"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ислом Каримов. Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор

Ўқилди: 5 457

adabiyotga_etiborМаълумки, истиқлол йилларида ҳаётимизнинг барча соҳалари қатори миллий адабиётимиз ҳам том маънода янгиланиш ва юксалиш жараёнларини бошдан кечирмоқда. Президентимиз Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган давлат сиёсатида маънавият масаласига энг муҳим ва устувор йўналиш сифатида катта аҳамият бериб келинаётгани бу борада ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг эътиборингизга ҳавола қилинаётган ушбу рисоласи ҳам маънавиятга, унинг ажралмас қисми бўлган бадиий адабиётга бўлган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир. Унда адабиётимизнинг бугунги куни ва эртанги истиқболи, ёзувчилар олдида турган муҳим ва долзарб вазифалар ҳақида, ижодкорнинг гражданлик позицияси, ижтимоий бурчи хусусида атрофлича фикр юритилади. Айни пайтда юртимиз зиёлиларининг энг илғор вакиллари бўлмиш адибларни ўз сафида бирлаштирган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича муҳим амалий таклиф ва хулосалар илгари сурилади. Миллатимизнинг руҳи бўлган она тилимизни, халқмизнинг азалий қадриятларини келгуси авлодларга етказишда адабиётнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканига жиддий урғу берилади. Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор экани, бинобарин, адабиётимиз ривожи учун нафақат ёзувчи ва шоирлар, балки бутун жамият масъул экани алоҳида таъкидланади.

Мазкур рисола ижодкор зиёлилар, филолог олимлар, адабиёт ўқитувчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, кенг жамоатчилик учун мўлжалланган бўлиб, ундан умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар, олий ўқув юртларида адабиёт, миллий ғоя, маънавият асослари, фалсафа ва бошқа фан йўналишлари бўйича факулътатив дарс, махсус курс ва машғулотлар олиб боришда фойдаланиш мумкин.

АДАБИЁТГА ЭЪТИБОР — МАЪНАВИЯТГА, КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳақида гапирганда, табиийки, халқимиз маънавиятининг, миллий тафаккуримизнинг ажралмас қисми бўлган, керак бўлса, унинг ўзагини ташкил этадиган она тилимизни, бой тарих ва қадимий анъаналарга эга адабиётимизни асраб-авайлаб, ривожлантириб келаётган заҳматкаш инсонлар, уларнинг оғир ва масъулиятли меҳнати барчамизнинг кўз олдимиздан ўтади.

Биз шоир деганда, аввало Алишер Навоийдек беназир зотларни, ёзувчи деганда, Абдулла Қодирий, Ойбек сингари ўз халқи учун нафақат ноёб истеъдоди, айни пайтда бутун ҳаётини бағишлаган буюк ва мўътабар инсонларни тасаввур этамиз.

Бир сўз билан айтганда, халқимиз адабиётни муқаддас ва улуғ бир даргоҳ деб билади. Ана шундай баҳонинг ўзи эл-юртимиз ҳаётида бу соҳа намояндаларига, уларнинг ҳаққоний сўзи, чуқур маъноли асарларига ишонч, ҳурмат-эътибор ва эҳтиром азалдан юксак даражага кўтарилганини яққол кўрсатиб турибди.

Ҳеч шубҳасиз, зиёлиларнинг илғор қисми бўлмиш бадиий адабиёт вакилларининг халқимиз қалбини, унинг олий мақсадлари, бугунги ҳаёти, тақдири ва келажагини яқиндан биладиган инсонлар сифатида жамиятимиздаги ўрни ва таъсири беқиёсдир.

Энг муҳими, ёзувчиларимиз ўтиш даврининг қийинчиликларига қарамасдан, ўз ижодига, қалб амри билан танлаган касбига содиқ қолиб, миллий ўзлигимизни англаш, халқимиз онгу тафаккурини ўзгартириш, маънавий қадриятларимизни тиклаш ва юксалтириш йўлида хизмат қилиб келаётганини таъкидлаш ҳар томонлама тўғри бўлади.

