"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Гулнора Раҳмон. Сипоҳийлар хонадони (трагедия)

Ўқилди: 802

sipohГулнора РАҲМОН

СИПОҲИЙЛАР ХОНАДОНИ

М. Мирҳаё ўғлига бағишланади

Қатнашувчилар:

Саййид Султон Алибек                    45 ёшларда
Бекнинг катта хотини Зарнигорбегим             40 ёшларда
Бекнинг кичик хотини Садафбегим                30 ёшларда
Бекнинг катта ўғли Баҳромбек                23 ёшларда
Бекнинг иккинчи ўғли Озодбахш                22 ёшларда
Учинчи ўғил Комронбек                    21 ёшда
Тўртинчи ўғил Давлатёр                    20 ёшда
Бекнинг Садафбегимдан туғилган кичик ўғли Ширинбек    13 ёшда
Малика Маъсума Султонбегим                17 ёшда
Энага                            35 ёшларда
Ризо Али                             40 ёшда
Шоҳбек Арғун                        50 ёшда
Айғоқчи Қорахон ботир                    45 ёшда
Айғоқчи аёл                            45 ёшларда

Эпизодик роллар: Навкар йигитлар, Мулозимлар, Болалар

Воқеа Шаҳрисабзда кечади

Трагедия

1

Саййид Султон Алибек ҳовлиси. Ўнг томонда икки эшик. Биридан Зарнигорбегимга қарашли, иккинчисидан Садафбегимга қарашли хоналарга кирилади. Уйнинг бир қисми ва иккинчи қаватдаги деразалар кўриниб турибди. Чап томонда нақшинкор сўри, атрофи гулзор, дарахтлар.
САЙЙИД СУЛТОН АЛИБЕК. Яна юртда ярим очлик, юпунлик ҳукмрон. Султон Аҳмад Мирзо оламдан ўтди-ю, унинг даврида елкасига офтоб теккан халқ сояда қолди. Эмин-эркин нафас олиб, ер-сувига қараб, савдо сотиқни йўлга қўйиб, иморатлар қура бошлоғон улус яна бир бадкирдорнинг ҳукми остида. Бу бетавфиқ Шоҳбек Арғун солиқларни оширишдан, ҳарамга каниз йиғишдан, бечора халқнинг эр етғон йигитларини черикка мажбуран олишдан чарчамайдур. Аввал одамлар ҳарамга олиб кетишларидан қўрқиб қизларини бекитур эдилар. Энди мунға ёш болаларни бекитиш ҳам қўшилдики, бул Шоҳбек деган нокаснинг ўзи ҳам, яқинлари ҳам беҳад чуҳрабозликка, чоғирга муккасидан кетганлар. Болалар кўчага ўйин ўйнағони чиқмай қўйдилар. Гўё юртга вабо келгандай, ҳамма ёқ жим-жит. Ҳатто итлар ҳурмай қўйди. Ҳаёт шу тахлитда давом этса, улуснинг ҳоли не кечур? Яна кучи етса-етмаса урушга кираверади, кираверади. Икки томонга тушиб, жангларда бир-бирига дуч келиб, чопишғон оға-инилар неча-неча. Баъзан бир-бирларини таниб, лол қолсалар, аларни бошқалар чопиб кетурлар. Бир рўзғордан бир нечаси шаҳид бўлиб кетганлар қанча. Бул нобакорни ҳазрати подишоҳ Бобур Мирзо бир ёқли қилурми, деб умид қилғон эдик. Ул зот юртга яроқ кўтариб боролмайман, дебдилар.
Ё Оллоҳ, бу умр айвонида ё овчисен, ё овдирсен. Фарзандларим, шукурким, ўзларини ҳимоя қила оладиган бўлиб ўсдилар. Яроғ илмини ўргатдим, инсофу диёнатни англамоқни ўргатдим. Халқпарварлигу ор-номус не эканлигина англатиб ўстирдим. Илло, зўравонлик бор ерда адолат учун жанг қилмоққа тайёрдирлар. Эй Оллоҳ, асло ўғлонларим чопушмаса, бир бечоранинг ўлиб-куйиб ўстирғонини ўлдирмаса дейман. Шундай замонлар келса-ю, одамлар жангу жадал, уруш деган сўзларни эшитганда куладиғон бўлсалар. Фақат омонлиғ бўлиб, вақтларини бинолар қуриб, солиҳ фарзандлар тарбиялаб, фаровонликка интилиб яшасалар. Болалар уруш сўзининг мазмуни нелигини тушунмай, у не дегани деб оталаридан сўрасалар.
(Зарнигорбегим киради.)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Ташвишланиб.) Ўғлонларимиз тинмай машқ этадилар, бунинг боиси недур? Кўнглим хавотирга тўлмоқда.(Яқин келиб бекнинг кўзларига боқади.)
БЕК. (Меҳр билан хотинининг елкасига қўлини қўйиб.) Бегойим, илло, сипоҳийлар авлодидурмиз. Жанговор машқлар фарзандлар оладурғон илмлардан биридур. Шоҳбек Арғун мен сингари беклардан чўчийдир, бизнинг ўғлонларни черикликка сўрамоққа юраги дов бермайдир. Бир ишора қилсак, бизларга халқ эргашадир. Шунинг хавотирини билиб, бизга дахл қилмайдир. Зеро, биз ҳалоллик ва адолатга хизмат қилиб донг таратганмиз.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Бироз хотиржам тортиб.) Илоҳо сўзларингизга фаришталар омин дегай. (Ташқарида қиличбозлик ўйини машқларининг сурони эшитилади) Тўрт ўғлон бир-бирлари билан қилич уруштирганича кириб келадилар. Зарнигорбегим чиқади. (Бек машқларни бошқара бошлайди)
БЕК. Ўнгингга қара, кўксингни ҳимоя қил, сўл-сўл! Сўлга қарашинг бўш! Ҳа, баракалла! Энди яхши!(Бек йигитларнинг маҳоратини кузатар экан, қиёфасида мамнунлик сезилади.
Сўнг бекнинг буйруғи билан ҳар бир ўғлон бир ўзи қолган учовига қарши жанг қилиб маҳоратини кўрсата бошлайди. Бек ўғилларини “Бале, бале” деб руҳлантириб туради. Ширинбек кириб келади ва бекнинг ёнига боради. Сўнг отасига қўшилиб “Бале, бале” деган ҳитоблар қилади. Мулозимлардан бири тавозе билан кириб, четда қўл қовуштириб туради. Бек қўл ҳаракати билан сабр ишорасини қилади. Машқ давом этади. Мулозим машқ тугагач бекнинг ишораси билан яқин келади.)
БЕК. Сўйлангиз, не хабар?
МУЛОЗИМ. Эшик олдида бир дарвешнамо киши турадир, сизни кўрмак истайдир.
БЕК. Не юмуши бор экан? Емакми, киймакми тилаб турғон бўлса, бериб юборавермайсизларми?
МУЛОЗИМ. Сизни кўрмак, ва ҳоло, ўзингизга сўйламак истайдир.
БЕК. Айтинг, кирсун!
(Дарвешнамо кийинган киши киради.)
ДАРВЕШНАМО КИШИ. (Таъзим қилиб.) Ассалому алайкум Саййид Султон Али оғо. Хонадонингизга қут-барака ва осойишталик тилаймен.
БЕК. (Бироз таажжуб билан.) Ва алайкум ассалом! Келингиз, ўлтирингиз. Овозингиз таниш туюладир, аммо ким эканлигингизни илғамай турибмен.
ДАРВЕШНАМО КИШИ. (Бироз сукутдан сўнг.) Бобуршоҳ қўшинида доим ўнг илкингизда чопишадуғон Ризо Али исмлиғ йигит ёдингиздами?
БЕК. (Жонланиб.) Ие-ие, Ризо Али иним, эҳ-э ундан буён қанча сувлар оқиб ўтди. Ҳа-ҳа, сиз оғир яраланиб Андижонда, волидангиз қўлида қолғон эдингиз. Мен Бобуршоҳ ҳазратлари билан Хўжандда, Ҳиротда, Қандахорда ҳам бирга жанг қилдим. Ул зот ҳинд сори юзланғонларида яраланиб, бунда қолиб кетдим. Сўнг завжи-ҳалолимни, фарзандларимни олиб келиб, осойишта ҳаёт кечирдим.
(Қайтадан қучоқлашадилар.)
БЕК. (Мулозимга қараб.) Тезда азиз меҳмонга дастурхон ҳозирланг! (Мулозим қўлини кўксига қўйиб, таъзим қилганча чиқиб кетади. Сўрига чиқиб ўтирадилар. )
БЕК. Ризо Али иним, ҳозир не юмушлар билан бандсиз? Сизни бу томонларга қандай шамоллар учурди?
РИЗО АЛИ. (Бироз сукутдан сўнг, атрофга бир қараб олади, сўнг овозини пастлатиб) Шаҳрингизда мевалар қиммат деб эшитдим…
(Бек зарурият туғилганда айтиладиган яширин маъноли жумлани эшитиб ҳушёр тортади.)
БЕК. (Алоҳида виқор билан.)Ҳа-ҳа, фақат беҳилар арзон.
РИЗО АЛИ. (Енгил нафас олиб.) Ташаккур, бек оға! Ўтроқлашиб кетиб, хизматга тайёр эмасмисиз, деган хавотир ҳам йўқ эмасди. Эсингизда бўлса, Султон Арғуннинг биродарзодаси Ҳабиба Султонбегимнинг қизи Маъсума Султонбегимни Бобур ҳазратлари Хуросонға борғонда кўриб, хушлаб, тилаб, Кобулда уйланғон эдилар. Бир қиз туғилғон эди. Бояқиш онаси қиз дунёга келарида Оллоҳнинг раҳматига борғон эрди. Бобур ҳазратлари қизға волидасининг исмини қўйиб кетган эрдилар. Шул қизалоқ Андижонда, Султон Муҳаммад Али хонадонида бир қариндош қиз шаклида ёширин тарбия ола турғон эрдилар. Шоҳбек Арғун одамлари ҳид олмишдир. Маликани Ҳиндға, шоҳ оталари ҳузуриға жўнатмак бўлдик. Ҳозир шу томонға йўлдадирлар. Фақат ёш малика бетобланиб қолдилар. Кенгаш қилиб, рози бўлсангиз, тузалғунларича паноҳингизга олиб келадирғон бўлиб турибмиз.
БЕК. (Салмоқлаб.) Бош устиға, бош устиға.
РИЗО АЛИ. Оға, ижозат берсангиз, аларни розилиғингиздан хабардор этсам. Тун қаронғусида кириб келурмиз. Фақат оға, нафақат меҳмоннинг кимлиғи, балки меҳмонлар борлиғи ҳам сир тутилса маъқул бўларди. (Фотиҳа қилиб, ўринларидан турадилар.)

