"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Шароф Бошбеков. Темир хотин (комедия)

Ўқилди: 1 029

3Шароф БОШБЕКОВ

ТЕМИР ХОТИН

Жиддий комедия

Иштирок этувчилар:
ҚЎЧҚОР — тракторчи
«АЛОМАТ» — робот
ОЛИМЖОН — ёш олим
ҚУМРИ — Қўчқорнинг хотини
ШАРОФАТ — қўшни жувон
САЛТАНАТ — қўшни аёл
СУВОН — мулла
ТУРОБЖОН — Қўчқорнинг ўғли

БИРИНЧИ САҲНА

Қишлоқ. Оддий, камтарона ҳовли. Тўғрида бир неча устунли пешайвон, ўнгда ластаккина кўча эшиги, олдннроқда ёғоч каравот. Саҳнадаги ҳар бир жиҳоз, ҳар бир буюмда нимадир етишмайди: эшик-дераза ромларининг ярми бўялган, ярмннннг ранги ўчиб кетган; ёғоч каравотнинг битта оёғи йўқ, ўрнига ғишт териб қўйилган; кўрпа-ёстиққа ямоқ тушган; пиёлаларнинг лаби учган ёкн чегалакган, чойнакиинг жўмрагига тунука кийгазилган ва ҳоказо.
Пешайвон устунига ҚЎЧҚОР арқон билан чандиб ташланган, уст-боши, афт-ангорига қараб бўлмайди. Шу кўйи ухлаб қолган бўлса керак, аввал секин қимирлаб қўяди, сўиг кўзинн очмай эснайди. Оёқ-қўлинннг ўзига бўйсунмаётганига ҳайрон бўлиб, бир-икки чираниб кўради.