Шахсан мен шоир ва адибларни доимо жамиятнинг олдинги сафларида юрадиган, ҳаётни кузатиб, одамларнинг юрагида, дунёқарашида бўлаётган ўзгаришларни ҳаммадан аввал сезиб, уларни таъсирчан образлар, ёрқин бадиий бўёқлар орқали маҳорат билан ёритиб бера оладиган, эл-юрт учун куйиниб яшайдиган фидойи инсонлар, деб биламан.

Мана, ҳадемай мустақиллигимизга ўн саккиз йил тўлади. Шу ўтган даврда биз юртимизда эркин, демократик жамият пойдеворини барпо этиш йўлида янгича руҳда ўсиб-улғаяётган навқирон авлодни вояга етказмокдамиз. Савол туғилади: бу жараёнларга ёзувчилар қандай ҳисса қўшмоқда ва уларнинг олдида турган асосий вазифалар нималардан иборат?

Ўзбек тили, адабиёти бу борада қандай роль ўйнаши керак? Она тилимизни, бадиий тафаккуримизни ривожлантириш орқали халқ маънавиятини юксалтириш йўлида яна қандай ишларни қилишимиз зарур?

Ҳозирги шиддат билан тез ўзгараётган замоннинг ўзи ўртага қўяётган кескин ва долзарб муаммоларни англаш, таъбир жоиз бўлса, давримизнинг бадиий солномасини яратишга ёзувчиларимиз қодирми?

Мана шундай катта масалалар билан майдонга чиқиши керак бўлган Ёзувчилар уюшмасининг фаолияти бизни, аввало, шоир-адибларимизнинг ўзини қониқтирадими?

Жамиятнинг илғор ва онгли вакилларини бирлаштирган мазкур ижодий ташкилот бугун олдимизда турган янги ва юксак марраларга халқни даъват этиш, айниқса, таълим ва тарбия, маънавият, маданий ҳаётни ривожлантиришда нима иш қилиши керак, деган саволни кун тартибига қўйиш ўринлидир.

Албатга, адабиёт, ижод аҳли фаолиятига баҳо беришда, аввало, уларнинг меҳнати, маҳорати ва истеъдоди меваси бўлган асарларидан баҳраманд бўладиган кенг китобхонлар оммаси, жамоатчилик фикрига суяниш энг ҳаққоний, демократик ёндашув эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Шуни айтиш жоизки, аксарият ёзувчиларимиз совет даврининг тарбиясини олган, узоқ йиллар ҳукмрон мафкура руҳида ижод қилган. Лекин яна бир ҳақиқат ҳам борки, уларнинг кўпчилиги коммунистик тузум ғояларини сўзда маъқулласа ҳам, аслида ич-ичидан уларни қабул қилмаган. Негаки, коммунистик тузум инсоннинг, бинобарин, миллат ва халқнинг эркин ва озод яшашига, миллий тафаккур, диний қадриятларга қарши бўлганини ижод аҳли ҳаммадан кўра чуқурроқ англаган.

Табиийки, давр тақозосига кўра, ёзувчилар яшаш учун, ўз истеъдодини рўёбга чиқариш учун коммунистик тузум билан муроса қилишга мажбур бўлган. Шу маънода, мустабид тузум даврида виждон азобини ким кўпроқ тортган, деса, мен, доимо бу ҳаётнинг маъно-мазмуни, инсоннинг қадр-қиммати, эл-юрт тақдири ҳақида қайғуриб яшайдиган одамлар ва уларнинг олдинги қаторида бўлган ижод аҳли, деб айтган бўлардим.

Барчамизга аёнки, XXI аср интеллектуал салоҳият, тафаккур ва маънавият асри сифатида инсоният олдида янги-янги уфқлар очиш билан бирга, биз илгари кўрмаган, дуч келмаган кескин муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятнинг эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Яъни, ёзувчи «Эй одамзод, кўзингни оч, сен нима учун яшаяпсан, инсон деган юксак номга муносиб бўлиш учун нима қиляпсан?» деган саволларни китобхон олдида, жамият олдида қатъий қилиб қўя олсагина, ўйлайманки, ўзининг инсоний ва ижодий бурчини бажарган бўлади.

