"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Тўлибой Қобулов. Бахтин топган эр қадрли

Ўқилди: 811

Тўлибой Қобулов,
Қорақалпоғистон халқ шоири

СЕН ҚАДРЛИ

Одам учун олтин бешик,
Ота макон ер қадрли.
Ўз ерида ўйнаб-ўсган,
Бахтин топган эр қадрли.

Келажакка талпинтирган
Бола, ўсмир, ёш қадрли.
Тақдирингга шерик бўлган
Фидойи йўлдош қадрли.

Чин юракдан кўнгил берган
Садоқатли ёр қадрли.
Бизни мағрур этиб юрган
Номус билан ор қадрли.

Одамзодга бу дунёда
Озод яшаш — энг қадрли.
Ватан — Она,
Баридан ҳам
Сен қадрли, сен қадрли!

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН БУ

Қуёш чиқса кун чиқишдан,
Олам бўлар нур, гулистон.
Бир ўлка бор бахти баҳор,
Қуёш билан бир туғишган.
Бир ажойиб бўстон бу,
Қорақалпоғистон бу.

Ойга тўлган осмонлари,
Куйга тўлган бўстонлари.
Гулойим ва Арслон каби
Қиз-йигити достон бари.
Ботирликка унвон бу,
Қорақалпоғистон бу.

Қора тоғдек салмоғи бор,
Ўнарли ўн бармоғи бор.
Навойидан сабоқ олган
Ажиниёз, Бердағи бор.
Тилидан дур сочган бу,
Қорақалпоғистон бу.

Мустақиллик — қуёши бор,
Тошкент — меҳригиёси бор.
Бу ўлканинг юрагида
Дўстлик жўғрофияси бор.
Бир ажойиб бўстон бу.
Қорақалпоғистон бу.

ЧАНҚОВУЗ

Онам сени сандиғида сақлаган,
Сақламаса, кўнгли қарор топмаган.
Эшитганда сенинг сулув сасингни,
Эсган шамол эл гирдида тўхтаган
Жон олувчи ноланг учун, Чанқовуз.

Тилла забон сайраса ҳар нағмага,
Ёруғ олам бўлсин сенга садаға.
Юрт йиғилган ҳар марака-тўйларда
Боғбон боғин эҳсон этган худоға…
Жон олғувчи ноланг учун, Чанқовуз.

Қиз-жувонлар изҳор этиб дардларин,
Очиқ айтган
ошиқликнинг шартларин.
Олисга от, яқинга хат йўллашиб,
Енгиб олган йигитларнинг мардларин
Жон олғувчи
ноланг билан, Чанқовуз.

Тилла забон сочган
шуъла-нур бордир,
Тилларингда ажиб теран сир бордир.
Қулф уриб гуллаган —
мангу яшнаган
Гўзал дунё тилларингга қурбондир
Жон олғувчи ноланг учун, Чанқовуз.

Онам сени сандиғида сақлаган,
Сақламаса, кўнгли қарор топмаган.
“Саҳро булбули” деб бекордан бекор
Аталмаган ахир қорақалпоқ ҳам
Жон олғувчи ноланг учун, Чанқовуз.

БЕРДАҚМИ ДЕЙМАН

Умрбод излаб мард умрдошларни,
Сўзлари эритган қора тошларни.
Инъом этган илҳом, дард, кўзёшларни
Орол денгиз билан Мўйноқли дейман.

“Яхши одамларга жоним садаға”, —
Деб юзин қаратган доим Каъбага…
Шундай бандасидан қодир Худо-да
Рози бўлса керак шу вақтда дейман.

Куйлаб у ўзининг Орол денгизин,
Ҳалол меҳнат билан топган ризқ-рўзин,
Туғилган ерига бахш этган ўзин
Бердақ — илоҳий руҳ-арвоҳми дейман.

Ҳали йиллар силжиб, фурсат ўтади,
Замон чин инсоннни бахтли этади,
Яхши сўз етти отага етади,
Баримиз Бердақдай бўлсақми дейман.

* * *

Олисдан ой кўринди,
Жилғаю сой кўринди,
Айлана, теварак дашт,
Қарасанг кўзинг тўймас,
Хўб ажиб жой кўринди.
Олисдан ой кўринди,
Чопишган той кўринди,
Арғумоқ от бўлажак,
Бойсунга етказажак
Бойсари, Бойбўрингни.

Олисдан ой кўринди,
Хушқомат бўй кўринди,
Алпомиш, Гулбарчинлар
Бир бирига меҳрибон,
Бирам хушрўй кўринди.

Олисдан ой кўринди,
Табиат бой кўринди,
Сув оқар сойдан сойга,
Севгилим, сен ҳам тўйга
Келгин, чирой кўринди.

Олисдан ой кўринди,
Жилғаю сой кўринди,
Жоним, кийиб кел сен ҳам
Кенг этак, узун енгли
Хон атлас кўйлагингни.

ИЗҲОР

Иккимиз дўстлашайлик,
Ҳамроз бўлиб яшайлик.
Аҳдлашиб тонг саҳардан
Денгиз сари шошайлик.

Ов қилайлик тўр ёйиб,
Балиққа тўлсин қайиқ.
Биз туфайли бир йўла
Эл-овул қолсин бойиб.

Эшкакни бир эшайлик,
Тўфонлардан ошайлик.
Туғишган денгиз билан
Бирлашиб тиллашайлик.

Иккимиз дўстлашайлик,
Бирлашмоққа шошайлик.
Тўлқиндан илҳом олиб,
Денгиз бўлиб яшайлик.

Рустам Мусурмон таржимаси.

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