"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Конфуций ҳикматлари

Ўқилди: 1 162

konfuziyҚорнини ўйламас олижаноб шахс,
Фақат ўз тинчини кўзлаб яшамас.
Шахдам хизмат қилар, гапи — маъноли,
Улуғ йўлга ўзин тайёрлар доим,
Деса бўлар уни аъло ўқувчи.

* * *

Ташвиш чекма, танимаса сени одамлар,
Ташвиш чеккин одамларни танимасликдан.

* * *

Ким эзгулик йўли билан иш тутар экан,
У ўхшайди худди шимол Қутб юлдузига.
Ўз ўрнида нур сочади, муқим, улуғвор,
Порлаб турган юлдузларнинг орасида у.

* * *

Фақат раҳм-шафқатли одам
Бошқаларни чин дилидан сева олади,
Ёмонлардан эса нафрат қила олади.
Интилинса раҳму шафқатга
Қолмас бу дунёда ёвузлик.

* * *

Ҳаётда ўрним йўқ деб асло чекма ғам,
Ўзингни барқарор этмоққа тириш.
Агар сени ҳеч ким танимаса ҳам
Кўпчиликка машҳур бўлишга кириш!

* * *

Ота ва онангга қилганда хизмат,
Қилмагин уларга панду насиҳат.
Нени хоҳласалар этгин жо-бажо,
Сўзлари ёқмаса жеркима асло.

Ота-онанг ҳали ҳаёт бўлган чоқ,
Сира кета кўрма улардан узоқ.
Мабодо кетсанг ҳам аниқ жойда тур,
Излатма ўзингни бўлсанг гар зарур.

* * *

Чириган ёғочга нақш солиб бўлмас,
Деворни гўнг билан оқлаб бўлмайди.
Беғам шогирдга ҳам беҳудадир панд.

* * *

Олдинлари одамлар-ла алоқада мен
Гапларига ишонардим ваъда беришса.
Энди эса одамлар-ла алоқада мен
Гапларини тинглайману кутиб тураман —
Токи улар ваъдаларин қилгунча адо.
Бу одатга олиб келган — беғам шогирдим.

* * *

Кексаларни доим иззат-ҳурмат қил,
Вафодор дўстингга ҳамиша ишон.
Ўзингдан кичикни кўрсанг — азиз бил,
Хато қилсанг дилдан бўлгил пушаймон.

* * *

Эвоҳ, эзгуликнинг ҳоли паришон,
Билимга интилиш кўринмас ҳамон.
Тўғри йўл кўрсатсанг юрмайди биров,
Иллатлар инсоннинг йўлидадир ғов.

* * *

Дили куймаганга бермайман таълим,
Ҳайратга тушмаган ололмас билим.
Бир бурчакда туриб қолганин кўрмас,
Бундайни ўқитиш фойдаси бўлмас.

* * *

Йўқни бор дейилса — бу қандай одат,
Бўшни тўла демоқ — шуми саодат?
Фақирликни — бойлик, жафони вафо,
Бунга не демоқлик керак, ажабо?

* * *

Нақадар буюкдир Яо подшоҳ!
Қанчалар сарбаланд, улуғвор!
Аслида энг баланд Осмон-ку,
Гўёки кўккача етгулик боши.

Йўқ ниҳоя салобатига.
Таърифига топилмайди сўз,
Унинг аъмоли ҳам юксак ва улуғ,
Маърифат йўлидан таралади нур!

* * *

Доим самимий бўл, интил билимга,
Такомил йўлига тиккил ширин жон.
Йўллар бос, бакор кел юрту элингга,
Бекор ўзни ўтга урма ҳеч қачон.

* * *

Учиб келмаётир бахт қуши — Ҳумо,
Дарё ҳам кўрсатмас яхшилик — нишон,
Демакки менинг ҳам куним битмоқда!

* * *

Садоқат, софликни муҳим деб билгил,
Дўстлигу вафога сен риоя қил.
Аммо дўст бўлмагин тенгинг бўлмаса,
Хатою нуқсон-ла қилма муроса.

Рус тилидан Мухтор Худойқулов таржимаси

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Янги қарор: Ёзувчилар уюшмаси фаолияти янада такомиллаштирилади Янги қарор: Ёзувчилар уюшмаси фаолияти янада такомиллаштирилади
Ҳамкорлик меморандуми имзоланди Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Ҳарбийлар билан китобхонлик тадбирлари Ҳарбийлар билан китобхонлик тадбирлари
Янги китоб тақдимотига марҳамат! Янги китоб тақдимотига марҳамат!