ҚЎЧҚОР (уй томонга). Ҳў, тирикмисан?.. (Типирчилайди.) Ечиб қўй дарров, ҳў-ў!.. Қумри, деяпман, жаҳлим чиқса нима бўлишини биласан-а? Яхшиликча бўшат! (Бир оз кутиб.) Ие, бир бало бўлганми бунга?.. Охирги марта айтяпман, агар ҳозир югуриб келиб, қўлимни бўшатмасанг…
Ичкаридан Қумри чиқади. У ўттиз-ўттиз бешларда, лекин ёшига нисбатан анча катта кўринади.
ҚУМРИ (аразли). Нима қиласиз?
ҚЎЧҚОР. Қўйвораман!
ҚУМРИ (хўрлиги келиб). Нима?..
ҚЎЧҚОР. Паттангни қўлингга тутқазаман!
ҚУМРИ (Бирпас эрига таьна аралаш қараб туради-да, дордаги кийим-кечакларими йиғиштира бошлайди). Ҳозир эридан патта сўраб ўтирадиган замонмас.
ҚЎЧҚОР. Ие! Бепатта кетавераман, де? (Жавоб ололмагач.) Ҳеч бўлмаса, битта қўлимни бўшатиб қўй, номард!
ҚУМРИ. Битта қўлингизни бўшатганим билан фойдаси йўқ.
ҚЎЧҚОР. Нега бўлмас экан, қашиниб оламан.
ҚУМРИ. Қаерингиз қичишяпти, айтинг, ўзим қашиб қўяман.
ҚЎЧҚОР (бу гапни кутмаган эди, довдираб қолади). Сенинг бўйинг етмайди…
ҚУМРИ. Ихтиёрингиз… (Кийим-кечакларни катта рўзғор сумкасига жойлай бошлайди.)
ҚЎЧҚОР. Менга қара, ўзинг боғладингми ё битта-яримтаси қарашиб юбордими?
ҚУМРИ. Сизга бас келиб бўларканми, бунақа вақтда трактор бўп кетасиз-ку!
ҚЎЧҚОР. Ким келди?
ҚУМРИ. Қишлоқнинг ярми келди. Бақиравериб, дунёни бошингизга кўтардингиз. Олти киши аранг эплади-я.
ҚЎЧҚОР. Олти киши? (Тўнғиллаб.) Кўпчилик яхши-да, кўпчиликдан ўргилай… Сафар ҳам бормиди? А?
Қумри индамай ишини қилаверади.
Сендан сўраяпман, гарангмисан?!
ҚУМРИ. Ҳа, бор эди.
ҚЎЧҚОР. Тағин ким чиқди?
ҚУМРИ. Нима фарқи бор?
ҚЎЧҚОР. Фарқи бор! Эртага кимдан узр сўрашимни билишим керакми? Э… бугун, деганим.
ҚУМРИ. Муҳиддин аканинг ўғли иккита ўртоғи билан армиядан келган экан. Отпускага. Аввал уч киши бўлиб ўшалар чиқишди. Ҳеч бўй бермадингиз.
ҚЎЧҚОР. Ҳм, армия ҳам бас келолмади, дегин?
ҚУМРИ. Кейин Муҳиддин ака билан Сафар акалар чиқишди.
ҚЎЧҚОР. Яна?
ҚУМРИ. Шу…
ҚЎЧҚОР. Олти киши, дединг-ку!
ҚУМРИ. Мен ҳам сал-пал қарашвордим…
ҚЎЧҚОР. «Сал-пал»миш! Ечилмаётганидан ҳам билувдим, сенинг қўлинг текканини! Мол арқонлаб ўрганиб қолгансан-да, боғлаган тугунингни матрослар ҳам ечолмайди! Э, қарашвормай кет! Бўпти, кечирдим, қўлни бўшат.
Қумри «йўқ» дегандай бош чайқайди.
Бу уйда мен кимман ўзи, а? (Бақириб.) Қўчқорманми ё Қўчқормасманми?! Қўчқорман!!! (Бирдан паст тушиб.) Қўчқор экан, деб боғлаб ташлайверадими?.. Шўри бор одам эканман ўзи… (Яна бақириб.) Ҳеч бўлмаса, сув бер, ичим ёниб кетяпти!
Қумри дастасиз кружкада сув олиб чиқиб, ичириб қўяди. (Тўнғиллаб.) Қўлдан берганга қуш тўймас… Ўтир мундоқ. Қумри итоаткорлик билан ўтиради.
Энди бир бошдан гапириб бер: ким нима деди, нима қилди? Йўқ, нима қилгани керак эмас, қилган иши бошидан қолсин! Ким нима деди?
ҚУМРИ. «Қўчқормас, ҳўкиз экансан»…
ҚЎЧҚОР. Ўчир овозингни! (Типирчилаб.) Ҳозир, лекин…
ҚУ МР И . Вой, Муҳиддин аканинг гаплари-да, менга нима дейсиз?
ҚЎЧҚОР. Муҳиддин ака, дегин?.. (Бирдан.) Ўзининг кўзи уккиникига ўхшайди, билдингми?! Кейин-чи?
ҚУМРИ. Сафар ака «бунга ҳеч ақл кирмади-кирмади-да» дедилар. «На каттанинг гапини олади, на кичикнинг, товуқчалик ақли йўқ…»
ҚЎЧҚОР. Ўзингдан қўшмай гапир!
ҚУМРИ. Вой, ўзимдан қўшиб, нима?..
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а?
ҚУМРИ. «Ҳукумат ичманглар, деб қарор чиқариб қўйибди, бу аҳмоққа шуям таъсир қилмайди», дедилар.
ҚЎЧҚОР. Ҳо-о, қарорниям биларканларми! Ўзи саккизинчи синфда қолиб кетган! Чаласавод! Расми йўқ экан, деб газит ўқимайди!
ҚУМРИ. Ўзингиз ҳам ўқимайсиз-ку?
ҚЎЧҚОР. Мен вақтим йўқлигидан ўқимайман, у саводи йўқлигидан ўқимайди! Сафар-ку, майли. Сен-чи, сен? Шунча гапни эшитиб, қанақа қилиб чидаб турдинг? Эрингни шуларга талатиб қўявердингми? Э, сени хотин қилиб юрган менга минг раҳмат-е! Хўп, солдатлар нима дейишди?
ҚУМРИ. «Рас, дува, взали» дейишди.
ҚЎЧҚОР. Нима-ли?
ҚУМРИ. «Взали».
ҚЎЧҚОР. «Взяли», ўқимаган! «Раз-два»миш! Нима, армияда фақат иккигача санашни ўргатар эканми? Бир мундай, юз-юз элликкача санамайдими, мен ўзимга келиб олмайман-ми! Сулайиб ётган боксчигаям ўнгача санайди-ку, шунчалик ҳам бўлмадикми? Майли, бўлар иш бўпти, қўлни еч.
ҚУМРИ (ачиниб, сидқидилдан). Ечолмайман, дадаси, мендан хафа бўлманг. Тушликдан кейин қишлоқ оқсоқоллари келамиз, бир яхшилаб гаплашиб қўяйлик, бўлмаса думини ушлатмайди, деб кетишди…
ҚЎЧҚОР. Нима, менинг думимни ушлашдан бошқа иши йўқ эканми уларнинг? Оқсоқоллармиш яна!..
ҚУМРИ (ичкарига). Туробжон, бўла қол, болам!
ҚЎЧҚОР (хотинининг тараддудга тушганини энди пайқаб). Ҳа, йўл пўстак?
ҚУМРИ. Кеча нима дедингиз?
ҚЎЧҚОР. Нима дебмиз?
ҚУМРИ (йиғламсираб). Айтадиганингизни айтдингиз…
ҚЎЧҚОР. Айтадиганимиз нима экан?
ҚУМРИ. Ҳали одамлар келиб, тушунтириб беришади. Мен болаларимни олиб, ойимларникига кетдим. Мактабдан тўғри ўша ёққа боришади.
ҚЎЧҚОР. Ие, жиннимисан, вей? Озгина шўхлик қилсак, қилибмиз энди. Йигитчиликда нималар бўлмайди…
ҚУМРИ (йиғламоқдан бери бўлиб). Бу шўхликларингиз ўн олти йилдан бери (кўлини бўғзига олиб бориб) мана бу еримга келган…
ҚЎЧҚОР. Нолима, ҳў, нолима! Бола-чақанг олдингда, еб-ичишдан каминг йўқ, яна нима керак сенга?
ҚУМРИ. Биров сизга, оч қолдим, деяптими?
ҚЎЧҚОР. Нега бўлмасам, «у еримга келган, бу еримга келган» дейверасан? Келган бўлса келгандир…
Шу пайт беш-олти ёшлар чамасидаги Туробжон югурганича ҳовлининг нариги бетига ўтиб кета бошлайди. Дадасига кўзи тушиб, суюнчи олмоқчидай, ҳоалиқиб ахборот беради.
ТУРОБЖОН. Дада, биз бувимларникига кўчиб кетарканмиз! (Кўчкорнинг боғлиқ турганига ҳайрон бўлиб.) Ие, нима қилиб турибсиз дада?
ҚЎЧҚОР. Ким?.. Менми?.. Ҳа энди, бувингникига кўчиб кетадиган бўлсак, уйни ташлаб кетамизми, орқалаб опкетамиз-да, ўғилтой! Ҳозир, бирпас нафасни ростлаб олай, кейин «ё пирим» деб кўтарамиз-у, кетаверамиз.
Туробжоннинг иши шошилинч шекилли, дадасининг гапини охиригача эшитмай, югуриб чиқиб кетади.
(Қумрига.) Боланинг олдида шарманда қилдинг-ку одамни!
ҚУМРИ. Мени эл-юрт олдида шарманда қилганингиз-чи?
ҚЎЧҚОР. Ичган мен, сен нега шарманда бўласан?
ТУРОБЖОН (қайтиб келиб, томга қараганича). Кучингиз етмайди-ёв, дада.
ҚЎЧҚОР (маьюс). Битта иморат нима бўпти, ўғилтой, бу елкалар қанақа юкларни кўтармаган…
ҚУМРИ. Бўла қол, болам. (Сумкани олиб, ўғлини етаклаганича.) Яхши-ёмон гап ўтган бўлса хафа бўлманг, дадаси…
ҚЎЧҚОР. Кетсанг ечиб кет, ҳў! Инсофинг борми ўзи, қанақа одамсан?! (Қумри чиқиб кетгач.) Мастлигимда уриб, майиб-пайиб ҳам қилиб қўймаган эканман — жимгина уйда ўтирарди… (Атрофга чорасиз аланглайди. Алам билан қандайдир куйни хиргойи килади, сўнг кўшни ҳовли томонга кичкиради.) Бозортой! Ҳў-ў, Бозортой! Бир турқингизни кўрсатворинг, Бозортой-ҳо!..
Девор оша Шарофат мўралайди.
ШАРОФАТ. Ҳа? Вой, ўлай…
ҚЎЧҚОР. Ҳалиги… Яхшимисиз, келин?
ШАРОФАТ. Раҳмат…
ҚЎЧҚОР. Болалар яхшими?
ШАРОФАТ. Ҳа, юришибди…
ҚЎЧҚОР. Шу, десангиз… Бозортой уйдами?
ШАРОФАТ. Бозорвой акам икки қопгина бодринг олиб, бозорга кетувдилар.
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а… Уйда бўлса ток қайчисини бериб турсин, девдим. Ишком жа тарвақайлаб кетибди…
ШАРОФАТ. Келсалар ўзларидан сўрарсиз, бўлмаса уришиб берадилар. (Ғойиб бўлади.)
ҚЎЧҚОР. Қурумсоқ! Энг яқин жўраммиш яна! (Бир-икки чираниб кўриб.) Э, худо! Сенга нима ёмонлик қилувдим-а? (Яна типирчилайди, хавотирланиб тепага қараб кўяди.) Босиб қолмасмикан?.. (Тўсатдан, кўча томонга.) Э кетсанг кетавер! Онаси ўпмаганига уйланмасам, мен ҳам юрган эканман! (Алам билан.) Ҳеч бўлмаса, кетаётганида қўлимни ечиб кетадиганига уйланаман…
Ташқаридан машинанинг келиб тўхтагани эшитилади. Кўп ўтмай, Олимжон билан шофёр одам бўйи келадиган ёғоч қутини қийнала-қийнала кўтариб киришади.
ОЛИМЖОН (шофёрга). Раҳмат, оғайни. (Пул бериб.) Мана. Яхши боринг. (Шофёр чикиб кетгач, у ёқ-бу ёкка аланглайди.) Ким бор? Қўчқор ака! Туробжон! (Ўзича.) Ие, эшик очиқ-ку… (Чақириб.) Кеннойи!
ҚЎЧҚОР. Кеннойинг онасиникида. Кетиб қолди… Хотин — жафо, Олимтой!..
ОЛИМЖОН. Э-э, Қўчқор ака, ассалому алайкум! Мана, тағин келдик-да. (Кўришмоқчи бўлиб кўл чўзади.) Ие?.. Ким бунақа қилди?
ҚЎЧҚОР. Ким бўларди, бунақа бемаъни нарса фақат бизнинг хотиндан чиқади!
ОЛИМЖОН. Э-э, чатоқ бўпти-ку… Кетиб қблдилар, денг? Аттанг… Нега боғладилар?
ҚЎЧҚОР. Э, Олимтой, суриштириб нима қиласиз, аввал қўлни ечсангиз-чи! Кечадан бери онамни Учқўрғондан кўрдим!
ОЛИМЖОН. Ҳа-я… (Ечади, унинг белидан олиб, каравотга ўтқазади). Кечадан бери турибман, денг?
ҚЎЧҚОР. Вой, жоним-ей!.. Шу, хотин зотини ким ўйлаб чиқарган экан-а, Олимтой?
ОЛИМЖОН (кулиб). Бировни биров ўйлаб чиқарадими, қизиқмисиз. Хўш, соғликлар яхшими, Қўчқор ака?
ҚЎЧҚОР. Зўр! Отдай! (Устунга ишора қипиб.) Ана, отга ўхшаб тикка туриб ухлаяпмиз!
ОЛИМЖОН. Ҳа-а, кеннойимнинг кетиб қолганлари яхши бўлмабди. Жиянларга ҳар хил ўйинчоқ олиб келувдим…
ҚЎЧҚОР (асабий). Қўявер, ўзимиз ўйнаймиз!
ОЛИМЖОН (ҳовлини кўздан кечириб). Хафа бўлманг-у, Қўчқор ака, кеннойимгаям қийин-да. Аҳволни қаранг: ҳалиям ўчоқ, ҳалиям тезак ёқилади. Прогресс йўқ.
ҚЎЧҚОР. Нима-грес?
ОЛИМЖОН. Прогресс. Тараққиёт.
ҚЎЧҚОР. Прогресс бор. Илгари тезак ёқиларди, энди тезакни солярка билан ёқяпмиз. Яхши ёняпти. Тўғри, овқатдан сал-пал ҳиди келади-ю, лекин ўрганиб кетар экан одам.
ОЛИМЖОН. Бир ҳисобга, сизгаям қийин, шунча бола-чақа… Ҳечқиси йўқ. Қўчқор ака, яқинда ҳаммаси яхши бўп кетади. Мана, ҳозир «оилани планлаштириш» деган бир гап чиқиб турибди.
ҚЎЧҚОР. Нима-лаштириш?
ОЛИМЖОН. Планлаштириш. Бу гапнинг маъниси шуки, яхши яшаш учун болани уч-тўрттадан оширмаслик керак.
ҚЎЧҚОР. И!.. Худонинг ўзи бериб турса нима дейсан?
ОЛИМЖОН. Ҳа энди, худо бермайдиган қилинади-да.
ҚЎЧҚОР (гўё тушунгандай). Ҳа-а… Шунақа де? У… қанақа бўлади ўзи, хотинларимизни бир бало қилишадими ё биз эркакларни ахталашадими?
ОЛИМЖОН (кулиб). Оббо, Қўчқор ака-ей!..
ҚЎЧҚОР (хижолатли). Ҳа энди, тушунмагандан кейин қийин-да…
ОЛИМЖОН. Бу тадбир сиз ва сизга ўхшаганларнинг манфаати йўлида бўляпти. Бола-чақа деб умри ўтиб кетмасин, булар ҳам одамга ўхшаб яшасин, деган гап бор бунинг тагида.
ҚЎЧҚОР. Йўқ. тагидаги гап яхши экан-у, лекин бошимизга қўйларнинг куни тушмасмикан, дейман-да.
ОЛИМЖОН. Қайси қўйлар?
ҚЎЧҚОР. Билмайман, эсингда борми-йўқми, бир пайтлар СЖКми, ПЖКми деган бир бало чиқувди. Ҳалиги, қўйларни сунъий урчитиб, кўпроқ қўзи олиш учун-да. Натижа нима бўл-ди? Қўйнинг зоти айниди, қоракўлдан сифат қочди, ҳар хил касалликка чалинди. Шу, туриб-туриб олимларинггаям тушунмай қоламан-да, Олимтой. Бир қарасанг, қўйларга қараб «кўп туғ» дейди, бир қарасанг, ўзбекка қараб «кам туғ» дейди…