2

(Бекнинг ҳашаматли ўймакор дарвозаси олдидаги майдонча. Нарироғларда ҳам бекникичалик бўлмаган, мундайроқ дарвозалар. Дарвозалар ёнида арава ва шунга ўхшаш буюмлар. Дарвозалар ичкарисида дарахтлар. Уч-тўртта бола ҳар томондан югуриб чиқиб, муштлашиб қоладилар. Шовқин-суронни эшитиб саҳнага икки аёл ва бек киради. )
БОЛА. (Ширинбекни ураётиб.) Мана сенга, мана сенга, чақимчи.
ШИРИНБЕК. (Йиғлайди.) Мен айтқоним йўқ, айтқоним йўқ.
(Зарнигорбегим болаларни ажрата бошлайди. Бек киради.)
БОЛА. (Йиғламсираб бекка шикоят қилади.) Мен жуда яҳши бекинғон эдим. Қосим мени жуда тез топиб олди. Ширинбек айтиб қўйғон. Ўғлингиз чақимчи бола. (Садафбегим келиб Ширинбекни қучоқлайди.)
ШИРИНБЕК. Ёлғон сўзлаяпти, айтғоним йўқ.
САДАФБЕГИМ. Ўзинг ношуд бўлсанг бошқалар айбдор бўладими? Кет бу ердан.
(Ширинбекни қўйиб, боланинг ёнига боради ва туртиб-туртиб саҳнадан чиқариб юборади. Сўнг ўзининг боласини олиб чиқиб кетади. Бек билан Зарнигорбегим қолади.)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Бироз истиҳола билан, майин овозда.) Бегим, кичик ўғлимизнинг табиати бошқачароқ. Садафбегимнинг аждодлари сипоҳийлардан эмас. Сипоҳийлар рўзғорининг тартиб-қоидасини билмайдур. Уйдаги гап-сўзни ташқарида сўйлашни яхши кўрадир. Бола ҳам тантиқ бўлиб қолаётганга ўхшайди назаримда.
БЕК. (Зарнигорбегимга қараб.) Ширинбекни сипоҳий қилмаймиз. Кексайганимизда ёнимизда бўладир.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Бироз сукутдан сўнг.) Бегим, сизни ранжитиб қўйишни асло истамаймен. Аммо, фарзандлар тарбиясига жиддий қарамоғимиз зарур. Гап сипоҳий бўлиш-бўлмасликда эмас. Кичик ўғлонимизни жилла қурса, тилига маҳкам қилиб тарбиялайлик.
БЕК. Ширинбек ҳали жуда ёш. Аста-секин оғаларига қараб тартиб-қоидани ўрганиб борадир. Сизнинг тарбиянгизни олмоғи ёмон бўлмасди. Бироқ онасини биласиз, салга аразлайдир. Келинг, ўз ўғлонларимиз ҳақида сўйлашайлик.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Фарзандларимиз уруш илмини билғонлари тузук, аммо Оллоҳ асрасин, асло чопушмоқликларини истамаймен. Менга қолса, тинч яшасак, келинлар олсак, набираларимиз кўп бўлса.
БЕК. Уйлантирурмиз. (Ҳазиллашиб.) Ҳар бириға иккитадан келин олсак саккиз, учтадан олсак ўн икки келин тушурғаймизким, набираларнинг сон-саноғи бўлмағай.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Ранжиганнамо.) Оллоҳ-Оллоҳ, ўйламай сўйлайсиз, бегим. Бул аёлларнинг бир-бирига душманлиғи-ю, бир-бирининг ошиға оғу солишларнинг чегараси бўлмағай. Набиралар эса бир-бириға ёғий бўлиб ўсмаслиғига ким кафил бўлур?
БЕК. (Жилмайиб бегойимга яқин келади. Иккала қўлидан ушлайди.) Бегойим, сиздек фаросатлиғ келинлар олсак, ундоғ бўлмас. Сиз кундошингиз билан аҳилсиз-ку.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Бекка қараб.) Ёшлик чоғларимизда далалардан гуллар териб шодлан-ғонларимиз, ким ўзарға отда пойга қилғонларимиз ёдингиздаму? Менга эр либосини кийгизуб, қилич чопушишни ўргатур эдингиз. Сўнг Баҳромбекнинг таваллудида қувонғонларимиз, ини-ларининг дунёга келғонларида шодланғонларимиз ёдингиздаму? Бир-биримизга боқиб тўймас эдик. Бир-биримизға суяниб, бир-биримизни авайлаб яшаётғон эдик. Сизнинг сафардан Садафбегимни олиб қайтғон кунингиз ёдингиздами, йўқми, биламдим-у, менга осон бўлғон эмас.
БЕК. (Ҳайрон қолиб.) Сиз рашк қилғонмисиз? Ҳеч сезмағон эканман.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Рашкни сездирмак аёл кишининг қадр-қимматини ерга урадир. Кундошни шодлантирадур. Оқила аёл юрагини ит еб қўйса-да, рашкини кўрсатмайдир. Кошки, ҳар бир эркак фақат бир аёлға меҳр қўйса, қўша қариса.
(Бек Зарнигорбегимни бағрига босади, сочини силайди. Зарнигорбегим сўзини давом эттиради.)
Қадимда бир донишманд кишининг куёви якка-ю ягона қизи устига хотин оладирган бўлибди. Донишманд қизиға кўп насиҳатлар қилибди. Кундошинг келган кун хобгоҳингдан чиқмагин, токи изтиробингни бошқалар кўрмасин, деб тайинлабди. Яна, алам билан чиқиб кетмасин, деб ёғоч ковушининг тагидан ичиға қаратиб михлар қоқибди. Товониға ботса ҳушёр тортади деб. Бечора аёл ярим тунгача зўрға чидабди. Сўнг ўту оташ ичра ёниб, ковушларини кийиб чиқиб кетибди. Дил азоби жон оғриғидан қаттиқроқ экан, аёл товонига михлар ботганини сезмабди. У девонаваш боғ кезиб юрганида донишманд отаси унинг изларидаги қон томчиларини кўриб, шу томонга йўл олибди. Кўрсаки, қизи ўз-ўзига сўйлаб, кўзларидан дув-дув ёшлар тўкар ва дир-дир титрар эмиш. Секин қизига яқин келибди. Содир бўлган воқеа сенинг бу қадар ёнишингга арзимайди қизим, теракка суян. Дардинг ҳам, титроғинг ҳам дарахтга ўтиб кетади дебди. Шундан буён терак шабода эсса ҳам, эсмаса ҳам, мудом титраб турармиш. Аёлнинг изларидаги қон томчиларидан тиканли патакгуллар унибди.
БЕК. (Маҳзун тортиб.) Азизам, маъзур тутинг, сизнинг бу кечинмаларингиздан асло хабарим йўқдур. Янглишдимми, тақдир эканми, мана, яна бир жажжи ўғлонимиз бор.
ЗАРНИГОР БЕГИМ. Илоҳо, ақлли, хушли бўлиб ўссин. Аммо сипоҳий қилмасак ҳам, тарбиясига қарамоғимиз зарур.
БЕК. Қараймиз, бегойим, қараймиз. Мен мулозим ва соқчи йигитларга топшириқлар берай. Ҳар эҳтимолга қарши, отлар тайёр турсин.
(Кетади. Садафбегим киради).
САДАФБЕГИМ. Сизнинг Ширинбек ҳақиндаги гапларингизни ҳам, бошқа сўзларингизни ҳам эшитдим. Сизға қолса, ўғлим сипоҳий бўлсин-у, урушға кириб ўлсин. Сизнинг бу ҳатти-ҳаракатингиз маним бахтимға куйишдан бошқа нарса эмас. Тилингизни ёлғондан ширин тутасиз. Асли ичингиз тўла ҳасад, рашк ўтидир. Манам жим юриб– юриб бир гапирай-да ахир.
ЗАРНИГОРБЕГИМ.Ўйламасдан сўзлайсиз (Кетмоқчи бўлади.)
САДАФБЕГИМ. (Овозини баландлатиб, ғолибона руҳда давом этади.) Ҳа, айтарға гапингиз йўқдур. Тўғри гап алам қиладир. Сиз манға ҳасад қиласиз.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Тўхтайди. Кундошига ачиниб қарайди.) Сизга ҳасад қиламен? Нимангизга? Мана бу олтинларни тақиб олиб, уззу-кун тўрт девор ичида ўтиришинғизгами? Кошки, ул-бул китоб мутолаа қилсангиз ҳам бошқа гап эди. Сиз нимани кўрибсиз? Отангиз тенгги одамнинг завжаси бўлиб олиб, эрингизни ҳар замонда хонангизда ухлашидан бошқа не бахтингиз бор? Ул сизни менингдек қўлида кўтариб дарё кечган эмас. Сиз ул билан менингдек гулзор оралаб, бекинмачоқ ўйнабмисиз? Майли, қирларға чиқиб бир ўйнаб-кулайлик, қўл ушлашиб чопайлик денг, борурми? Булар унға энди эриш туюладир. Ҳали кексайиб, ҳуснингиз кетғанида нимани эслайсиз? Қандай хотираға таянасиз? Ҳолбуки, ўзингиз тенгги йигитға эрға чиққанингизда, балким мана бу олтинлар бўлмасди, аммо тенг-тенгги билан бўлиб, олтин бахтингиз бўлурмиди?(Зарнигорбегим кетади.)
САДАФБЕГИМ. (Орқасидан титраб-қақшаб қичқиради.) Бари бир сиз куясиз!
(Сўнг ўзи қолади. Ер муштлаб йиғлайди.)
(Яна сўзланади.) Ман бахтлиғ эмасман. Аммо сан ҳам ман туфайли бахтлиғ эмассан. Манга йўқ, санга ҳам йўқ. (Чиқади.)