Бундай маънавий ҳуқуққа эга бўлиш учун ижодкорларимиз, аввало катта билим ва ҳаётий тажрибага, кенг дунёқараш, юксак ижодий маҳоратга эга бўлиши, энг муҳими, бу ўта оғир, кучли иродани талаб этадиган жабҳада ҳақиқий фидойилик кўрсатиши лозимлигини яхши тушунамиз.

Шу боис ҳам ҳаётнинг ўзи Ёзувчилар уюшмаси фаолиятининг самарасини ошириш масаласини олдимизга долзарб вазифа қилиб қўймоқца. Мухтасар айтганда, бизнинг бадиий ижод соҳасига, бу Уюшманинг бугунги тақдири, эртанги кунига бефарқ бўлишга ҳақ қимиз йўқ.

Бизнинг бу борадаги барча саъй-ҳаракатларимиз аввало Ёзувчилар уюшмасидаги муҳитни яхшилаш, уни мавжуд оғир вазиятдан чиқаришдек муҳим масалани ҳал қилишга қаратилиши зарур. Бу борада Уюшма аъзолари, шоир ва адибларимизнинг ўзлари нима иш қилиши, айни пайтда давлат, ҳукумат, Президент томонидан қандай ёрдам бериш кераклигини аниқлаб олишимиз лозим.

Менинг фикрим бўйича, Ёзувчилар уюшмасининг биринчи раҳбаридан тортиб оддий аъзосигача — унинг фаолиятига дахлдор ҳар бир одам ёзувчилар оламининг фикру зикрини, муаммоларини, бу ижодий ташкилотнинг Ўзбекистоннинг сиёсий-ижгимоий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини ҳар томонлама тушунишга қодир бўлиши керак.

Халқимиз йиллар, асрлар давомида орзиқиб кутган озодликка эришиб, ўз тақдирини ўз қўлига олганидан кейин ҳар қандай таҳдид ва хатарларга қарамасдан, юртимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, мустақилликни мустаҳкамлаш, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш мақсадида амалга ошираётган ишларимизни, энг муҳими, бу борада қандай оғир йўллардан, қандай мураккаб босқичлардан ўтишга тўғри келаётганини чуқур англаб етишимиз керак.

Адибларимиз айиан мана шундай масалалар устида, бугунги кунда уларнинг сўзи халқ қалбида қандай акс-садо бераётгани ҳақида яна бир бор ўйлаб кўришларини истардим.

Сир эмаски, бугун илгаригидек фақат том-том асарлар чиқариш билан иш битмайди. Ноқулайроқ бўлса ҳам, ўзимизга бир саволни бериб кўрайлик: кенг китобхонлар, айниқса, ҳозирги ёшлар бу асарларни ўқияптими?

Тўғрисини айтадиган бўлсак, ёшлар бугун ахборог ва маълумотларни асосан Интернет орқали оляпти, дунёни телевидение, компьютер орқали танияпти. Ота-онаси, ўқитувчилари минг тарғиб-ташвиқ қилмасин, бугунги ёшлар «Ўткан кунлар», «Уруш ва тинчлик» каби мумтоз романларни ёппаси га ўқияпти, деб айта оламизми?

Модомики, шундай экан, энди одамлар, ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб фақат нолиб ўтирмасдан, ана шу таъсирчан замонавий ахборот воситалари орқали адабиётимизни кенг тарғиб этиш, хусусан, Интернет имкониятларидан фойдаланиб, етук бадиий асарларни ёшларга етказиш устида ҳам жиддий бош қотириш зарур, деб ўйлайман.

Бу ҳақда сўз борганда, ўзбек тилидаги Интернет адабиётини шакллантириш, шоир ва ёзувчиларимизнинг ўз веб-сайтларига эга бўлишига эришиш нафақат адабий жараёнга, керак бўлса, бутун маънавий-маърифий ҳаётимизга кучли таъсир ўтказишини сизлар албатта яхши тушунасиз.