ОЛИМЖОН. Кечирасиз-у, Қўчқор ака, одам деган оғзига нима келса қайтармай гапираверадими! Нима деятганингизни тушуняпсизми? Ўзбек қаёқда-ю, қўй қаёқда! Э, тавба… (Куйиниб.) Бу ерда гап халқнинг турмушини яхшилаш ҳақида боряпти! Ўзингиз мундоқ бир атрофингизга қаранг, айниқса қишлоқларимизда турмуш даражаси ниҳоятда паст! Чидаб бўлмайдиган даражада паст!
ҚЎЧҚОР (оғриниб). Паст, дегин? Сенларники баландми? (Асабий.) Ўқиган, олим одамсан, кўтар-да паст бўлса! «При-грес-мригрес» қиласан бу ерга келиб олиб! Хотинларнинг қорнига осилгунча пахта терадиган машинани эпланглар!
ОЛИМЖОН. Нима, бизни ҳукуматнинг пулини шундоқ еб ётибди, деб ўйлаяпсизми? Биз ҳам қидиряпмиз, изланяпмиз, ўйлаяпмиз.
ҚЎЧҚОР. Э, битта пахта терадиган машинани эллик йил ўйлайдими! Гоҳ рулини ўзгартирасанлар, гоҳ кабинасини, гоҳ ўтирғичини — бўлди! Биз, янги машина келар экан, деб дўппимизни осмонга отиб юрамиз. Қарасак, ўша-ўша — Холхўжанинг таёғи!
ОЛИМЖОН. Тўғри, лекин бу муаммони асосий мақсаддан келиб чиқиб, комплекс ҳал қилиш керак.
ҚЎЧҚОР. Нима-плекс?
ОЛИМЖОН. Комплекс. Асосий мақсад нима? Пахтани сифатли териб олишми? Ана шу мақсаддан келиб чиқиш керак. Пахта терадиган машинанинг шакли қанақа бўлади — бунинг аҳамияти йўқ. Муҳими, яхши терсин. Мен бу борада бошқа йўлдан кетяпман, Қўчқор ака. Кўпроқ масаланинг эстетик томонига эътибор беряпман. Бир тасаввур қилинг-а: пахтазордан хотин-қизларнинг қувноқ кулгиси эшитилиб турибди! Қий-чув, ҳазил-ҳузил! Кечқурунлари қишлоқ кўчаларини тўлдириб, қиз-жувонлар ўтишяпти! Кўриб кўз қувонади, дил яйрайди! «Тар-тар-тар» қилиб кўчадан трактор ўтгани қаёқда-ю, қўнғироқдай овози билан кўнгилларни энтиктириб, қизлар ўтгани қаёқда! Фарқи борми? Шунинг учун мен пахта терадиган машина эмас, пахта терадиган электрон робот устида ишлаяпман. Ташқи кўриниши одамдан фарқ қилмайди. Кўради, эшитади, гапиради! Танаси ҳам пластик материалдан ясалган…
ҚЎЧҚОР. Нима-стик?
ОЛИМЖОН. Пластик. Фақат ташқи кўриниши эмас, хатти-ҳаракати, имо-ишоралари, гап-сўзи одамга максимум даражада яқинлаштирилган.
ҚЎЧҚОР. Нима-симум?
ОЛИМЖОН. Максимум. Масалан, бошқарув блокига юмор ҳисси билан боғлиқ микросхема ўрнатилса…
ҚЎЧҚОР. Нима-схема?
ОЛИМЖОН. Микросхема. Ўрнатилса, ниҳоятда ҳазилкаш, қувноқ, бир оз шаддодроқ аёлга айланади. Лирик ҳисли микросхема ўрнатилса, аёлларга хос назокат, ибо пайдо бўлади.
ҚЎЧҚОР. Нега аёлларга хос?
ОЛИМЖОН. Ия, боядан бери нима деяпман? Робот аёл шаклида бўлиши керак-да, бўлмаса нима қизиғи бор? Кўрдингизми, бир ўқ билан икки қуённи уряпмиз: ҳам хотин-қизларимизни оғир қўл меҳнатидан халос қиламиз, ҳам пахтазордан қиз-жувонларнинг кулгиси жаранглаб туради!
ҚЎЧҚОР. Куладиямми?
ОЛИМЖОН. Бўлмасам-чи! Кулади, бақиради, шивирлай-ди! Бу микросхемаларнинг характерига боғлиқ.
ҚЎЧҚОР. Шунақа де? Хўп ўша… аёл-роботларинг ишдан кейин гаражга бориб ётадими?
ОЛИМЖОН. Шундай десаям бўлади. Лекин, гаражлар ётоқхона типида қурилади. Кейин, Қўчқор ака, бу роботлар жуда арзонга тушади, ёқилғи керак эмас — батареялардан озиқланади. Иккинчидан, уларни бетўхтов ишлатиш мумкин. Иссиқ демайди, совуқ демайди, кечасими, кундузими — ишлайвера-ди!
ҚЎЧҚОР. Ойлик ҳам сўрамайди?
ОЛИМЖОН. Албатта-да! Муҳими, буйруқни сўзсиз бажаради, «ғиди-биди» қилиб ўтирмайди. «Ҳамма пахта теримига!» деб буйруқ берилса, ҳар қандай ишини ташлаб, далага чиқиб кетаверади!
ҚЎЧҚОР. Унда чиндан ҳам одамга ўхшар экан. Мана, биз ҳам «пахта теримига» деган гапни эшитишимиз билан ҳамма ишимизни йиғиштириб қўйиб, далага чиқиб кетаверамиз. Болаларимиз ўқишини ташлайди, хотинларимиз эмизикли боласи-ни.
ОЛИМЖОН. Ана шунинг учун ҳам роботлар керак-да! Мана сиз, болаларимизнинг ўқиши нима бўлади, дейсиз, аёлларимиз ёш болаларини қаерга қўяди, дейсиз. Роботга бунинг аҳамияти йўқ. Тушуняпсизми? У фақат ишлайди! Ишлайверади, ишлайверади, ишлайзеради!
ҚЎЧҚОР. Биз ҳам ишлайверамиз.
ОЛИМЖОН. Лекин, сиз одамсиз! У — робот, тушуняпсизми, робот! Машина!
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а… Буни-ку дуруст ўйлабсан, Олимтой. Лекин у машинанг қачон тайёр бўлади, туянинг думи ерга теккандами?
ОЛИМЖОН. Сиз,Қўчқор ака, олимларни жа унақа ерга ураверманг. Биз ҳам бир нималар қилиб юргандирмиз. Мана, мен етти йилдан бери ўшанақа робот устида ишлаяпман. Етти йил-а! Ниҳоят, Қўчқор ака, биринчи, тажриба нусхаси тайёр бўлди! Лаборатория синовидан яхши ўтди, энди табиий шароитда, далада синаб кўрамиз! (Кутининг атрофида ҳам ҳаяжон, ҳам фахр билан айланади.) Юрагим уриб кетяпти, Қўчқор ака!..
ҚЎЧҚОР. Шунинг ичидами? Ййўғ-э…
ОЛИМЖОН. Диққат!
ОЛИМЖОН қутининг қопқоғини очган эди, у ерда, қўғирчоққа ўхшаб кетадиган, ниҳоятда гўзал қиз турарди. Баданига силлиқ, ялтироқ мато тортилган.
ҚЎЧҚОР (ҳайратдан оғзи очилиб). Во-о!..
ОЛИМЖОН (фахрланиб). Қалай?
ҚЎЧҚОР (бирдан). Э-э, одамнинг бошини қотирасан-а! Магазиннинг ойнасига кийим кийғизиб қўядиган-ку бу!
ОЛИМЖОН (хафа бўлиб). Етти йиллик меҳнатим бу! «Магазин»миш-а!
ҚЎЧҚОР Ростдан-а? (Яқин бориб узоқ тикилади, ушлаб кўради.) Аломаат, аломат!..
ОЛИМЖОН (севиниб кетиб). Яшанг, Қўчқор ака! Э, бормисиз! Қаранг, бунга ном тополмай юрувдим ўзи. Демак, «Аломат-1»!
ҚЎЧҚОР Нега «бир»?
ОЛИМЖОН. Кейин «икки» «уч», «тўрт»лари ҳам бўлади-да! Бутун республика учун, биласизми, бунақада ҳали қанча-қанчаси керак?
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а… Худди тирикдай-а, тавба!.. Гапиради, деденгми, Олимтой?
ОЛИМЖОН. Ҳозир… («дипломат»идан гугурт қутисидай келадиган бир қанча юпқа пластинкаларни олиб.) Мана, манавилар — микросхемалар. Ҳаммаси ҳар хил мақсадда ишлатилади. (Роботнинг елкасидаги қопқоғини очиб.) Мана бу ерига керакли микросхемани ўрнатамиз. Кейин мундай қилиб, қоп-қоғини ёпиб қўямиз. Ана, тайёр! Э, худо, шарманда қилма! (Роботнинг тугмачасини босади.)
Аломат аввал кўзларини пирпнратиб қўяди, сўнг бир неча қадам олдинга юриб, тўхтайди.
АЛОМАТ. Алло, алло!.. Вой, ўртоқжон, ўзингмисан? Овозингни эшитадиган кун ҳам бор экан-ку. Бирам соғиндим, бирам соғиндим, ўлиб қолай деяпман!.. Ҳа, кечачи, ўша сен айтган зормандани Муқаддаснинг қулоғида кўрдим. Қулоқ ўлгур супрадай бўлганидан кейин ҳамма нарсаям ярашавермас экан, ўргилай!
ОЛИМЖОН (ўчириб). Э, бу секретарь-машинисткаларни-ки-ку… (бошқа микросхема олиб.) Бу нима экан? Кўрамиз… (Кўйиб, тугмачасини босади.)
АЛОМАТ (ўта жиддий). …шундай хулоса келиб чиқадики, планлаштириш ташкилотлари ва халқ хўжалиги органлари давлат планларини ишлаб чиқишда республикамиздаги сув ресурсларини ҳисобга олишлари зарур…
ОЛИМЖОН (ўчириб). Буяммас… Шу, ёзиб қўйиш керак экан-да. (Бошқа схема ўрнатади.)
АЛОМАТ (аввал бир оз китирлаб туриб, сўнг баланд ва ёқимли овоз билан куйлайди). «Яна ўйнайлик, яна куйлайлик, иқболимиз порлоқ экан даврон сурайлик! Яна ўйнай…»
Олнмжон роботни ўчиради. Қўчқорнинг ҳайратданми, қўр-қувданми, оғзи очилиб, кўзи хонасидан чиққудек бўлиб турарди.
ҚЎЧҚОР. О-олимтой!.. Буям, ҳалиги, магнитофондай гап экан-да, а? Қанақа кассёта қўйсанг, ўшанақасидан айтса…
ОЛИМЖОН. Ҳа, принцип деярли бир хил.
ҚЎЧҚОР. Нима-цип?
ОЛИМЖОН. Принцип.
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а… Шералидан йўқми?
ОЛИМЖОН. Йўқ. Радиодан тажриба учун дуч келган ашуланинг икки сатрини ёзиб қўювдик-да. (Янги схема ўрнатади.)
АЛОМАТ (кутилмаганда). Ҳа, оғизгинангдан қонинг кел-син сенинг! Сочингни битталаб юлиб, бошингни копток қилиб қўяйми?! Қирилибгина кет илойим! «Ғинг» деб кўр-чи, нима қилар эканман!
ҚЎЧҚОР (эсхонаси чиқиб). Йў-йў… «Ғингямас, «ғингвмас… Менмас… Унақамас…
АЛОМАТ. Э, қўнғизга ўхшамай ўл! «Ғинг, ғингплашниям билади шу аҳволига!
ОЛИМЖОН. Гап қайтарманг, Қўчқор ака, гап қайтарманг!
АЛОМАТ (Олимжон томонга бурилиб). Вой шўртум-шуқ-ей! Сен нега бурнингни тиқасан?
ОЛИМЖОН (шоша-пиша ўчириб). Бу йигитларимизнинг ҳазили бўлса керак, доим шунақа қилиб юришади. Яхшиям комиссия-помиссиянинг олдида қўйвормадик, шарманда бўларканмиз.
ҚЎЧҚОР (ҳамон ўзига келолмай). Шунақа ҳазилдан яна битта бўлса, Қўчқорвой аканг йўқ-да…
Олимжон бошқа схема ўрнатади.
АЛОМАТ (одоб билан). Ассалому алайкум.
ҚЎЧҚОР (кўрқа-писа). Ва… Ваалай…
ОЛИМЖОН. Сенинг исминг — Аломат. Тушундингми?
АЛОМАТ. Тушундим. Менинг исмим — Аломат.
ОЛИМЖОН. Бу киши — Қўчқор ака.
ҚЎЧҚОР (аранг жилмайиб). Шундоқ, шундоқ…
АЛОМАТ. Қўчқор ака.
ҚЎЧҚОР. Лаббай?..
АЛОМАТ. Кўнглингизга келмасин-у, нега сизга ҳайвоннинг номини қўйишган, «қўчқор» деб?
ҚЎЧҚОР (Олимжонга). Ие?..
АЛОМАТ. Қўчқор — қўйнинг эркаги-ку.
ҚЎЧҚОР. Ҳалиги… нима дейди… Ҳа энди, биз одамнинг эркагимиз-да, Аломатхон…
АЛОМАТ. Менга нима хизмат бор, одамнинг эркаги?
ОЛИМЖОН. Аломат, «Қўчқор ака» де, «Қўчқор а-ка». Тушундингми?
АЛОМАТ. Тушундим. Хўш, нима хизмат бор, Қўчқор ака?
ҚЎЧҚОР. Хиз… Хизмат йўқ… (Каравотга ишора қилиб.) Қани, бу ёққа ўтинг, Аломатхон… Йўқ, йўқ, кўрпачага, кўрпа-чага…
АЛОМАТ (каравотнинг бир четига қимтинибгина ўтириб). Раҳмат, яхши ўтирибман.
Қўчқор ҳалиям ўзига келолмас, лекин оғзи қулоғида — гўё юзида кечаги табассум қотиб қолгандай эди. Кашфиётининг унга шу қадар таъсир этганидан Олимжон ҳам хурсанд.
ОЛИМЖОН. Бўлмаса, Қўчқор ака, сиз бемалол гаплашиб ўтираверинг, мен нарсаларимни жойлаштирай. Ўша ҳужра бизники-да, а?
ҚЎЧҚОР (беихтиёр «сизилашга ўтиб). Ие, сўраб ўтирасизми, ўзингизнинг уйингиз-ку, Олимтой!..
Олимжон йиғма каравот, сумка ва бошқа анжомларини кўтариб, ичкарига кириб кетади.
(Анчадан кейин.) Ҳа-а… Зап келибсиз-да… (Довдираб.) Ичкарида муздай айрон бор, бир косагина олиб чиқайми?
АЛОМАТ. Айрон? Уни нима қиламан?
ҚЎЧҚОР. Ичасиз… Ҳа-я, эсим қурсин… Хўш… Ишларингиз яхшими?
АЛОМАТ. Қайси ишларим? Ҳали ҳеч иш қилганим йўқ-ку.
ҚЎЧҚОР. Ҳа энди, гап-да… (Бир оздан кейин.) Оббо, Ало-матхон-ей, шунақа денг?..
Сукут.
Ҳа-а, ишқилиб омон бўлайлик… Бу, Олимтой жа ажойиб йигит-да, лекин. Шу, денг, шаҳарда, қайсидир бир институтда ишлайди. Олим, Колхозимизда ўша институтнинг тажриба участкаси бор. Қирқ гектар. Қудрат қуёнчиқнинг бригадасига шундоқ туташиб кетган. Олимтой ҳар келганида бизникида туради. Уй кўп… Ўзимизнинг укадай гап бўп қолган. Йўқ, яхши бола. Ҳа-а, шунақа гаплар…
Сукут.
(Хижолатли.) Бугун, денг, кеннойингиз билан сал ғижиллашиб қолдик… Энди, рўзғор экан-да — гоҳ ундай, гоҳ мундай… Болаларини олиб, онасиникига кетиб қолди. Келади-да, қаёқ-қа борарди шунча бола билан, нима дедингиз? Ҳа-а… Бу, ўзингизнинг болаларингиз яхши юришиб… Ҳа-я… Йўқ, ўзи дуруст аёл. Энди, жа сизчалик бўлмасаям… хотин-да, ишқилиб. Лекин айтдим — олдидан ўтиб қўйдим-да — агар, дедим, яхшиликча қайтмасанг, дедим, шартта бошқасига уйланвораман, дедим. Тўғри-да, қаттиқроқ йўталсанг ҳам аразлаб кетиб қоладиган хотин кимга керак, нима дедингиз? Э-э, ишқилиб, замон тинч бўлсин… Чой қўйворайми? Э-ҳа… Сиз ҳам гапириб ўтиринг, Аломатхон, нуқул мен сайраяпман…
