуриб)
Сен босқинчи бўлмай кимсан?
Жалолиддин
(Сайфийга ташланмоқчи бўлиб)
Бас қил!
Сайфий
Чиранма,
Дағ-дағангдан қимирламас битта мўйим ҳам.
Ибн Халлож
Энди сенинг давринг ўтди, шоҳлигинг битди.
(Ҳассасини кўтариб Жалолиддиннинг устига бостириб боради).
Омон қолган жойинг бўлса ўзим ёраман.
Ибн Аммор
(Йўлини тўсиб)
Ибн Халлож!
Ҳаддингни бил, сен меҳмонсан менинг ҳужрамда.
Сайфий
Менинг ҳужрам дея бизга ҳакамлик этма.
Менинг ўзим бу қаттолнинг додин бераман.
(Жалолиддинга хезланади)
Абутолиб
Тўхтатинглар ғавғони. Бас!
Қўл кучимас, ҳозир бунда керак тил кучи.
(Жалолиддинни кўрсатиб)

У жавоб бераяпти бизнинг саволга,
Сўйлашга беринг.
Жалолиддин
Сизлар мени ўлдирмоққа тайёрсиз ҳозир,
Ўйлайсизки, қатл этсангиз шу билан мен йўқ.
Билмайсизки, тиғ тортсангиз-да менинг бўйнимга
Сизлар мени ўлдирмоққа қодир эмассиз.
Сиз шундайин тоифасиз бадбахт туғилган,
Мени Чингизга тенг этган ўша йигит-чи?
У сизларнинг тоифага кирмас эди, йўқ.
Кўрдим унинг кўзларида ўшанда бир ўт,
Ёнар эди унинг қалби икки кўзида.
Яшашга ҳам, ўлимга ҳам қодир эди у.
У танлади иккисидан бири – ўлимни,
Мен амр этдим ўлдирмоққа уни!
Абутолиб
Ёраббий!
(Сукут)
Саълаба
Қизимизга уни куёв қилмоқчи эдик,
Фарзанд бўлар эди Ибн Амморга, менга.
Ибн Халлож
Сени бахтдан жудо этган мана шу қотил,
Буни ўлдирганнинг кўкаради касови.
Сен заҳарлаб ўлдир, уни, Саълаба, ўлдир.
Ибн Аммор
Сен бировга ўлим тилаш ўрнига Халлож,
Умр тила ўзингга, ҳа, умр тилагил.
Жалолиддин
(Хаёлга берилиб)
Чингиз билан тенг этмаса эди мени у…
Саълаба
Чингиз деган билан Чингиз бўлиб қолмасдинг,
Кечиримли бўлсанг пича нетарди.
Жалолиддин
Чингиз
Номини йўқ эшитмоққа тоқатим асло.
Юз минглаган жонни қурбон айлаган малъун
Билан мени тенглаштирди. Ўзни йўқотдим.
Сайфий
Аввал бошдан шундоқсан-ку.
Ибн Аммор
Алжима, Сайфий.
Сайфий
Абутолиб!
(Жалолиддинни кўрсатиб)
Айтгил унга менинг кимлигим.
Абутолиб
Саройда бу Русуданнинг муншийси эди,
Қиролича қочиб кетгач қайтди қишлоққа.
Жалолиддин
Нега менинг хизматимга ўта қолмадинг,
Русудандан кўпрок тўлар эдим балки ҳақ.
Сайфий
Сенга хизмат этганимдан кўра ўлганим
Яхшироқдур. Ғорат этдинг сен бу ўлкани.
Булар билмас Русуданга ёзган хатингни.
Жалолиддин
Русуданга ёзган хатим сирмас ҳеч кимга,
Ўзгалардан яширмоққа уни йўқ ҳожат.
Сайфий
Русуданга севги изҳор айлаб хатингда
Тўй қилмоқчи бўлганингдан кўплар бехабар.
Русуданнинг сенга жавоб хатин ёзган ким?
Мунший Сайфий, яъниким мен. Тўйлар муборак!
Саълаба
Бир ўлимдан хабари йўқ мунший Сайфийнинг,
Русуданни севиб қолган эдингми ростдан?
Ибн Халлож
Э, бу аввал севган Озар маликасини,
Сўнг дилидан урган Гуржи қироличаси.

