"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530)

Ўқилди: 3 249

 

 

Улуғ ўзбек шоири, мутафаккир, тарихчи ҳамда давлат арбоби, бобурийлар салтанати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижонда 1483 йил 14 февралда туғилган. Амир Темурнинг бешинчи авлоди, Фарғона ҳукмдори Умаршайхнинг фарзанди Бобур 12 ёшида (1494 й) тахтга чиққан. 1503-1504 йилларда Афғонистонни эгаллаган. 1519-1525 йилларда Ҳиндистонга 5 марта юриш қилган. Уч асрдан ортиқ давом этган (1526-1858) бобурийлар салтанатига асос солган.  1530 йил 26 декабр ойида Аграда вафот этган. Қабри кейинчалик унинг васиятига кўра Қобулга кўчирилган.

Лирик мероси “Қобул девони” (1519)га, 1528-29 йилларда “Ҳинд девони”га жамланган. Тўлиқ девон тузгани ҳақида маълумот бор. Шеърларининг умумий ҳажми 400 дан ортади. Шундан 119 ғазал, 231 рубоий ва туюқ, қитъа, фард, маснавий каби жанрларда асарлар яратган. Шеърларини мавзу жиҳатидан ошиқона, таълимий, тасаввуфий, ҳасби ҳол каби турларга ажратиш мумкин. Бобур шеърияти интеллектуал қалб изҳори сифатида ардоқлидир. Унинг асарлари самимий, равон, услубан тугал ва мушаккалдир. Бобур рубоий жанрини турк адабиётида дунёга олиб чиққан шоирдир.

Бобурнинг улуғ асари “Бобурнома” бўлиб, уни “Вақое” деб ҳам номлайдилар. Буюк мемориал асарда 1494-1529 йиллари Марказий ва Кичик Осиёда, Яқин ва Ўрта шарқ мамлакатларида кечган воқеалар баён этилган. “Бобурнома”нинг ўндан ортиқ қўлёзма нусхалари бор. Асарни Қозонда Н.И. Илминский (1857), Лондонда Бевериж хоним нашр (1905) этган. Ўзбекистонда дастлаб профессор Фитрат 1928 йилда асардан парчалар эълон қилган. “Бобурнома”нинг 1948-1949 йилларда икки жилдли, 1960, 1989 йилларда тузатилган, 2002 йилда тўлдирилган қайта нашри амалга оширилди.

“Бобурнома”ни Абдураҳим хони хонон (1586) форс тилига, Витсен (1705) голланд тилига, Ж.Лейден (1826) ва В.Ерскин инглиз тилига, Павел де Куртейл (1871) франсцуз тилига, Рашит Раҳмати Арат (1940) туркчага, Михаил Сале (1943) русчага таржима қилганлар. 1826-1985 йиллар давомида “Бобурнома” 4 марта инглиз (1826,1905,1921,1922), 3 марта француз (1887, 1980, 1985), 1 марта немис (1878) тилига ўгирилган.

Янги алифбо — “Хатти Бобурий”ни (1504) кашф қилган. Унда шеърлар ёзди ва Қуръон кўчиртирди.

Бобурнинг солиқ ишлари ҳақида маълумот берувчи “Мубаййинул-закот” (1521), аруз вазни ҳақидаги «Рисолаи аруз” (1523-25) каби асарлари бор. “Аруз рисоласи”да туркий арузнинг табиати, тараққиёти ва шеърий асарлардаги кўринишлари; арузнинг 272 вазни ва 21 баҳрига илмий шарҳлар берилган. Хожа Аҳрор Валининг “Волидия” асарини ўзбекчага шеърий тарзда таржима қилган. Бобурнинг “Ҳарб иши”, “Мусиқа илми” номли асарлар яратгани ҳақида ҳам маълумот бор. Аммо улар топилган эмас.

                               * * *

Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,

Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.

Жонимдин ўзга жонни дилафкор кўрмадим,

Кўнглум киби кўнгулни гирифтор топмадим.

Усрук кўзига токи кўнгул бўлди мубтало,

Ҳаргиз бу телбани яна ҳушёр топмадим.

Ночор фурқати била хўй этмишам, нетай,

Чун васлиға ўзумни сазовор топмадим.

Боре борай эшигига бу навбат, эй кўнгул,

Нечаки бориб эшигига бор топмадим.