Аломат кўзларини бир нуқтага қадаганича жим ўтирарди.
Олимтой, лекин, жа савоб иш қиляпти-да. Ракатопсин. Мана, хотин-халаж, бола-чақа йил бўйи даладан бери келмайди. На дам олиш бор, на байрам бор, эртадан кечгача — иш, иш, иш! Қор демайди, ёмғир демайди, иссиқ демайди. Бу ёқда иссиқ деганингиз қирқ бўлса, пахтанинг ичида эллик! Э, темир бўп кет-э, ҳалиям чидар экан одамзод! (Узрли.) «Темир» деганимга хафа бўлманг тағин, оғзимдан чиқиб кетди-да… Олимтой шуларни кўриб чидолмади. Одамларнинг оғирини енгил қиламан, деб кечалари ухламайди. Ўзига-ўзи гапирадими-ей, бир балоларни чизади, бировларни сўкиб-сўкиб ўчиради, яна чиза-ди! Бир, мен номиниям билмайдиган идораларга қатнайди, кимлар биландир жанжаллашиб, асаби қайнаб келади. Тинмайди-да, тинмайди! Ёмо-он яхши бола лекин! Ракатопсин!
Олимжон чиқади.
Олимтой, сени гапиряпман. Ҳеч тиниб-тинчимайдиган бола, дейман.
ОЛИМЖОН (Аломатга караб туриб). Ие, бу ўчиб қопти-ку… (Роботнинг елкасидаги блокни кавлаштира бошлайди.)
ҚЎЧҚОР. И!… Ўчиб қопти, деганинг нимаси?! Мен шунча гапни кимга гапирдим бўлмасам? Бутун ўзбекнинг дардини дастурхон қилиб ўтирибман! (Хафа бўлиб.) Доим шу — бизга ўхшаган одам гапирса, ё ҳеч ким эшитмайди, ё эшитадигани темир чиқади…
ОЛИМЖОН. Шу блокни алмаштириш керак экан-да, қаеридадир контакт бўлмаяпти.
ҚЎЧҚОР. Нима-такт?
ОЛИМЖОН. Контакт. Ўқтин-ўқтин тутиб қоляпти. (Бошқа схема қўяди.)
АЛОМАТ (нозли). Унақа қараманг одамга… Бирам нигоҳингиз ўткирки…
ҚЎЧҚОР (довдираб), Ким?.. Менми?.. Йў-йў, қараганим йўқ… Ўлибманми, сизга қараб… Мен томга қараяпман…
АЛОМАТ. Доим шунақа дейсиз, одамни хижолат қилиб қўйиб… Ёмонсиз, Қўчқор ака…
ҚЎЧҚОР (жонҳолатда). Шунисини қўй, Олимтой, шунисини қўй, ука! Ўчирма, ўчирма!.. (Роботга.) Аломатхон!.. Гапиринг, Аломатхон!.. Шунақа гапларингиздан гапиринг!..
АЛОМАТ. Вой, ануви кишимни!.. Нима дейман?..
ҚЎЧҚОР. Э, майли-да, нима десангиз ҳам!.. Сиздай аёлга гап қаҳатми, Аломатхон!.. Ишқилиб, овозингизни эшитсам бўлди!..
АЛОМАТ. Э, боринг-е..
ҚЎЧҚОР. Олимтой!!! Сен — худосан! Яратиб қўйганингдан айланай! Энди мундоқ ўтир.
Олимжон ўтиради.
Олимтой! Жигарим! Гап мундоқ. Шу… (Аломатга караб қўйиб.) Аломатхоннинг олдиларида ноқулай бўляпти-ку…
ОЛИМЖОН. Унда ўчириб қўямиз. (Роботни ўчириб.) Хўш?
Қўчқор ўчдими-йўқми, деб Аломатга тикилади, кейин унинг кўзи олдида қўлини у ёқдан-бу ёққа ўйнатиб кўради. Аломат тек қотиб тураверади.
ҚЎЧҚОР. Гап мундай, Олимтой. Укаммисан?
ОЛИМЖОН. Албатта.
ҚЎЧҚОР. Жонажон укаммисан?
ОЛИМЖОН. Бўлмасам-чи.
ҚЎЧҚОР. Агар жонажон ака-ука бўлсак… (Аломатга қараб кўйиб.) Эшитмайди-а?
ОЛИМЖОН. Эшитмайди.
ҚЎЧҚОР. Агар жонажон ака-ука бўлсак, битта укалик қиласан, ука.
ОЛИМЖОН. Хўш?
ҚЎЧҚОР. Биласан, кеннойинг кетиб қолди. Шу, десанг, хотинсиз уй — уймас-да. На кийинишингда тартиб бор, на иссиқ-совуғингда тайин бор, қидирган нарсанг топилмайди, падарига лаънат! Хуллас, қийин. Шу, Аломатхон рўзғорга сал мундай… нима дейди, қарашиб турса-а, девдим-да.
ОЛИМЖОН. Бемалол. Нима иш буюрсангиз ҳам қилаверади.
ҚЎЧҚОР. Тўғри-ю, лекин… (Аломатга қараб кўйиб.) Эшитмайди-а? Шу, десанг, уй ишларини-ку қилаверади, гап ундамас. Ишдан чарчаб келганингдан кейин мундоқ ёстиқларга ёнбошлаб, дунёнинг паст-баландидан суҳбат қурсанг, а? Ҳалигидақа икки оғиз ширин сўз билан чой узатса, а? Чарчоғлар ёзилиб, дилдаги ғуборлар фориғ бўлармиди-и, деган гап-да бизники. Вей, яхши гапнинг гадосимиз, Олимтой!
ОЛИМЖОН. Майли. Қўчқор ака. Қайтанга ишлаб тургани яхши, баҳонада мен ҳам у-бу камчилигини кўриб оламан. (Турмоқчи бўлади.)
ҚЎЧҚОР (енгидан тортиб). Ўтир. Гап, Олимтой, Аломатхоннинг менга кўрсатадиган хизматида эмас. Гап — кўнгилда! Битта овқат-у сигир соғиш бўлса, қўшниям қилиб бераверади. Лекин эрталаб ишга кетаётганингда «яхши бориб келинг, дадаси» деса, а?
ОЛИМЖОН. А?..
ҚЎЧҚОР. Майли, «дадаси» керак эмас. «Яхши бориб келинг» деса. ёки кечқурун чарчаб келганингда «яхши келдингизми» деса, а? Мана буни, Олимтой, қўшнинг қилиб беролмайди-да! (Илмоқли.) Англаяпсанми?
ОЛИМЖОН (бепарво). Майли, дедим-ку, Қўчқор ака. Ишдан қочмайди, гапингиздан чиқмайди. Бемалол. (Турмоқчи бўлади.)
ҚЎЧҚОР. Э, ўтир! Энди, Олимтой… (Аломатга қараб қўйиб.) Эшитмайди-а? Энди-и, Олимтой, ўзингдан қолар гап йўқ. Бу ёғи — қишлоқчилик» биров у дейди, биров бу дейди — эл оғзига элак тутиб бўлмайди, хўпми. (Олимжоннинг ҳайрон бўлиб турганини кўриб.) Йўқ, йўлигада, ёлғондакамига… Шу, бир-иккита мўйсафидни чақириб, бир ошамгина ош билан фотиҳага ўхшаган гап қиворсак, а? Ўзбекчилик-да…
ОЛИМЖОН . Ие, ўйлаб гапиряпсизми, Қўчқор ака? Нима, эл-юртга кулги бўлмоқчимисиз? Ҳамма ишингизни қилса — сигир соғишми, кир ювишми, овқат-повқатми — фотиҳага бало борми? Қизиқ гапни гапирасиз-а! Э, тавба!.. Хўп, эрта ё индин терим бошланади, Аломат синовга чиқиши керак. Унда нима бўлади?
ҚЎ Ч ҚО Р (Олимжонни таслим бўляпти, деб ўйлаб). Йўқ, пахтага гап йўқ, гап йўқ. Аёл зотининг-чи, вей, жони темирдан бўлади — уйниям эплайди, даланиям! Кўриб юрибмиз-ку.
ОЛИМЖОН. Биров эшитса нима дейди, Қўчқор ака, ўйлаяпсизми?
ҚЎЧҚОР. Менам шуни айтаман-да, Олимтой. «Уйингиз-да бир заифа пайдо бўп қопти, Қўчқорвой, ким бўлди у?» деб сўрашса, нима дейман? Аммамнинг қизи, дейманми? Одамларнинг қайси бирига тушунтираман, бу шунақа, одам эмас, Олимтой яратган робот, деб? Битта мулла чақириб, йўлига никоҳга ўхшаган нарса қиворсак — бўлди. Юраверамиз, гап йўқ, сўз йўқ. Шу билан бир нима бўп қоладими?
ОЛИМЖОН . Ахир бу одам эмас-ку, Қўчқор ака, темир-ку, нега тушунмайсиз?! Ичи тўла сим, пластмасса, ярим ўтказгичлар! Бу — машина! Э, гапираверадими ҳар нарсани! Эртага синовдан ўтолмаса-ю, бузиб ташласам нима бўлади? Бир уюм темир қолади!
ҚЎЧҚОР. Ҳа энди, бузманг-да, Олимтой. Шундай нарсани бузсангиз, уволи тутиб, қўлгинангиз акашак бўп қолмайдими! Э-э, етганлар бор, етмаганлар бор… Хўп де, Олимтой, дил кетди-да энди. Сенга нима, бу бўлмаса бошқасини ясаб олаверасан, бизга ўхшаган сўққабошга қийин… (Бечорасифат.) ёлғизлик ёмон, Олимтой, буни бошига тушган билади…
ОЛИМЖОН (тоқати тоқ бўлиб). Э, билганингизни қилмайсизми!.. (Туриб.) Мен идорага бориб келаман. Билай-чи терим қачон экан. (Чиқиб кетади.)
Қўчқор Олимжондан розилик олдим, деб ўйлаб ўзида йўқ шод. Секин Аломатнинг орқасига ўтиб, эҳтиётлик билан тугмачасннн босади. Аломат жонланади.
ҚЎЧҚОР. Зерикмайгина ўтирибсизми, Аломатхон?
АЛОМАТ (ҳеч гап бўлмагандай). Раҳмат.
ҚЎЧҚОР. Энди-и, Аломатхон, мана шу рўзғорнинг оғир-енгили икковимизнинг бўйнимизда, хўпми. Яхшисини ошириб, ёмонини яшириб, дегандай, тебратаверамиз. Бирпас туриб мулла Сувонни чақириб чиқаман, никоҳ ўқиб қўяди. Майлими?
АЛОМАТ. Нима ўқитсангиз ўқитаверинг, ихтиёрингиз.
ҚЎЧҚОР (эриб кетиб). Қаранг, вей, одамлар гап қайтармайдиган хотин йўқ бу дунёда, дейишади! Мана! Бу катта холангми? Вой, омилар-эй! Вой, дунё бехабарлар-эй!.. Ракатопинг, Аломатхон, ракатопинг! (Яйраб.) Шу, туриб-туриб Олимтойгаям қойил бўлмай кетаман-да, лекин. Сизни, дейман, илгарироқ ясамайдими… э, ҳалиги, олиб келмайдими! Ҳа, эси йўғ-а, эси йўқ… Лекин, Аломатхон, сизнинг омадингиз бор экан. Нимага, денг.
АЛОМАТ . Нимага?
ҚЎЧҚОР. Насибангиз мендай одам билан қўшилган эканми, омаднинг келгани шу-да! Қўчқор ака, десангиз, қишлоқнинг етти ёшдан етмиш ёшигача «ҳў, ана уйи» дейди! Колхозда обрў ёмонмас. Неча йилдан бери суратимиз «Ҳурмат тахтасиидан тушмайди. Анови куни қарасам, сарғайиб ҳам кетибди. Келаётиб кўргандирсиз, шундоқ идоранинг олдида-да… Ҳа-я… Хуллас, идоранинг олдида. Эсимни танибманки, трактор ҳайдайман. Ёмон бўлганимиз йўқ, бировдан олдин, бировдан кейин, дегандай..а (Хижолатли) Бир марта, денг, райондаги байрам намойишида минбарда турганман, катталар билан. Ғалати бўлар экан… Хўш, деганингиздан билсак, икки марта Тошкентгаям борганман! Шаҳармисан шаҳар-да лекин! Э, кўраман деганга дунё кенг экан, Аломатхон. Ана, битта колхозчига бундан ортиқ яна нима керак? Хуллас, мен билан кам бўлмайсиз. Ҳа, айтгандай, мулла келса, нима дейишни биласизми?
АЛОМАТ. Гапига қараб жавоб қилавераман.
ҚЎЧҚОР. Йўқ, ҳамма гапигаям жавоб қилманг-да. «Фалончи писмадончи қизи, сиз фалончи писмадончи ўғлига эрга тегишга…» Эрга тегишгами, турмушга чиқишгами, ишқилиб, шунга ўхшаш гап бўлади-да. «Эрга тегишга розимисиз?», деб биринчи марта айтганида индаманг. Иккинчи марта сўрайди, яна индамайсиз. Учинчисида секингина «розимаан» деб қўя-сиз. Хўпми?
Аломат жим тураверади.
(Кўрқиб кетиб.) Аломатхон… Аломатхон!
АЛОМАТ . Лаббай, Қўчқор ака?
ҚЎЧҚОР. Э, хайрият-э… Мен тағин ўчиб қолдингизми, дебман.
АЛОМАТ (биқинини ушлаб). Ичимда бир дардим бор-да, Қўчқор ака.
ҚЎЧҚОР (капалаги учиб). Йўғ-е?.. Унда нима қилдик?.. Дўхтир чақирайми? Э-ҳа, бизнинг қишлоқда дўхтир нима қилади… Ҳозир, ҳозир, бир йўлини топамиз… Оғайнимнинг машинаси бор, илтимос қилсам обориб ташлайди. Касалхона яқин, ўн километр ҳам келмайди, шундоқ идоранинг олдида… (Қўшни ҳовли томонга.) Бозортой! Ҳў, Бозортой! (Аломатга.) Айтгандай, сизга дўхтир керакми ё механикми? Ие, бу ёғини ўйламабмиз-ку… Яхшиси, Олимтойни кутамиз, идорага кетган, ҳозир келиб қолади…
ШАРОФАТ (девор оша мўралаб). Лаббай?
ҚЎЧҚОР. А? Ҳа… Бозортой келдими?
ШАРОФАТ . Бозорвой акам келувдилар, икки қопгина савзи олиб, яна бозорга кетдилар. Нима эди?
ҚЎЧҚОР. Йўқ, сўрамоқчи эдим-да, ҳалиги… сизлар ўтган йилги налогни тўладингларми?
ШАРОФАТ . Менинг хабарим йўқ, Бозорвой акам биладилар. (Ғойиб бўлади.)
ҚЎЧҚОР (Аломатга, ачиниб). Жа қаттиқ оғрияптими?
АЛОМАТ. Оғриётгани йўқ, нимамдир ўқтин-ўқтин ишламай қолади.
ҚЎЧҚОР. Ҳа, оғримаса яхши…
АЛОМАТ. Сизнинг ҳам баъзан бирор жойингиз ишламай қоладими?
ҚЎЧҚОР. Масалан, қаерим?
АЛОМАТ (елка қисиб). Энди-да…
ҚЎЧҚОР. Иссиқ жон — касал-пасал бўп турамиз, лекин ҳамма жойим ишлайди.
АЛОМАТ. Қўчқор ака, мен ҳам одамга ўхшаб кийинсам, девдим.
ҚЎЧҚОР (севиниб). Яхши дебсиз, Аломатхон! Тарбия берган ота-онангизга раҳмат! Ракатопинг! Йўқ, шу кийимингиз ҳам яхши-ю, энди, ўзингиздан қолар гап йўқ, бу ёғи қишлоқчилик… Юринг, уйга кириб кўрайлик-чи, хотиннинг кўйлак-пўйлаги бормикан. Э, анови кетиб қолган хотиннинг-да! Қани… (Уйга таклиф қилади. Унинг кетидан қараб.) Бай-бай-бай, жаннат, жаннат! Шу, жаннатдаги ҳуру ғилмонлар аслида ўзимизнинг зовудларда тайёрланиб, кейин ўша ёққа жўнатиладими, дейман-да… (Ичкарига кириб кетади.)

