"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Мамасоли Жумабоев. Одоб ва офтоб куйчиси

Ўқилди: 3 754

polat_mominОфтоб яхшими,
Одоб яхшими?
Офтоб берар нур,
Одоб-чи, ҳузур.
Лолалар учун
Офтоб яхшидир.
Болалар учун
Одоб яхшидир.

Ушбу мисралар муаллифи жозибали шеърлари, қанотли қўшиқлари, маъно ва мазмунга бой достонлари, ғаройиб пиесалари билан катта-ю кичик китобхонларнинг қувончларига қувонч, шодликларига шодлик улашиб келган болаларнинг атоқли шоири Пўлат Мўминдир.
Аслида, болаларга ижод этиш, бу соҳада муваффақият қозониш учун биргина қобилият ёки истакнинг ўзи камлик қилади. Белинский таърифи билан айтганда, болалар ёзувчиси бўлиб туғилиш керак. Болалар ёзувчисидан нозик таъб эгаси, гўдак табиати ва психологиясининг билимдони, ўз ўрнида меҳрибон ва болажон, камтарин ва самимий, болаларча соддадил бўлиш ҳамда фавқулодда донолик талаб этилади. Биз Пўлат Мўмин ижодида ана шундай хусусиятлар мужассамлигини ҳис этамиз. Бундай даражага етишиш учун шоир бутун умрини болалар орасида, ўз китобхонлари даврасида ўтказди. Унга болалар ва мактаб ҳаёти — ажойиб, жўшқин ҳаёт жуда яхши таниш, қадрли бўлган. Шунинг учун ҳам шоир ўз китобхонларининг ўй-фикрлари, орзу-умидларини яқиндан билган, уларнинг дилларидагини тилларга чиқара олган.
Шоирнинг тинимсиз ижодий меҳнати туфайли, “Ҳунардан унар”, “Тўғри ўсган гул бўлар”, “Ўринбосарлар”, “Олтин най”, “Бир ярим Карим”, “Дўстинг қанча кўп бўлса”, “Офтоб ва одоб”, “Яхшиларга ўхшасам”, “Бу жуда соз”, “Эсон-омон”, “Олтмиш олти олтин қўл”, “Устозлар изидан”, “Болаларнинг бахти кулган”, “Болажон, болажоним”, “Бағишловлар-олқишлар” шеърий тўпламлари, “Чаноқвой билан Қовоқвой”, “Баҳодирнинг ботирлиги”, “Оқ фил йўқолди”, “Суқатой-конфетвой”, “Она болам дейди” каби эртаклари, пиесалари юзага келди. Бу китобларга кирган энг яхши шеър ва қўшиқлари, достон ва эртаклари болалар адабиётимиз хазинасига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди, уни бойитди, бир қанчаси жаҳон халқлари тилларига таржима қилиндики, бу фақат шоирнинг эмас, балки ўзбек болалар адабиётининг ҳам ютуғи, обрўси ҳисобланади.
Баъзан ўқувчи-ёшлар орасида муғомбир, писмиқ болалар ҳам топилиб қолади. Шоирнинг “Қўл кўтариб қўлга тушди” номли асари ана шундай болаларга бағишланган. Асар қаҳрамони аслида дангаса, ишёқмас, қолоқ ўқувчи. У буни ўқитувчисига сездирмаслик учун ҳар куни дарс пайтида “Мен айтаман, деб кўтаради қўл”. Ўқитувчи эса боланинг муғомбирлигини сезмайди, дарсни яхши ўзлаштирибди, деб ундан сўрамайди. Охири бир куни: “Майли, айта қол”, дейди. Шунда ҳалиги бола саволга жавоб бера олмай, ўқитувчи ва ўқувчи дўстлари олдида изза бўлади:

Дарвозасига
Урилгандай гол,
Қўлга тушганди
У кўтариб қўл.

Шоирнинг “Ер чопилди, жавоб топилди” шеърида меҳнатдан завқланиш туйғуси ёрқин ифодаланган. Асар қаҳрамони дастлаб уйга берилган топшириқни ишлай олмайди. Шунда у жисмоний меҳнат қилишга киришади — ер чопади, терлаб-пишади. Натижада кўнгли ёришиб, фикри ойдинлашади. Шундан сўнг уйга берилган мисолларни ҳам ечади.

Барча саволга
Жавоб топилди.
Шу баҳонада
Ер ҳам чопилди.

