"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Абдулла Орипов. Навоийни англаш

Ўқилди: 1 781

navoiy2Буюк бобомиз ижоди, дарҳақиқат, улкан бир уммондир ёхуд дунёнинг энг ранг-баранг ва беназир хазинасидир. Кимки ниманики ахтарса, ушбу хазинадан албатта топғусидир.
Жумладан, барча навоийшунослар неча замонлардан буён бу улуғ меросни ўрганиб, тадқиқ этиб, ундан шоён баҳраманд бўлиб келмоқдалар. Айтиш керакки, ҳаётнинг исталган жабҳасига тегишли чақмоқ фикрлар, гўзал ташбеҳлар бу хазинада ҳайратомуз даражада серобдир. Айрим мисоллар келтирайлик. Мана шоир беҳини (мева) таърифлаётир:

Оқартиб ишқ бошимни,
ниҳон бўлди сариғ чеҳрам,
Момуғ ичра беҳини
чирмоғон янглиғ киши андо.

Яъниким, пахта — момиққа сариқ беҳи ўраб қўйилгани каби оппоқ сочим оғушида сариқ чеҳрамдир.
Ёхуд шоир фалакиёт — астрономиядан иқтибос келтиради:

Маҳжабинлардин сияҳдиллик,
не тонгким, ойнинг
Ботинин кўрсанг қародур,
гар кўринур зоҳир оқ.

Шоир бундан беш юз йиллар муқаддам ой тупроғининг аслини аниқ тасвирлаган.
Энди бир мисол тиббиётга доир. Қарангки, шоир бир ғазалида сариқ касалининг барча белгиларини бошдан-оёқ санаб ўтади ва охирида дейди:

Дард туфроққа ниҳон қилди
Навоий жисмини,
Топибон бир шуша олтин,
дафн қилгандек гадо.

Шоир ўз жисмини бир шиша сариқ олтинга менгзамоқда.
Навоийнинг яна бир байтига эътибор қилайлик. Бу ерда гап ваҳдат майи устида эмас, балки мавжуд турмушнинг аниқ ҳолатлари ҳақида бораётир:

Эй муғаннийлар, Навоий маст эди —
кеч уйғонур,
Они уйғотмоққа бир дилкаш
тараннум айлангиз.

Қуйидаги мисолда ҳам ҳаёт детали шашлик — шишлик тарзида ифода этилмоқда:

Гарчи ишқ ўтида
кўнглумни ўқунгға шишладинг,
Гарм бўлмаким,
ҳануз не сих куймиш, не кабоб.

Мана бу ўринда эса Навоий ўзининг қайси қавмга мансублигини таъкидламоқда. Бу ҳам қизиққан ҳар бир одам учун ахборот манбаи бўла олади:

Шоҳу тожу хилъатиким,
мен томоша қилғали
Ўзбаким бошида қалпоқ,
эгнида ширдоғи бас.

Кўриниб турибдики, устознинг муборак назари тушмаган бирор соҳа йўқ. Хўш, унинг қалби-чи? Шоирнинг қалбида қандай ғалаёнлар юз бермоқда эди? Унинг юраги нималардан изтироб чекмоқда эди? Ҳасрати ва армонлари нималардан иборат эди?
Биз юқорида келтирган шеърий мисраларни балким ҳар қандай мутахассис илмий-бадиий жиҳатдан тўғри шарҳлаб бера олар. Лекин Навоий ҳасратию армонини ким шарҳлай олади?
Аввало, Навоий ижодининг асл манбаида инсон турадики, у гоҳ шоҳ, гоҳ гадо, гоҳ ошиқ, гоҳ ринд. Лекин Навоий инсонни қанчалик улуғламасин, унинг норасолигидан ҳам шу қадар шикоят қилади, ҳатто фарёд чекади:

Чу билмай элга вафо айладим —
жафо кўрдим,
Не суд энди агарчи
нечаким пушаймонмен.

Ёки:

Дўстлар, басдур мазорумға
маломат тошлари,
Чекмангиз меҳнат қўярға
қабри вайронимға тош.

Хўш, буюк шоирнинг кўнглини бу қадар ўкситган сабаб недур? Навоий буни ҳам очиқ-ойдин айтади:

Турфа, кўрким, халқ коми бирла
умрум бўлди сарф,
Турфароқ буким, биравга ёқмади
бир хизматим.

Яъни, жайдари тилда айтсак, шоир гўё, қўчқорни бердинг-у, бироқ арқонини бермадинг деб маломат қиладиганларни назарда тутгандек.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам инсон боласи яхшиликдан фойдаланишга ғоят уста, лекин уни қадрлашга ҳар доим ҳам қодир бўлавермайди. Афсуски, инсон болаларини олий туйғулар эмас, кўпинча нафс бошқариб келган. Ёвузлик унга доимий ҳамроҳ бўлган. Навоийнинг ҳасратлари айнан мана шулар эмасми?! У муттасил равишда инсон комиллигини орзу қилаётир-ку. Наинки орзу қилаётир, балки унинг ижобати учун курашмоқда-ку!
Бироқ шоир армонлари ушалмаса ҳам инсон қавмига ҳаргиз этак силкимади. Аксинча, уни тўғри йўлга даъват қилди.

Бўлма дўнё дўст,
гар истар эсанг осудалиқ,
Лек ҳар не қилсалар,
бўл аҳли дунё бирла дўст.

Ҳазратнинг теран фалсафаси ҳам шу эди. Биз авваламбор шоирнинг қалбига, чексиз ҳасратларига қулоқ тутишимиз, уни англашимиз зарур.
Бобомизнинг таваллуд куни — наинки тенгсиз ифтихор куни, балки биз учун улуғ уммондан яна бир карра баҳра олмоқ имкони ҳамдир. Юртбошимиз таъкидлаганларидек: “Агар бу зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак — шоирларнинг султонидир”.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 6-сонидан олинди.

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди Буюк адибнинг 90 йиллиги муносиб нишонланди
Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида Жаҳон адиблари Чингиз Айтматов ҳақида
Буюк адибга эҳтиром рамзи Буюк адибга эҳтиром рамзи
Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб Шоир Ҳамид Олимжонни хотирлаб