П А Р Д А

ИККИНЧИ САҲНА

Ўша жой. Орадан бир неча соат ўтган. ёғоч каравотда Қўчқор билан мулла Сувон ўтиришибди. Ўртада камтарона дастурхон.
СУВОН . Қўчқорбек, бу, хотинни янгилаш ниятида экансиз?
ҚЎЧҚОР. Лаббай? У нима деганингиз, тақсир? Нима, хотин мошинани покришкасими, янгилайдиган!
СУВОН . Ҳа энди, гапи-да, мулла Қўчқор, гапи…
Шу пайт ошхонанинг эшигида чойнак кўринади, нозик қўллар унинг қопқоғини уриб, овоз беради.
ҚЎЧҚОР. Ҳозир, тақсир… (Чойни олиб келиб.) Қани лэстурхонга қараб ўтиринг… (Керилиброқ.) Буюрайми, «жиз-5из» қиворсин?
СУВОН. Энди-и, мулла Қўчқор, таом еб юрган жойи-шиз. Худо хоҳласа, ҳали кў-ўп келамиз…
ҚЎЧҚОР. Ие! Бу энди, ҳали кў-ўп уйланасиз, деганингиз-ми, тақсир?
СУВОН. Гапи-да, мулла Қўчқор, гапи… Хўш. Вақт зиқроқ, бўлғуси келинни чақиринг.
ҚЎЧҚОР (чақириб). Аломатхон, бир кўриниш беринг!
Аломат ўзига ниҳоятда ярашиб турган миллий либосда, усти сочиқ билан ёпилган алланимани ушлаганича чиқиб ке-лади.
АЛОМАТ (одоб билан). Ассалому алайкум.
СУВОН. Ваалайкум ассалому вораҳматулло. Тузук, тузук… Қани, мундоқ ўтиринг. (Қўчқорга.) Сиз бир косада сув келтиринг.
ҚЎЧҚОР (ўрнидан туриб). Хўп, тақсир.
АЛОМАТ (қўлидаги усти сочиқ билан ёпилган косани эчиб, узатади.) Мана, мулла ака.
Қўчқорнинг ҳайратдан оғзи очилиб, секин жойига ўтиради.
СУВОН. Боракалло-о… (Косани олиб, бир нималарни пичирлайди.) Келин бўлмишнинг исм-шарифлари, оталарининг номлари?
ҚЎЧҚОР. Исмлари — Аломатхон. Эшитдингиз-ку. Хўш, деганингиздан билсак, тақсир, оталари-и… қазо қилиб кетганлар, тақсир. Сариқ бўлганлар-да. Биласиз-ку, ҳозир нима кўп—сариқ кўп. Дўхтирга оборишса, «жигарни қозон сочиқ қиворибсиз-ку» дейишибди. Ўтиб кетган экан-да, тақсир. Кейин, қизилўнгачлариям кўндалангига…
СУВОН. Қазо қилган бўлсалар ҳам исмлари бордир, ахир?
ҚЎЧҚОР (Аломатга умидвор боқиб). Бордир… Хўш… Чейин, десангиз, Аломатхон етимхонада ўсганлар, тақсир.
СУВОН (асабий). Қўчқорбек, мен оталарининг исмини сўраяпман, қаерда ўсганлар, деб эмас!
ҚЎЧҚОР. Тиқилинчда эсимдан чиқиб қолди-да, тақсир, эдамни ҳадеб шошилтираверасизми! Айтяпман-ку, оталасининг исми… Олимтой, деб! Йўғ-э, Олимжон, деб. Ҳа, Олимжон тақсир.
СУВОН. Хўш, Қўчқорбек Абдусаттор ўғли…
ҚЎЧҚОР (ўрнидан туриб). Лаббай, тақсир?
СУВОН. Э, ўтиринг! Қўчқорбек Абдусаттор ўғли, сиз Аломат Олимжон қизини ўз инон-ихтиёрингиз ила ҳасмингизга қабул этасизми?
ҚЎЧҚОР. Ҳали тушунтирдим-ку, тақсир…
СУВОН. «Ҳа» денг!
ҚЎЧҚОР. Ҳа! (Томоқ қириб қўйиб.) Уч марта сўрамайсизми, тақсир?
СУВОН. Нимангиздан уч марта сўрайман, ўлиб турибсиз-ку? Мана, келин бўлмишдан уч бор сўрасак арзийди. (Аломатга.) Сиз, Аломат Олимжон қизи, Қўчқорбек Абдусаттор ўғлига ўзингизни тан маҳрамликка бағишладингизми?
Аломат нигоҳини бир нуқтага қадаганича ўтираверади.
Тақдирингизни бу кишига ўз инон-ихтиёрингиз билан қўшмоққа розимисиз?
Аломат Олимжон қизи, ўзингизни мана шу одамга тан маҳрамликка бағишладингизми?
Аломат яна индамайди.
ҚЎЧҚОР. Уч марта бўлди, Аломатхон…
СУВОН. Ие, Қўчқорбек, бу ёғи пишмаганмиди ҳали?
ҚЎЧҚОР. Ҳозир, тақсир… Аломатхон, ҳалиги гап-да, эсингиздами?
Аломат ҳамон ўша кўйи қимирламай ўтирарди. Қўчқор нима қилишни билмай, унинг атрофида айланади, секингина бошқарув блокини уриб кўради. Сувон ҳайрон. Қўчқор қопқоғини очмоқчи эди, лекин Аломатнинг кўйлаги халақит беради, қай томондан қўлини олиб боришга ақли етмай, анча вақт гарангсиб туради. Сўнг таваккал қилиб ёқасига қўл солади.
СУВОН. Ҳай, ҳай, ҳай, Қўчқорбек, нима қиляпсиз?.. Астоғфирулло!. Куппа-кундуз-а?.. Сабр қилинг, ҳеч қурса никоҳ ўқиб қўяй!..
ҚЎЧҚОР. Шу ерида томири тортишиб қоладиган одати бор, тақсир… Уқалаб қўймасангиз, шунақа ҳайкал бўлиб тураверади!.. (Бошқарув блокини титкилаб кўради, ҳеч иш чиқмагач, Олимжоннинг ҳужрасидан ўн-ўн бештача микросхема олиб чиқиб, дуч келганини ўрнатади.)
АЛОМАТ. Ўртоқлар! Ҳали далаларимизда ҳосил кўп! Яна бир ҳаракат қилсак, марра бизники! Кечани кеча, кундузни кундуз демай «зангори кема» штурвалларини бошқараётган азаматларимизнинг жасорати осмон қадар ҳурмат ва олқишга лойиқдир! Бугун пахта далаларига қарар эканмиз, ёшу қари этак тутиб улкан хирмонга ўз улушларини қўшиш иштиё-қи билан жавлон ураётганига қойил қолмай иложинг йўқ…
СУВОН (кўзи хонасидан чиққудек бўлиб). Мелиса чақирайми, Қўчқорбек?.. (Каравотдан туша бошлайди.)
ҚЎЧҚОР. Ҳозир, тақсир, ҳозир… (Бир амаллаб ўчиради.) Сиз ўтириб туринг, тақсир, ҳозир тўғрилаймиз деяпман-ку! (Бир уюм микросхемага тикилиб.) Ўзиники қаёқда қолди-а?..
СУВОН (ёқасига туфлаб қўйиб, қўрқа-писа каравотга чиқади). Қўчқорбек, уйланаман десангиз соғроғи қуриб қолганмиди?.. Буни бошингизга урасизми?
ҚЎЧҚОР (микросхема танлай туриб). Кўнгил экан-да, тақсир. Қўяверинг, дўхтир-пўхтирга қаратиб одам қилиб оларман… (бошқа микросхема ўрнатади.)
АЛОМАТ (кўшиқ айтади). «Яна ўйнайлик, яна куйлайлик, иқболимиз порлоқ экан, даврон сурайлик…»
СУВОН. Ё қудратингдан!.. «Даврон сурайлик» дейдими, Қўчқорбек?!
ҚЎЧҚОР (ўчиришга уриниб). Дейди, тақсир, дейди…
У Сувоннинг олдида ниҳоятда хижолат чекар, асабийлашар ва ишни баттар чалкаштириб юборарди. Шоша-пиша бошқа микросхема қўяди. Шу пайт қулоқни қоматга келтириб ажаб-товур қўшиқ янграйди. Аломат Сувон билан Қўчқорни даҳшатга солиб «брейюжа рақс туша кетади. Чатоқ жиҳати шунда эдики, кескин ҳаракатлар билан рақс тушаётган Аломатга энди мутлақо яқинлашиб бўлмас, зеро, ўчиришнинг ҳам иложи йўқ эди. Қўчқор унинг атрофида беҳуда гирдикапзлак бўлар, роботнинг кутилмаганда келиб тушган зарбаларидаи учиб кетарди. Сувон ўзини каравотдан таппа ташлаб, дарвоза томон қоча бошлайди ва шошиб келаётган Олимжонга увипиб кетади. Олимжон югуриб келиб, Аломатнинг ҳаракатларига чап бера-бера, аранг ўчиради. Аломат тек қолади.
ОЛИМЖОН (жаҳлдан бўзариб). Эс-ҳушингиз жойида-ми, Қўчқор ака?! Минг марта айтаман, менинг нарсаларимга сўроқсиз тегманг, деб! Худо кўрсатмасин, Аломат бир фалокат қилиб қўйса, мен қамалиб кетаман, Қўчқор ака! Ахир бу одам ўлдириб қўйиши ҳам мумкин! ҚЎЧҚОР. Бу ўлдирса нега сени қамайди?
ОЛИМЖОН. Ие!.. Тракторингиз билан одам босиб кетсангиз, сизни қамайдими, тракторингизними? Аломат ҳам машина-да. Керакли микросхемани қўйиб бердим, нима қиласиз бошқасини олиб чиқиб?! Йўқ, бунақада мени бир фалокат-га гирифтор қиласиз… Баъзан сизга умуман тушунмай қоламан, ёшингиз қирқ-қирқ бешга борган бўлса, етти-саккизта боланинг отаси бўлсангиз!.. Э, товба!.. (Бир оз ўзини босиб олиб.) Барибир домлани чақирибсиз-да?
ҚЎЧҚОР (кўзларини бегуноҳларча пирпиратиб). Ўзинг «билганингизни қилаверинг» дединг-ку…
ОЛИМЖОН. «Билганингиз» шу бўлдими?
ҚЎЧҚОР. Ҳа энди, ҳамма ақли етган ишни қилади-да, Олимтой. Бизники шунга етди…
ОЛИМЖОН (мийиғида кулиб). Хўш, никоҳ ўқитиб бўлдингизми?
ҚЎЧҚОР. Жиндай чаласи бор-у, лекин… ўқиб бўлди ҳисоб.
ОЛИМЖОН (Аломатга ишора қилиб). Кейин бу хурсанд бўлганидан ўйинга тушиб кетдими?
ҚЎЧҚОР. Бўлди-да энди, вой-бў! Битта гапни аччиқ ичакдай чўзаверадими! Мана, ўчди-ку! Қани ўзининг ҳалиги… кассетаси?
ОЛИМЖОН (қидириб топиб беради). Мана. Қилар ишни қилиб қўйиб, яна жаҳл қиласиз-а!
Қўчқор Аломатга илгариги микросхемани ўрнатади.
АЛОМАТ (енгил таъзим билан). Бағишладим.
ОЛИМЖОН. Нимани?
АЛОМАТ. Ўзимни.
ОЛИМЖОН. Нимага бағишладинг?
АЛОМАТ. Тан маҳрамликка.
ҚЎЧҚОР. Э, ана! Бу дунёда ҳали ҳақиқат бор! Ракатопинг, Аломатхон! (Асабийлик билан фотиҳа қилиб.) Мен қабул қилдим, облоҳу акбар! Тамом!
ОЛИМЖОН. Э, тавба! Ёш-қари демас экан-да, а? (Ўчирмоқчи бўлиб Аломатга яқинлашади.)
ҚЎЧҚОР. Ҳў, ҳў, ҳў, бола! Қоч-е! Индамаса жа!.. Бу ёққа ўт! Менга насиҳат қиладиган отам ўлиб кетган, билдингми?! Муштдайгина бўлиб ақл ўргатасан! (Аломатга.) Хотин, бор, ич-карига кир!
АЛОМАТ. Хўп бўлади. (Кетади.)
ОЛИМЖОН. Сиз ё жа нозик ҳазил қиляпсиз-у, мен тушунмаяпман, ё жинни-пинни бўп қолгансиз. Ичавериб, ичавериб! Мен сизни дуруст одам, деб ўйловдим!
ҚЎЧҚОР. Э, нима деб ўйласанг ўйлайвер-е! Аломат менинг никоҳдаги қонуний хотиним! (Ўдағайлаб.) Нима дейсан, яна гапинг борми?
ОЛИМЖОН . Ие, сиз жа жиддий киришяпсиз-ку, а?
ҚЎЧҚОР. Жиддий киришяпман! Эртага ЗАГСдан ҳам ўтамиз! Керак бўлса, келаси шанбада тўй ҳам қивораман! Артислардан танишинг йўқми?
ОЛИМЖОН . Кеннойим-чи? Улар ҳам никоҳдаги хотинингиз-ку?
ҚЎЧҚОР. Қайси кеннойинг? Кеннойинг ана, уйида ўтириб-ди! Эрига хотин бўлиб, уйига эга бўлиб! Ликиллаб онасиники-га кетиб қолгани йўқ! У билан эртагаёқ орани очиқ қиламан — тамом!
ОЛИМЖОН. Хўп, унда мен яратган робот, яъни менинг машинам қани?
ҚЎЧҚОР. Мен қаёқдан биламан сенинг машинангни! Э, бировнинг уйига бостириб кириб, машинам қани, дейсан! Биз эр-хотин тинчгина ўтирибмиз, чироғимизни ёқиб!
ОЛИМЖОН. Демак, мен етти йил кўзимнинг нурини тўкиб, мингта бюрократ билан олишиб…
ҚЎЧҚОР. Нима-крат?
ОЛИМЖОН . Бюрократ. Кечалари ухламай, ўлиб-тирилиб сизга хотин тайёрлаб берган эканман-да, а?
ҚЎЧҚОР. Раҳмат. Биз ҳам яхши кунларингда қайтарармиз. Биздан қайтмаса, бола-чақамиздан қайтади.
ОЛИМЖОН. Бола-чақангиздан? Ҳали «кичкина-кичкина роботваччалар ясаб бер» ҳам дерсиз?
ҚЎЧҚОР. У ёғи билан ишинг бўлмасин, билдингми?! Керак бўлса, ўзимиз ясаб олаверамиз! (Бир оз сукутдан сўнг.) Вей, бу дунёда одамдан фақат яхшилик қолади. Отам раҳмат-ли «биров сенга ёмонлик қилса ҳам яхшилигингни аяма ўша падарига лаънатдан» деганлар. Яхшилик яхши-да, Олимтой.
ОЛИМЖОН. Ҳозир идорадан келяпман, эртага терим бошланар экан. Хўш бизнинг эксперимент нима бўлади?
ҚЎЧҚОР. Нима-перимент?
ОЛИМЖОН. Эксперимент. Аломатни далада синаб кўриш керак, комиссия келади.
ҚЎЧҚОР. Йўқ, мен бир нима деяпманми, Олимтой? Хотин бўлганидан кейин эл қатори далага чиқади-да. Кўпга келган тўй.
ОЛИМЖОН. Шунисигаям шукр. (Микросхемаларни йиғиштира туриб, бирдан қизил рангли микросхемани кўриб қолади.) Қўчқор ака!.. Манавини қўйдингизми? Сиздан сўраяп-ман, қўйдингизми, йўқми?!
ҚЎЧҚОР. Нега бақирасан? (Микросхемани олиб, қарайди.) Буними? Қўймадим, шекилли.
ОЛИМЖОН (ҳолсиз ўтириб қолади). Хайрият… Юрагим тўхтаб қолай деди-я…
ҚЎЧҚОР. Нима ўзи бу, Олимтой?
ОЛИМЖОН. УЭС.
ҚЎЧҚОР. Нима-эс?
ОЛИМЖОН. УЭС. Универсал электрон схема.
ҚЎЧҚОР. Нима каромат кўрсатади бу?
ОЛИМЖОН. Аломатга ўшани қўйсангиз — бўлди, бошқа микросхемага ҳожат қолмайди, ҳаммасининг ўрнини босаверади.
ҚЎЧҚОР. Ие, яхши экан-ку. Шу кассетани қўяйлик, Олимтой. Ҳа деб алмаштираверамизми — этагини кўтариб, ёқасига қўл тиқиб, а?
ОЛИМЖОН. Э-э, нима деяпсиз, Қўчқор ака? Бу фақат лаборатория шароитида синалади. Шундаям қатъий эҳтиёт чоралари кўрилганидан кейин.
ҚЎЧҚОР (сирли). Нима, хавфлими?
ОЛИМЖОН. Нима деса бўлади… Мана, ҳозир Аломат гапларингизга шунчаки, механик равишда жавоб қиляпти.
ҚЎЧҚОР. Нима-ник?
ОЛИМЖОН, Механик. Гапида пичинг йўқ, киноя йўқ, тўғрисини гапираверади. Нима деяётганингизни таҳлил қилиб ўтирмайди, айтдингизми — бажаради. Буни қўйсак-чи? Унда ўйлайди, фикр қилади, ҳамма нарсанинг моҳиятига тушуниб етади!
ҚЎЧҚОР. Ўйласа яхши-ку, Олимтой.
ОЛИМЖОН. Яхшимиш! Робот ўйласа, фикр қилса, биласизми нима бўлади?
ҚЎЧҚОР. Нима бўлади?
ОЛИМЖОН. Қиёмат-қойим бўлади! Айтдим-ку, ҳали Аломатга ўхшаган роботлар минг-минглаб яратилади. Миллионлаб яратилади! Энди бир тасаввур қилинг: миллионлаб робот калласини ишлатса, ўйласа! Худонинг ўзи асрасин-у, ун-да охир замон бўлди, деяверинг! Улар бориб-бориб ўзининг ҳозирги аҳволидан норози бўла бошлайди! Тушуниб қолади-да! Нега, дейди, одамлар маза қилиб юришибди, мен эртадан кечгача эшакдай ишлашим керак, дейди! Нега энди уларнинг инон-ихтиёри ўзида-ю, мен манавинақа программалаштирилган микросхемаларга бўйсинишим керак, дейди! Тушуняпсиз-ми, гап қаерда? Қаранг, уларнинг ўзи ким-у, инсонликка даъво қилишади! Ҳамма гап шундаки, фикр қилса ақлини танийди. Ақлини таниса кўзи очилади! Кўзи очилса уларни бошқариш мумкин бўлмай қолади! Ана шунинг учун,Қўчқор ака, робот роботлигини қилиши керак. Буйруқ берилдими — бажарсин! У ёғи билан иши бўлмасин!
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а, бундан чиқди, са-ал аҳмоғроқ бўлиши керак экан-да, а, Олимтой?
ОЛИМЖОН. Шундай десаям бўлади. уларнинг танаси, қўли, оёғи, майли, ишласин. Лекин калласи ишлашига йўл қўй-маслик керак! Бўпти, мен бориб, бир оз ишлай энди.
Олимжон микросхемаларни йиғиштириб, ичкарига кириб кетади. Қизил рангли микросхема Қўчқорнинг қўлида қолаверади.
ҚЎЧҚОР (ўйчан, қўлидаги схемага қараганича). Ундай бўлса, бу шўринг қурғурларни яратишнинг нима кераги бор экан?.. (Олимжон кетган томонга қараб олиб, микросхемани секингина айвон шипига қистириб қўяди.)
Ташқаридан Салтанатнинг шанғиллаган овози эшитилади.
САЛТАНАТНИНГ ОВОЗИ. Кишт! Кишт-э, қирилибгина кетгур!.. Илойим қирон келсин ҳаммасига! На кундузи тинчлик бор, на кечаси! Бўлди, жонимдан тўйиб кетдим, ё у ёқлик қиламан, ё бу ёқлик! Худо кўтарсин бунақа қўшнини!
ҚЎЧҚОР. Оббо, тағин бошланди!..
АЛОМАТ (чиқиб). Нима бошланди?
ҚЎЧҚОР , Э, сиз билмайсиз, Аломатхон, Салтанат деган қўшнимиз бор, Жанжал бўйича қишлоқ чемпиони. Оғир вазн-да, келса кўрасиз. Бутун қишлоқ «дод» дейди. Жанжални пулга сотиб олиб юради. Агар шохига кўйлаги илиниб қолса, дарахт билан ҳам ётиб олиб жанжаллашади! Аломатхон, мабодо мени сўраса, «ишга кетганлар» деб қўйинг, хўпми? (Ичкарига қочиб кириб кетади.)
САЛТАНАТ кириб келади. У семиз, барваста аёл — чиндан ҳам «оғир вазнда» эди. Овози ҳам гавдага яраша.
САЛТАНАТ (уй томонга). Ҳў, йигит! Чиқаверинг, кўрганлар «хотиндан қочди» демасин! Белида белбоғи бор ҳам анқонинг уруғи бўп кетяптими, нима бало! Қани, бўлинг, бўлинг, вақт йўқ!
ҚЎЧҚОР (ноилож чиқиб). Э-э, келинг, кеннойи, келинг…
САЛТАНАТ. Менга қаранг, нима, энди эрталабдан кечгача «кишт-пишт» билан умрим ўтадими?! Товуқни эплаган боқади, қўлингиздан келмайдими, йиғиштиринг дўконни! Е экин-тикин қилмай, товуқларингизга қоровул бўлиб ўтирайми, а? На пиёз қолади, на гул қолади, на кашничу на укроп!
ҚЎЧҚОР. Нима-роп?
САЛТАНАТ. Укроп! Қулоқниям худо олиб қўйганми, дейман!
Аломат уларга жимгина қараб турибди. Шовқинни эшитиб, ичкаридан Олимжон ҳам чиқади.
ОЛИМЖОН. Ассалому алайкум, кеннойи.
САЛТАНАТ. Ҳа, тағин келдингизми, кўч-кўронингизни кўтариб? Лўлида тиним бор, сизда тиним йўқ? (Қўчқорга.) Ие, нега серрайиб турибсиз, бир чиқиб қаранг уларингизнинг қилган ишини!
ҚЎЧҚОР. Биламан, кеннойи, қарамасам ҳам биламан… (Гап тополмай.) Шошмай турсин улар ҳали!.. Агар яна бир марта шунақа бўлса…
САЛТАНАТ. «…табака қиворасиз!» Биламиз, биринчи марта эшитаётганимиз йўқ! Анави куни макканинг ичидан бузоғингизни аранг ҳайдаб чиқдим! Бирам очофатки, калтакка-ям парво қилмайди! «Мол эгасига ўхшамаса ҳаром ўлади» деб жа тўғри айтишган экан!
ҚЎЧҚОР (Аломатни кўрсатиб). Кеннойи, меҳмон бор…
САЛТАНАТ. Меҳмонингиз — капейка, билдингизми?!
ҚЎЧҚОР. Нима-ейка?
САЛТАНАТ. Капейка! Ўзбекчаси «бир тийин» бўлади! Менга кўзини шунақа лўқ қилиб тураверса, меҳмонингизнинг обрўси ҳам бир тийин бўлади! Бу — Салтана-ат, деб қўйинг, билиб олсин, ҳа!
ҚЎЧҚОР (Аломатга). Бу — Салтанаат.
САЛТАНАТ. Ҳа, айтиб қўяй, трактор савилингизни гаражга обориб қўйинг! «Тар-тар-тар» қиласиз — ярим кечаси келасиз, «тар-тар-тар» қиласиз — каллаи саҳарлаб ҳаммани уйғотворасиз! Э, худо кўтарсин! Бир индамайсан, икки инда-майсан, бунинг охири борми ўзи, йўқми?!
Олимжон битта микросхемани олиб чиқиб, Қўчқорга секин-гина узатади. У схемани Аломатга ўрнатади.
ОЛИМЖОН . Қўйинг, кеннойи, меҳмон бор, деяптилар-ку…
САЛТАНАТ. Вой, яна меҳмондан келади-я! Ҳў, олимча, шу томорқа билан бола-чақа боқаман! Меҳмонингизнинг ҳусну жамолига қараб болаларимнинг қорни тўйиб қолмайди, тузик-ми?! (Аломатга жиркангандай қараб.) Сумакдай бўлмай ўлсин, намунча қилтириқ бу?
АЛОМАТ (кутилмаганда, Салтанатга). Сен, қўтир эчки, нима деб маъраяпсан ўзи?! А?!
САЛТАНАТ. Вой-вой-вой!.. Бу ҳали Салтанатнинг совунига кир ювмаган, шекилли! Мен билан пачакилашма, меҳмон ўлгур, этагингни бошингга ёпинчиқ қилиб, сазойи қивораман-а! Ҳе, турқинг қурсин, калтакесакка ўхшамай!
АЛОМАТ (бостириб бориб). Нима дединг? Бошимга нимани нима қиласан? Ҳа, оғизгинангдан қонинг келсин, сен эчкемарнинг! Кўзингни ўйиб олайми ҳозир?! Кимни сазойи қилмоқчисан, қари каламуш?! Кимни, деяпман!
САЛТАНАТ (чекина туриб). Сени, сени!..
АЛОМАТ. Ҳў, бит кўз! Қани, чиқ бу ердан! Чиқ, турқингни кўрмай! Бўлмаса оғзингни қийшайтиб қўяман, отингниям айтолмай қоласан! (Бир-иккита каратэча ҳаракатлар қилиб қўяди.) Ий-я!..
САЛТАНАТ (деворга қапишиб). Вой, ўлиб қўя қолай!.. Вой, шўрим!.. Қўчқорвой, меҳмонимнинг тутқаноғи бор, деб айтиб қўймайсизми?.. Вой, тортсангиз-чи бунингизни! Вой, шарманда!..
АЛОМАТ (муштини Салтанатнинг нақ бурнига теккизгудек қилиб). «Ғинг» деган овозингни эшитсам, ўзингдан кўр, мегажин! Умуман, овозинг чиқмасин, тушундингми? Бундан буён доим шивирлаб гапирасан!
САЛТАНАТ. Хўп, дедик-ку, оповси, битта гапдан қолсак ўлибмизми…
АЛОМАТ. Биттамас, ҳамма гапингни шивирлаб гапирасан! Агар яна бир марта шу ҳовлига чиқиб акилласанг, анави эшикка оёғингдан осиб қўяман — шамолда тебраниб тураверасан! Уқдингми, товуқмия?!
САЛТАНАТ (шивирлаб). Уқдим-да, оповси, уқдим…
АЛОМАТ . Агар шу эшикка мунчоқ бўлмай десанг, иккин-чи марта овозингни ҳам эшитмай, турқи-тароватингниям кўрмай! Пишиллама чўчқага ўхшаб! Нафас олма!
САЛТАНАТ. Нафас олмасам, ўлиб қолмайманми, айланай меҳмон?..
АЛОМАТ. Ўлмайсан! Энди секин оёғингнинг учида юриб, чиқиб кет.
САЛТАНАТ (паст овозда). Бир оғиз гапингиз, ўргилай, бир оғиз гапингиз… (Оёқ учида, бедана юриш қилиб чиқиб кетади.)
Қ У Ч Қ О Р. Э, ракатопинг, Аломатхон! Налогчидан қутилгандай бўлдиг-е!
АЛОМАТ (шартта Қўчқорга ўгирилиб). Ҳозир икки кўзингнинг ўртасига битта ураман, миянгнинг қатиғи чиқиб кета-ди!
Қўчқорнинг капалаги учиб, Олимжоннинг орқасига бекинади.
ОЛИМЖОН. Гап қайтарманг, дедим-ку, Қўчқор ака! (Югуриб келиб, Аломатни ўчиради.)
ҚЎЧҚОР. Олимтой, буям ўзимизданми дейман — дўст-душманнинг фарқига бормайди?..