Бобур, ўзунгни ўргатакўр ёрсизки, мен

Истаб жаҳонни мунча қилиб ёр топмадим.

                                  * * *

Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,

Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.

Бу замонни нафъи қилсам айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,

Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ёмонлиғ асру кўп,

Эмди кўз тутмоқ не яъни ҳар ёмондин яхшилиғ.

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,

Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.

                                 * * *

Не вафо умрумда ул жону жаҳондин кўргамен,

Ким вафо жондин кўрубдурким, мен ондин кўргамен.

Кўз йўлидин ул сари ҳуснун назар айлар эдим,

Қон ёшим ул йўлни тутти, эмди қондин кўргамен.

Ёраб, ул кун шум толиъдин манга бўлғаймуким

Жонима ором ул ороми жондин кўргамен.

Кўз кўрар, лекин солур мени балоға бу кўнгул,

Бу балони неча чашми хунфишондин кўргамен.

Бартараф қилғил вафо истарни элдин, Бобуро,

Ул ғалатдурким, вафо аҳли жаҳондин кўргамен.

                                  * * *

Сендек менга бир ёри жафокор топилмас,

Мендек сенга бир зори вафодор топилмас.

Бу шаклу шамойил била худ ҳуру парий сен

Ким, жинси башар ичра бу миқдор топилмас.

Ағёр кўз оллидаку ул ёр аён йўқ,

Ғамхоре кўнгул ичраю ғамхор топилмас.

Эй гул, мени зор этмаки, ҳуснунг чаманида

Кўзни юмуб очқунча бу гулзор топилмас.

Бобур, сени чун ёр деди, ёрлиғ этгил,

Оламда кишига йўқ эса ёр топилмас.

                                    * * *

Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолдиму?!

Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?!

Мени хор этти-ю қилди муддаини парвариш,

Даҳри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?!

Мени ўлтурду жафои жавр бирла ул қуёш,

Эмди тургузмак учун меҳру вафоси қолдиму?!

Ошиқ ўлғоч кўрдим ўлимни ўзимга, эй рафиқ,

Ўзга кўнглимнинг бу оламда ҳароси қолдиму?!

Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,

Тенгри учун де бу оламнинг сафоси қолдиму?!

                                        * * *

Ғурбату ҳижронға қолдим, оҳ ул жон илгидин,

Жонға еттим эмди ғурбат бирла ҳижрон илгидин.

Кўрсатур гаҳ тийғу гаҳ ўқ ҳолатимни билмайин,

Не балолар кўрадурман ёри нодон илгидин.

Эл фиғонимдин бажону мен бу жондин, эй ажал,

Қил халос элнию мени жону афғон илгидин.

Бобур, ул ой ҳажрида ишинг басе душвор эди,

Шукрким, қутқарди ўлум сени осон илгидин.

                                     * * *

Ёр юзумни кўруб дарду ғамим билса керак,

Юз кўруб дарду ғамим чорасини қилса керак.

Эй сабо, жону кўнгулни ўзининг чун қилди,

Кўнгли бирла дегасен жони учун келса керак.

Васлини не қилайин ғайрдин айрилмади ҳеч,

Ёр васли менга, у ағёрдин айрилса керак.

Васлининг қадрини чун билмади бу телба кўнгул,

Ҳажрининг тийғи анинг юрагини тилса керак.

Шукр Бобурни билурмен деган эрмиш ул ой,

Ложарам бандаларин шоҳлари билса керак.

                                      * * *

Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна,

Тийра бўлди рўзгорим ул қаро қошдин яна.

Мен ҳуд ул тифли парийвашға кўнгул бердим, вале

Хонумоним ногаҳон бузулмағай бошдин яна.

Юз ямонлиғ кўруб андин телба бўлдунг, эй кўнгул,

Яхшилиғни кўз тутарсен ул паривашдин яна.

Тош урар атфол мени, уйда фориғ ул парий,

Телбалардек қичқирурмен ҳар замон тошдин яна.

Оёғим етгунча Бобурдек кетар эрдим нетай,

Сочининг савдоси тушти бошима бошдин яна.

                                 * * *

Кўнгулга бўлди ажойиб бало қаро сочинг,

Шикаста кўнглума эрмиш қаро бало сочинг.

Муяссар ўлди жунун мулки, эй жунун аҳли,

Нисори ашкни эмди бу кун манго сочинг.