Пўлат Мўмин ҳар бир асарининг ўқишли, таъсирчан, болаларбоп чиқиши учун тинимсиз меҳнат қиларди. Ўзига талабчан бўлган шоирнинг маҳорати барча шеърларида сезилиб туради. Болалар ҳаёти, замон, давр билан ҳамоҳанглик шеърларининг ўқишли, жозибали чиқишига омил бўлган. Буни шоирнинг “Кўйлагим”, “Эҳ, роса ширин экан” асарлари мисолида кузатиш мумкин.
Одатда, инсон байрамларни, улуғ айёмларни катта тайёргарлик билан, айниқса, янги либослар кийиб олиб кутиб олади. Буни шоир “Кўйлагим” асарида қуйидаги қувноқ мисралар воситасида шундай ифодалайди:

Атлас кўйлак тикдилар,
Аяжоним байрамга.
Севинчимга сиғмайин,
Раҳмат дедим аямга.

Қизалоқни хурсанд қилган, қувончига қувонч улашган она образини шеърда жуда ҳаётий чизиб беради. Ўзбек аёлининг чеварлиги, қўли гуллиги қизча тилидан зўр мамнуният билан баён этилган. Бу севинчда фақат онанинг меҳнати эмас, балки қурт боқувчи — пилла етиштирувчиларнинг, ип йигирувчиларнинг, пилладан атлас тўқувчиларнинг ҳам ҳиссалари борлигини ёш китобхон қийналмай сезиб олади.
Қўлидан иш келадиган одамнинг ортиқча ғами, ташвиши бўлмайди, бундай инсон ғийбат, ҳасратлардан ҳам холи, чунки у доим ўз юмуши билан банд. Шу билан бирга, ҳунарли кишининг тирикчилиги яхши ўтади, оиласи тўқ, фаровон бўлади. Қўлида ҳунари йўқнинг ҳолига вой. Бундайларнинг қадам ташлаши оғир, гап-сўзи совуқ бўлади. “Ҳунарли ва ҳунарсиз” шеърида шоир ана шу тарбиявий мавзуни қаламга олган:

Биттасининг қўлида
ғайрати бор,
Биттасининг кўнглида
ҳасрати бор.
Биттасининг гап-сўзи
илиқ бўлар,
Биттасининг ҳар сўзи
совуқ бўлар.

Болалар, одатда, тақлидчи бўлишади, катталарнинг юриш-туришларига, касб-ҳунарларига таассуб қилишади. Улардаги бу хусусият шоирнинг “Холнинг жийрон велосипеди” шеърида қаламга олинган.
Холга дадаси велосипед совға қилади. Хол сахий, кўнгли очиқ, одобли. У велосипедини ошналаридан қизғанмайди:

Қўни-қўшни, ошналар
Галма-гал учишарди.
Бири минса бошқалар
Ортидан кўчишарди.

Бироқ болаларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмайди. Велосипедни каттароқ ёшдаги “юриши алпон-талпон” бир бола уларнинг қўлидан тортиб олади:

— Қани, миниб кўрай бир,
Нари турларинг, ахир,
Деб минди эгарига
Ярим метр нарига —
Юрмасдан шартта синди
Уччала ғилдираги…

Шодининг бу қилиғи аҳил болаларнинг кайфиятларини бузади. Шоир эса воқеани давом эттиради: аҳил болалар велосипедни кўтариб, пайвандчи Асқар аканикига боришади. Унинг велосипедни пайвандлаб созлаб берганига гувоҳ бўлган болалар қалбида бу ҳунарга ҳаваслар жўш уради.
Пўлат Мўмин достончи-шоир сифатида ҳам жуда қадрлидир. Унинг “Олтин нокли боғ”, “Кўча — кўпчилик учун”, “Эҳ, роса ширин экан”, “Кўнгил истар яхшилик” достонлари аллақачон кичкинтойларнинг севимли асарларига айланиб улгурган. Шоирнинг достонларида болалар ўртасидаги дўстлик, ўқитувчи ва жонажон мактабга меҳр-муҳаббат, бирлик, аҳиллик илгари сурилган. Болалар ҳаётида содир бўладиган ютуқ ва камчиликлар бадиий бўёқларда, қизиқарли эпизодларда чизиб берилган. Бир сўз билан айтганда, мактаб ўқувчиларининг ҳаёти завқ-шавқ билан тасвирланган.
Атоқли болалар шоири Пўлат Мўмин бир умр болаларни севди, улар учун ижод қилди. Ёш китобхонларни озод ва обод ўлкамиз, жонажон Ўзбекистонимизни севишга чорлади. Оламда киндик қони тўкилган жойдан кўра эъзозли, қадрли, мўътабар маскан йўқлигини қуйидагича қувноқ, ширали, таъсирли мисралар билан куйлаб ўтди:

Пахта экиб донг таратган,
Меҳнат билан бахт яратган,
Боғларингга гул ярашган,
Озод ўлкам,
Обод ўлкам,
Ўзбекистон, Ўзбекистон!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 50-сонидан олинди.

Сайт бўлими: Мақолалар

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