3
Бекнинг ҳовлиси

(Қоронғулик тушади. Мулозим келиб шамларни ёқиб кетади.
Ризо Али тўрт навкар йигит, энага аёл ва ёш малика Маъсума Султонбегим кириб келадилар. Маликанинг бошида ҳарир мовий рўмол, пешонасида маҳорат билан ишланган, фақат Бобуршоҳ хазинасига хос ноёб олмос қадалган нозик-нафис тиллақош.
Эгнида жияклари зарҳалли яшил мурсак, мурсак остида ёқалари гажак, этаги узун пуштиранг куйлак, нозик белида заррин камар. Оқ юзли, қоракўз, хиёл очиқ лаблари остида бир дона хол. Ўн олти-ўн етти ёшлардаги дилбар бир қиз. Қўлидаги румолча билан юзини бироз тўсиб, мезбонларга уялинқираб қарайди.Султон Саййид Алибек маликага яқинлашади.)
БЕК. (Хиёл таъзим қилиб.) Марҳабо, қизим, маликам, оллоҳ менга шоҳ отангизга кўп йиллар хизмат қилишни насиб этган эди. Энди эса, ул зотнинг фарзандиға ҳам садоқат кўрсатурмиз.
МАЛИКА. Қуллуқ, оғо. (Хиёл эгилади.)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Келиб, пешонасидан ўпиб кўришади.) Бек оғангиз ҳақ гапни айтдилар. Хуш келибсиз.
САДАФБЕГИМ. (Чимирилиб, хушламайгина.) Хуш келибсиз…
Сўнг Баҳромбек келиб енгил таъзим қилади.
БАҲРОМБЕК. Хуш келибсиз…
ОЗОДБАХШ. Хуш келибсиз, марҳабо. (Таъзим қилади.)
(Ўзини унутиб, ҳайрат билан қараб турган Комронбек маликага яқинлашади. Малика ҳам йигитга ҳайратомуз қарайди, қўлидаги юзига тутиб турган рўмолчаси секин сирғалиб ерга тушади. Комронбек рўмолчани ердан олиб, маликага тутар экан, икковлари бир-бирларига термуладилар.)
КОМРОНБЕК.Хуш келибсиз, маликам…
МАЛИКА. (Ҳаё билан, хиёл эгилиб.) Ташаккур, оғо….
(Сўнг Давлатёр, ундан кейин кичик бекзода келиб малика билан таомил бўйича кўришадилар. Меҳмонлар ҳозирланган шоҳона жойга ўтказилади. Малика ёнидаги энага аёлга ҳам иззат-ҳурмат кўрсатилади.)
РИЗО АЛИ. Бек оғо, бир ташвишли юмуш чиқиб қолди. Малика Маъсума Султонбегим йўлда Бобур хазратлари ўз қўллари билан волидасига тақдим қилған ва ўзларига меърос бўлиб ўтған қимматбаҳо олмос тошлар билан безатилган зебигардонини тушириб қўймишлар. Шоҳбекнинг ҳудуд қўриқчилари топиб унга еткурмасликларидан бурун биз топиб келайлик. Агарчи топмасак, кўп мушкулотлар туғулур. Ўғилларингиз ҳарбий илмдан хабардормилар?
БЕК. Хавотир бўлманг. Маликани хавфу, хатардан асрашни, шифолашни ва дам олишлариға имкон яратишни бўйнимизға оламиз.
(Бек малика Маъсума Султонбегимга яқин келади.)
БЕК. Тақинчоғингиз йўқолганини қачон пайқадингиз, қизим маликам?
МАЛИКА. Билмаймен, бир кичикрак сув кечиб ўтилғоч, рўмолимни қайта боғлаётганимда кўксимда эди.
РИЗО АЛИ. Худо ҳоҳласа, топиб келурмиз.
(Ризо Али бошлиқ фуқаро кийимидаги навкар йигитлар чиқадилар.)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Меҳмонларга қараб.) Юрингиз, ичкаридаги ўз хоналарингизни кўрсатурмен.
(Бек тўрт ўғли билан қолади. )
БЕК. Агар Шоҳбек Арғуннинг одамлари маликамизнинг тақинчоғини Ризо Алидан олдин топсалар, аҳвол мураккаблашадур. Маликани шошилинч кузатувимиз зарур бўлиб қолади. Бунинг устига, у кишининг отда кўп юрмоғони кўриниб турибди. Яна бетоблар. Тоғ оша ўтиб кетолмайдилар. Бироқ тоғ бағрида ўта махфий ғор йўл бордирким, кўпчилик афсона ҳисоблайдир. Бундан бир неча йил муқаддам маликанинг аммаларини шу йўлдан кузатганмиз. Бироқ вақти-вақти билан белгилар ўзгарадир. Баҳромбек, волидангизни чорланг, ёзув-чизувлар сақланадиган сандиқчани келтирсинлар.
(Баҳромбек чиқади. Зарнигорбегим ўғлининг ёнида, қўлида қимматбаҳо тошлар билан безатилган ялтироқ сандиқча билан киради. Бек сандиқчани қопқоғи остидаги иккинчи махфий қатламни ханжар учи билан очади. Сарғайган қоғозни олиб ёйиб тикилади.)
БЕК. Ёзувлар ўчмоғон. Режасию белгилари аниқ кўрсатилғон. Оллоҳ насиб этса, қийналмай топурмиз. Эрта тонгла ватанга, адолатли Темурий шаҳзодаларга ва халққа хизмат қилмоқ борасида қасамёд қилурмиз. Зеро, мусулмон лашкари жангга қасамёдсиз кирмағай. Биз ҳам элу юртга, ватанга садоқатимизни қасамёд бирла муҳрлагаймиз.

4

(Шоҳбек Арғун қароргоҳи. Шоҳбек қандайдир ичимликни ҳўплаганча, шоҳона тўшакда, заррин ёстиқларга суяниб, ёнбошлаб ётибди. Бир ёнда мусаввир бошини орқага олиб қарашлар, мўйқаламга бўёқ олиш ҳаракатлари билан Шоҳбек Арғун суратини чизмоқда. Машшоқ торини созламоқда.)
МАШШОҚ. (Ҳадиксирабгина.) Шоҳим, бир қошиқ қонимдан кечсангиз, бир оғиз айтар гапим бор…
ШОҲБЕК. Кечдим. Сўйла!
МАШШОҚ. Шу кунларда юпунрак либосда юриб эдим, шамоллаб қолғонға ўхшаймен. Хониш айламакка хавотир бўлиб турибмен, овозим маъқул бўлурму, деб.
ШОҲБЕК. (Ғазабланиб.)Ўзингни тоғороға солмай, бошла!
МАШШОҚ. (Куйлай бошлайди.) Кеча келгумдир дебон, ул сарви гулрў келмади…
ШОҲБЕК. Тузукроқ куйла!
МАШШОҚ. (Давом эттиради.) Келди қон оғзимға-у, ул шўхи бадхў келмади… (Шоҳбек Арғунга яна ёқмайди. Сакраб ўрнидан туриб, машшоқнингнинг қўлидан мусиқа асбобини юлиб олади ва бир тепиб синдиради.)
МАШШОҚ. (Беихтиёр.) Ҳай, аттанг, ота-боболаримдан мерос эди-я!
ШОҲБЕК. Яна бир оғиз гапирсанг, сўзимни қайтиб олиб, тилингдан дорга осаман! Тур, йўқол! (Машшоқ шошилиб орқасига юрганча, чиқиб кетади)
ШОҲБЕК. (Қарсак уради, қизиқчи киради.)Ҳунарингни кўрсат!
ҚИЗИҚЧИ. (Ҳар хил қилиқлар аралаш қўшиқ айтади.) Лалай-лалайчи келди, карнай-сурнайчи келди. Чиқиб қаранг, ким келди, шоҳимизга келин келди! Қўлида узуккина, кўзлари сузуккина… Кавушим тилло демиш, подшонинг қизи эмиш…
ШОҲБЕК. (Қизиқчини имлаб чақиради. Қизиқчи ўмбалоқ ошиб, шоҳнинг олдида тўхтайди.) Топган гапингнинг куладиган жойи йўқ!
(Ғазаб билан қўлидаги жомга солинган ичимликни қизиқчининг юзига сепиб юборади.) Йўқол кўзимдан! (Жомга қайтадан шароб қуя туриб бақиради.)Эй, Худо! Зерикиб кетдим! Ким мени шод қиладиган гап топиб келса, зарбоф тўн кийиб чиқади! (Эшикда муҳим хабар бўлсагина киришга хуқуқи бор махфий хизмат айғоқчиси Қорахон ботур пайдо бўлади. Шоҳбек Арғун ишораси биланан айғоқчи шоҳга яқинлашади.)
ШОҲБЕК АРҒУН. (Қўлидаги ичкиликни ҳўплаб, газак қилгач.) Сўйла!
АЙҒОҚЧИ. (Шоҳга яқин келиб, фитнакорона.) Шоҳим, вилоят ҳудудида нозик меҳмон борга ўҳшайдир.
ШОҲБЕК АРҒУН. (Важоҳат билан.) Чўзма, очиқроқ гапир. (Айғоқчи мусаввирга бир қараб олиб, чиқиб кетсин, қабилида жим туради. Шоҳнинг ишораси билан мусаввир кетади.)
АЙҒОҚЧИ. Ҳудуд қўриқчилари бир зебигардон топиб олмишлар. Чанг, лой бўлмоғониға қарағанда яқинда тушурилган. Шаҳар ичкарисига кетган излар янги. Синчимизнинг гапига қарағанда, улар олти киши бўлишган. Зебигардондаги қимматбаҳо олмос эса, Бобуршоҳ тожида ва унинг аҳли-аёлларию қизлари тақинчоғларида ишлатилған. Бул тусли олмос фақат Бобуршоҳ хазинасидағина бисёр бўлиб, ани ҳамма ҳам ўзиға раво кўролмайди.
(Шоҳбек Арғун таҳдидли йўталади.)
АЙҒОҚЧИ. (Шоша-пиша.) Анингдек қимматбаҳо олмоснинг бошқа турлари олампаноҳнинг ўзларида ҳам бисёрдур.
(Шоҳбек Арғун мамнун томоқ қиради.)
АЙҒОҚЧИ. (Енгил нафас олиб.)Алқисса, тақинчоқдаги олмоснинг залворига қарағонда, меҳмон Бобуршоҳнинг аҳли аёлларидан, аниқроғи қизларидан бири деб тахмин қилиш мумкин. Бобуршоҳнинг хотинларидан бири фарзанди дунёга келиш баробаринда оламдан ўтғони ҳақида маълумотларимиз бор. Фарзанд қиз бўлғон. Бу қизни шоҳ ўзи билан олиб кетган, деган гаплар юрарди. Лекин бу қиз шоҳ одамларидан бирортасининг хонадонида вояга етгунча қолдирилғонлиғи ҳақиқатга яқинроқ. Қўлимиздаги зебигардон фикримизни тасдиқлайдур. Ҳайтовур, бу аёл шоҳ отаси чорлаган ёш малика бўлиб чиқишига имоним комил.
ШОҲБЕК АРҒУН. (Ҳи-ҳилаб кулади.) Кўпдан буён саройимизға арзийдиган келин тушмағонди. Вилоётни ғалвирдан эмас, элакдан ўтказинг. Ул зебою барнони топиб, саройга келтиринг. Тўю томошо қилиб, бир куёв бўлайликким, Бобуршоҳ бепичоқ сўйилсин. Қорахон ботурға тўн келтиринг!

5
Бекнинг ҳовлиси.