Сочинг шикастида бордур шикаста кўнгуллар,

Кўнгуллар очилур, очилса ул қаро сочинг.

Очилди кўнгли, чу очтинг сочингни, Бобурнинг,

Не айб, агар деса дилбанду дилкушо сочинг.

                                  * * *

Балойи ишқки, ҳар дам манда жафоедур,

Бу ишдин кеча олмон ажаб балоедур.

Хати лабиға туташ бўлса, эй кўнгул, не ажаб,

Ки Хизр чашмайи ҳайвонға раҳнамоедур.

Ярар бу хаста кўнгул дардиға ўқин яраси,

Магарки ҳар яраси ёрнинг давоедур.

Баҳор фаслидуру май ҳавоси бошимда,

Аёқ тут менга соқийки, хуш ҳавоедур.

Ул ой рақибға бўлди рафиқу Бобурнинг

Рафиқу ҳамдами ҳажринда оҳу воедур.

                                    * * *

Кўзумда муттасил ул эгма қош керак бўлса,

Қошимда кўз ёруғи ул қуёш керак бўлса.

Сужуд вақтида меҳроб бўлмасун ҳаргиз

Ки, бош қўярда ўшал эгма қош керак бўлса.

Ҳабиб ишқида бошдин кеч, эй кўнгул, йўқ эса,

Бу йўлға қўйма аёқ санга бош керак бўлса.

Қўюб аёғиға бош, сўрса лаълидин ҳар ким,

Бошиға туфроқу оғзиға тош керак бЎлса.

Сенинг била бари эл нохуш ўлса, эй Бобур,

Не бўлғуси санга, ул ёри хуш керак бўлса.

                              * * *

Улки менга ёри дилнавоз кўрунду,

Жаврин кўрсатти кўпу оз кўрунди.

Бўлди бошим паст пойбўсида охир,

Гарчи бурун асру сарафроз кўрунди.

Сенинг учун улки бошин ўйнамади ҳеч,

Сенга ажойибки ишқбоз кўрунди.

Ишқ боринда салоҳу тавбаву тақво

Барчаси таҳқиқ бил мажоз кўрунди.

Душмано жон ўлди, не қилай, санга, Бобур,

Улки менга ёри дилнавоз кўрунди.

                                       * * *

Не кўрай тўбини қадди хушхироминг борида,

Не қилай сунбулни хатти мушфоминг борида.

Ким Хизр суйин оғизлағай лабингнинг қошида,

Ким Масиҳ алфозидин дегай каломинг борида.

Ошиқингни давлатин васлинг била қил муҳтарам,

Ҳусн аҳли ичра мунча эҳтироминг борида.

Биздин айру доим эл бирла ичарсен бодани,

Бизни ҳам гоҳе соғин шурби мудоминг борида.

Эй кўнгул, гар ғайр сўзи заҳри қотилдур, не ғам,

Лабларидин шарбати юҳи-ил изоминг борида.

Тарки номус айлабон бадном бўлғил ишқ аро,

Ким сени ошиқ дегай номусу номинг борида.

Бобур ул гул кўйида булбул киби топтинг мақом,

Бир навое рост қил мундоқ мақоминг борида.

                                         * * *

Сенинг ишқингда, эй номеҳрибон, бехонумон бўлдим,

Деман бехонумон овворайи икки жаҳон бўлдум.

Лабинг гар бермаса бўса нечук жон элта олғаймен,

Бу йўлдаким, адам саҳросиға эмди равон бўлдум.

Сўруб ул ой лабидин оғзининг рамзини англадим,

Бир оғиз сўз била кўрунгки мунча хўрдадон бўлдум.

Нечаким қоши ёлар ишқида тузлукни кўрсаттим,

Вале охир маломат ўқлариға-ўқ нишон бўлдум.

Кулар эрдим бурун Фарҳоди мискин достониға,

Бу Шириндурки онинг бирла-ўқ ҳамдостон бЎлдум.

Висолинг давлатиға етмасам Бобур киби, не тонг,

Ки ҳажринг меҳнатида асру зору нотавон бўлдум.

                                     * * *

Ким кўрар хуршидни, ул моҳсиймо бўлмаса,

Ким сўрар шаккарни, ул лаъли шакархо бўлмаса.

Гул тикандур кўзларимга ул юзи гулдин йироқ,

Сарв ўқдур бағрима ул сарв боло бўлмаса.