Айни вақтда ана шундай замонавий воситалар ёрдамида мумтоз адабиётамизни, жумладан, Алишер Навоий асарларини халқимизга яқинлаштириш, бу ноёб меросни ҳақиқатан ҳам маънавиятимизнинг ҳаётбахш манбаи-га айлантириш барчамиз, аввало адабиёт аҳлининг вазифаси, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Шу борада яна бир муҳим масала устида ўйлаб кўришимиз керак. Яъни, ёзувчиларимиз ўз истеъдоди билан одамларнинг онги ва дунёқараши, маданий савиясини юксалтириш, халқ қалбининг куйчиси бўлишдек оғир ва мураккаб, улуғ бир вазифани зиммасига олган экан, аввало эл-юрт олдидаги фарзандлик бурчини, гражданлик позииияси ва масъулиятини чуқур сезиши, англаши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Менинг фикримча, ёзувчилик — бу оддий касб эмас, худо берган истеъдоддир. Бу — қисмат, пешонага ёзилган тақдир. Бу касбга ҳеч қаерда ўқи гиб, ўргатиб бўлмайди. Ёзувчиликнинг мактаби ҳам, дорилфунуни ҳам битта. У ҳам бўлса, бир умр ҳаётнинг ичида бўлиш, ўз халқи билан ҳамдарду ҳамнафас бўлиб яшаш, ҳақиқат ва адолатга садо-қат билан хизмат қилишдир.

Шу маънода, Ёзувчилар уюшмаси юртимиздаги бошқа жамоат ташкилотларидан мутлақо фарқ қилади. Бу Уюшма ҳар бири алоҳида бир олам бўлган ўнлаб, юзлаб шоир ва адибларни, уларнинг нафақат моддий, балки маънавий манфаатларини, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш учун бевосита масъул эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

Шу ўринда яна бир фикрга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Чинакам ижод ва истеъдод маҳсули бўлган асарларни, ёзувчининг юрагидан, қалбидан чиқ-қан ҳаққоний ва таъсирчан фикрларни кенг оммага етказиш учун барча мав-жуд воситалардан унумли фойдаланиш зарур. Дейлик, эски даврда бўлганидек, ёзувчи нашриёт учун хизмат қилишига чек қўйиш лозим.

Керак бўлса, нашриётлар ҳам, театрлар, радио-телевидение, киностудиялар ҳам ёзувчи ва шоирларнинг ижодини жамоатчиликка, ўқувчи ва томошабинларга етказиш, улар билан ҳамкорлик қилишдан, уларга янада кенгроқ минбар беришдан манфаатдор бўлиши лозим. Чунки, бу ижод турларининг ҳам таги-заминида биринчи навбатда адабиёт, сўз санъати туриши ҳеч кимга сир эмас.

Ёзувчилар уюшмаси фаолиятининг самарасини оширишда энг муҳим биринчи масала ижодкор ўзининг ижтимоий бурчини қандай тушуниши билан бевосита боғлиқдир. Нега деганда, адибнинг сўзи, унинг ижодий меҳна-тининг маҳсули жамият тараққиёти учун нақадар зарур эканини барчамиз, аввало шу соҳага кириб келаётган ва шу соҳада фаолият олиб бораётган адибларнинг ўзи яхши англаб олиши керак.

Таъбир жоиз бўлса, одам ёзувчилик касбини танламайди, аксинча, бу касб ёзувчини танлайди. Истеъдод, истеъдод ва яна бир бор истеъдод соҳибларини топиш, тарбиялаш ва уларнинг меҳнатини муносиб қадрлаш энг асосий вазифамизга айланиши зарур.

Шундан келиб чиқадиган иккинчи масала шуки, бугунги кунда ёзувчиларнинг машаққатли ижодий меҳнатини тўғри ва адолатли баҳолаш учун давлат ва жамият томонидан яна нима иш қилиш керак, деган савол устида ўйлашимиз даркор. Аслида бу ўта мураккаб масала бўлиб, очиғини айтганда, бир ёзувчига юқорироқ, бошқасига эса пастроқ баҳо беришда ҳакам бўладиган одам ҳам, аниқ мезон ҳам йўқ.

Бундай вазифани ўз зиммасига оладиган кишилар, менинг назаримда, жуда оғир ва мушқул ишни ўз зиммасига олган бўлади. Нега деганда, инсоннинг ҳиссиётлари, унинг чексиз руҳий оламини тасвирлаб берадитан, не-не буюк донишмандлар ҳам ожиз қолган бу ҳаётнинг азалий ва абадий савдоларини акс эттирадиган ижод соҳасида қандайдир мезон ва меъёрлар механизмини ишлаб чиқишнинг ўзи қийин нарса.