(Бек икки-уч йигитлари билан харитани ўрганаяпти. Ёнида Ширинбек юрибди. Ризо Али йигитлари билан кириб келади.)
БЕК. (Кичик ўғлига қараб.) Ширинбек, волидангизнинг ёнига боринг. (Ширинбек кетади.)
РИЗО АЛИ. (Ташвишланиб.) Бек оғо, тақинчоқ топилмади. Биз юрган йўлдан Шоҳбек Арғун навкарлари изғиғонларини эшитдик. Аҳвол-руҳиямиз мураккаблашиши муқаррар. (Бек қарсак уради. Мулозим киради.)
БЕК. Йигитларга айтинг, отларни эгарлаб, яроғларни созлашга киришсинлар.
(Саҳна айланади.)
(Бекнинг ўғиллари ҳарбий либослар кийишаяпти. Ҳаммаси ҳаяжонда.)
БАҲРОМБЕК. (Белига камар боғлаётиб.) Оҳ, мен орзу қилғон кунлар келаётир. Одил шоҳларғағина хизмат қилиш бобида қасамёд қилиб, маликамизни кузатиб ҳиндға кетурмен. Бобур ҳазратлари хизматиға кириб, шоҳу шаҳзодаларнинг душманлари бошларини мана бундай қилиб (қиличини сирмаб ҳар хил жанговар ҳаракатлар қилади.) сапчадек узурмен. Шундай мардонавор жанглар қилайки, шоҳ ҳайратда қолиб, мени лашкарбоши этиб тайинлар. Шунда падаримиз ота-боболаримиз касбининг мендек давомчиси борлиғидан, шундай баҳодур бўлиб етилғонимдан беҳад фахрланурлар.
ОЗОДБАХШ. (Хаёлчан.) Мен ҳам борурмен. Бироқ мен маликамизни эсон-омон етказиб борғач, ул мамлакатнинг меъморлик санъатини ўрганурмен. Ватанга қайтиб келиб, баланд иморатлар қурурмен. Шундай мадрасалар солайки, минг йиллар ўтиб ҳам авлодлар номимни ёд этсинлар. Мен қуражак бинолар кўп қаватли бўлур. Ҳар қават саҳнида боғ, ҳатто бинолар томида ҳам дову дарахтлар, гулзорлар бўлур. Осма хиёбонлар бунёд этурмен. Унда дилбар қизлар билан навқирон йигитлар сайр этиб, қўшиқлар айтурлар. Шеърлар ўқурлар. Атиргул шаклида фавворалар тархин чизиб, сув отилиб турмоғини таъминлармен.
ОҒА-ИНИЛАР. (Бирин-кетин.) Офарин, офарин. Илоё мақсадингизга эришинг.
КОМРОНБЕК. (Ҳаяжонланиб.) Мен ҳам маликани кузатиб, борурмен. Эҳтимол, маликамиз шоҳ отасини зиёрат қилғоч, биз билан қайтиб келур. Мен ҳам ўз ватанимда шоир бўламен. Қаҳрамонлик, мардлик ва муҳаббат ҳақида достонлар битурмен…
(Баҳромбек, Озодбахш ва Давлатёрлар унинг малика қайтиб келар, деган сўзларини эшитиб бир-бирларига имо қилиб жилмаядилар, ошиқ бўлибди қабилида. Комронбек шеър ўқийди.)
Менинг кўнглумки гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур,
Агар юз минг баҳор ўлса, очилмоғи не имкондир.
КОМРОНБЕК. Офарин, офарин!
(Яна ўқийди.)
Висоли лаззатидин завқ топмоқлик эрур душвор,
Фироқи шиддатинда йўқса жон бермаклик осондур.
КОМРОНБЕК. Офарин, хўп айтибсиз.
(Яна ўқийди.)
Ишқингда кўнгул харобдур, мен не қилай?
Ҳажрингда кўзим пуробдур, мен не қилай?
Жисмим аро печ-у тобдур, мен не қилай ?
Жонимда кўп изтиробдур, мен не қилай?
КОМРОНБЕК. Офарин, сиз бешак шоир бўлурсиз.
ДАВЛАТЁР. Оғо, ошиқ бўлибсиз!
КОМРОНБЕК. (Хўрсиниб.) Билмадим, менга недир бўлаётир. Ашъор устина ашъор битурмен. Кеча-тун кўзимга уйқу келмайдур.
ДАВЛАТЁР. Оллоҳим барчангизни ниятингизга еткурсин. Аммо мен волидамиз ва қиблагоҳимиз бирла қолурмен. Уйланамен. Ўғлонларим, қизалоқларим бўлур. Падаримиз билан шикорларга чиқурмен. Эрта тонгда туриб қуёшға, дарахтларға салом берамен. Яратганга шукроналар қилиб, сокин ва ўтроқ ҳаёт кечирамен. О, нақадар фараҳли орзулар. Замона тинч бўлиб турса Ҳиндистонға, Беҳрўз оғамнинг олдилариға меҳмонға борурмиз.Оғамиз у ёқда бирор ҳинду гўзалига уйлансалар, ҳинду холли янгамиз ва ҳиндуда сўзлашадурғон жиянлар билан танишурмиз.
(Куладилар.)
6
Бекнинг ҳовлиси.

(Бек ёлғиз. У ёқдан бу ёққа юради. Зарнигорбегим киради).
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Бегим, нотинч кўринасиз? Сиз не-не жангларни кўрган, улуғ шоҳ хизматида бўлғон инсонсиз. Сизнинг мундоғ безовта кўринишингиз мақбул эмас. Ўғилларимиз не хаёлга борур? Навкар йигитлар не дейдур?
БЕК. Бегойим, мен кексаяяпман шекилли. Бир қадар тинч ва ўтроқ ҳаётга ўрганибмен. Қолаверса, минг сипоҳий бўлмайин, бари бир юрт тинчлигини, осойишталигини орзу қилғонмен. Мана, тўрт ўғлонни эр етилғонини кўрдик. Мен аларга отда юришни, қилич тутишни ўргатғоним билан урушға киришларини, чопишушларини ҳоҳламайман, бегойим. Аммо, хоннинг исковучлари итдек изғиғонлариға қараганда, беташвиш ўтирсак бўлмас. Менинг қиличимни келтиринг. Ўғилларимиз қасамёд қилсинлар.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Оллоҳ сизни ҳам, ўғилларимизни ҳам ўз паноҳида асрасин, бегим.
(Зарнигорбегим қаддини тик тутиб чиқиб кетади. Парда ортидан оҳ тортиб юборгани эшитилади. Оддий бир аёлга айланиб, бекка, ўғилларига узоқ умр тилайди. Жамики ўғил ўстирганларга раҳминг келсин, деб илтижо қилади. Янги либослар кийган тўрт ўғил кириб келади. Зарнигорбегим бекнинг қиличини келтиради.)
БЕК. (Ўғилларига қараб.) Ўғлонлар! Мамлакатдаги аҳволни кўриб турибсиз. Сизга Шоҳбек Арғун хақида андак сўзлайким, бул нокаснинг кимлиғиға қараб, ўзинғизға эҳтиёт бўлғайсиз. Филжумла, вилоят анинг қўлидадир. Навкари сони беш минг, олти мингдан ортиқ. Бугунга келиб, Аму дарёсидан Ҳиндикуш тоғиғача вилоёт ғайри бадаҳшон муникилигини билурсиз. Бул бефаросат ва фосиқ кишининг илкидан кўп нарса келур. Беш кунлик ўтар дунё учун не-не улуғ зотларни кўр қилдурди. Нечасини ўлдурди. Бул нокас Тангри қаршисида осий, халқ олдида мардуд, бадзабон, фаҳшгўй, ичи тийрадур. Яъниким, ёғий айёр, бешафқат ва кучлидур. Зарурият туғилса, шундай ёғийга қарши туриш осон бўлмағай. Бобокалонимиз Ўрхон Али Ўзбек баҳодур ҳазрати соҳибқирон хизматида бўлғанлар. Менинг бобом бирла волидангизнинг бобоси ҳам Темурий подшоҳларга қасамёд келтириб, садоқат ила хизмат қилғанлар. Менинг падари бузрукворим Бобур ҳазратларининг қиблагоҳи Умаршайх ҳазратларининг лашкарида баҳодур бўлган. Бу сўзларни айтмагимнинг боиси, ҳозир ота-боболаримиз удумини давом эттиришга қасамёд қиламиз. Маликанинг эсон-омон ҳиндға жўнаб кетишини таъминлаш мушкул бўлмоғони тузук. Бироқ жанг қилишга тўғри келишини ҳам мустасно қилиб бўлмас. Ўғлонлар! Қасамёд қилинг!
(Йигитлар келиб оталари қаршисида сафга тизилиб таъзим қиладилар,сўнг бошлайдилар.) Бизким, Саййид Султон Али баҳодир ўғлонлари ҳар қандай шароитда, ҳар қандай ҳолатда садоқатли сипоҳий сифатида, ватанимизға, халқимизға ва одил подшоҳларга хизмат қиламиз. Темурий подшоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратлари фарзанди Маъсума Султонбегим ҳаётини сақлаш ва ҳимоя қилиш вазифасини ўз жонимизни қурбон қилиб бўлса ҳам бажарамиз. Маликанинг ҳаётига таҳдид қилған ҳар қандай кимсани ким бўлишидан қатъий назар, буюк баҳодир боболаримиздан мерос қиличдан ўтказамиз, деб қасамёд қиламиз.
(Навбат билан келиб, бир тиззасига чўкиб, бекнинг қўлидаги қилични ўпадилар.
Қоронғу тушади. Ризо Али йигитлари билан кириб келади.)
БЕК. Ризо Али иним, биз жанговор руҳдамиз. Қоронғу тушди. Маликани боғли рободға жўнатурмиз.
(Ўғлига қараб.) Озодбахш ўғлим, волидангизни ва меҳмонларни чорланг.
(Ҳамма киради. )
БЕК. (Малика Маъсума Султонбегимга қараб.) Ҳамма хавф-хатар ўтиб кетгунича йигит либосида бўлурсиз қизим-маликам.
МАЛИКА. (Хиёл эгилиб.) Маъқул, бек оғо.
БЕК. (Буйруқ оҳанггида.) Комронбек, Давлатёр! Маликани боғли рободга элтинглар. Тонггача етиб бориб, жойлашинглар. Бохабар бўлинглар, ҳеч ким кўрмасин. Дарбоза ва боғ атрофини яхшилаб кузатинглар. Шубҳали бирор ҳолат рўй берса, маликани бобо Ботур кулбасига яширурсиз. Маликанинг навкарлари сиз билан бўлур. Биз ўз йигитларимиз билан тоғ остидаги ғор йўлини топғоч, боғ ҳовлига келурмиз. Ўзимизни билдириб, белги берурмиз.
(Эркакча кийинган малика, энага, навкар йигитлар, Комронбек ва Давлатёрлар кетадилар.)
БЕК. Баҳромбек, Озодбахш, биз бу кеча ул йўлни топайлик.
(Бек қарсак уради. Мулозим киради.Мулозимга қараб.) Йигитларга айтинг, отларни ҳозирласинлар! (Мулозим чиқади.)
(Бек аввал Зарнигорбегим билан, сўнг Садафбегим билан хайрлашади. Сўнг онасини ёнида турган кичик бекзоданинг ёнига келиб, бағрига босади.)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Ўзини хотиржам тутишга ҳаракат қилиб.) Ой бориб омон қайтинглар. Оллоҳ паноҳида асрасин.

7

(Шарқ бозори. Гиламлар, саватлар, сўзаналар, кийимлар, чилимлар, чолғу асбоблари, неки бозорда сотилса, шуларнинг бари расталарда бор. Даврга хос либосларда одамлар у ёқ, бу ёқларга ўтиб туришибди. Бир четда тиланчи, бир четда мунажжим фолбин, “Кеб қолинг, об қолинг” сингари садолар эшитилиб турибди. Ҳалиги айғоқчи бошчилигида Шоҳбек Арғуннинг одамлар бозор айланиб юришибди. Қадди-қомати тик қиз-жувонларни кўп тўхтатадилар. Навкарлар билан бирга юрган кампир қиз-жувонлар юзидан пардасини кўтариб қарайди.)
САРБОЗЛАРДАН БИРИ. Ўзи у қизни танийсизми, эна?
КАМПИР. Энди дунёга келганда кўрганмен. Лаби остида қора холи бор эди. Бундай хол йўқолмайдир. (Бекнинг бозор айланиб юрган одами бу гапни эшитади.)