Жаннату-л-маъвони, эй зоҳид, нетай мен зорким,

Истарам кўйидин ўзга манга маъво бўлмаса.

Тиймағил девона кўнглумники, расво бўлма деб,

Ошиқ ўлғайму эди ул телба расво бўлмаса.

Гар бошингни кессалар ишқида, эй Бобур, сенинг,

Ёрдин кўнглунг керакким ўзга қатъо бўлмаса.

                            * * *

Яна кўз уйида маъво қилибсен,

Кўнгул кошонасида жо қилибсен.

Яна савдойи зулфингдин, нигоро,

Мени ошуфтаву шайдо қилибсен.

Ғаминг йўқ жон агар берсам ғамингда,

Ўзунгни мунча бепарво қилибсен.

Қошингдин мени ўқдек ташлар учун

Янги ойдек қошингни ё қилибсен.

Кўзумдин ёшуриб, эй баҳри алтоф,

Кўзумнинг ёшини дарё қилибсен.

Соғинмас жаннату-л-маъвони бобур,

Онинг кўнглида то маъво қилибсен.

                          * * *

Жонима ўт солди ул рухсорайи зебо яна,

Кўнглума ул зулф бўлди мояйи савдо яна.

Кўрсатиб рухсору зулфин ул парий пайкар манга,

Жону кўнглумни қилибдур волаву шайдо яна.

Ёр кўйиндаги том сенсен манга пушти паноҳ,

Сояйи лутфунгни сол, чун санга келдим то яна.

Шодлиқнию фароғатни қўюб ошиқ бўлиб,

Меҳнату ғамни қилибмен ўзума пайдо яна.

Ёрға қулмен дегач бобурни расво айлади,

Тенгри мендек бандасини қилмасун расво яна.

                                      * * *

Бир парий мен телбани ҳусниға мойил қилғудек,

Кўзум ичра ер тутуб кўнглумда манзил қилғудек.

Кўнглумизга жавр беҳад қилди ул номеҳрибон,

Жонима юз минг ғаму меҳнатни ҳосил қилғудек.

Нотавон кўнглумга ишқи қайғуни келтургудек,

Айшу ишратни кўнгулдин қайғурур эл қилғудек.

Қилмади фарҳоду мажнун ўзни расво мен киби

Ким, бу навъ иш иш эмасдур ҳеч оқил қилғудек.

Ул парий ишқида бобур жон бериб, эй аҳли ишқ,

Ишқ атворини ишқ аҳлиға мушкил қилғудек.

                                         * * *

Янги ой ёр юзи бирла кўруб эл шод байрамлар,

Манга юзу қошингдин айру байрам ойида ғамлар.

Менинг бу тори мў янглиғ танимға тоблар солди

Ул ойнинг юзида сунбул киби зулфидағи хамлар.

Ҳавоға дуди оҳин тутратур ишқ аҳли ғайратдин,

Сабо таҳрикидин ҳар гаҳ паришон бўлса парчамлар.

Очилди зулфию хайлар намудор ўлди юзинда,

Гул узра чун бўлур пайдо кеча очилса шабнамлар.

Мену ғам кунжию оҳу фиғони ашку хунолуд,

Не хушдур гўшайи холий, майи софию ҳамдамлар.

Кўнгулни ишқ бузди, не осиғ панду насиҳатдин,

Менинг мажруҳ кўнглумга ярашмас ушбу марҳамлар.

Юзи наврўзи, асли ийдни бобур ғанимат тут

Ки, мундин яхши бўлмас бўлса юз наврўзу байрамлар.

                                          * * *

Тишинг дур, лабинг маржон, хадинг гул, хатинг райҳон,

Юзунг хур, сочинг анбар, сўзунг мул, менгинг мейнон.

Мейнон менгинг, сўзинг мул, анбар сочинг, юзунг хур,

Райҳон хатинг, хадинг гул, маржон лабинг, тишинг дур.

Тафоҳур кўзум, кўнглум қилурлар магар бордур,

Кўзунга кўнгул вола, юзунга кўзум ҳайрон.

Ҳайрон кўзум юзунга, вола кўнгул кўзунга,

Бордур магар, қилурлар кўнглум, кўзум тафоҳур.

Тафаккур неча қилсам топилмас сенинг мислинг,

Парийдек сени кўрдум эмассен маган инсон.

Инсон магар эмассен, кўрдум сени парийдек,

Мислинг сенинг топилмас қилсам неча тафаккур.