Жалолиддин
Бунга эмас, сенга айтай она Саълаба,
Сенга очай дилимни, сен, ахир, онасан.
Сайфий
Ишонма, бу она сўзин тил учи айтар,
Ўз онасин дарёга ғарқ этган одам шу.
(Жалолиддин жароҳатини писанд этмай, Сайфий олдига бориб, бир қўли билан уни ёқасидан олади)
Жалолиддин
Сен онамга тил теккизма, теккизакўрма.
(Сайфийни улоқтиради, у ўчоқ бошига бориб йиқилади, Жалолиддин ўз танидаги оғриқ зўридан букилиб ўтириб қолади. Ибн Аммор ёрдамга шошади. Жалолиддин унга яна ташланади. У шер янглиғ ўкиради).
ПАРДА

ИККИНЧИ ПАРДА

ТЎРТИНЧИ  КЎРИНИШ

(Ўша жой. Отлар безовта кишнайди. Бешафқат жанг лахзалари Жалолиддин ҳаёлида тикланади. Момогулдирак, чақмоқлар остида болаларнинг, хотинларнинг қий-чуви эшитилади. Жалолиддин аста-секин ўрнидан туради. Синд дарёси бўйидаги дахшатли воқеани эслай бошлайди).

Жалолиддин

Чингиз билан сўнгги жангда, дарё бўйида
Фавқулотда уч томондан ўраб келди ёв.
Дарё пастда оқиб ётар эди буралиб,
Қолмаганди шундан бўлак борар йўлимиз.
Ё ўлмоқлик ёки ёвга асир тушмоқлик…

(Абу Зайд ҳам таъсирланиб эшита бошлайди).

Асирликдан афзал билди онам ўлимни,
Менга деди:

Ойчечан
Жалолиддин, ўғлим, кўзим оқу қораси,
Ёвуз итлар қоптиларми елкаларингдан?!
Кел, қўлингни бойлаб қўяй рўмолим ила.

Жалолиддиннинг овози
Хожат ермас, куюнмангиз асло, онажон,
Ҳоли нечук ночорларнинг, норасталарнинг?

Ойчечан
Улар дили булутлардан вахимададир,
Гўдакларни чўчитмоқда момогулдирак.
Улар мусаффо кўкни, ой қуёшни
Балки энди кўра олмаслар.
Бундан асло синиқмасин кўнглинг ва рухинг,
Сенинг ўткир нигоҳингни кўриб ўрганган
Лашкарингнинг юрагига тушмасин ғулув.
Шуни билки, инқирозга юз тутган юртнинг
Сен суянчи ва охирги нажоткорисан.

Жалолиддиннинг овози
Бегуноҳ ва мурғак диллар тасаллига зор.
Айтингизким, булутларнинг ортида қуёш
Эрк қушидек қанотларин силкитиб турар.
Худди аждар хамласидан полапонларни
Асрагучи балогардон она қуш каби
Барисини қанотингиз остига олинг.

Ойчечан
Ўғлим, сени паноҳида ўзи асрасин,
Бошинг омон чиқсин ўтдан самандар мисол.
Бизни эса… Ўз қўлинг-ла оқиз дарёга,
Ўлган яхши шу Чингизга асир тушгандан.

Жалолиддиннинг овози
Йўқ, онажон, йўқ.
Мени армон ўтларига ташламанг, Она,
Шафқат билмас қайнаб ётган ёвуз гирдоблар.

Ойчечан
Аммо Чингиз чанггалидан афзалдур гирдоб,
Гирдоб мазах этмас, гирдоб шармисор этмас.
Оч йўлбарсдай бир ҳамлада ютар-да кетар
Сен отингни дарёга сол, ўғлим,
Қасос олгил вақти келиб ёвдан биз учун ҳам!

Жалолиддиннинг овози
Ё раббий! Ким ўз онаси, хотин, боласин,
Ўз жигарин ўз қўли-ла ташлар гирдобга.
Дунё пайдо бўлиб бундай ўғил кўрганму,
Бундан кейин кўрарму!

Ойчечан
Айтганимни бажар ўғлим, тезроқ бўл.

(Ҳужрадаги ҳолатга қайтилади).

Саълаба
Сен рози бўлдингми?

Жалолиддин
На илож!
Сайфий
Ҳа, ана шунақа,
У ғарқ этган ўз онасин ўз қўли билан.

Жалолиддин
Фақат онамнимас, хотин, фарзандимни ҳам
Оқизганман ўшал маъшум дамда дарёга.

Саълаба
Онанг жўмард бўлган экан.
Абу Зайд
Довюрак экан!

Саълаба
Гар онангнинг ўрнида мен бўлсам шу зайл
Балиқларга ем бўлардим асир тушгандан.