8

(Шоҳбек Арғун саройи. Шоҳбек Арғун ҳуфияларини йиққан. Бир неча эркак ва бир аёл тик турибди. Шоҳнинг ўзи ёнбошлаб ётибди.)
ШОҲБЕК. Хўш, бирор натижа борми?
АЙҒОҚЧИ. Ҳозирча ҳеч қандай натижага эришмадик. Аммо бир кенгашли фикр бор. Ижозатингиз билан баён этсам.
ШОҲБЕК. Сўзла!
АЙҒОҚЧИ. Биз мундин бир неча муддат аввал Бобуршоҳга хизмат қилған бекларнинг рўйхатини туздик. Улар кўпчилик эмас. Тўққиз-ўн киши чамаси. Бу хонадонларға хотин киши юбориб, гап олмоғимиз лозим. Шундай қилинса, ёш маликанинг дараги чиқиб қолса ажаб эмас.
ШОҲБЕК. Бале! Шундоқ қилингиз.
АЙҒОҚЧИ. (Хотин айғоқчига қараб.) Сиз ушбу беклар хонадонлариға кириб, мен бир зебигардон топиб олдим. Шуни озғина суюнчи эвазиға эгасиға қайтармоқчимен. Фақат, аввал эгаси тақинчоқнинг белгиларини айтсин, дейсиз. Агар хақиқатға ким яқин сўзласа зебигардонни бериб, суюнчини олиб кетаверасиз. Қолғани бизнинг юмушимиз.
(Хотин айғоқчи қўлига зебигардонни олади. Кўксига таққансимон ҳаракат қилади. Сўнг, беўхшов хунук кулади. )

9

(Бекнинг боғ-ҳовлиси. Нақшинкор эшиклар. Гуллаган дов-у дарахтлар. Атиргул буталари. Хуллас, гўзал бир гўша. Комронбек у ёқ-бу ёққа юриб қўриқчилик қиляпти. Қолганлар дарбоза ва ён атрофни қўриқлашга кетишган. Иккинчи қават деразаси очилиб, малика кўринади.)
КОМРОНБЕК. (Пастдан.) Ассалому алайкум, маликам. Янги тонгингиз муборак бўлсин.
МАЛИКА. Ташаккур, оғо. Ўзингизга ҳам муборак бўлғай. Оғо, бу боғ мунчалар гўзал бўлмаса. Чиқиб бир оз сайр этишга ижозат беринг.
КОМРОНБЕК. Майлингиз, мен сизга чечаклар узиб берурмен.
(Малика Маъсума Султонбегим бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилиб, ҳаёю ибо билан чиқиб келади.)
КОМРОНБЕК. (Ҳаяжонланиб.) Кошки, бизнинг боғда бир умр сайр қилсангиз-у, мен сизнинг оромингизни то ўлгунча қўриқласам. Шунда мен исми жисмига монанд Комрон бўлур эдим.
МАЛИКА. (У ҳам ҳаяжонланади.) Қололмаймен, бек оғо. Мен шоҳ отамни гўдаклигимдагина кўрганмен. Жуда кўргим келадир. Истасангиз бирга кетайлик. Олис Ҳинд диёрида подишоҳ отам хизматига кирурсиз.
КОМРОНБЕК. Подишоҳ отангиз хизматига кириш шараф. Аммо мен ватанга қайтамен. Мен подишоҳ отангиз ашъорларини беҳад севамен. Бир қанчасини ёд билурмен.
(Шеър ўқийди.)
Такаллуф ҳар неча суратда бўлса, ондин ортуқсен,
Сени жон дерлар, аммо бетакаллуф жондин ортуқсен.
Парининг ҳусн ичра гарчи оти бениҳоятдур,
Мени девона қошинда, ва лекин ондин ортуқсен.
МАЛИКА. (Давом эттиради.)
Пари бу ҳусн бирла кўрса юзингни бўлур телба,
Сени таъриф этар, лекин сифат қилғондин ортуқсен.
Қадам ранжида қил кўнглим учун эй ёрнинг ўқи,
Менинг бу нотавон кўнглимга чун дармондин ортуқсен.
КОМРОНБЕК. (Давом эттиради.)
Иқомат чунки қилдинг, Бобуро ул ҳур куйида,
Мақоминг равзадин авло, ўзинг ризвондин ортуқсен.
МАЛИКА. Оғо, ашъорни беҳад ширали ўқурсиз.
КОМРОНБЕК. (Илҳомланиб.)
Қаро зулфинг фироқида паришон рўзгорим бор,
Юзингнинг иштиёқида не сабру не қарорим бор.
Лабинг бағримни қон қилди, кўзимдин қон равон қилди,
Нега ҳолим ямон қилди, мен андин бир сўрорим бор.
МАЛИКА.
Жаҳондин менга ғам бўлса, улусдин гар алам бўлса,
Не ғам юз мунча ҳам бўлса, сенингдек ғамгусорим бор
КОМРОНБЕК.
Агар муслиҳ, мен ар муфсид, ва гар ошиқмен, ар, обид,
Не ишинг бор сенинг зоҳид, менингки ихтиёрим бор.
Фиғоним ошди булбулдин, ғаме йўқ зарра бу қулдин,
Бас-э Бобур, ўшал гулдин кўнгилда хорхорим бор.
МАЛИКА. Офарин, офарин. Ўзингиз ҳам битурмисиз?
КОМРОНБЕК. Битурмен, лекин алар мақтангулик эрмас.
(Ичкаридан энага чиқади).
КОМРОНБЕК. Мен йигитлардан бир хабар олиб келай.
(Кетади.)
МАЛИКА. (Ўйчан.) Бибижон, шул йигитни кўрсам, юрагим тез-тез уриб кетаётир. Унинг овози бирам ширалиғ, юзидаги кулгичларию қора қошларини айтмайсизми? Менга недир бўлаётир, бибижон.
ЭНАГА. (Куйиниб, ташвишланиб.) Оҳ, жоним болам-а, оҳ, қизгинам-а. Сипоҳийга асло ишқингиз тушмасин. Уларнинг ҳаётида нима кўп, уруш кўп. Бирида бўлмаса, бирида чопиб кетсалар ҳолингиз не кечур?
МАЛИКА. (Сесканиб.) Оҳ тилгинангиз кесилсин-а, бибижон, айтмадим денг, қайтиб олдим денг. Фаришталар омин деб юбормасинлар.
ЭНАГА. (Шоша-пиша.) Айтмадим, болам, айтмадим. Илоё тилим кесилсин. Балким сиз билан бирга Ҳиндға борсалар, шоҳ отангиз саройға юмушға олсалар, бахтиёр яшаб кетарсизлар.
МАЛИКА. Шундай дей қолмадингиз-да бошдин. Шоҳ отамнинг хизматиға кирмаса, шоҳ отам зиёратидан сўнг бул йигит бирла қайтиб келурмен.
(Малика четда турган нақшинкор курси ёнига келади. Тахланган бир нечта қоғоздан бирини олиб энагага кўрсатади.)
МАЛИКА. Бибижон, қаранг, мен ул йигитнинг суратини чиздим. Ўхшабдиму?
ЭНАГА. (Суратни қўлига олади, узоқдан тутиб қарайди.) Офарин, офарин. Худди-ки ўзи бўлибдур. Ҳали шоҳ отангиз сизнинг бул санъатингизни кўрсалар, ашъор битишларингизни билсалар, бениҳоя шодланурлар.

10
Бекнинг ҳовлиси.

САДАФБЕГИМ. (Вайсаб-вайсаб пардоз қилаяпти.)
Ҳе ордона қолсун. Сипоҳийларча тартиб, сипоҳийларча тарбия эмиш. Бир сўзни сўзлаб бўлмайдур. Қўшни хотинлар билан гаплашилмайдур. Меҳмон келса, ҳеч кимга билдирилмайдур. Ўлсин тартибиям, тарбиясиям. Бола бечораға кўчага чиқиш мумкин эмас. Болалар билан ўйнаш мумкин эмас. Жонға тегди буларнинг ҳаммаси.
(Мулозим киради.)
МУЛОЗИМ. Бегойим, бир аёл кирмакка изн сўрайдир. Сизни ҳам, катта бегойимни ҳам биламен дер.
САДАФБЕГИМ. Айтинг, кирсун!
(Айғоқчи аёл киради.)
АЁЛ. Ассалому алайкум, бегойим. Бекнинг кичик завжаси бениҳоя гўзал деганлари рост экан.
(Садафбегим эриб кетади. Қўлидаги кўзгуга гоҳ узоқдан, гоҳ яқиндан қарайди. Сўнг, аёлга назар ташлайди.)
САДАФБЕГИМ. Ва алайкум ассалом. Келинг, бибижон. Ўзим ҳам зерикиб ўтирғон эдим. Ҳа айтғанча, не юмуш билан келдингиз?
АЁЛ. Мен бир табиб аёлмен. Тоғу тошлардан доривор гиёҳлар териб юрамен. Абадий навқиронлик сирларини биламен. Юракка, жигарға шифо бўлғучи гиёҳларим бор. Яна бир гиёҳим ҳам бордирки, эр кишиға дамлаб ичирсанғиз, муҳаббатни абадий сизға қўюр.
(Садафбегим қизиқсиниб муҳаббат гиёҳини қўлига олади. Ҳидлаб кўради.)
САДАФБЕГИМ. Бир кунда неча маҳал ичирилур?
АЁЛ. Ичаман, деса, бераверинг. Жиндай новвот ҳам эритиб, дамламаға қўшиб юборсангиз, севгиси ширин ҳам бўлур.
САДАФБЕГИМ. (Ёнидан ҳамёнча чиқариб, кампирнинг олдига ташлайди.) Беринг, ҳаммасини оламан! (Аёл шошилиб ҳамёнчани олар экан, гиёҳ дастасини Садафбегимга топширади.)
АЁЛ. Бегойим, мен далада гиёҳ териб юриб, бир тақинчоқ топиб олдим. Сиз шаҳарнинг бадавлат хонадонларига мансуб қиз-жувонларни танийсиз. Ҳеч ким бирор нарса йўқотдим деганини эшитмадингизми? Эгаси топилса, андак суюнчи эвазига қайтарур эдим. Бозорға чиқариб сотсам, бир дунё пул берурлар. Аммо, мўмина ва солиҳа аёлларға савоб ҳам керак.
САДАФБЕГИМ. (Беихтиёр.) Зебигардонму?
(Кириб келаётган Зарнигорбегим бу гапни эшитади.)
АЁЛ. (Жонланиб.) Сизники эдиму?
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Садафбегимнинг ўрнига жавоб беради.) Йўқ, олис қариндошимизники. Каптарнинг тухумидек қимматбаҳо олмос тош билан безатилғон. Эгаси аллақачон жўнаб кетғон. Безакни уйингизда сақлаяпсизми ёки ёнинғиздаму?
АЁЛ. (Ҳовлиқиб.) Ёнимда, ёнимда!
(Аёл тўрвасини кавлай бошлайди. Зарнигорбегим ёнидан ҳамён чиқаради)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Ҳамёнини салмоқлаб кўради.) Сал чўғи камрак. Бир дақиқа сабр этинг. Мен ҳозир яна бир ҳамён келтирамен.
(Чиқиб кетади ва тез қайтиб киради.)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Мана бу тиллолар сизға.(Аёл зебигардонни узатади. Зарнигорбегим тақинчоқни бир қўли билан олади.)
АЁЛ. Ташаккур, ташаккур. (Эгилиб Зарнигорбегимнинг бир қўлидан ҳамённи олаётганда, бегойим енгил ҳаракат билан енгидан ханжар чиқариб айғоқчи аёлга санчиб олади.)
САДАФБЕГИМ. (Йиғламсираб.) Вой бечорагина. Бешафқат жаллод экансиз!
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Қатъий қилиб.) Асли ханжарни сизға санчиб олмак керак эди. Эрнинг ҳам, ўғилларнинг ҳам, маликанинг ҳам бошини гўрга тиқаётғон эдингиз. Оҳ, бу эркаклар, сал кўзга яқин бўлса на зотиға қарайди, на фаросатиға. (Зарнигорбегим қарсак уради. Мулозим киради.)
МУЛОЗИМ. Хизмат,бегойим?
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Мана бу жасадни боғ этагига тез кўмиб ташланг.
МУЛОЗИМ. (Энгашиб, марҳумага қарайди.) Ҳамён қонға булғонибди, бегойим. Тиллолар ҳам.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Ерники, ерға! Марҳумага қўшиб кўмиб юборинг.(Аёлни кўтариб чиқиб кетадилар.)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Ҳеч ким ҳовлидан чиқмасун. Ҳеч ким киритилмасун.
(Садафбегимга қараб таҳдид билан.) Сўзимни икки қилғон соғ қолмағай! (Кетади. )

11

(Садафбегимнинг хонаси. Ташқаридан ўйнаётган болаларнинг қий-чуви эшитилади. Ширинбек хархаша қилади.)
ШИРИНБЕК. Кўчага чиқамен. Болалар билан ўйнагим келяпти.
САДАФБЕГИМ. Мумкин эмас.
ШИРИНБЕК. (Оёқларини тапиллатади.) Чиқамен, чиқамен, чиқамен.
САДАФБЕГИМ. Юр, орқа махфий даричадан чиқарамен. Ўша ердан кириб кел. Кўп қолиб кетма. Анови ялмоғиз билса, ўлтуради.(Чиқишади.)