УЧИНЧИ САҲНА

Ўша манзара. Кечқурун. Олимжоннинг ҳужрасида чироқ ёниқ, у ишлаб ўтирибди. Кўча томондан тракторнинг келиб тўхтагани эшитилади. Кўп ўтмай бир қоп нарсани орқалаб Қўчқор кириб келади.
ҚЎЧҚОР. Олимтой!..
ОЛИМЖОН (деразадан). Ассалому алайкум, Қўчқор ака.
ҚЎЧҚОР. Э, ҳар соатда салом бераверадими! Ушласанг-чи, ташлавораман ҳозир!..
ОЛИМЖОН, И-и, кетдим, кетдим!.. (Югуриб келиб қарашади.) Вой-бў, нима кўтариб юрибсиз, Қўчқор ака?
ҚЎЧҚОР. Кунжара-да, нима бўларди… (Терини артиб.) Вой, жоним-ей!.. Олимтой, шу, ем емайдиган мол ихтиро қилсанг-чи, а?
ОЛИМЖОН. Унақаси бор-ку.
ҚЎЧҚОР (чиппа-чин ишониб). Қаерда?
ОЛИМЖОН . Табиат музейида. Ичига сомон тиқиб қотириб қўйишибди. Ем ҳам емайди, сут ҳам бермайди. (Ичкарига кириб кетади.)
ҚЎЧҚОР (ҳафсаласи пир бўлиб). А-а, сенлар ем емайдиган мол эмас, мол емайдиган ем ўйлаб топишга устасанлар!..
АЛОМАТ (чиқиб). Ассалому алайкум, Қўчқор ака. Яхши келдингизми?
ҚЎЧҚОР (кўнгли кўтарилиб). Шукур, шукур… Ўзингиз тинчгина ўтирибсизми, Аломатхон?
АЛОМАТ . Раҳмат. Ювиниб олинг, овқат сузаман.
ҚЎЧҚОР. Хўп, хўп… (Ювингани чиқиб кетади.)
Бу орада Аломат дастурхон ёзиб, иқки косада овқат олиб келиб қўяди.
АЛОМАТ . Олимжон ака, чиқинг, овқатингиз совиб қолади.
Олнмжон қандайдир қоғозга тикилганича келиб каравотга ўтиради. Аломат ичкаридан тоза кўйлак олиб чиқиб, артиниб келаётган Қўчқорга узатади.
Мана, тозасини кийиб олинг.
ҚЎЧҚОР (яйраб). Шунақа қиламизми?.. Ҳай, майли, май-ли… (Кийиб.) Ракатопинг, Аломатхон. (Каравотга чиқади.)
Аломат уй юмушлари билан банд. Олимжон ҳамон қоғоздан кўз узмаган кўйи пайпасланиб гоҳ қошиқни қидиради, гоҳ нон-ни.
Э, Олимтой, овқат вақтида олимликни қўйингда энди. Эсим-да йўқ, Ибн Синомикан, қайси биридир айтган экан: уйқу, ов-қат, физкультура жа керакли нарса-а, деб. Мана, биз шу гапга амал қилиб келамиз-да, Олимтой. Уйқу яхши, овқатдан ҳам ўзимизни хафа қилдириб қўймаймиз. Энди, физкультурасига келсак, нима деймиз… телевизорга қараб оёқ кўтариш йўғ-у, лекин қимирлаб турамиз. Азондан то ярим кечагача трактор минганингдан кейин ўзи оёғинг кўтарилиб қолар экан.
Бир неча сония жимгина овқатланишади.
Бай-бай-бай, қўлгинанг дард кўрмасин-да! (Косани нари су-риб қўйиб) Олимтой-да, гап-да… Шу, Аломатхонни айтаман, далага чиқариб нима қиласан шундай… нарсани? Битта аёлга уйнинг ташвиши ҳам етиб ортади.
ОЛИМЖОН . Масалага бунақа тор қарамаслик керак, Қўчқор ака. Бу ерда гап фақат сизнинг хотинингизнинг усти-да эмас, бутун ўзбек хотин-қизларининг устида кетяпти.
ҚЎЧҚОР. Энди, майли-да, кимнинг устида кетсаям. Ахир, бунақасидан ҳали минг-минглаб яратилади, дединг-ку. Шулардан биттаси юрса юрибди-да.
ОЛИМЖОН. Э-э, ҳали «минг-минг»гача гап кўп. Ҳозир-ча Аломат битта. Ягона, тажриба нусхаси.
ҚЎЧҚОР. Энди, шу нусхага тегмасанг бўларди-да…
ОЛИМЖОН . Қўяверинг, вақти келиб, ажабмас, магазинларга ҳам чиқарилса. Ана ўшанда сизга ўхшаган сўққабошлар магазиндан хотин олаверади.
ҚЎЧҚОР. Эй, тинчгина овқат еймизми, йўқми?! Нуқул пичинг қиласан! Ҳали «табиат музейи» дединг — индамадим! Энди «магазиндан хотин оласиз» дейсан! Нима сенга у, тўққизин-чи калишмиди магазиндан оладиган?!
ОЛИМЖОН. Нега жаҳлингиз чиқади, Қўчқор ака? Вақти келиб, роботлар магазиндаям сотилади-да. Мана, шахсий томорқа учун кичкина тракторчалар сотиляпти-ку. Ўн-ўн беш йил олдин «магазинда трактор сотиларкан» десангиз, ҳеч ким ишонмасди. Буям шунга ўхшаган гап.
АЛОМАТ (қопни кўрсатиб). Қўчқор ака, манавини уйга олиб кирайми, молхонагами?
ҚЎЧҚОР. Э, қўяверинг, кейин ўзим тинчитаман.
АЛОМАТ. Вой, мен турганда сиз қоп кўтариб юрсангиз уят бўлмайдими? (Қопни бир қўлда енгил кўтариб кетади.)
ҚЎЧҚОР (ўрнидан сапчиб туриб). Ие, ие… Ало… Аломат-хон!.. Қўйинг, қўйсангиз-чи!.. Э, худо, бу нима кўргулик!.. Олимтой, синиб-пиниб қолмасмикан?
ОЛИМЖОН. Ҳеч нима қилмайди, корпуси пухта ишланган.
ҚЎЧҚОР. Нима-пуси?
ОЛИМЖОН . Корпуси.
ҚЎЧҚОР (ҳайратда). Хотинмас — эксковатор! (Ўтиради.)
ОЛИМЖОН (зерикиб). Қўчқор ака, телевизор-пелевизор ҳам олиб қўймагансиз-а?
ҚЎЧҚОР. Телевизорнинг нима кераги бор? Шуниси яхши, эртароқ ётилади. (Дастурхонга фотиҳа қилиб.) Аломатхон, жой солинганми?
АЛОМАТ (иш билан бўлиб). Ҳа, солиб қўйганман.
Сукут.
ҚЎЧҚОР. Бу, рангинг чатоқ, Олимтой, чарчабсан-ку. Йўл азоби — гўр азоби, шаҳардай жойдан шунча юк билан келишнинг ўзи бўладими! Майли, бориб дамингни ол…
ОЛИМЖОН (туриб). Қорин тўйди — ғам кетди, раҳмат.
Энди бир оз ишласак ҳам бўлади. (Кетади.).
ҚЎЧҚОР (унинг кетидан). Одам деган мундоқ дам ҳам олиши керак-да, Олимтой. Кундузни ишлагани чиқарган, оқ-шомни ухлагани…
Аломат дастурхонни йиғиштира бошлайди.
Аломатхон, қўяверинг, қолганини эртага қиларсиз, кеч бўп қолди…
АЛОМАТ . Ҳозир, ҳозир.
Қўчқор ичкарига кириб кетади. Аломат анча вақт у-бу юмуш билан куймаланиб юриб, у ҳам Қўчқор кирган уйга йўл олади. Ҳовли бирпас бўш қолади. Деразадан Олимжоннинг столга энгашиб олиб ишлаётгани кўриниб турибди. Қўчқорнинг хонасида чироқ ўчади. Чигирткаларнинг овози эшитилади. Бир оздан сўнг оқ кўйлак, оқ иштонда Қўчқор чиқади, у ёқ-бу ёққа аланглаб, Олимжоннинг ҳужраси томон юради, дераза олди-да огоҳлантириш маъносида йўталиб қўяди.
ОЛИМЖОН (деразадан бошини чиқариб). Ким?
ҚЎЧҚОР. Олимтой, шу, Қора денгизнинг суви чиндан ҳам қора бўладими?
ОЛИМЖОН. Шуни сўрагани чиқдингизми?
ҚЎЧҚОР. Йўқ, ўйладим-да… Мана, бизнинг ариқни «Оқ ариқ» дейишади, лекин суви қоп-қора. Номига қарамас экан-да, а?
ОЛИМЖОН (ишга уннаб). Йўқ, қарамайди.
ҚЎЧҚОР (бир оз тараддудланиб). Олимтой, бу, Аломатхонни айтаман… шунақа тикка тураверадими?
ОЛИМЖОН (хавотирланиб). Нима, бирон ножўя иш қилиб қўйдими?
ҚЎЧҚОР. Йўқ, ножўя-ку иш қилгани йўғ-а, шу, эрталабга-ча тикка турса… оёғи оғриб қолмасмикан, демоқчиман-да.
ОЛИМЖОН . Қўчқор ака, ўн йил тикка турсаям ҳеч нима қилмайди! Ишлагани қўясизми, йўқми?
ҚЎЧҚОР. Майли, майли, ишла… Ишлаган яхши-да… (Ик-киланиброқ уйга кириб кетади.)
Қўчқорнинг хонасида чироқ ёнади, у ёқдан-бу ёққа ўтган соялар кўринади. Чироқ ўчади. Жимлик. Кўп ўтмай Қўчқор яна чиқади. (Асабийроқ, лекин ўзини қўлга олишга уриниб.) Олим-той!..
ОЛИМЖОН . Ҳа?
ҚЎЧҚОР. Шу, десанг, сира ухлаб бўлмаяпти-да, ука!..
ОЛИМЖОН. Нега?
ҚЎЧҚОР. Ўзинг ўйлагин, чироқни ўчириб ётсанг-у, тепанг-да биттаси кўзини бақрайтириб турса! Бунақада уйқу келади-ми?
ОЛИМЖОН. Аломатни айтаяпсизми? Ўчириб қўйиб ухлайверсангиз-чи, ёш боламисиз?
ҚЎЧҚОР. Ўчириб қўйсам ҳам турибди-да ахир, келисопга ўхшаб! Кечаси уйғониб кетиб, қўрққанимдан бир нима бўп қолсам нима бўлади?
ОЛИМЖОН. Унда менинг хонамга олиб чиқиб қўйинг.
ҚЎЧҚОР. Ие, эси борми ўзи бу боланинг?! Нимага сенинг хонангга олиб чиқиб қўяр эканман?!
ОЛИМЖОН. Бўлмаса, нима қил, дейсиз?
ҚЎЧҚОР. Биров сенга, бир нима қил, деяптими? Шундоқ, яқин олиб, айтдим-қўйдим-да… (Бир оздан сўнг.) Лекин, Олим-той, шу, машинангнинг битта камчилиги бор-да.
ОЛИМЖОН. Масалан?
ҚЎЧҚОР. Масалан… Масалан, ўта кетган… тартибли!
ОЛИМЖОН. Нима бўпти?
ҚЎЧҚОР. Ие, нима бўпти, дейди-я манави бола! Бунақасига уйланиб кўрмагансан-да, билмайсан. Масалан, кечаси ҳалигига турсам… нимага… қўл ювгани турсам, қайтиб келгу-нимча ўрнимни йиғиштириб қўяди! (Олимжоннинг бепарволигидан жаҳли чиқиб.) Шу, одам бир ишни қилганидан кейин пухта қилса-да! Мана, биз бир марта культивация қилдикми — тамом, қайтиб трактор кирмайди! Бир марта жўяк олдикми — тўппа-тўғри, милтиқнинг ўқидай чиқади, кўрган одам «э, рака-топ» дейди! Чала иш — чала-да!
ОЛИМЖОН (асабийлашиб). Бунақа нарса яратиш осон эмас, Қўчқор ака! Оламшумул кашфиётлар юз йилда битта бўлади! Икки юз йилда битта бўлади!
ҚЎЧҚОР. Э, минг йилда битта бўлсаям қойил қилиб қўйиш керак-да, мулла!
ОЛИМЖОН. Тушунсангиз-чи, мен пахта терадиган машина яратдим, ма-ши-на!
ҚЎЧҚОР (қизишиб). Машина бўлса, машинага ўхшасин-да! Солярка есин, гаражда турсин! Нима қиласан, одамларнинг бошини қотириб?!
ОЛИМЖОН. Айтаяпман-ку, Қўчқор ака, масаланинг эстетик томонини ўйлаб одамга ўхшатдим, деб!
ҚЎЧҚОР (тутақиб). Э, ўхшатсанг ҳамма ёғини ўхшатмай-санми, қон қивординг-ку одамни!!! Э, эстетикангдан ўргилай!
ОЛИМЖОН. Қўчқор ака, сизни қанчалик ҳурмат қилишимни биласиз. Лекин ҳамма нарсанинг ҳам чегараси бўлади. Агар шунақа қилаверсангиз, ҳозир кириб Аломатингизни бузиб ташлайман!
ҚЎЧҚОР (ғазабдан кўкариб). Кимни бузасан?.. Нимани бузасан?!
ОЛИМЖОН. Хотинингизни… э, тфу! Аломатни! Бузиб, запчаст қилиб ташлайман! ҚЎЧҚОР. Нима-част?
ОЛИМЖОН. Запчаст. Тамом, менга бунақа машина керак эмас!
ҚЎЧҚОР. Ҳў, бола! Биринчидан, сенга керак бўлмаса, мана, бизга керак! Иккинчидан, ҳозир ўзингни запчаст қилиб ташлайман, савоб бўлади! (Олимжоннинг ёқасидан тутиб, деразадан суғириб олади.)
ОЛИМЖОН. Ёқани қўйворинг!.. Қўйворинг, деяпман!.. (Силтаниб.) Олинг қўлингизни-е! Уялмайсизми, кап-катта одам?!
ҚЎЧҚОР. Ўзинг уялмайсанми, аёл кишини ҳақорат қилгани?! Ким айтади сени ўқиган, тушунган одам, деб?!
ОЛИМЖОН. Шу жанжалимизни биров кўрса нима дейди, а? Битта роботни, темирни талашиб ётишибди, дейди! Мен-ку, уни яратганман, етти йил умримни бағишлаганман, сизга нима?
ҚЎЧҚОР. Сен етти йил бағишлаган бўлсанг, мен қолган умримнинг ҳаммасини бағишлайман!
ОЛИМЖОН (хафа бўлиб). Бунақалигини билганимда одам эмас, бир эшак шаклида яратардим. Номиям «Эшак-1», «Эшак-2» бўларди…
ҚЎЧҚОР (ҳамон бўш келмай). Нима қипти, эшак ҳам… хўжаликка керак нарса.
ОЛИМЖОН. Ие, ундан ҳам қуруқ қолардинг, демоқчи-мисиз? Маймун шаклида яратсам-чи? Барибир уйланаверармидингиз?
ҚЎЧҚОР. Йўқ, ЗАГСдан ўтказмайди… Лекин, битта қафас-га солиб қўйиб, бола-чақа билан томоша қилиб ётаверардик. Телевизорнинг ўрнига-да.
ОЛИМЖОН (бутунлай руҳи тушиб). Йўқ, ўша машинани машина шаклида яратаётганлар тўғри қилаётган экан. Беташзиш, беғалва… Ҳеч ким ёқасигаям ёпишмайди…
ҚЎЧҚОР (паст тушиб, аразли). Ўзинг ҳам унақа эркак кишининг ҳамиятига тегма-да бўлмасам.. (Қовоғини солганича ччкарига кириб кетади.)
ОЛИМЖОН. Ҳа-а, одам-робот яратишнинг бунақа томонлари ҳам бор экан. Шунинг учун ҳам худо лак-лак одам яратиб қўйиб, ҳеч кимнинг кўзига кўринмай кетган экан-да. Кўринса борми, бу беш ярим миллиард одам унинг ўзини запчаст қилиб юбораркан!..