(Кутилмаганда ўғлига юзланиб).

Не қилардинг, Абу Зайд сен, ўша аснода?

Абу Зайд
Менми? Сени мингаштирар эдим отимга.

Саълаба
Хотининг ва ўғлингни-чи?

Абу Зайд
Йўқ, сизлар билан
Оқиб кетар эдим мен ҳам. Сизсиз яшамоқ
Азобидан ўлган афзал.

Жалолиддин
Мен шул хақда
Ўйлаганман ул қирғоқда онам қошида.
Оқиб ўлиб кетмоқ осон, Абу Зайд, осон,
Аммо мени, бизни, элни шу холга солган
Ёвни ташлаб оқиб кетмоқ… Ундан ўч олмай,
Тиз чўктирмай уни ўлмоқ мумкин эмас, йўқ!

Сайфий
Шундан кейин Гуржистонни тиз чўктирдинг сен.

Ибн Халлож
Тиз чўктирдинг Озарбайжонни.

Жалолиддин
На унда, на бунда ўчим бор эди менинг,
Бўлган эмас орамизда зарра хусумат.
Билъакс, бир-биримизга меҳр кўргузиб,
Неча замон маҳкам тутдик дўстлик риштасин.

Абутолиб
Ул риштани нечун уздинг?

Жалолиддин
Мен узганим йўқ,
Мушкул дамда икковидан вахдат истадим.

Ибн Халлож
Вахдат истаб ўлдурдим де одамларни.

Жалолиддин
Мен қон тўкмаслик учун битдим Русуданга хат.
Жонимизни бир-бирига пайванд этмоқни
Ихтиёр айладим.

Сайфий
Рози бўлса, майли, йўқса, қонин тўкасан?

Жалолиддин
Чингиз билан олишмоққа даркор эди куч,
У қўл чўзган эди Озар ва Гуржи сари.
Унинг қонли қўлларини кесмоқ шарт эди.
Бунинг эса битта йўли бор эди-вахдат,
Яъни бирлик! Афсус, мени тушунмадилар.

Абутолиб
Мен ҳам сени тушунмайман. Озар ва Гуржи
Не истаса ўзи билар. Ўз ҳолига қўй.

Жалолиддин
Гар сен мени тушунмасанг бундан ҳеч кимга
Тирноқча ҳам озор етмас. Бироқ подшоҳлар
Бир-бирини тушунмаса қўпар қиёмат.
Ўз ҳолига ташлаб қўйсанг Озар, Гуржини
Чингиз уни буғиб ташлар мисоли аждар.
Сўнг армани, ёқут, можар – ҳаммани буғар,
Бирлашсак-чи, буға олмас биттамизни ҳам.

Ибн Халлож
Сенинг тиғинг эди қонталаб,
Мен кўрганман сени Қазвин остонасида.

Жалолиддин
Кўрган бўлсанг кўргандирсан саваш олдида,
Ундан аввал Отабекка йубордим элчи.
Айтдим. Келгил, бирлашайлик. Бирлашиш қайда,
Дарвозасин тақа-тақ у ёпти.

Ибн Халлож
Гар  касофат босиб ўша пайтда Қазвинга
Қизимни бир кўрайин деб бормаган бўлсам
Билмас  эдим сенинг унда қилган ишларинг.
У ерда ҳам макр ишлатдинг. Маккор экансан.

Сайфий
Айт, ичингда қолиб кетмасин.
Аввал айт, бу қандай қилиб йўлдан оздирди
Отабекнинг рафиқаси – Маликани. Айт.
Ҳамма бало ана шундан бошланган.

Ибн Халлож
Бале!
Севаман деб Маликани йўлдан оздирган.
Лаққа тушиб дарвозани очган Малика.

Саълаба
Сен аёлни алдадингми?

Жалолиддин
Тангрига қасам,
Бунинг сўзи бошдан-оёқ сохта ривоят.

Ибн Халлож
Барчасига мана шу кўз, қулоғим гувоҳ.
Ўша жойда оёғимдан ажрадим.
Ўша пайтда Маликани илинтирди бу.

Саълаба
Никоҳингга олганмисан? Эл олдидан ўтганмисан?

Жалолиддин
Гарчи изхор мавруди эмас,
Воқеани энди айтмай бўлмас.
Бирлашмоқни рад айлагач қайсар Отабек,
Мен шахарни қамал этдим.

Ибн Халлож
Бале!
Ибн Аммор
Шошилма, бердисини эшит, Халлож.