12

(Болалар бекинмачоқ ўйнаган жой. Уч-тўрт бола нишонга узоқдан таёқ отиб теккизиш – чиллак ўйнаяпти. Ширинбек келиб қўшилади. Ўйин бир муддат давом этади. Бирдан ҳар томондан Шоҳбек Арғуннинг бир неча навкари кириб келади. Болалар бир зумда қочиб кетишади. Ширинбекнинг ёлғиз ўзи қолади. Шоҳбек Арғуннинг ҳалиги айғоқчиси Ширинбекка яқинлашади. )
ШИРИНБЕК. Ассалому алайкум.
АЙҒОҚЧИ. Ва алайкум ассалом. Боракалло, боракалло. Бекнинг ўғлони бек бўлади-да. Жуда ақлли бола экансиз. (Ширинбек керилиб у ён бу ёнга юради.)
АЙҒОҚЧИ. (Ўсмоқчилаб.) Бу бекзода, уйингизда меҳмонлар борми дейман.
ШИРИНБЕК. (Қатъий.) Уйимизда меҳмонлар йўқ.
АЙҒОҚЧИ. (Гап оҳанггини сезади.) Ҳай, ҳай, ҳай, бек ўғлон ёлғон гапирмайдир. Уйингизга меҳмонлар кириб кетишганини ўзим кўрганман. Гап шундаки, уйингиздаги меҳмон – улуғ меҳмон. Ул меҳмонни шоҳимиз зиёфатга чақирмоқчилар. Негадир отангиз уларни қизғанадир. Меҳмонларингизға бир оғиз шоҳимиз зиёфатга чорлаяптилар, дейман. Йўқ дейишса, йўқ-да! Одатда улуғ зотларни подшоҳ зиёфатға чорламаса, айб бўлади.
ШИРИНБЕК. (Бироз юмшаб.) Уйимизда меҳмонлар йўқ.
АЙҒОҚЧИ. Бўлмаса у ёқ-бу ёққа кетишдими? Айтаверинг. Сиз айтқонингизни ҳеч кимга айтмайман. Меҳмонлар шоҳ саройига ташриф буюришса, отангиз ҳам келадилар. Подшоҳимиз айтадиларки, Саййид Султон Алибек кичик ўғлонлари Ширинбек билан келсинлар, деб. Шунда оғаларингиз инимизни шоҳ чорлаяпти деб, сизга ҳавас қилишади. (Ширинбек жонланади. Айғоқчи давом этади.) Сўнг, улғайганингизда шоҳимиз сизни хизматиға оладилар. От миниб, қилич чопиб, душманларнинг калласини сапчадек узиб юрасиз.
ШИРИНБЕК. Йўқ. Мен Бобуршоҳ хизматиға борурмен.
АЙҒОҚЧИ. Бобуршоҳ узоқда. Отда олти ойлик йўл. Андин сўнг, унинг лашкарида лак-лак ҳиндулар бор. Олмайдир. Сизни шоҳимизға ўзим тавсия қиламан. Бу йигит бекзода, сипоҳийлик илмини биладир. Ани олайлик дейман. Сизға от берилур. Отнинг қанақасини ёқтирасиз, тўриқми, саманми?
ШИРИНБЕК. (Ўйланиб қолади.) Билмаймен.
АЙҒОҚЧИ. Ҳай, ҳай, ҳай, астағфириллоҳ. Бек отангиз ҳам ғалати-да! Отлар ҳам оғаларингизга, кескир қиличлар ҳам оғаларингизга. Ҳали қиличингиз ҳам йўқдур?
ШИРИНБЕК. Йўқ, бермадилар.
АЙҒОҚЧИ. Келинг, мундоқ келишамиз. Мен сизға хозир мана бу кескир қилични берамен. Бир яхши от ҳам берамен. Сиз секингина меҳмонлар қаерда дам олаётғонини айтасиз. Отангиз меҳмонлар қаердалиғини сиз айтганингизни асло билмайдир. Кўриб ўтирғони йўқ-ку. Мен эса онт ичаман. Сизнинг айтқонингизни бировга айтсам, Худо урсин! (Ширинбек ялтираб турган қилични қўлига олиб, ҳавони сермаб, урушганнамо ҳаракатлар қилади. Айғоқчи ҳамён чиқаради. )
АЙҒОҚЧИ. Бу ҳам сизға. (Ширинбек ҳамённи салмоқлаб кўради. Сўнг чўнтагига солади. Қилични тамоша қилади.)
АЙҒОҚЧИ. Хўш, келишдикми, бекзода? Биров кўриб қолмасидан тезроқ айтинг. (Ширинбек атрофга аланглайди. Айғоқчини яқинроқ имлайди.)
ШИРИНБЕК. (Секин шивирлаб.) Меҳмонлар боғ ҳовлида.
АЙҒОҚЧИ. Падарингиз, оғаларингиз ҳам ўша ердами?
ШИРИНБЕК. Йўқ, отам меҳмонларни кузатиб қўёдиғон йўлни қидириб тоғ томон кетганлар. Меҳмонларни тезроқ зиёфатга чорламасангиз, кетиб қолғайлар. Мани ҳам чорлашни унутманг.
(Айғоқчи қилични қини ва камари билан Ширинбекка топшириб жадал жўнайди.)

13
ПАРДА

(Тоғ, катта-катта харсанг тошлар. Бек икки ўғли ва ўз одамлари билан, жами олти-етти киши. Тошлар ораларини синчиклаб қараяптилар.)
БЕК. (Бирдан қувониб кетади.) Топдим. Мана ўшал белги. Ҳеч нарса ўзгармағон. Бу ғор тоғ йўли масофасини ўн баробар, машаққатини юз баробар камайтиради. Оллоҳга шукур. Маликани эсон-омон Ҳиндға еткурсак, Тангри олдида ҳам, олампаноҳ Бобуршоҳ олдида, ҳам юзимиз ёруғ бўлур. (Кўпчиликлашиб тошни сурадилар.)
БЕК. (Ғор ичкарисига қулоқ тутади.) Шамолнинг гувиллаб келишиға қарағанда тошлар кўчиб тушиб, йўлни тўсиб қўймағон. Бу йўлдан Бобур ҳазратларининг эгачисини кузатиб қўйғонимизға ҳам анча бўлди.
БАҲРОМБЕК. Ота, ижозат берсангиз, мен маликани Ҳиндға кузатиб борурмен.
БЕК. (Хушнуд.) Ижозат, ижозат.
ОЗОДБАХШ. Менга ҳам изн берасизми, қиблагоҳ?
БЕК. (Бирдан маҳзун тортади.) Улғайиб қолибсизлар-ку ўғлонларим. (Бир-бир қучоқлайди. Кўзига ёш олади.) Мен-ку чидарман-а, волидангизга мушкул бўлур.
ОЗОДБАХШ. Комронбек ҳам бормоқчи эди, қиблагоҳ. Сизлар билан биз қайтгунимизча Давлатёр бирга бўлур. Ширинбек ҳам ўсиб келаётир. Замона омон– омон бўлиб турса, бир муддат Ҳиндда бўлиб қайтурмиз, отажон.
ЙИГИТЛАРДАН БИРИ. Қаранглар, бу томонға отлиқлар келаётир!
БЕК (шошилиб.) Тошни ўрниға сурамиз! (Бир ҳаракат билан тошни сурадилар. От туёғининг сурони кучаяди. Шоҳбек Арғун навкарлари бостириб киради.)
ОВОЗЛАР.Ана улар! Ўра! Бос! (Жанг бошланади. Баҳромбек маҳорат билан жанг қилади. Бек асосан ўғиллари атрофида жанг қилади. Бир ёш сарбоз Озодбахшга рўбарў бўлади. Озодбахш ёш йигитни кўриб тўхтайди. Иккала йигит бир-бирларини таниб қоладилар.)
БЕК. (Жанг қила туриб.) Чопиб ташла, ўғлим!
ОВОЗ. (Ёш сарбоз томондан.) Қилич сол, ўғлим!
(Озодбахш қилич кўтармайди. Ёш сарбоз ҳам. Кимдир келиб Озодбахшни, кимдир ёш сарбозни уради. Ахири Шоҳбекнинг сарбозлари ва бекнинг бир неча йигити йиқилиб, ўзи, Баҳромбек ва бир навкар қолади. Озодбахш ва ёш навкар ёнма-ён ярадор ётадилар.)
БЕК. Озодбахш, ўғлим! (Бошини тиззасига олади.)
БЕК. Кимдир бизни сотғон кўринадир. Тур, ўғлим! Иниларингга кўмакка борайлик! (Озодбахш қаддини кўтаролмайди. Бек ўғлини авайлаб бағрига босиб, елкасига назар ташлайди ва бирдан оҳ тортиб юборади.) Бу не азобинг, тангрим! (Баҳромбекка юзланиб.) Табиб келтиринглар! (Йигитлар югуриб чиқиб кетишади.)
ОЗОДБАХШ. (Ҳолсизланиб.) Ота, сув… беринг…
БЕК. (Кимгадир буюрмоқчидай атрофга аланглайди, яна ўғлига юзланади.) Ҳозир, болам, ҳозир олиб келаман. Яранг оғир эмас, сабр қил! (Тез чиқиб кетади. Озодбахш ва сарбоз йигит бир-бирларига қараб зўрға жилмаядилар.)
ОЗОДБАХШ. Жавоҳир, сенмисан?
ЖАВОҲИР. Озодбахш, сенмисан?
ОЗОДБАХШ. Оғир яраландингми?
ЖАВОҲИР. Билмон, қорнимдан санчдилар.
ОЗОДБАХШ. Оғрияптими?
ЖАВОҲИР. Дўзахий оғриқ. Кўзим олди қоронғулашиб бормоқда. Тезроқ ҳазрати Азройил кела қолсайди.
ОЗОДБАХШ. Ундоқ дема. Баҳромбек оғам табиб олиб келадилар. Худо хоҳласа, шифо топурмиз.
ЖАВОҲИР. Ўзингнинг не ерингдан яраладилар?
ОЗОДБАХШ. Елкамдан урдилар. Ҳануз қилич елкамга санчилғонуча қолғондай.
ЖАВОҲИР. Озодбахш, омон қолсанг, Жаъфар деган савдогарнинг Гулюз исмлиғ қизини топ. Айтгилки, Жавоҳир сўнгги нафасида сенинг номингни айтди, сени ёд этди де. Мени унутсин. Рўзғор қуриб бахтли бўлсин.
ОЗОДБАХШ. Жавоҳир, ундай дема, дўстим, яшайсан ҳали. Ўша қизга ўзинг уйланасан. Сен йилқи боқар бобо Ботурни биласанми?
ЖАВОҲИР. Билурмен.
ОЗОДБАХШ. Бобонинг бир қизи бордур. Дутор чертса, йилқилар емакдан тўхтаб, бош эгиб тингларлар. Бир ашъорлар айтур, Навоийдин, Бобурдин. Аҳди паймонимиз бор эди.
Жавоҳир алаҳлай бошлайди.
ОЗОДБАХШ. Жавоҳир, ўзингни йўқотма дўстим, бизни қутқаришади.
Жавоҳир бошини бир кўтаради. Гулюз дейди. Сўнг бош қўяди. (Озодбахш ҳам алаҳлай бошлайди, онасини чақиради.) Онажон, елкам оғрийдур, малҳам қўйинг, келинг, келақолсангиз-чи. Мени олиб кетинг, онажон.
(Бек қўлида сув тўла идиш билан югуриб кириб келади. Ўғлининг бошини кўтариб, сув ичиради.)
ОЗОДБАХШ. (Бироз ўзига келиб.) Отажон, мени кечиринг. Мен яхши сипоҳий бўлолмадим. Ишончингизни оқлай олмадим.
БЕК. (Ўртаниб.) Майли сипоҳий бўлмасанг ҳам. Тузалиб кетсанг бас, ўғлим.
ОЗОДБАХШ. (Ҳолсизланиб.) Отажон, волидамни, оға-иниларимни асранг. Мендан рози бўлинг.. Ла илоҳа иллаллоҳу…(Жони узилади.)
БЕК. (Фарёд чекади.) Эй, фалак! Дастингдан дод! Гулдай ўғлим-а! Озодгинам-а! Меъмор бўлмоқчи эдинг-а! Оға-иниларингга не дейман! Волидангнинг кўзига қандай қарайман!