Айтайлик, заводда ишлаб чиқарилган буюм — соат ёки машинанинг сифатига баҳо бериш мумкин, лекин ижод маҳсулига шундай баҳо бериб бўлади-ми? Агар бу масаланинг моҳиятига тўғри етиб борилмаса, ялт этган ёш истеъдодга муносиб баҳо берилмаса, уни ижодий ишдан совутиб, қобилиятини сўндириб қўйиш ҳеч гап эмас. Бу эса гавҳарнинг қадрига етмасдан, худдики уни тупроққа кўмиб қўйиш билан баробар, десак, муболаға бўлмайди.

Хулоса шуки, адабий жараёнга, шоир ва адиблар фаолиятига баҳо беришда ўта нозиклик ва эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак.

Менга қолса, ўз истеъдоди, кўз нури ва юрак қўрини, бутун борлиғини бағишлаб, фақат ижод билан шуғулланадиган ҳақиқий ёзувчиларни моддий ва маънавий томондан қўллаб-қувватлаш учун уларга барча шароит ва имкониятларни яратиб берган бўлардим.

Маълумки, Уюшма таркибидаги айнан шу масалалар билан шуғулланиши лозим бўлган Адабиёт жамғармаси бугунги кунда молиявий жиҳатдан ночор аҳволга келиб қолган. Шу сабабли унинг ўрнида янги жамғарма — Ижод фон дини тузиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш бу муаммоларни ечишга имкон туғдиради, деб ўйлайман.

Бунинг учун тегишли идора ва вазирликлар билан биргаликда Ижод фондининг низомини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш керак. Бу Фонднинг низом жамғармасини шакллантиришга албатта давлат ўз маблағи билан ҳисса қўшади.

Шунингдек, мамлакатимиздаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари, турли ташкилот ва муассасалар, халқаро ташкилотларнинг хайрия маблағларини ҳам бу жамғармага жалб этиш устида ишлашимиз керак.

Нега деганда, адабиёт масаласи — бу маъиавият масаласидир. Бу Фонд ёзувчиларни қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, юртимизда ижод соҳасининг, миллий маданиятимизнинг ривож тониши учун, келажагимиз учун хизмат қилишини ёддан чиқармаслигимиз лозим. Ижодий жараённинг, адабиётнинг асосий бунёдкори — бу ёзувчи ва шоирлардир. Лекин бу ишни фақат уларнинг елкасига ташлаб қўймасдан, жамоатчилик, бутун жамиятимиз унга ўз ҳиссасини қўшиши керак.

Айни пайтда бундай Фонд ёзувчиларнинг ижодий фаолиятини оширишга хизмат қиладими ёки боқимандаликка олиб келадими — бу ҳақда ҳам ҳар томонлама чуқур ўйлаш лозим. Бошлаётган ишларимиз амалий самара бериши, ғоявий-бадиий етук асарлар яратишга замин туғдириши учун пухта ўйланган механизмларни яратишимиз зарур.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ижодий фаолият учун қалам ҳақи тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш керак. Бу — энг нозик масала. Бу тизим адолатли бўлиши, Ёзувчилар уюшмаси ишининг самарасини оширишда рағбатлантирувчи омил вазифасини бажариши, содда қилиб айтганда, ҳақиқий ижод намунасини қалбаки асарлардан, яъни шолини курмакдан ажратишга хизмат қилиши керак.

Ижод аҳли учун шарт-шароитларни яхшилаш ҳақида гапирганда, яна бир масалага алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ёзувчилар уюшмасининг поликлиникасини ва Дўрмондаги ижод уйини таъмирлаш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш лозим.

Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағ ажратишни кўзда тутиш, таъмирлаш ишларини 2010 йилда амалга ошириш, жорий йилда эса тегишли лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш керак. Шу билан бирга, Дўрмон ижод уйининг бугунги кун талаблари асосида самарали фаолият юритишини таъминлаш учун унинг ҳам низомини ўзгартириш зарур.