Жалолиддин
Бир кечаси жангдан кейин…
Маликадан мактуб олдим,
Яъники таклиф.

(Жалолиддин ҳаёлида Малика жонланади).

Малика
Муҳтарам султон!
Очиқ сўзим балки сизга туюлар эриш.
Юрагимда неки бўлса айлагум иншо,
Хоҳ маъқулланг, хоҳи менинг устимдан кулинг.
Мардлигингиз овозаси эллардан ошган,
Огоҳ эдим мен ҳам Сизнинг қиёссиз ақл,
Сизнинг Жайхун каби ўжар кучдан, қудратдан.
Аммо Сизни ўз кўзим-ла кўрмоқ бахтига
Минг шукурким, Оллоҳ бугун этти мушарраф.
Кузатаркан жангни, кўрдим сизни оқ отда,
Бир нур келди дарвозанинг тирқишларидан.
Менинг кўзим, дилим, ақлим унга бўлди ром,
Оллоҳ, дедим, бу қандайин мусаффо шуъла,
Бу қандайин тизгинсиз куч, уммоний қувват.
Сизни комил этиб берган Оллоҳга қасам,
Ўзга бир шоҳ йўқ оламда Сиздай паҳлавон,
Сиздай доно, Сиздай марду Сиздай шиддаткор.
Ҳамлангиздан даф бўлажак Чингиз босқини,
Озарни ҳам ул офатдан сақлагучи – сиз.
Гар ваҳдатни тан олмайди эрим Отабек,
Бироқ сизга мадад қўлин чўзади Озар.
Эрта тонгда очилажак Сизга дарвоза,
Уни пинҳон мен очурман, қилинг марҳамат!
Юрагимнинг эшиклари ҳам очиқ сизга.

Ибн Аммор
Қандай доно аёл экан Маликабону.

Сайфий
Қандай сотқин аёл десанг бўлар тўғрироқ.
Босқинчига дарвозани очган-а. Хоин.

Саълаба
Маликани мен хоин деб айтолмайман,
У очтирган дарвозани Озарни ўйлаб.

Ибн Халлож
Қўй, Саълаба, калласида унинг Озармас,
Ишқ, маишат васвасаси бўлган, вассалом.

Жалолиддин
(Ибн Халложга)
Беш дақиқа аввал мени чалпаб қорага
Маликани йўлдан урдинг дея айбладинг.
Унинг сўзин эшитишинг билан турланиб
Маликани юзи қаро этмоқ истайсан.

Ибн Халлож
Сотқин у,
Юртин сотиб, эрин сотиб сенга тегди-ку.

Жалолиддин
У бажарди юрагининг айтганини,
Виждони не амр этса айлади адо.

Саълаба
Қанийди
Аёлларни шу султонча севса хар эркак.

Жалолиддин
У Туркистон юрагига Озар қалбини
Қовуштирган ва Чингизнинг йўлин тўсишга
Қодир бўла олган мард ва жасур аёлдир.

Абу Зайд
Мен хам худди шундай фикр этурман.

Ибн Аммор
Биз не қилдик ўз юртимиз тақдири учун,
Хозир унинг устидаги қора булутни
Қувмоқликка қодирмизми?

Абутолиб
Қодир эмасмиз.

Абу Зайд
Менинг ақлим таажжубда волий сўзидан,
Волий қишлоқ боши эрур, шу ер отаси.
Магарким, у ўз юртига келган офатни,
Касофатни даф этишнинг йўлин билмаса,
У қандайин волий бўлди, у қандай сохиб?

Абутолиб
Ибн Аммор, ўғлингга айт, тилини тийсин.

Жалолиддин
Бу хужрада сўз янгради илк бор бежилов,
Гўё кириб келди тоза баҳор нафаси.
Қони қайноқ ёш йигитнинг ёниқ юраги
Қабул қилмас иложсизлик ўкинчларини.
Тўғри сўзнинг аччиғига чидамоқ даркор.
Дарҳақиқат, юртбошилар қўрқоқ бўлсалар,
Оғзидагин олдиради бечора улус.

Абутолиб
(Абу Зайдга)
Уни ўлаётган чоғингда елкангга ортиб
Келганингнинг боисини тушундим энди.
Тушундим мен нега уни даволар онанг,
Нега отанг парвонадур унинг бошида.
Сиз қишлоқни топширмоқчи экансиз унга…
Мен волийман бу қишлоққа. Токим ҳаётман
Волийликни ҳеч кимсага бермайман.