14

(Бекнинг боғ ҳовлиси. Комронбек маликага гуллар узиб беряпти.)
КОМРОНБЕК. (Шеър ўқийди.)

Сендек менга бир ёр-у жафокор топилмас,
Мендек сенга бир зору вафодор топилмас.

Бу шакли шамойил била ҳуд ҳур парисан,
Ким жинси башар ичра бу миқдор топилмас.

Эй гул, мени зор этмаки ҳуснинг чаманида,
Кўзни юмиб очгунча бу гулзор топилмас.

(Малика давом эттиради.)

Балойи ишқ манга ҳар дам жафойидур,
Бу ишқдин кеча олмон ажаб балойидур.

КОМРОНБЕК. Маъсумабону, ўқиган ашъорларингиз шикаста, дилингизда маҳзунлик сезиладир. Сезга не бўлди?
МАЛИКА. Негадир кўнглим нотинч, оғо. Бир ғалати туш кўрдим. (Уялинқираб.) Тушимда сизни кўрибмен.
КОМРОНБЕК. Мени туш кўрғонингиздан комронмен.
МАЛИКА. Кошки, кўрмоғон бўлсам эрди.
КОМРОНБЕК. (Ҳайрон бўлиб.) Нечук, маликам? Тушингизни сўйлаб беринг.
МАЛИКА. (Бироз сукут сақлаб.) Бир неча улкан лочин қушни бир чумчуқча чўқий бошлади. Алар чумчуқчани менсимаганнамо эътибор қилмадилар. Аммо чумчуқча аларни шундай чўқиб ташладики, кўписи йиқилди, қолғонлари гурро-гур учиб қочмоққа тутундилар. Ҳалиги йиқилғон қушлар ёниға борсам, бириси сиз эмишсиз. Кўзларингиз ёшға тўла, аммо қўзғалолмайсиз эмиш. Мен ёлвордимки, туринг, оғо, Ҳинд сори кетурмиз. Сиз эса йўқ, дедингиз.
КОМРОНБЕК. (Кулимсираб.) Тушингизнинг акси бўлур. Демак, мен сиз билан Ҳиндға равона бўлурмен.
(Навкар йигитлардан бири югуриб киради.)
НАВКАР. Шоҳбек Арғуннинг йигирма чоғли отлиқ навкари шу томон келур, бек.
КОМРОНБЕК. Аниқму? Балким боғ ёнидан ўтиб кетурлар.
(Яна бир навкар югуриб келади.)
НАВКАР. Бек, чопишурға тўғри келадир. Шоҳ навкарлари дарбозани уришмоқда.
КОМРОНБЕК. Маликам, зудлик билан либосингиз устидан тўн кийиб, сочингизни қалпоқ остига бекитинг. Давлатёр, малика билан бобо Ботур кулбасига учинглар. Ул сизларни ёширур. Ўшал ерда учрашамиз.
ДАВЛАТЁР. Оға, сизни қандай ташлаб кетамен?
КОМРОНБЕК. Иним, машварат пайти эмас. Оллоҳ насиб этса, ҳаммаси яхши бўлур.
(Малика билан Комронбек бир-бирлари томон қадам ташлайдилар. Иккаласи бир вақтда бир-бирига иккала қўлларини чўзадилар. Бармоқлар бир зумга учрашади. Хавотир ва меҳр тўла нигоҳлар билан хайрлашиб, икки томон кетадилар. Навкарлар бостириб киришади. Тенгсиз жанг бўлади. Комронбек маҳорат кўрсатиб жанг қилади. Жанг тугаёзганда йиқилиб ётганлардан бири келиб, орқасидан қилич солади. Комронбек йиқилади. Шоҳбек айғоқчиси бошчилигида навкарлар кириб келадилар.)
ОВОЗЛАР. Малика қани? Малика қочибди!
АЙҒОҚЧИ. (Атрофни тез айланиб чиқади.) Отларга мининг, маликани қувамиз. (Кетишади. Бек, Баҳромбек ва навкар кирадилар. Бек югуриб келиб, чўк тушиб Комронбекни бағрига босади.)
БЕК. Ўғлим, не бўлди сенга?
КОМРОНБЕК. (Ўрнидан қўзғолишга ҳаракат қилиб.) Отажон, юрак-бағрим куйиб кетаяпти…
БЕК. Эй фалак, бу не кўргулик!
БАҲРОМБЕК. (Яқин келиб бағрига босади.) Инижоним, сизга не бўлди? Ичингиз. (Оғзига кўзачадан сув қуяди.)
КОМРОНБЕК. Орамизда сотқин бор, қиблагоҳ. Шоҳбек Арғуннинг навкарлари малика қани, деб бостириб келишди. Маликани Давлатёр иним бобо Ботур кулбасига олиб кетди. Озодбахш қани?
БЕК. (Ярадор фарзандини аяб, ростини айтмайди.) Озгина яраланди, Худо ҳоҳласа шифо топиб кетур.
КОМРОНБЕК. Илоҳим. (Баҳромбекка қараб.) Оға, ўзингизни эҳтиёт қилинг, қиблагоҳим, сиз ҳам. Онаизоримға айтинглар, кўп куймасинлар, маликани асранг, Ҳиндға безиён еткуринг. Маликага Комронбек бир тола сочинғиз ҳимоясиға жон бағишлади денгиз. Ла илаҳа иллалоҳу. (Жони узилади)
БЕК. (Кўксига муштлаб йиғлайди.) Эй фалак, дасдингдан дод, бир кунда икки суянган тоғимдан айрилдим! Сенга нима ёмонлик қилган эдим, эй тангрим!
БАҲРОМБЕК. Комронбек иним, сен учун ҳам, Озодбахш учун ҳам қасос оламен. Шоҳбек деган муртаднинг бошини узамен. (У ҳам йиғлайди.)

