"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Улмамбет Хўжаназаров. Бугун қўшиқ ёзажакман

Ўқилди: 700

Таниқли қорақалпоқ шоири Улмамбет Хўжаназаровнинг халқона оҳангларга бой шеърий туркумлари ўзбек ўқувчиларига яхши таниш. Унинг “Аккалакам-дуккалакам”, “Армон”, “Кўнгил туйғулари”, “Йилларим менинг”, “Аму оҳанглари” шеърий тўпламлари, “Дилкаш суҳбатлар” достони шеърият мухлисларининг севимли китобларига айланган.
Улмамбет Хўжаназаров яқинда “Қорақалпоғистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлди. Биз шоирни ушбу юксак мукофот билан муборакбод этиб, туркум шеърларини газетхонлар эътиборига ҳавола этмоқдамиз.

БУГУН ҚЎШИҚ ЁЗАЖАКМАН

Бугун қўшиқ ёзажакман,
Бир ажойиб қўшиқ бўлгай.
Қувват битиб қанотига,
Парвоз этиш насиб бўлгай.

Бул қўшиғим Хумо каби
Давлатли ва бахтли бўлгай.
Озод учар, эмин-эркин,
Садоқатли, аҳдли бўлгай.

Тоғнинг баланд чўққисига
Барча бирдек ошиқ бўлгай.
Ирмоқ каби чулдур-чулдур,
Сўқмоқ каби қўшиқ бўлгай.

Армони кўп одамзотнинг
Ойи бўлгай, Куни бўлгай.
Тилсими кўп табиатнинг
Сайраб турган тили бўлгай.

Жизиллаган жазирада
Ёлғиз ўсган терак бўлгай.
Чарчаб келган йўловчининг
Муҳтожига керак бўлгай.

Фазогирдай коинотда
Юлдузларга сирдош бўлгай.
Нозик таъбли, зийрак бўлгай,
Улуғликка тиркаш бўлгай.

Тонг-саҳарни қанотида
Олиб учган лочин бўлгай.
Мошинлига — аэроплан,
Пиёдага — мошин бўлгай.

Олтин қушим, олмос қушим,
Эл-юртимга қўлдош бўлгай.
Мангуликка ошиқ бўлиб,
Яхшиликка йўлдош бўлгай.

Ким бўлса ҳам бул қўшиғим,
Инсон ғамин ўйлайверар.
Катта билан катта бўлиб,
Бола билан ўйнайверар.

Ким бўлса ҳам бул қўшиғим
Танҳо менинг ўзим бўлгай.
Юртим учун илоҳимдан
Тилаб олган сўзим бўлгай.

ВАТАН

Қорақалпоқ отли менинг Ватаним,
Дунёда муқаддас ғурур, орим ул.
Ота-бобом ётган азиз тупроғим,
Қайга кетсам, қайтиб келар ерим ул.

Юртнинг лойқа суви, тузли ҳавоси,
Армонли кўнглимнинг ёлғиз давоси,
Пирим Хўжа Аҳмад холис дуоси,
Жонимнинг ичинда жоним — зарим ул.

Ватан таърифланмас тилнинг учинда,
Унинг тенги йўқдир бутун очунда,
Дўсти ёроним бор тенг-тўш ичинда,
Эрназар, Элмурод, Абдукарим ул.

Бўлакча сийлаган тақдир инсонни —
Танлаб бўлмас ота-она, Ватанни,
Ватанни севмасанг бахш айлаб жонни,
Тирик туриб ўлган ўлим — шўрим ул.

Умрим бўйи эрта кунми, кеч кунми
Мен Ватанни алмашмайман ҳеч кимга,
Икки дарё оқар халқим кўксинда,
Ибройим, Абдулла каби шеърим ул.

Эй, кекса-ёш ватандошим, тенгдошим,
Тутаман деб дунёнинг тамал тошин,
Ватангадо бўлма, тўкиб кўз ёшинг,
Хору сарсон, юрт кўрмаган кўрим ул.

Қўл тегмаган қўриқ ерим, заҳирам,
Зуваламиз кўп ийлам ё оз ийлам,
Омон бўлсин Ватан отлиғ хазинам,
Ёлғиз уйим — остонам ҳам тўрим ул.

ТУҒИЛГАН ЕР ҚАДРЛИ

Бўлса ҳам бир қаричдай,
Туғилган ер қадрли.
Қаторингдан қолишмай,
Югурган ер қадрли.

Олис ерда адашсанг,
Йўлбошларинг қадрли.
Ўпкалашиб, ярашган
Йўлдошларинг қадрли.

Туғишгандан тунгилсанг,
Туғ олишинг қадрли —
Қайғусига қайишсанг,
Қувонишинг қадрли.

Уя босган маконинг
Учганингда қадрли.
Туҳмат қилган дўстингдан
Душманинг-да қадрли.

Қўнаман деб қайрилсанг,
Кўлинг бўлар қадрли.
Ор-номусдан айрилсанг,
Ўлим бўлар қадрли.

 МЕНИНГ ИККИ  ДЎСТИМ БОР…

Менинг икки дўстим бор,
Биринчиси — Гумондор,
Иккинчиси — Таваккал.

Гумондор дўст муғомбир,
Кўп сирлашавермайди.
Таваккал дўстим соддадил,
Айтганимга кўнмайди.

Иккинчи дўстим ер юрак,
“Кейинимдан юр!” дейди.
Биринчи дўстим бош чайқаб,
“Охирин англаб кўр” дейди.

Соғ бошимни дўстларим
Ҳар балога солади.
Измига юрсам бошқанинг,
Дўстларнинг кўнгли қолади.

Таваккалга юраман,
Икки-уч давон ўтганча.
Изимни аниқ кўраман,
Гумондор дўстим етгунча…

Менинг икки дўстим бор:
Биринчиси — Гумондор,
Иккинчиси — Таваккал.

Қорақалпоқ тилидан Рустам Мусурмон таржимаси.

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