Саълаба
Тавба!
Абу Зайд
(Жалолиддинни кўрсатиб)
Ўлдирмоққа олиб келган эдим мен.

Абутолиб
Бўлмаган гап. Ўлдирмоққа мени тайёрсан.

Жалолиддин
(Ўрнидан базўр туриб)
Ибн Аммор,
Миям ортиқ дош беролмас, кирай ичкари.
(Қаддини рост тутишга харакат этиб ичкари
кетади.)

Ибн Аммор
Саълаба, бор, ёрдам керак бўлар султонга.

Саълаба
Рухсат айла икки оғиз сўзим бор
Аввал бошда билганим йўқ ким бу ногирон,
Ким бўлса хам ахир, одам боласи, дедим.
Ярасига малҳам бўлмоқ истадим унинг.
Кейин билдим шоҳ эканин шону шавкатли.
Лекин волий сўзи ўқдай тешди жонимни,
Хизматимга тухмат қилди. Волий бўлар деб
Даволаган эмишман-а, қандай разолат.
Абу Зайд
Ота, қайтиб олсин Абутолиб сўзини.

Абутолиб
Нега қайтиб олар эканман?
Сиз оёққа турғизмоқчи бўласиз уни,
Истайсизки, яна отга минсин.

Ибн Аммор
Ҳа, менинг умидим шуки
Жалолиддин тезроқ турсин оёққа
Ва отга минсин.
Эрта-индин сен ҳам, у ҳам, мен ҳам – ҳаммамиз
Қолажакмиз келаётган тўфон ичинда.
Қиёматдан унинг асло фарқи бўлмагай.
Самарқандни супурди у, Урганжни ёқди,
Бухоронинг кулларини совурди кўкка.
Энди навбат бизга келди, бизларга келди.

Абутолиб
Самарқандни, Бухорони Жалолиддининг
Нега сақлаб қололмади агар зўр бўлса?

Ибн Аммор
Йўл берсалар сақлаб қолар эди бегумон,
Йўл берайлик энди унга бизлар лоақал.
Улуғларга қасамки, йўқ хозир Туронда
Жалолиддин каби бир шоҳ, мард нажоткор
Уни йўллаш даркор мўғулларнинг устига
Жалолиддин Мангуберди олдида улар
Бир оч бўридурлар, бу эса шердур.

Абу Зайд
(Ўз-ўзига)
Қанча олис отам билан улар ораси,
Мен буларни оқсоқол деб — оқил одам деб
Билар эдим. Ҳаммасининг ичи пуч экан.

(Жалолиддин чиқиб кела бошлайди. Унинг
орқасидан Саълаба киради).

Сайфий
(Ибн Халложга)
Билишимча ўлимидан олдин отаси
Олтинларни бунга берган. Хаммаси бу Хоразмшоҳда.

(Тоғлик йигитлар киришади. Улар олд
сахнада гапга қулоқ солиб туришади).

Ибн Халлож
(Ҳаммага эшиттириб)
Ҳа-ҳа, офтобга мушук бекорга чиқмайди,
Буни Абу Зайд уйига бекор олиб келмаган.
Ҳамма олтин шу хужрада.

Абу Зайд
Етар. Ортиқ чидаб бўлмас бу тубанликка,
Шармандали томошани бас қилмоқ даркор.

Жалолиддин
(Сайфийга)
Яширмайман, қойил қолдим туллаклигингга,
Дарҳақиқат, қирқ туялик олтинлар менда.

Сайфий
Ана, Ибн Халлож, менинг айтганим келди,
Сен бўлсанг, бир ишондинг, бир ишонганинг йўқ.

Ибн Халлож
Хозирда хам ишонгим йўқ.
Лақиллатмоқчи бизларни у.

Жалолиддин
Ў, лақиллаб бўлган одамсиз,
Сездим буни сиз эшикдан кирган захоти
Лекин менга ишонмасдан чакки қиласиз,
Айтганим рост, бари олтин менинг қўлимда.

(Қўлтиғидан оғзи бурмали бежирим халтачани
чиқаради)

Исботига, мана, хамир учидан патир,
Олинг!
(олтин тангаларни сочиб юборади)

Сайфий
Айтдим. Айтдим сенга, эй, Ибн Халлож!

(Сайфий ва Ибн Халлож ўзларини тангалар устига
ташлаб, бир-биридан кўпроқ териб олмоқчи
бўладилар. Олд сахнадаги йигитлар кириб уларга
ташланади. Бари очкўзлик билан бир-бирини туртиб-
суртиб тангаларни йиғиб ола бошлайди).