Барчамиз яхши англаймизки, адабиётда ҳам анъаналар давомийлиги, кекса авлод вакилларига ҳурмат-эътибор, уларнинг билим ва тажрибасини ёшларга ўргатиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу маънода, Уюшма фаолиятида кекса адибларга эътиборни янада кучайтириш керак, деб ўйлайман.

Ёши улуғ ёзувчиларга, асарлари ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қиладиган оқсоқолларга ёрдам тариқасида Ижод фондидан маълум миқдордаги маблағни Ёзувчилар уюшмасининг қарори билан уларга бериб бориш айни муддао бўлур эди.

Бундай савобли ишни маданият ва санъатнинг бошқа соҳаларида ҳам жорий этиш зарур, деб ҳисоблайман.

Учинчи масала. Бу чора-тадбирлардан кўзда тутилган асосий мақсад — Ёзувчилар уюшмасининг ҳаётимизда-ги ўрни ва нуфузини янада оширишдан иборат. Токи Уюшмага аъзо бўлган ҳар қайси инсон авваламбор бу ташкилот унинг ижодини ривожлантириш, асарларини жамоатчиликка етказиш, истеъдодини рўёбга чиқариш, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалий ёрдам ва кўмак беришга қодир эканини яқиндан ҳис қили ши лозим.

Ўзимизга савол берайлик: хўп, бир қаламкаш уюшмага аъзо бўлди. Бунинг таъсирини бугунги кунда у ўз ижоди-да, ҳаётида сезадими? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб бериш қийин. Яъни, ёзувчиларда Уюшма мени ўз бағрига олди, энди хотиржам бўлиб, ижод билан шуғулланишим мумкин, деган тушунчани ҳис этиш, шундан қониқиш ҳосил қилиш йўқ.

Уюшма — бу бирлашма дегани. Шундай экан, ягона эзгу мақсад йўлида бирлашган одамлар бир-бирига елкадош бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаши керак эмасми?

Уюшма раҳбариятининг асосий бурчи, вазифаси, такрор айтаман, биринчи навбатда ижодкорлар учун зарур шарт-шароит яратишдан иборат бўлиши керак. Бу вазифаларни амалга ошириш учун эса аввало моддий асос, молиявий заминга эга бўлиш лозим.

Шу билан бирга, Ёзувчилар уюшмасининг сифат таркибини ҳам кўриб чиқиш зарур, деб ўйлайман. Бу муқаддас даргоҳ не-не улуғ ижодкорларнинг қутлуғ номлари, ижодий мероси билан боғлиқ. Шундай экан, Уюшма ўзининг обрў-эътибори ва юксак мақомига муносиб бўлиши, адабиётни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган фидойи инсонларгина бу ташкилотга аъзо бўлиши керак.

Тўртинчи масала — ёш ижодкорлар билан ишлаш масаласи. Истеъдодли ёшларни излаб топиш ва уларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришда чуқур ўйланган усуллар, яъни аниқ механизм зарурлигини бугун адабиётимиз манфаатлари талаб этмоқда. Ёш адиб ва шоирлар, адабий танқидчиларнинг ҳар бири ўз асарлари билан адабий жамоатчилик назаридан, ижодий танловлар, жиддий тақризлардан ўтиб, тегишли эътирофга сазовор бўлиб, шундан кейингина адабиёт майдонига ва Уюшма аъзолигига кириши лозим. Авваламбор, устоз адибларни, Ёзувчилар уюшмасининг тажрибали ва нуфузли аъзоларини ёшлар билан ишлашдек муҳим жараёнга кенг жалб қилишимиз даркор.

Уюшма низомида бу масалага ало-ҳида эътибор қаратиш, умуман, бу борада алоҳида ҳужжат ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур. Айниқса, вилоятларда бу ишни алоҳида кўриб чиқиш ва назоратга олиш керак.

Уюшма аъзолигига даъвогарларнинг асарларини баҳолашда истеъдод ва фақат истеъдод асосий мезон бўлиши зарур. Бунинг учун нафақат марказда, балки жойларда ҳам фаолият кўрсатаётган ижодий тўгарак ва семинарларнинг иш самарасини ошириш, баҳс-мунозаралар, мушоиралар, фикр алма-шувлар, шу билан бирга, устоз ёзувчи ва шоирларнинг маҳорат мактабини ўрганиш бўйича машғулотлар олиб боришни кучайтириш даркор.