П А Р Д А

ТЎРТИНЧИ САҲНА

Ўша ҳовли. Орадан икки кун ўтган. Аломат каравотда ўтирибди. Қўчқор тоғорада буғи чиқиб турган қайноқ сув олиб селиб, унинг қаршисига қўяди. Аломатнинг қўлларини кафт-мри орасига олиб бирпас тикилиб туради, юзига босади. «Сенин секингина қайноқ сувга ботиради. Кутади. Ўрнидан туриб, айвон шипидаги қизил микросхемани олади. Бирпас ўйланиб туриб, эҳтиёткорлмк ва ҳадик билан роботга ўрнатади. Аломат худди уйқудан уйғонгандек ажабланиб атрофни сузатади, Қўчқорга бош-оёқ разм солади.
АЛОМАТ (бир Қўчқорга, бир тоғорадаги сувга қараб) Қўчқор ака?
ҚЎЧҚОР (узрли). Шу, десангиз, қўлингиз жа муздай-да… юзимни силаганингизда темирга ўхшаб кетади… (Унинг қўлини юзига босиб кўради.) Ҳали бор… (Яна тоғорага тиқиб қўяди.) Хафа бўлманг-у, Аломатхон, шу, Қумрининг қўллари қадоқ босиб, ёрилиб кетган бўлсаям бир нимаси бор эди-да… Ўша нима экан-а? Бўлмасам, бармоқларини кўсак тилиб, ғадир-будир қилиб ташлаган. Қўлидан, десангиз, кир совун аралаш таппи ҳиди келади. (Хўрсиниб.) Лекин нимасидир бор эди… Кейин, кўзингиз ҳам ғалати. Йўқ, узоқдан қарасам дуруст, яқинингизга келсам, шишага ўхшайдими-ей…
АЛОМАТ. Кварц.
ҚЎЧҚОР. Нима-арц?
АЛОМАТ. Кварц. Кварцдан ясалган.
ҚЎЧҚОР. Ҳа-а… Шишанинг бир тури-да, а? Жа совуқ нарса бўларкан лекин. Биласизми, кўнглингизга олманг-у, Қумри билан-чи, жим ўтириб ҳам гаплашаверардик. Ичимиз-да-да… Нима деятганини кўзидан билардим. Уям шундоқ қарарди-ю, ичимдагини топарди, қурғур…
АЛОМАТ. Мен мақсадингизни, хоҳиш-истагингизни кўзингизга қараб билолмайман. Ташқи олам билан фақат манусоник методда алоқа қиламан.
ҚЎЧҚОР. Нима-сўник?
АЛОМАТ. Манусоник. Табиатдаги барча тирик мавжудот, шунингдек, одам ҳам ўзидан электромагнит тўлқинлари тарқатади.
ҚЎЧҚОР. Мен ҳамми?
АЛОМАТ. Сиз ҳам.
ҚЎЧҚОР. Қумри бўлса, «сиздан фақат солярка ҳиди таралади», дерди… Қаранг, гапи ёлғон экан-да, а?
АЛОМАТ. Сиздан тарқалаётган электромагнит тўлқинларини қабул қиламан ва шунга кўра нима зарур бўлса, ўша ишни бажараман.
ҚЎЧҚОР (тушунишга ҳаракат қилиб). Демак, биз ўзимиздан элктромагнит тўлқини чиқарамиз, сиз уни қабул қиласиз. Ие, бундан чиқди, сиз келгунингизгача бекордан-бекорга электромагнит тўлқини чиқариб ётган эканмиз-да, а? Уни ҳеч ким қабул қилмаса…
АЛОМАТ. Мана, масалан, икки кундан бери ишингизга овқат олиб бораман-а? Ҳеч маҳал, қайси бригадада ёки қайси қартада ишлаётганингизни сўраганманми?
ҚЎЧҚОР. Йўқ…
АЛОМАТ. Овқатни оламан-у, тўппа-тўғри топиб бора-вераман. Электромагнит тўлқинлари менга йўл кўрсатади.
ҚЎЧҚОР (хўрсиниб). Қумри ҳам адашмай топиб борарди… Унга нима йўл кўрсатар экан-а? ёки, дейлик, ҳар куни кўчамиздан қанча-қанча трактор ўтади. Болаларим бўлса менинг тракторимни овозидан таниб, югуриб чиқишади… Бўлмасам, унча-мунча уста механик ҳам тракторларни овозидан ажратолмайди… (Ўкинч билан.) Э худо мен тушунмайдиган жумбоқларинг мунча кўпа…
АЛОМАТ. Тушунмаган нарсаларингизни сўранг, бажони-дил жавоб бераман.
ҚЎЧҚОР. Мана, дейлик, мен нимадандир хурсанд бўлдим-а? Сиз ҳам менга қўшилиб севинасизми?
АЛОМАТ. Йўқ, мен унда хотиржам бўламан. Негаки, соғ-саломатсиз, қорнингиз тўқ, ҳеч нима безовта қилмаяпти — демак, ҳаммаси жойида.
ҚЎЧҚОР (руҳи тушиб). Ҳа… (Умидвор.) Хўп, хафа бўлсам-чи? Ундаям барибирми?
АЛОМАТ. Барибир эмас. Сиз хафа бўлган нарсанинг сабабини топиб, бартараф қиламан.
ҚЎЧҚОР. Э-э, унда сиз ҳам ўзимизнинг раҳбарларга ўхшаган гап экансиз-да. Бир иш билан борсанг, на дардингга шерик бўлади, на хурсандчилигингга. Номи «маҳаллий ҳокимият» бўлгани билан, билмайман, нариги маҳаллага қарай-дими… (Бирдан.) Аломатхон, сиз йиғлай оласизми?
АЛОМАТ. Йўқ.
ҚЎЧҚОР. Аёл кишининг ҳар замонда йиғлаб тургани яхши. Енгил тортади. Эркакнинг йўриғи бошқа — уят бўлади. Мана, мен сира йиғламаганман. (Уйчан.) Лекин, уят бўлмаганида йиғлардим…
АЛОМАТ. Уят бўлмайди, йиғлайверинг.
ҚЎЧҚОР (хижолатли). Э, қўйсангиз-чи, қизиқмисиз…
АЛОМАТ. Рост, уят бўлмайди, чунки мен уятни тушунмайман. Электромагнит тўлқинлари бўлса бошқа гап. Мана, ҳозир сиз йиғига эҳтиёж сезяпсиз — буни тушунаман. Бемалол йиғлайверинг, Қўчқор ака. Мен роботман-ку, темирдан ҳам уяладими одам?
ҚЎЧҚОР (ҳайрон). Ие… Нима деб йиғлайман?
АЛОМАТ. Хоҳласангиз нима деб йиғлашингизни ёзиб бераман.
ҚЎЧҚОР. Йўғ-э, энди йиғлашниям қоғозга қараб йиғласак уят бўлар?..
АЛОМАТ. Мен одамлар ҳақида бошқача тасаввурда эдим. Уларнинг эрки қўлида, нимани хоҳласа шуни қилолади, деб ўйлардим. Наҳотки хўлосаларим нотўғри бўлса?
ҚЎЧҚОР. Ҳалиям эркимиз қўлимизда.
АЛОМАТ. Нега бўлмаса йиғлолмаяпсиз?
ҚЎЧҚОР. Энди, Аломатхон, дабдурустдан қийин-да. Бир сабаб бўлмаса…
АЛОМАТ. Сабаб топамиз.
ҚЎЧҚОР. Қандай қилиб?
АЛОМАТ. Гипноз қилиб.
ҚЎЧҚОР. Нима-пноз?
АЛОМАТ. Гипноз. Қоида бўйича, гипноз фақат ёлғондан иборат бўлади. Масалан, тиши оғриб турган одамга, «тишингиз оғримаяпти» деб ёлғон гапирилади.
ҚЎЧҚОР. Йўқ, мен ёлғон гапга йиғламайман.
АЛОМАТ. Ахир, ёлғон худди ростдай қилиб гапирилади-да! Ҳамма ишонади, ҳатто гапираётган одамнинг ўзи ҳам! Қани, мундоқ ўтиринг-чи. Бошладик. Кўзимга қаранг… Бўша-шинг… Ғўдайманг, бўшашинг, деяпман. Яхши…
ҚЎЧҚОР. Қўйинг, нима кераги бор, барибир йиғламай-ман…
АЛОМАТ. Йиғлайсиз… (Қўлларини унинг боши узра ҳаракатлантириб.) Йиғлайсиз… Чунки, жуда эзилгансиз… Юрагин-гизга қил ҳам сиғмайди… Ич-ичингиздан бир нима тошиб келяпти… Ҳеч кимнинг раҳми келмайди, биров дардингизга шерик ҳам бўлмайди… Ўз ёғингизга ўзингиз қовурилиб яшаяпсиз… Афт-ангорингизга бир қаранг, қирққа кирган қир-чиллама йигитсиз-у, кўрган одам сизни элликдан ошган, деб ўйлайди. Қуриб-қақшаб боряпсиз… Эсингизни танибсизки, тинмай меҳнат қиласиз, лекин ҳеч бирингиз икки бўлмайди. Рўзғор, бола-чақа ташвиши, дейсиз, афсуски, бу ташвишларнинг чеки йўқ. Эрталабдан-кечгача чумолидай ғимир-ғимир қиласиз-у, роҳатини кўрмайсиз. «Пахтакорман» деб кўкрагин-гизга муштлайсиз-у, кўрпангизга пахта тополмайсиз! Кийиб олган кийимингизни қаранг, енгил саноат етиштираётган ҳамма брак маҳсулот сиз ва сизга ўхшаганларга насиб қилади. Манави нима? Шу иссиқда ким нейлон кўйлак кияди?
ҚЎЧҚОР. Магазинга келган экан, арзонгина деб…
АЛОМАТ. Ўзингизга бир ташқаридан қаранг, қайси замонда яшаяпсиз? Кимга ўхшайсиз? Оёғингизга илиб олган калишингиз қаердан чиққан? Янгийўлданми, Тошкентданми?
ҚЎЧҚОР (оёғини тортиб). Калишмас, патинка…
АЛОМАТ. Бу дунёга келиб нима кўрдингиз, Қўчқор ака? «Икки марта Тошкентга борганман» деб мақтанасиз, одамлар «Оқ денгизу Қора денгиз» қилиб юришибди! «Ҳа энди, улар бошқача одамларда» дейсиз. Қанақа, бошқача? Нимаси бошқача? Наҳотки, оддийгина инсоний ғурур бўлмаса?! Шу даражага етгансизки, бора-бора ундайларга ҳавас ҳам қилмай қўйгансиз! Ҳавас қилавериб, орзу қилавериб чарчагансиз, ҳолдан тойгансиз!
ҚЎЧҚОР. Нима қипти, эл қатори яшаяпмиз…
АЛОМАТ. Шундай деб ўзингизни овутасиз. Қадр-қиммат-чи? Мен одам эмасман, лекин шуларни ўйлайвериб-ўйлайвериб, ичимдаги мурватларим қизиб кетяпти! Менчалик ҳам эмасмисиз, Қўчқор ака?! Бирон тирик жон сиз билан ҳисоблашадими? Бировга гапингиз ўтадими? «Шудгорни бошла» деса бошлайверасиз, «ҳали ер қуримаган, лой-ку» деёлмайсиз! Тўй-маъракаларда пойгакда ўтирасиз! «Улуғларга» тайёрланган дастурхонга яқинлашолмайсиз! Жойингизни билиб ўтиришга мажбурсиз, чунки «меҳнаткаш» деган мансаб билан тўрга чиқолмаслигингизни яхши биласиз! Шляпа кийиб, галстук таққан кетмондаста ҳам сизни ҳақоратлаши, таҳқирлаши мумкин! Алам қилмайдими?
ҚЎЧҚОР. Ҳа энди, раҳбар бўлганидан кейин койийди-да…
АЛОМАТ. Байрам кунлари райондаги намойишдан байроқча кўтариб ўтганингизга хурсанд бўлиб юраверасиз! Мажлисларда қўл кўтаришу чапак чалишни биласиз, бошқа ҳеч балони ҳал қилмайсиз! Кўпинча ўша мажлисда нима ҳал бўлаётганини ҳам тушунмайсиз!
ҚЎЧҚОР (таъсирланиб). Гапингиз нотўғри, Аломатхон… «Ҳурмат тахтаси»да суратимиз турибди…
АЛОМАТ. Энди бор умидингиз болаларингиздан, уларни ўқитиб «катта одам» қилмоқчисиз. Лекин уларингиздан «катта одам» чиқмайди. Қишин-ёзин даладан бери келмайдиган чаласавод болалардан ҳеч бало чиқмаслигини биласиз. Фарзандларингизнинг ўзингизга ўхшамаслигини истайсиз, демак, ўзингизнинг кимлигингизни ҳам биласиз! Ақлингиз етади! Лекин яна «кўпга келган тўй» деб юраверасиз! Ахир, умр ўтиб кетяпти-ку, Қўчқор ака!
ҚЎЧҚОР (Кўнгли тўлиб). Барибир йиғламайман!.. Яхши яшаяпмиз, билдингизми!..
АЛОМАТ. Йиғлайсиз… Ана, кўнглингиз тўлиб турибди… Лабингизни тишламанг, Қўчқор ака, фойдаси йўқ. Ахир, ёш кўздан чиқади, оғизданмас…
ҚЎЧҚОР (йиғлагудек бўлиб). Биров сизга ҳаётидан нолияптими?!
АЛОМАТ. Ҳамма гап шунда-да — нолимайсиз. Кўникиб кетгансиз. Яралар тошга айланган — оғриқ сезмайди. Дод солиб бақириш-ку қўлингиздан келмас, ҳеч қурса инграб қўйишга ҳам қодир эмасмисиз, Қўчқор ака? «Ҳаёт деганлари шунақа бўлар экан» деб умрингизни ўтказяпсиз. Қалбингизнинг унут бўлиб кетган, ўзингиз ҳам билмайдиган аллақайси бурчакларида милтиллаётган ушоққина норозиликдан қўрқа-сиз, уяласиз, уни сезмасликка оласиз! Тўғри, қадр-қимматингиз ошкора ҳақоратланганида ўша милтиллаётган чўғ аланга олгандай бўлади ва сиз уни ароқ билан ўчиришга уринасиз. Дунёга ширакайф кўзлар билан қараб таскин топасиз, бир қадар юпанасиз ҳам. Лекин эртаси куни кайфингиз тарқаб, дунё яна асл ҳолига қайтади! Шунда ўзингизни қўярга жой тополмайсиз, ҳадсиз-ҳудудсиз оламда муштдеккина жуссангизни қўйгани жой йўқ! Сўнг йиғламоқдан ўзга чорангиз қолмайди ва ўксиб-ўксиб йиғлайсиз…
ҚЎЧҚОР (Кўзларида ёш ўйнаб). Ёл-ғо-он!.. Мен ҳеч қачон йиғламаганман!..
АЛОМАТ. Йиғлагансиз. Фақат кўзингизнинг нариги томони билан йиғлагансиз. Кўз ёшларингиз ташқарига эмас, ичингизга оққан. Мана, менинг ичим тўла темир-терсак, сизнинг вужудингиз эса фақат ва фақат кўз ёшидан иборат. Лим-лим ёш…
ҚЎЧҚОР (барапла йиғлаб юборади, сапчиб туриб оёғи остидаги қутини зарб билан тепади). Э, падарига лаънат ҳаммасининг!!!
АЛОМАТ. Нега унақа қиляпсиз, Қўчқор ака Ахир, бу шунчаки гипноз-ку.
ҚЎЧҚОР. Э, гипнозингизнинг ҳам падарига минг лаънат! (Ёш боладай ғингшиб йиғлайди. Аломатнинг елкасидаги қизил микросхемани олади-да, боши узра бир-икки айлантириб, кўча томонга отиб юборади.) Бозортой!.. Ҳў, Бозортой! Бир қараб юбор, жўра, икки оғизгина гапим бор!.. Бозортой, жон дўстим, бир қарагин!.. Сенга айтмасам кимга айтаман, Бозортой!..
ШАРОФАТ (девор оша мўралаб). Бозорвой акам икки қопгина бақлажон олиб, бозорга кетувдилар. Нима эди?
ҚЎЧҚОР (йиғлаганича). Зерикиб кетдим!.. Қартасини олиб чиқса, бир-икки қўл «дуррак» ўйнамоқчи эдим…
ШАРОФАТ . Ҳа-а… Майли, келсалар айтиб қўяман. (Ғойиб бўлади.)
Қўчқор йиғлай-йиғлай Аломатга бошқа микросхема ўрнатади.
АЛОМАТ (куйлаб). «Яна ўйнайлик, яна куйлайлик, иқболимиз порлоқ экан, даврон сурайлик. Иқболимиз порлоқ экан, даврон сурайлик…» (Тўхтовсиз айта-веради.)
Қўчқор анча вақт ҳовли бўйлаб бемақсад санғиб юради. Аста-секин ўзи ҳам билмаган ҳолда уиинг йиғиси «Даврон сурайлик» ашуласи билан уйғунлашиб кетади.
П А Р Д А
БЕШИНЧИ САҲНА
Учинчи кун. Қўчқор яна устунга боғлаб ташланган. Ҳовлида бошқа ҳеч ким йўқ. У ўзига келиб, атрофга разм солади.