Абу Зайд
(ўз-ўзига)
Мана, кимлар раҳнамолик этарлар бизга,
Кимлар бизга бурч, иймондан ўгит берурлар.
Очкўз экан яхши деган жўраларим ҳам.
Оқил экан Жалолиддин султон. Бизларга
Бу юхолар башарасин аниқ кўрсатди.

Саълаба
Олтин қурсин, жинни этса одамни шундай.

Ибн Аммор
Бас қилинглар! Мен сизлардан хазар этаман.
Ибн Халлож
Сенми бизга дашнон қилган?

Сайфий
Хақорат этган сенми бизни?
Олган бўлсак, мана, беш-олти танга олдик.
Аммо сен-чи? Султоннинг барча
Олтинига кўз тиккансан.

Ибн Халлож
Олиб ҳаммасин
Яширгансан хотинингнинг бўғчаларига.

Саълаба
Вой, каззоблар, вой, юзсизлар.

Ибн Аммор
(ўзини бошқара олмай)
Яширган бўлсам олтинларни
Бўғчалардан чиқиб қочмайди.
Ҳеч қаёққа чиқиб қоча олмас ҳужрадан.
Мана, бўғча, мана, сандиқ.

(уларни очиб нарсаларни олиб ота бошлайди)

Мана, кўрпа-ёстиқлар,
Қара ва ол, титкилаб кўр астарларини.

(ичкари ҳужрага кириб, турли ашёларни олиб чиқиб,
сочиб отади).

Мана, олтин, мана, олтин. Олинг, иблислар.

Саълаба
Вой, отаси, сал тинчланинг.

(Ибн Аммор Сайфий билан Ибн Халложни
ёқаларидан тортиб, ашёлар устига энгаштиради).

Энгаш, энгаш, кўр кўзларинг билан кўриб ол.

Абу Зайд
(Сайфий ва Ибн Халложни куч билан отасининг
қўлидан ажратиб оларкан).

Ота, бу кир ёқаларни қўйиб юборинг,
Ифлос этманг қўлингизни!

Жалолиддин
(Буткул ҳолдан тойганча).
Кечир мени, Ибн Аммор, шаккоклигим-чун,
Сени хафа қилишимни билганимда мен
Йўқ нарсани бор деб айтмасдим, ахир.
Кўрсатмоқчи бўлдим булар ичи-ташини,
Пушаймонман лекин энди қилган ишимдан.

Саълаба
Уни ўкинтирган сенмас, мана булардур.

Жалолиддин
Булар бари сафсатабоз экан ва лақма,
Бир-биридан ўзар экан лўттибозликда.
Отамнинг қирқ туялик олтинлари ҳақида
Ривоятлар, афсоналар тўқиб,
Авом ичра тарқатган ҳам шундай лақмалар.

Ибн Аммор
Султон тақдири
Аслин олсак ҳаммамизнинг тақдиримиздур.
Унга шифо тилайлик-да
Учқур отга миндирайлик, йилдирим отга.
Мард йигитлар оз эмасдур бизнинг қишлоқда.
Жам бўлсалар Жалолиддин қўли остида
Аминманки, буни кўриб бошқа қишлоқлар
Ва элатлар жилға каби оқиб келурлар.
Ҳадемай бир дарё пайдо бўлур, бир дарё!

Сайфий
Ва у бизни ғарқ айлагай.

(Эшик олдида Солмон ва Умайянинг возлари эшитилади)
Солмонинг овози
Тўхта, Умайя, сўзимни эшит.
Умайянинг овози
Йўқ, истамайман, йўлимни тўсма.

Солмоннинг овози
Мен сени хеч кимга бермайман.

Умайянинг овози
Жинни бўлма. Кет, кет.
(Абу Зайд зудлик билан эшикка йўл олаётганида отилиб Умайя, унинг кетидан важоҳати бежо Солмон киради.Абу Зайд Солмонниг йўлини тўсади. Йигитлар уларга қўшилишади).
Абу Зайд
Тўхта, Солмон, нима гап ўзи?

Солмон
Тўсма йўлимни. Умайяни ҳеч кимга бердиртирмайман.

Абу Зайд
Не жин урди сени? Алжирама.

Солмон
Менимас, сенларни жин урган. Шаҳид кетган иним Сухайлнинг қаллиғи Умайя энди меники бўлар. Унинг билан гаплашгани келдим.

Умайя
(Онасига)
Нима деди у?
Қип-қизил жинни экан-ку.