Ёш ижодкорлар ўртасида ўтказиладиган танловларда қатнашаётган қаламкашлар орасидан энг яхши истеъдод эгаларини танлаб олишда Ёзувчилар уюшмаси асосий ташаббускор бўлиши, бу ишларни «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати билан биргаликда амалга ошириши зарур.

Бу борада амалий натижа бермаётган баъзи бир юзаки тадбирлар ҳам борки, улар бугун ўзини қанчалик оқлаяпти — бу масалани ҳам алоҳида кўриб чиқиш керак. Умуман, ёш ёзувчиларнинг ижодий семинарларини санаторийларда, хушҳаво чаманларда ўтказиш шартми? Ахир, ёзувчи зоти доимо ҳаёт қўйнида бўлиши, унинг қайноқ нафасини сезиб туриши керак эмасми?

Ижод — бу ўзини қийнаш, машаққат чекиш, ҳузур-ҳаловатдан воз кечиш, том маънода фидойилик демакдир. Чинакам ёзувчи одамларнинг дарду ғами билан яшаши, халқ ичига кириб бориши, ўзи учун илҳомни, янги мавзуларни шу ҳаётдан, унда бўлаётган ўзгаришлардан олиши кераклигини барчамиз яхши биламиз.

Шундай экан, нима учун бу анжуманлар турли вилоятларда эмас, ҳар йили бир жойда ўтади? Қолаверса, бу семинарларга номзодларни танлаб олиш бўйича аниқ тартиб-қоидаларни ишлаб чиқиш ҳақида ҳам бош қотириш фурсати етди, деб ўйлайман.

Бешинчи масала. Назаримда, биз бир вақтлар раҳматли Озод Шарафиддинов бошлаган муҳим бир ишни эътибордан четда қолдиргандекмиз. Яъни, у киши «Жаҳон адабиёти» журнали орқали бошлаб берган дунё адабиётининг энг яхши намуналарини таржима қилиш, чоп этиш, ўрганиш бидан боғлиқ тажрибалар, чет эл ёзувчилари билан алоқаларни янада ривожлантириш масаласига бугун етарлича аҳамият бермаяпмиз. Ҳолбуки, биз маънавиятимизни юксалтириш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга интилаётган эканмиз, ҳеч қачон ўз қобиғимизга ўралашиб қолмаслигимиз керак.

Қисқача айтганда, бошқа соҳалар қатори адабиёт соҳасида ҳам халқаро алоқаларни кучайтириш зарур. Қайси мамлакатда бизнинг адабиётимиз, маданиятимиз, қадриятларимизга ҳурмат билан қарашади, хориждан биз нималарни ўрганишимиз мумкин ва, ўз навбатида, уларга нималарни тақдим этишимиз мумкин — бугун бу масалалар халқаро майдонда ўзлигимизни намоён этишда катта аҳамиятга эга эканини доимо ёдда тутишимиз лозим.

Мен бу борада Ғарб билан бирга Шарқ мамлакатлари, жумладан, Япония, Хитой, Жанубий Корея билан, Миср, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт каби араб давлатлари билан алоқаларни кучайтиришни тавсия этган бўлардим.

Бундай ижодий ҳамкорлик алоқаларини боғлашда албагга ўзаро тенглик, ҳурмат ва самимият ғоят зарур. Шуни унутмаслик керакки, ўзбек миллати, ўзбек халқи — худонинг назари тушган миллат. Ўзбекистон — Оллоҳ назар солган юрт. Бизнинг юртимиз, халқимиз ҳеч кимдан кам эмас ва ҳеч қачон кам бўлмайди.

Энг охирги масала — нашриётлар ва нашр масаласи. Бугунги кунда нашриётларга тўла эркинлик берилган, уларнинг фаолиятига ҳеч ким четдан туриб аралаша олмайди. Лекин ана шу эркинликни тўғри тушуниш, масалага масъулият билан ёндашиш даркор. Яъни, фақат иқтисодий манфаат ортидан қувиб бадиий жиҳатдан заиф, миллий маънавиятимиз, қадриятларимизга тўғри келмайдиган, адабиётнинг обрўсини туширадиган китоблар нашр этилишига йўл қўймаслик керак.