Балодур манга ҳажринг, даводур манга васлинг,

Итобинг манга офат, ҳадисинг манга дармон.

Дармон манга ҳадисинг, офат манга итобинг,

Васлинг манда даводур, ҳажринг манга балодур.

Чу бобур санга қулдур назар қил анга зинҳор,

Топилмас яна бир қул анингдек санга, эй жон.

Эй жон санга анингдек, бир қул яна топилмас,

Зинҳор анга назар қил, қулдур санга чу бобур.

                           * * *

Очилиб икки сочи юзига ёйилмишлар,

Ёруқ жаҳонни кўзумга қаронғу қилмишлар.

Чағир бағри қонидур барча ишқ аҳлиға,

Зиҳи аларки, бу майдин даме ойилмишлар.

Не қилсам айлама, эй ёр, айбким, менда

Жунуни ишқу йигитлик бори қотилмишлар.

Салоҳға хирад аҳли мени ёвуқ дерлар,

Кўрунгки ушбу чечанлар йироқ янгилмишлар.

Не суд ишни элдин ёшурмоқ эй бобур,

Чу ҳолатингни бори олам аҳли билмишлар.

                               * * *

Келтурса юз балони ўшал бевафо манга,

Келсун, агар юзумни эвурсам, бало манга.

Неткаймен, ул рафиқ билаким, қилур басе

Меҳру вафо рақибға жавру жафо манга.

Бегона бўлса ақл мени телбадин, не тонг,

Чун бўлди ул парий сифатим ошно манга.

Оҳу ёшимдин ортадурур заъф, эй табиб,

Билдим ярашмас эмди бу обу ҳаво манга.

Дардим кўруб муъолажада зойиъ этма умр

Ким, жонда дарди ишқдурур бедаво манга.

То ёр кимни истару кўнглина ким ёқар,

Ташвиши бежиҳатдурур охир санга, манга.

Бобур бўлубтурур ики кўзум йўлида тўрт,

Келса не бўлди қошима бир-бир манга-манга.

                                * * *

Хати бинафша, хади лола, зулфи райҳондур,

Баҳори ҳуснда юзи ажаб гулистондур.

Енги, менги ою дағи юзи, сўзи гулу мул,

Қади равону тани жону эрни маржондур.

Қошида чин, кўзида кийну ангабин лабида,

Сўзида заҳру лекин тилида дармондур.

Қошингға кўп бора олмон, нетай оралиқда,

Ёшим тишинг дуридин айру баҳри уммондур.

Ўтумни тез этасен ҳар тарафға секритиб от,

Саманди ноз инонини бир бери ёндур.

Не навъ васф қилай сувратинг латофатини

Ки, ҳуснунга сенинг, эй руҳ, ақл ҳайрондур.

Жафову жавр агар қилса, бобуро, нетайин,

Не ихтиёр манга, ҳарне қилса султондур.

                                  * * *

Сўрма ҳолимники бўлдум бурноғидин зорроқ,

Жисм жондин зору жоним жисмдин афгорроқ.

Банда тақрир айлай олмон банд-бандим дардини,

Юз темур банд ўлса ондин бу эрур душворроқ.

Масту бехудлиқ била унрунгни ўткардинг, дариғ,

Эй кўнгул, мундин бери бўл бир нима хушёрроқ.

Ғафлат уйқусидин уйғон, гар тилар бўлсанг мурод,

Ким етар мақсадға ҳар ким, бўлса ул бедорроқ.

Ўлгали еттим, менинг жоним ғамин е, эй рафиқ,

Даҳр аро чун йўқ киши сендин манга ғамхорроқ.

Келмас ўхшар захматинг ислоҳға, Бобур, магар

Ҳар давоким қилдилар бўлдунг дағи беморроқ.

                                    * * *

Заъфдин гўё менинг бу зор жисмим нолдур

Ким, анинг шарҳин демакта хома тили лолдур.

Заъфлиқ жисмим била бу нотавон кўнглум аро

Дарди ёр эрканга ушбу эгма қаддим долдур.

Мен дамодам қон ютармен ҳажр аёғидин, нетай,

Ўзгаларнинг жоми васли гарчи моломолдур.

Зулфиға вобастамен васлиға йўқдур дастрас,

Эй хуш ул озодаким, беқайду фориғболдур.