Салаба
Жим тур, қизим, унинг кўзи қонга тўлган.

Ибн Аммор
Солмон, тўхта. Сўзингни тушунтириб айт.

Солмон
Нимаси тушунарли эмас бунинг. Қизингиз энди менга тегиши керак.

Ибн Аммор

Нима?

Солмон
Эштганингиз. Сухайл энди йўқ. Умайяга уйланишга  энди фақат мен хақлиман. Қизингиз билан ўзим гаплашаман.
(Жалолиддин бу жанжал-ғавғодан жунбушга келади)

Солмон
Умайя, юр, аввал иккаламиз гаплашамиз.

Умайя
Сен билан гаплашадиган гапим йўқ.

Солмон
(Баттар жини қўзиб)
Юр деяпман, сенга. Ҳеч қуриса эшик олдига чиқиб,ахду-паймонимни эшит. Юр!

Жалолиддин
(Солмонга)
Тўхта!

Солмон
Нима? Сен кимсанки, ишимга бурнингни тиқасан?

Саълаба
У уйимизнинг азиз меҳмони.

Биринчи йигит
Биз уни Абу Зайд билан тоғдан ушлаб олиб келганмиз. Белидаги камарини кўрмаяпсанми?  У оддий киши эмас.

Иккинчи йигит
У султон!

Биринчи йигит
Жалолиддин мангуберди. Хоразмшох шу!

Солмон
Ў, ҳали сен Жалолиддин Хоразмшохмисан? Маним иним Сухайлни ўлдиртирган Мангубердимисан?

Йигитлар
Ўша, ўша!

Солмон
(Жалолиддинга)
Ундай бўлса, майдонга чиқ.

(Қиличини қинидан чиқаради)
Айни қасос пайти келибдир.
(Жалолиддин ўрнидан қўзғалади)

Жалолиддин
(Абу Зайдга)
Абу Зайд, қиличингни бериб тур менга.

Ибн Аммор
Султон. Сиз ярадорсиз, ахир. Бу эса ёввойи тўнғиз.

Жалолиддин
Қилич беринг! Қилич!!!

Иккинчи йигит
Солмон, эсингни йиғ, бу жангларда ном қозонган машхур саркарда.

Учинчи йигит
У хатто Чингизхонни олдига солиб қувган-а. Зўрға қочиб қутулган Чингиз бунинг сиртмоғидан.

Солмон
Қизиқмас менга бунинг нима қилгани. Бунинг қонин ичишим шарт. (Жалолиддинга)
Чиқ, ўртага.

(Хонадон эгалари Жалолиддинни тўхтатмоқчи бўлишади. Жалолиддин пайтдан фойдаланиб, Абу Зайднинг белидаги қиличини суғуриб олади ва хайбат билан ўртага чиқади.
Қиличбозлик бошланади. Йигитлар ҳай-хайлашиб, хонадон соҳиблари ҳайратлашиб, Умайя танг қотиб, оқсоқоллар томошабин бўлишиб олишувни кузатишади. Жангнинг ҳал қилувчи дамида Солмоннинг қиличи учиб кетади.)

Жалолиддин
Ол, қиличингни.
(Солмон қилични олиб, жон-жахди билан рақибига ташланади. Аммо Жалолиддиннинг зарбаларига дош беролмай чекина боради. Охир-оқибат йиқилади. Жалолиддин унинг туришига имкон беради. Солмон ўрнидан базўр туриб, таслим бўлганча чиқиб кетади. Умайя ўз халоскорига меҳру миннатдорлик билан фахрланиб боқади. Саълаба билан Умайя Жалолиддинни ичкари олиб кетишади.)

Ибн Халлож
(Ғалати сукутдан сўнг)
Сайфий, юр,
Оломонни йиғайлик қишлоққа чиқиб.

Сайфий
Ўзи буни бурда-бурда қилар оломон.
Ибн Халлож, кетдик.

Абутолиб
Тўхтанг, сизларники эмас, меникидир оломон.
Менман халққа ҳўжайин.

Ибн Ҳаллож
Суф, сендай ҳўжайинга.
(Кетишади. Уларнинг кетидан бақириб-чақирганча Абутолиб кетади).

Ибн Аммор
Ўғлим Абу Зайд, сен бунда бўлгил,
Мен  борайин оломоннинг йиғинига.
Халойиққа ҳамма гапни ўзим тушунтираман.

Абу Зайд
Сизнингбилан мен ҳам бораман.

Ибн Аммор
Йўқ, сен султонга қара.
Одам зотин йўлатакўрма.