Айниқса, адабий жараён кўзгуси бўлган газета ва журналларда шеър ва ҳикояларни чоп этишда талабчанлик ва масъулиятни янада кучайтириш керак, десам, ўйлайманки, муҳтарам адибларимиз ҳам бу фикрга қўшиладилар.

Бунда, айниқса Уюшма муассислигида чоп этиладиган «Ўзбексистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Шарқ юлдузи», «Звезда Востока», «Ёшлик», «Амударё» журналлари фаолиятини ҳар томонлама кучайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шаклу шамойили, мавзу-мундарижасини яхшилаш, муаллифлар, ижодий жамоатчилик билан кенг ҳамкорликда иш олиб боришни таъминлаш, сўзсиз, катта аҳамият касб этган бўлур эди.

Бундан ташқари, ҳар бир китоб, ҳар бир бадиий асарнинг талаб даражасида чоп этилишида Ёзувчилар уюшмаси ва нашриётлар ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатиш, ўз таркибида истеъдодли, холис ва адолатли адиб ва мунаққидларни бирлаштирган ижодий кенгашларнинг самарали фаолият кўрсатишига эришиш керак.

Ёш ижодкорларнинг асарларини чоп этишга ҳам айнан шу кўз билан қараб, бу масалага алоҳида эътибор бериш лозим. Бундай ёндашув марҳум Муҳаммад Юсуф каби ҳақиқий истеъдодларни кашф этиш ва уларнинг ижодини халққа етказишда энг тўғри ва адолатли йўл бўлади.

Менимча, бу масаланинг асосий калити — чинакам иқтидор эгаси бўлган ёш ижодкорларнинг биринчи китобини давлат ҳисобидан чоп этишдан иборат. Бу борада Ёзувчилар уюшмаси ва нашриётлар Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан шартнома тузиб, бу китобларни уларнинг кутубхоналарига, ахборот-ресурс марказларига етказиб бериш ва шу тариқа минг-минглаб фарзандларимизнинг бу асарлардан баҳраманд бўлишига эришиш мумкин.

Шу билан бирга, академик лицей на касб-ҳунар коллежларида, олий ўқув юртларида таълим олаётган ёшларнинг ана шу китоблар ҳақидаги фикрларини ўрганиш ёшларимиз ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш, ёзувчи ва ўқувчи ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга хизмат қилиши табиийдир.

Айниқса, биз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган болалар адабиётини ривожлантиришга алоҳида эътибор беришимиз, мустақил фикрлайдиган шахснинг шаклланиши, ҳар қандай китобхонлик, мутолаа маданияти болаликдан бошланишини доимо ёдда тутишимиз лозим.

Ёш истеъдодларни айнан ана шундай талаблар асосида камол топтириш, уларнинг адабиёт оламида ўз муносиб ўрнини эгаллашини гаъминлаш учун Ёзувчилар уюшмаси қошидаги Ёш ижодкорлар билан ишлаш кенгашининг фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва янгича асосда қайта ташкил этиш лозим.

Мана шу фикрларни сизларга муро-жаат тариқасида етказиб, бу масалалар хусусида сизлар билан, яъни, давлат ва ижодий ташкилотлар билан биргаликда бош қотириб, тегишли хулоса ва қарорлар чиқариш ўринли, деб биламан.

Шу билан бирга, илгари билдирган бир фикримни таъкидлаб айтмоқчиман: агар биз Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни авлодлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, авваламбор буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак. Нега деганда, улуғ адиб Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса — миллат яшайди.

 

Сайт бўлими: Кутубхона

Қўшимча:

ЯНГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ ЯНГИ КИТОБЛАР ТАҚДИМОТИ
“ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!” “ФИДОЙИНГ БЎЛГАЙМИЗ СЕНИ, ЎЗБЕКИСТОН!”
“АМУДАРЁ”  2017 йил, 2-сон “АМУДАРЁ” 2017 йил, 2-сон
Бобур қидирган дўст қани?.. Бобур қидирган дўст қани?..