Ул парийдин мен нечук жон элтайинким, Бобуро,

Васли мушкил, ҳажри муҳлик, ғамзаси қаттолдур.

                                     * * *

Ўлум уйқусиға бориб жаҳондин бўлдум осуда,

Мени истасангиз, эй дўстлар, кўргайсиз уйқуда.

Неким тақдир бўлса, ул бўлур таҳқиқ билгайсиз,

Эрур жангу жадал, ранжу риёзат барча беҳуда.

Ўзунгни шод тутқил, ғам ема дунё учун зинҳор

Ки, бир дам ғам емакка арзимас дунёйи фарсуда.

Замона аҳли ичра, эй кўнгул, оё топилғайму,

Сенингдек дард паймову менингдек дард паймуда.

Улусдин тинмадим умримда ҳаргиз лаҳзае, Бобур,

Магар ўлсам бу олам аҳлидин бўлғаймен осуда.

                                          * * *

Қаро зулфинг фироқинда паришон рўзғорим бор,

Юзунгни иштиёқида не сабру не қарорим бор.

Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,

Нечун ҳолим ёмон қилди, мен андин бир сўрорим бор.

Жаҳондин менга ғам бўлса, улусдин гар алам бўлса,

Не ғам юз мунча ҳам бўлса, сенингдек ғамғусорим бор.

Агар муслиҳмен ар мусфид, ва гар ошиқмен ар обид,

Не ишинг бор сенинг зоҳид, менингким ихтиёрим бор.

Фиғоним ошди булбулдин, ғами йўқ зарра бу қулдин,

Басе Бобур, ўшал гулдин кўнгулда ҳорҳорим бор.

                               * * *

Ўзни, кўнгул, айш билан тутмоқ керак,

Бизни унутқонни унутмоқ керак.

Айшу тараб гулбуниға сув бериб,

Ғусса ниҳолини қурутмоқ керак.

Тийра турур зуҳд дамидин кўнгул,

Ишқ ўти бирла ёрутмоқ керак.

Ҳар нимаға ғам ема, ғам кўп турур,

Айш била ўзни унутмоқ керак.

Қўйма машаққат аро, Бобур, кўнгул,

Ўзни фароғат била тутмоқ керак.

                                 * * *

Не хуш бўлғайки, бир кун уйқулуқ бахтимни уйғотсам,

Кечалар тори мўйидек белиға чирмашиб ётсам.

Гаҳи гулдек юзини ул шакар сўзлукни исласам,

Гаҳи шаккар киби ул юзи гулнинг лаълидин тотсам.

Қани Ширин била Лайлики сендин ноз ўрганса,

Қани Фарҳоду Мажнунким, аларға ишқ ўргатсам.

Ёруқ кундуз,қоронғу кечада анжум киби бўлгай,

Чекиб гар оҳ дудини кўнгул ўтини тутратсам.

Кўзум равшанлиғида бўлғай, Бобур, басе камлиқ,

Агар қоши била юзун ҳилолу кунга ўхшатсам.

                     РУБОИЙЛАР

Жоно, битигингки, бўлди марқум манга,

Меҳнат била ғамни қилди маъдум манга.

Кўргач ани гарчи шод беҳад бўлдум,

Мазмуни, вале, бўлмади маълум манга.

                       * * *

Не ишрату айш учун майи ноб манга,

Не тоат учун гўшаи меҳроб манга,

Не фисқ қилурға бордур асбоб манга,

Не зоҳид ўлурға тоқату тоб манга.

                      * * *

То бўлғали дилдор ўшал ой манга,

Ҳолимни билиб, қилмади парвой манга.

Мен асру ҳаробу ёр кўп мустағний,

Эй вой манга, вой манга, вой манга!

                      * * *

Хуш улки, кўзум тушти сенинг кўзушта,

Бевосита ҳолимни десам ўзунгга,

Бермай сўзума жавоб ачиғланасен,

Қилдинг мени муҳтож чучук сўзунгга.

                        * * *

Асру кўп эмиш журъату ҳиммат сизга,

Рўзий қилғай Худой нусрат сизга.

Мардоналиғингизни бори эл билди,

Раҳмат сизга, ҳазор раҳмат сизга!

                        * * *

Ҳар кимки вафо қилса вафо топғусидур,

Ҳар кимки жафо қилса жафо топғусидур,

Яхши киши ёмонлиғ кўрмагай ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса жазо топғусидур!