Абу Зайд
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам боғлиқ ҳозир майдонга. Ёнинггизда бўлурман албат.

(Абу Зайд отаисни кузатиб орқасига қайтади. Умайяни чақиради. У келади).

Синглим, сен огоҳ бўлиб тур ҳамма нарсадан.
Мен майдонга бормасам бўлмас.
Бундан ташқари, эшитдимки, келаётган эмиш муғуллар. Йўлда тўқнашмишлар Жалолиддин йигитлари билан. Қиёмат олишувлар бўлган.
Хуллас, сен шу ерда султонга қалқон бўлиб тур.
Тағин бир гап. Гар чап бериб муғулларга
Хоразм аскарлари келиб қолишса,
Ўзинг билган ўшал ғорда турар султоннинг оти!

Умайя
Тушундим, ака.
Абу Зайд
Худо ёринг бўлгай!

(Кетади)

Умайя
(Ўз-ўзига)
Султон мени хозиргина
Бир исноддан қутқазиб қолди.
Мен унга тайёрман жоним беришга!
(Ичкари хужрага кириб кетади).

ХОТИМА

(Ўша жой. Ҳеч ким йўқ. Шам ва гулхан милт-милт
ёниб турар. Осмоннинг ярмини булут қоплаган. Ярмида юлдузлар жимирлайди. Узоқларда сехрли мусиқа эштилади. Жалолиддин кўкка боқиб хаёлга чўмиб турар. Булутлар гоҳ камаяр, гоҳ кўпаяр. Юлдузлар гоҳ йўқолиб, гоҳ пайдо бўлар. Орқа томондан оёқ учида биринчи йигит келар. Писиб келиб, Жалолиддиннинг елкасига пичоқ урар. Чаққонлик билан унинг белидаги камарини олиб, кўздан ғойиб бўлар. Жалолиддин боши устида осмон айлана бошлар. Мусиқа ўзгарар. Чингизхон ўз салафлари билан булутларни ёриб, тепада пайдо бўлар).

Жалолиддин
Чингиз,Чингиз…
Сени ўлдирмоқлик орзуйим эди.
Эҳ, бир олишмоқчи эдим сен билан.
Эҳ, бир олишмоқчи эдим.

(Чингизхон ва унинг салафлари булутлар ичига кириб, кўздан ғойиб бўлади. Юлдузлар кўриниб турган томондан ҳаётбахш мусиқа садолари эштилади. Жалолиддиннинг онаси ва хур қизлар кўкда пайдо бўлади).

Она! Онажон!
Сени дарё ўз қаърига олган ул дамда,
Мен ўзни ўнглагач,
Сени, сизларни қутқазай деб,
Шўнғиб дарёга,
Сўроқладим гирдобларнинг туби-тубидан.
Тополмадим, тополмадим, топа билмадим.
(Юлдузлар, булутлар бир-бир алмашиб, она ва хур қизлар кўздан ғойиб бўлади. Оғриғи кучайган Жалолиддин ҳолдан тояборади).

Жалолиддин
Кечир она, кечир мени ёрим, фарзандим,
Ҳалос этолмадим сизни ажал илгидан.
Кечир мени туққан элим, она Хоразм!
Ўз кўксимни сенга қалқон этмоқ истадим,
Аммо, уни ўқ-пайконлар этди чил-пора.
Ўзимиздан чиққан ўқлар ўзимга тегиб,
Бағримни қон этмасайди, менинг бу кўксим
Ҳар қандайин ёв ўқига бермасмидим дош.
Тагимизга сув қуймасак  бир-биримизнинг,
Бир-биримиз пайимизни қирқмасак агар,
Имонимни кафил қилиб айтоламанки,
Юртни сувга бостирса ҳам минг бора ёғий,
Бизни асло ғарқ этолмас эди, асло!
Сув остида қолиб кетмас аммо бу тупроқ,
Туғёнлари гирдобларни енгар бир куни.
Қайта ғунча очар нурга ташна чечаклар,
Тўйиб-тўйиб нафас олар эркин юраклар.
Шунда улар албат бизни ёдга олурлар.

(Мусиқа борлиқни қоплайди. Тун ўрнини оппоқ тонг эгаллай бошлайди. Тоғ чўққилари ичра бир улуғвор чўққи қад ростлайди. Султон Жалолиддин турган шоҳсупа юқори кўтарила боради. Қушлар сайрайди. Жалолиддиннинг оти кишнайди).

ПАРДА

Сайт бўлими: Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