ҚЎЧҚОР (қийналиб). Вой, жоним-ей… Кеча яна бўпти-да, падарига лаънат!.. Аломат! Аломат, деяпман!.. (Хўрлиги келиб.) Буям боғлаб ташлабди!.. Бу хотин зотининг ҳаммаси бир гўр экан. Мен аҳмоқ, бу робот-ку, одам эмас-ку, эси бордир, деб ўйлабман!.. Ҳў, тирик жон борми?! Э-ҳа, кеча терим бошланган-ку, далага кетган… Вой-ей, ичим ёниб кетяпти… Қумри ҳам тузик экан, ҳеч бўлмаса сув-пув бериб турарди… (Бир-икки чираниб кўради.) Бозортой! Ҳў, Бозортой!
ШАРОФАТ (девор оша мўралаб). Ҳа?
ҚЎЧҚОР. Бозортой уйдами?
ШАРОФАТ. Бозорвой акам ўрт қопгина турп олиб, бозорга кетувдилар. Нима эди?
ҚЎЧҚОР. Сўрамоқчи эдим… Ҳалиги, кеча яна космонавтлар учибдими?
ШАРОФАТ . Хабарим йўғ-а.
ҚЎЧҚОР. Кеча радио «учди» дедими, «учиб қолди» дедими, ишқилиб, бир нима деди-да…
ШАРОФАТ . Э-э, иш кўп, ким радио эшитади, дейсиз… (Ғойиб бўлади.)
Эшикдан оғир сумкани судраганича Туробжон кириб келади.
ТУРОБЖОН (сумкани ўша ерга ташлаб, югуриб кела-ди), Дада, биз яна қайтиб кўчиб келяпмиз!
ҚЎЧҚОР. Ўғилтой!.. Келдингми-а, жигарим!.. (Талпиниб.) Соғинтириб қўйдинг-ку, ўғилтой!..
ТУРОБЖОН. Сиз нега бормадингиз, дада? Кутавердик, кутавердик.
ҚЎЧҚОР. Менми?.. (Тепага қараб қўйиб, изтиробли.) Елкамни босиб турган юк оғирлик қилди-да, ўғилтой…
Тугун кўтариб олган Қумри ҳовлига кириб, эрига кўзи тушиши ҳамон қўрқиб кетади ва тугунни улоқтирганича югуриб келади.
ҚУМРИ. Вой, шўрим!.. Вой, ўлиб қўя қолай!.. Ҳалиям боғлиқ турибсизми, дадаси?!
ҚЎЧҚОР. Турибмиз — биз бир сўзли одаммиз.
ҚУМРИ (шоша-пиша арқонни еча бошлайди). Одамлар-даям инсоф қолмабди, ўлиб қоладиям дейишмайди-я!.. Бунақалигини билганимда ўзим ечиб кетардим… Вой, шўргинам қурсин-а!.. Белингиз ҳам қотиб қолгандир, дадаси?
ҚЎЧҚОР. Қотмай-чи! Уч кундан бери Исо пайғамбар бўп турибман!
ҚУМРИ. Қишлоқнинг оқсоқоллари, кап-катта одамлар-ку, деб мен эсини еган ўшаларга ишонибман-а! Инсофсизлар!.. Келинг, елкамдан ушлаб олинг… (Суяб, каравотга ўтқазади.) Қўрқитиб қўяй, деб бир-икки кунга кетувдим-да, дадаси, буна-қа бўлишини ким билибди, дейсиз…
ҚЎЧҚОР. Болаларинг қани?
ҚУМРИ. Мактабда. Чиқиб, тўғри шу ёққа келишади. Туробжонингиз кўчага чиқиб олиб, фақат сизни кутади. Қолганлариям «дадам-чи, дадам» дейверишиб, одамни қон қиворишди. Болаларимга қараб туриб, жаҳл қилмай мен ўлай, дедиму, югуриб келавердим. Уч кун—минг кун бўп кетди… (Йиғлайди.)
ҚЎЧҚОР (хотинига ғалати синчковлик билан тикилиб). Аёл кишининг ҳар замонда йиғлаб тургани яхши… Менга қара-чи.
ҚУМРИ. Ҳа?..
ҚЎЧҚОР. Кўзларинг нимадан ясалган, Қумри?..
ҚУМРИ. Вой, у нима деганингиз?
ҚЎЧҚОР. Далага овқат оборганингда мени қанақа қилиб топардинг?
ҚУМРИ. Билмасам… (Эрининг қаршисига чўкиб.) Бирон нарса бўлдими, дадаси?
ҚЎЧҚОР (чуқур тин олиб). Бўлди-да, Қумри, бўлди… (Хотинининг қўлларини олиб бирпас тикилиб туради, сўнг юзига босиб, кўзларини юмади.)
ҚУМРИ. Вой, нима қилганингиз бу, Қўчқор ака, боладан уялсангиз-чи… Уч кун ўтиб ҳам кайфингиз тарқамадими? Туробжон, бор, болам, кўчага чиқиб қара-чи, акаларинг келяптимикан.
ТУРОБЖОН. Хўп. (Югуриб чиқиб кетади.)
ҚУМРИ. Нима бўлди ўзи, дадаси?
ҚЎЧҚОР. Шу, Қумри, ўқиган яхши экан-да. Мана, масалан, мен кейинги пайтда жа кўп ўқияпман.
ҚУМРИ (кулимсираб). Ростдан-а? Қизиқ бўпти-ку…
ҚЎЧҚОР. Биласанми, дунёдаги бор тирик жон ўзидан электромагнит тўлқинлари тарқатади. Одам ҳам тарқатади. Сен билан мен ҳам тарқатамиз. Бола-чақамиз ҳам.
ҚУМРИ (жилмайиб). Хўш кейин-чи?
ҚЎЧҚОР. Нима, кейин? Тарқатади — тамом.
ҚУМРИ. Ҳа, кўп ўқибсиз. Яхши экан, қисқагина.
ҚЎЧҚОР. Электромагнит тўлқинларини-ку тарқатяпмиз, лекин уни қабул қиладиган бошқа бир аппарат ҳам бўлиши керак экан-да, Қумри. Бўлмаса нима фойдаси бор, тарқатсак тарқатиб ётаверамиз-да. Ўша аппарат… Оти нима эди?.. Ҳали-ги, каттакон патнисдай Олимтой бир бало девди-я… Локат… Локатор! Локатор бўлиши керак! Мана, масалан, идоранинг тепасида нима бор?
ҚУМРИ. Колхознинг идорасини айтаяпсизми? Ёввойи каптарлар бор, гала-гала бўлиб учиб юради.
ҚЎЧҚОР. Байроқ бор, ўқимаган! Ана ўша байроқнинг ёнига битта локатор ҳам ўрнатиш керак, деяпман. Бўлмаса, ўзинг ўйлагин, Қумри, мен электромагнит тўлқинлари тарқат-япман… қирқ йилдан бери. Сен электромагнит тўлқинлари тарқатяпсан… туғилганингдан бери. Тошмат тарқатяпти, Эшмат тарқатяпти, Абдурайим, Мамарайим тарқатяпти — қабул қиладиган аппарат йўқ! Шунинг учун, Қумри, ҳар бир идоранинг тепасида биттадан локатор бўлиши керак! Битта байроқ, битта локатор! Битта байроқ, битта локатор! Ҳозир-чи? Фақат байроқнинг ўзи турибди. Э-э, дунё кўрган одаммиз-да, Қумри, биламиз. Икки марта ўша Тошкентинггаям борганман, керак бўлса!..
ҚУМРИ. Хўп, сиз айтгандай бўлдиям, дейлик, кейин-чи?
ҚЎЧҚОР. Кейин… Кейин ҳеч адашмай ишлаётган жойингга овқат обориб беришади. Ундан-бундан йўл сўраб ўтирмайди, Эшматвой қайси қартада ишлаяпти, деб. Ўқимайсан-да, Қумри, ўқимайсан. Ўқишда гап кўп.
ҚУМРИ. Вой, ўлай!.. (Туриб.) Сиз билан гап сотиб ўти-ришимни қаранг. Шунча кундан бери туз тотганингиз йўқ… Ҳозир бирон нарса қивораман. (Ошхона томонга кетади.)
Ҳовлиққанича Олимжон югуриб киради, ранги ўчган, ҳовлини гир айланиб, талмовсираб кимнидир қидиради.
ОЛИМЖОН (Қўчқорни кўриб). Қўчқор ака!.. Та-мом!.. Тамом, ҳаммаси тугади!..
ҚЎЧҚОР. Нима тугади, Олимтой?
ОЛИМЖОН. Шўрим қуриб қолди, Қўчқор ака, шўрим қуриб қолди!..
ҚЎЧҚОР. Мундоқ тушунтириброқ гапир, Олимтой. Унақа кўкрагингга муштлаганинг билан биз тушунавермаймиз, бир оми одам бўлсак…
ОЛИМЖОН (унинг елкасига бошини қўйиб, йиғлагани-ча). Қўчқор ака, Аломатдан ажраб қолдик!..
ҚЎЧҚОР (даҳшатда). Ёпирай!.. Нега?.. Қачон?..
ОЛИМЖОН . Ҳозир… Борсам, қартанинг бошида тутаб ётибди… Куйиб кетибди!..
ҚЎЧҚОР. Вой, бечора-ей!.. (Юзига фотиҳа тортиб.) Май-ли, бардам бўл, Олимтой. Бу энди, ҳамманинг бошида бор савдо, ука. Биров эрта, биров кеч, дегандай…
ОЛИМЖОН (йиғлаб). Етти йиллик меҳнатим, етти йиллик умрим барбод бўлди, ҳавога учди!..
ҚЎЧҚОР. Қўй энди, фойдаси йўқ, бўлар иш бўпти… Ишқилиб, имонини берсин… Энди нима қиласан, Олимтой?
ОЛИМЖОН. Нима қилардим, соғ қолган қисмларини олиб, запчаст қиламан.
ҚЎЧҚОР (сидқидилдан). Ҳа, омон қолган жойларини олиб қўй, ёдгор-да… Бўлмаса, мен одамларга хабар қилаверай, а? (Кета бошлайди.)
ОЛИМЖОН (асабий). Нимасини хабар қиласиз?
ҚЎЧҚОР. Ҳа энди, жаназа дегани кўпчилик билан-да, Олимтой.
ОЛИМЖОН (портлаб). Вей, сиз сал жиннироқмисиз-а, жиннироқмисиз? Ҳали никоҳ ўқитасиз, ҳали жаназа дейсиз!
ҚЎЧҚОР. Энди, тирик одамдай бўп қолувди-да…
ОЛИМЖОН (ҳужумга ўтиб). Аломатнинг нимадан ўлганини биласизми?
ҚЎЧҚОР. Йўқ…
ОЛИМЖОН. Зўриқиб ўлди! Уни… сиз ўлдирдингиз!
ҚЎЧҚОР. Ёпирай!..
ОЛИМЖОН. Ҳа, сиз ўлдирдингиз! Кеннойим кетиб, жуда тўғри қилганлар, сизнинг қўлингизга тушган ҳар қандай аёл ҳам албатта нобуд бўлади! Сиз учига чиққан феодалсиз!
ҚЎЧҚОР. Нима-дал?..
ОЛИМЖОН. Феодал! Аломат бечоранинг бошига не кунларни солмадингиз! Нима азобларни кўрмади бу ерда! Шўрликни беаёв эксплуатация қилдингиз!
ҚЎЧҚОР. Нима-платация?
ОЛИМЖОН. Эксплуатация! Эрталабдан кечгача тинмади-я! Бир минут дам олгани йўқ, бечора, бир минут! Юв, тозала, тик, яма, супур! Бир чақирим наридан сув олиб келиб, кир ювади! Манави тезак ёқиладиган лаънати ўчоғингизда овқат қилади! Еб тўймайдиган очофат молларингиз бор: эрталабдан кеч-гача ўт бер, ем бер, сув бер! Хамир қоради, сигир соғади, куви пишади! Э, бу уйингизнинг иши тугайдими ўзи, йўқми?! Бундан ташқари, далага чиқади! Минг чаноққа минг эгилиб пахта теради! Қирқ-эллик кило нарсани кўтариб, хирмонга олиб боради! Ахир, бу дўзах азобларига қандай дош берсин, қандоқ чидасин?! (Меҳр билан.) Ахир, у темир-ку, Қўчқор ака, темир!.. Уни авайлаш керак, эҳтиёт қилиш керак!.. У ўзини ўйламайди, қийналиб кетдим, дейдиган тили йўқ. Индамас экан, деб эшакдай ишлатавериш керакми, ахир?! «Пақ» этиб жони чиқиб кетгунча эзавериш керакми?! Йў-ўқ, сиз юраги тош одамсиз, Қўчқор ака!
ҚЎЧҚОР. Ҳеч ким меҳнатдан ўлмайди, Олимтой…
ОЛИМЖОН. Ана, ўлди-ку!!! Яна нима керак сизга?! Шундаям кўзингиз очилмадими, қанақа худо қарғаган одамсиз ўзи?! Сиз — инквизиторсиз!
ҚЎЧҚОР. Нима-зитор?..
ОЛИМЖОН . Инквизитор!
ҚЎЧҚОР. Йўғ-э, Олимтой, инквизатор эмас, механизатор, де…
ОЛИМЖОН. Ҳамма замонларда ҳам инсон ақлу заковатининг маҳсули — буюк кашфиётлар сизга ўхшаган жоҳиллар туфайли барбод бўлган! Сиз тараққиётнинг душманисиз! югуриб чиқиб кетади.)
ҚЎЧҚОР. Тавба… Аломатга бирон-бир ортиқча юмуш юрган бўлсам, тил тортмай ўлай… Нима иш қилиб қўйибди .?.. Ҳали қаторлаштириб етти-саккизта болани туғиб қўйгани йўқ, кечалари ухламай бешик қучоқлаб чиққани йўқ, ҳар боласи билан минг бор касал бўлиб, минг бор соғайганиям йўқ… Ахир у битта ўзбек аёли қиладиган ишнинг ярмини қилди, холос-ку!.. Қанақасига мен ўлдирган бўлай?..
Каттакон тоғара кўтариб Қумри чиқади.
ҚУМРИ. Ғўнғир-ғўнғир қилиб ким билан гаплашаяпсиз, дадаси?
Қ ЎЧҚОР (ўта жиддий). Худо билан.
ҚУМРИ (ҳазил билиб). Ростдан-а? Хўш, худо сизга нима деди?
ҚЎЧҚОР. Эй, эси йўқ бандам, шукроналар келтирким, хотинингни одам қилиб яратганман, деди, бўлмаса аллақачон запчаст бўп кетарди, деди!..
Кумри бу гапга шунчаки кулиб қўяди-да, яна одатий, кундалик юмушларига шўнғиб кетади. Қўчқор ўша кўйи, хаёлга ботганича туриб қолади. Қаердандир — қўшни ҳовлида бўлса ажаб эмас — бизга таниш қўшиқ эшитилади: «Яна ўйнайлик, яна куйлайлик, иқболимиз порлоқ экан даврон сурайлик. Иқболимиз порлоқ экан, даврон сурайлик…»

ТАМОМ

Сайт бўлими: Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