                     * * *

Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,

Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз,

Ҳар неники севмак андин ортиқ бўлмаз,

Андин сени кўп севармен, эй умри азиз.

                     * * *

Тақдир юки бошимга балолиғ бўлди,

Ҳар неники айладим хатолиғ бўлди,

Ўз юртни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ё Раб нетайин, бу не юз қаролиғ бўлди.

                     * * *

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши.

Кўнглим бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ,

Ғурбатда севинмас эмиш, албатта, киши.

                        * * *

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз,

Жамиятингиз борини давлат тутунгиз.

Чун гардиши чарх бу дурур, тенгри учун,

Бир-бирини неча куни ғанимат тутунгиз.

                        * * *

Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,

Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,

Сарриштаи айшдин кўнгулни зинҳор

Уз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

                         * * *

Сен гулсену мен ҳақир булбулдирмен,

Сен шуъласен, ул шуълаға мен кулдирмен.

Нисбат йўқдур, деб ижтиноб айламаким,

Шоҳмен элга, вале сенга қулдурмен.

               ТУЮҚЛАР

Васлдин сўз дерга йўқ ёро манга,

Ҳажр аро раҳм айлагил, ёро, манга.

Ўқунг этти кўп ёмон ёро манга,

Мархами лутфунг била ёро манга.

                     * * *

Улки, ҳар кўзи ғазоли Чиндурур,

Қошида пайваста онинг чиндурур.

Чунки кўп ёлғон айтти ул манга,

Гар десам ёлғончи они чиндурур.

                       * * *

Мени беҳол айлаган ёр ойдурур —

Ким, онинг васли менга ёройдурур.

Гар висоли бўлмаса, кетар ерим

Ё Хуросон, ё Хитой, ё Ройдурур.

                        * * *

Ишқ аҳли ишқ дардини танинг,

Кўп ёмондур, дарди ишқидин танинг.

Ҳар неча кўзум оч эрса, кўз тўёр

Гар очилса сиймдек нозик танинг.

                         * * *

Меҳрким, кўкка қилур оҳанг тонг,

Оллида бўлса, эмас беранг тонг.

Холию икки лабидек бўлмағай,

Ҳинду ар келтурса шаккар танг-танг.

                           * * *

Кел, қилай жонни нисоринг, о ёрим,

Нақди жонни борму сендин оёрим?!

Бўса берсанг гар тамом оғзинг била,

Кунжи оғзингдин олойин оёрим.

                             * * *

Сен киби бир дилрабони билманам,

Ошики содикки дерлар, бил, манам,

Қил тасаввур кўз ёшимни бир тенгиз,

Ўзга ошиқ ашки янглиғ билманам.

                           * * *

То чиқарди хат узори покидин,

Гул юзи озурда бўлди покидин.

Истар эрди эл бурун юз меҳр ила,

Эмди ул юз меҳри кетти покидин.

                              * * *

То кўнгул бердим ўшал қойсориға,

Боргонини билмадим қой сориға.

Дўстлар, ёрға мени соғиндурунг,

Солсангиз ногаҳ қулоқ қойсориға.

                              * * *

Шаҳ, супурай остонинг юз ила,

Тийманакдин неча урай юз ила,

Икки юзлук муддаийдин не ғамим,

Гар ишим тушса алардин юзила?!

                           * * *

Не бало бийиктурур давлат тоғи,

Кўҳи ғамни не билур давлат тоғи.

Ҳиммате тут, доғи давлат истагил,

Ҳимматинг бўлса, бўлур давлат тоғи.

                           * * *

Жонға солди даъф ғурбат норини,

Кўз ёшим бўлди мўғулнинг норини.

Бу арода мен дегандек бўлмаса,

Кўзлай Иссиғкўлу андин норини.

                            * * *

Қаддимни фироқ меҳнати ё қилди,

Кўнглум ғаму андуҳ ўтиға ёқилди.

Ҳолимни сабоға айтиб эрдим, эй гул,

Билмон, санга шарҳ қилмади ё қилди?!

Сайт бўлими: Ўзбек мумтоз адабиёти

Қўшимча:

БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС БОЙЧЕЧАК – БАҲОР ҚЎШИҒИ ЭМАС
Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш Уйғониш, уйғониш буюк уйғониш
ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР ТОИР АКА КУТГАН ТОНГЛАР
ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ! ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!