15

(Бекнинг ҳовлиси. Зарнигорбегим безовта. У ёқдан бу ёққа юрибди. Бек катта ўғли Баҳромбек билан кириб келади. Зарнигорбегим пешвоз чиқади. Баҳромбекни бағрига босади.)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Хавотир аралаш.) Озодбахш қани, бегим?
БЕК. (Қайғули овозда.) Бегойим, бизни сотдилар. Озодбахш билан Комронбекни Оллоҳ биздан қайтариб олди. (Зарнигорбегим оҳ тортиб юборади.)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Эй, Тангрим! Мен сенга не гуноҳ қилғон эдим-ки. Остонадан эсон-омон кузатган фарзандларимни қайтиб кўрмаймен? Нега менинг суянган тоғларим бул тахлил қулайдир?! Нега мен ҳеч бўлмаса аларнинг жонсиз таналарини қучоқлаб, қон йиғлаб видолашолмаймен?! Нега менинг дилбандларим чимилдиқ кўрмасдан, бирор зурриёд қолдирмасдан ёруғ дунёдан кетур? Тангрим! Менга бундай қаро кунни кўрсатгунча, жонимни олсанг бўлмасмиди? (Йиғи аралаш сўрайди.) Нечук бу ҳол юз берди? Наҳотки, нону тузингизни еб, хизматингизда юрғон йигитлардан нобакор чиқди? Шундай нокас борлиғини сиздек синчи инсон нечук сезмади?
БЕК. (Бек ғамдан тош қотган.) Билмайман, азизам, билмайман!(Бек ўзини қўлга олиб.) Баҳромбек, йигитларни чорланг. Зудлик билан қароргоҳни тарк этмасак, яна жангга киришга тўғри келур.
Баҳромбек чиқади.
БЕК. (Норози оҳангда.) Бегойим, Садафбегим нега кўринмайдир?
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Ўз хаёллари билан банд, ғамгин.)Ухлайдир.
БЕК. (Ғазабнок.) Ухлайдир? Шунча сурондан кейин ҳам ухлайдирми? Тура келмайдими? Тезроқ бўлишсин, айтинг.
(Зарнигорбегим чиқади. Бек хизматидаги уч-тўрт йигит кириб келади.)
БЕК. (Уларга қараб.) Мен сизларни отасиз, беқаров қолғанларингизда хизматқа олдим, асрадим, авайладим. Ўз фарзандларим киядиғон либосларға ўрадим. Емак-ичмакдан кам қилмадим. Ўсғон рўзғорларингизга мадад бериб турдим. Мактабға бериб, саводингизни чиқардим. Одамийликдан сабоқ бердим. Маош бериб турдим. Фарзандларим ёнида ўғлонларим дедим. Аммо кимдирки, бошимға бало бўлди. Мени сотди. Бу сотқин жонимға яқин бўлса ҳам, қонимға яқин бўлса ҳам аямаймен.
ЙИГИТЛАР. (Бирин-кетин.) Алҳазар, бек оғо, алҳазар.
ЙИГИТЛАРДАН БИРИ. Ҳар биримиз сизнинг ва аҳли рўзғорингизнинг ҳимоясиға бош қўюрға тайёрмиз. Оллоҳ номи билан онт ичамизки, шундай.
БЕК. Билмадим, билмадим.
(Зарнигорбегим, Садафбегим ва Ширинбек кирадилар. Ширинбек келиб бекни қучоқлайди.)
БЕК. (Кўнгли юмшаб.) Ўғлим, Ҳинд сори кетурмиз. Сиз улғайиб аввал навкар, сўнг навкарбоши, андин сўнг лашкарбоши бўлурсиз. Шоҳбек Арғундан оғаларингиз учун қасос олурсиз.
ШИРИНБЕК. Қасос оламен, қасос оламен! (Югуриб кетади.Зум ўтмай ҳалиги қилични кўтариб келади. Шиғ этиб қинидан чиқариб сирмайди. Баҳромбек ҳушёр тортади.)
БАҲРОМБЕК. Иним, бу қилични қаердан олдингиз? (Сўнг қилични қўлга олиб, ёзувини ўқийди.) “Олампаноҳ Шоҳбек Арғундин баҳодурликлари учун Қорахон ботирга туҳфа”. (Бек қилични қўлига олади. )
БЕК. Бул қиличдан Шоҳбекка яқин сипоҳийлар тутурлар. Ширинбек, ўғлим, сизга бу қилични ким берди? (Ширинбекнинг ранги қув ўчади, ўзини йўқотиб қўяди.)
ШИРИНБЕК. Кўчадан топиб олдим.
(Зарнигорбегимнинг ҳаракати, кўз қарашларидан гап нимадалигига фаҳми етганлиги билинади.)
ЗАРНИГОРБЕГИМ. (Садафбегимга қаҳр билан қараб.) Болага кўчага чиқишга рухсат бергансиз.
БЕК. Сўйла, бу қилични сенга ким берди?
ШИРИНБЕК. Кўчада ўйнаётғон эдик, бир сипоҳий келиб сизникида меҳмонлар бор, ўшал меҳмонларни шоҳимиз зиёфатға чорламоқчи, улар қаерда деди. Мен аввал айтмадим. Сўнг, бул қилични берғоч, меҳмонлар боғ ҳовлида дедим.
БЕК. (Бирдан ғазабланиб.) О, бағримдаги илонвачча, ўз оғаларини бошини еган одамхўр, икки ўғлонимнинг баҳоси шу бир парча темир бўлдими? (Ширинбек қўрқа– писа чўнтагидан ҳамёнча чиқаради.)
ШИРИНБЕК. Тилло ҳам берди.
БАҲРОМБЕК. Эй, Худойим, бу нима бедодлик?
БЕК. Ҳали соҳибқирон Амир Темурға лашкарбоши бўлғон, Ўрхон Али Ўзбек авлодидан сотқин чиқмағон. Чиқмағай!
БЕК. (Садафбегимга қараб.) Падаринг асир тушғонда, ўз жонини қутқариб, сени менга туҳфа қилғон эди. Афсус, белимдан қувватим кетғон экан, сенинг қонинг устун келди.
(Ширинбекка қараб.) Сени дунёга ўзим келтирдим, дунёдан ўзим ҳайдайман.
БАҲРОМБЕК. Қиблагоҳ, балким онаси билан кеткизиб юборарсиз? Бунинг қони тўкишга арзимайди.
БЕК. Йўқ, ўғлим. Сотқинни дунёга қўюб юборсанг, ўзидан кўпайиб урчиб кетур. Бундай сотқинлардан тўрттасини кечирсанг, бир халқнинг ярими сотқин бўлиб улғаюр. Мен буни омон қолдирсам, Саййид Султон Али баҳодурнинг тарих олдида юзи қаро бўлур. Бундайлар омон бўлса, ер юзидан ўзбек деган миллат йўқолиб кетур. Сотиб юборишур.
САДАФБЕГИМ. (Бекнинг оёғи остига ўзини ташлайди.) Боламни ўлтурғунча мани сўюнг. Мани парчаланг. Бунға ўйноғони чиқишға ман рухсат бериб эдим. Мани ўлдуринг. (Бек ифлос нарсадан ҳазар қилгандай оёқларини Садафбегимдан нари тортади.)
БЕК. Бугун ўйноғони чиқмаса, эртага чиқарди. Бугун сотмаса эртага сотарди.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Бегим, болани менга беринг, тарбия бериб кўрай. Иккисидан айрилдик, учинчисидан ҳам жудо бўламизми?
БЕК. Оҳ, бегойим. Қалбингиз мудом меҳр-шафқатға, олийжанобликка тўла. Бироқ бир нарсани ўйламаяпсиз. Агар тарбиянгизни олиб улғайса, виждон азобидан ақлдан озади. Улғайиб эр етса, сотқин деган номни кўтариб яшаши осон бўлурми? «Ана, сотқин келяпти», дерлар. Болаларини, «ана, сотқиннинг болалари», дерлар. Неки сир қочғон ерда менинг авлодим рўбару келаверур. «Саййид Султон Али баҳодурнинг кичики сотқин эди-да», дерлар. (Садафбегим Зарнигорбегимнинг оёғига йиқилади.)
САДАФБЕГИМ. Бегойим, боламни асраб қолинг. Бир умр чўрингиз бўлай. Бир умр хизматингизни қилай! (Зарнигорбегим қилт этмайди. Ширинбек ўрнидан турган онасининг орқасига бекинади.)
БЕК. Озодбахш, болам. Қанча чопушиш илмини билсанг ҳам меъмор бўламан дер эдинг-а. Комронбегим, комрон бўлмаган Комроним. Битилмаган ашъорларинг ўзинг билан кетди-я. Шоир болам-а. Баҳромбек, қиличимни беринг!
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Бегим, агарчи ниятингиздан қайтмас экансиз, биргина зарб беринг. Норасида ортиқ қийналмасин.
БЕК. (Увиллаб йиғлаётган Ширинбекка.) Тур ўрнингдан, жилла қурса сўнгги нафасингда ўзингни эр тут!
(Ширинбек бирдан жиддий тортади. Ғоз туради).
ШИРИНБЕК. Мен тайёрмен, қиблагоҳ. Мен сизга лойиқ ўғлон бўлолмадим. (Бек бирдан қиличини ташлайди. Боланинг юз-кўзларидан ўпади.)
БЕК. Илон бўлсанг ҳам боламсан! (Сўнг секин бағридан чиқариб, ўрнидан туради.)
БЕК. Юр!
БАҲРОМБЕК. Ўзингизни қийнаманг, қиблагоҳ, йигитларга топширинг бу юмушни.
БЕК. (Қатъий қилиб.) Бекзодани жаллодга беролмаймен. Илон бўлса ҳам бекзода. Калима келтир!
ШИРИНБЕК. (Ҳазин овозда.) Ла илаҳа иллалоҳу, Муҳаммаддин расулуллоҳ. (Юпқа парда ортига ўтишади. Пардада ота ва ўғилнинг шарпаси кўринади. Ота қилич сирмайди. Ўғил оҳиста йиқилади. Декорациядаги осмон қип-қизил тусга киради. Аёллар оҳ тортиб юборадилар. Бек қайтиб киради.)
БЕК. (Уввос солиб йиғлаётган Садафбегимга қараб.) Бегойимлик сенга ярашмади. Озодсан! Илло, Оллоҳ сенга энди фарзанд бермасин! Сендан фақат сотқинлар бино бўлур.(Садафбегим йиғлаганча чиқиб кетади.)

16

(Ҳалиги тоғли жой. Тошлар ораларида юлғунлар ўсиб ётибди. Бир томондан Саййид султон Алибек, Зарнигорбегим, Баҳромбек ва уч йигит кириб келадилар. Иккинчи томондан малика Маъсума Султонбегим, Давлатёр, энага аёл ва Ризо Али кириб келадилар.)
МАЛИКА. (Бекка қараб.) Ассалому алайкум, бек оғо!
БЕК. (Паришонлик билан.) Ваалайкум ассалом, қизим-маликам.
МАЛИКА. (Хавотирланиб.) Комронбек оға кўринмайдилар?
ДАВЛАТЁР. Озодбахш оғам қанилар, қиблагоҳ?
БЕК. (Маликага қараб.) Сипоҳийлик қисмати оғир ва шарафлидир, қизим-маликам. Фарзандларим адолатни, инсофни, диёнатни, ор-номусни ҳимоя қилишға қасамёд қилғон эдилар. Сизни хавфу хатардан ҳимоя қилишда жонларини фидо қилдилар.
МАЛИКА. О, комрон бўлмоғон Комрон оғом. (Юрак-ларни сел қилиб шеър ўқийди. )
Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
ДАВЛАТЁР. Озодбахш оғам, Комрон оғам. Қандай гўзал орзуларингиз бор эди-я. Бу ҳаёт уммонини сизларсиз қандай кечамен? Суянғон тоғларим, оғаларим.
(Баҳромбек инисини қучоқлайди. Зарнигорбегим ҳар иккаласини қучоқлайди.)
БЕК. Тошни суринглар. Йўлға тушасизлар.
ДАВЛАТЁР. Кичик ойим билан Ширинбек кўринмайдилар.
БАҲРОМБЕК. Алар энди йўқлар.
ДАВЛАТЁР. (Изтироб аралаш.) Ҳалок бўлдиларми?
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Қисмат ўз хатосини қон билан, кўз ёшию зардоб билан тўғрилади.
БЕК. (Зарнигорбегимга қараб.) Азизам, сиз ўғлонлар билан маликани кузатиб боринг. Мен кетсам Саййид Султон Алибек қўрққонидин қочиб кетди, дерлар.
ЗАРНИГОРБЕГИМ. Мен сизсиз кетолмайман,бегим! Қолишға ижозат беринг.
БЕК. Ёғий бениҳоя айёр, бегойим. Алар ҳалоллик бирла курашмайдилар. Сиз малика ва ўғлонлар билан эсон-омон Ҳиндға етиб бориб, Бобур ҳазратлари паноҳида бўлиб туринг. Замона бироз тинчигач, қайтиб келурсизлар. (Хайрлашадилар. Бек ва икки йигит тошни ўрнига сурадилар.)
БЕК. (Синчиклаб қараб.) Қўзғолғони билинмайди. (Кетадилар.).

17

(Бекнинг ҳовлиси. Йигитлардан бири кириб келади.)
ЙИГИТ. Бек оғо, шоҳнинг айғоқчиси дарвозани очишимизни талаб қиляпти. Ёнида навкарлар ҳам бор. Ёнингизга киритайликми ёки қириб ташлайликми?
БЕК. (Асабий кулади.) Аҳа! Тулкунинг ўлгуси келса, йўлбарс билан ўйнашади! Очинг дарвозани ит эмганларга! (Айғоқчи Қорахон ботир навкар йигитлар билан кириб келади.)
АЙҒОҚЧИ. (Таҳдидли овозда.) Бек! Бу Бобуршоҳнинг ўзи билан олиб кетмаган ярим етим қизига шунчалик жон фидо қилиб нима қиласан? Бир Бобуршоҳнинг зурёди демасанг, на давлати, на мамлакати бор! Топиб берсанг, шоҳимиз мени ҳам, сени ҳам тиллога кўмади! Маликани бергин-да, истасанг Бобуршоҳингнинг ёнига жўна, истасанг маконингда қарилик гаштини сур!
БЕК. (Ғазаб билан.) Қорахон! Сенда на ор бор, на номус бор! Гоҳ Эрон шоҳи хизматидасан, гоҳ Хуросон шоҳининг! Ким олдингга суяк ташласа, шунинг қўлини ялайсан! Сенинг фоҳиша аёлдан нима фарқинг бор?! Менинг ота-боболарим темурзодаларға садоқат ила хизмат қилғон! Орим-номусим қасамёдимға садоқатдур!
АЙҒОҚЧИ. (Мазах қилиб.)Ўғлонларинг ҳам ўзингдек мард-у баҳодурму? Сени кенжа ўғлонинг неча тиллога сотғонини биласанму?
БЕК. Фарзандларим Темурийзода маликанинг шаънини Шоҳбекдай муртаддан ҳимоя қилиб, ҳалок бўлди! Мен фарзандларим билан фахрланаман! Шукур қилки, мен жаллод эмас, сипоҳийман! Йўқса, сен заҳарли илоннинг ёш ўғлонимни авраган тилингни суғуриб олардим! Оллоҳга шукурки, қасос онларини яқинлаштирди! (Қиличини суғуриб, айғоқчига ҳамла қилади. Қаттиқ жанг боради. Бек айғоқчини яралайди.)
БЕК. (Оёғини айғоқчининг кўксига тираб.) Сенга санчилғон қилични ювғон билан тоза бўлмас! Туф, муртад! (Қилич санчади.)
(Бироқ ўғлонларининг қазолари эсанкиратиб қўйган бек эҳтиёткорликни унутади ва оғир яраланади. Жанг тугайди, бекнинг ёнига садоқатли йигитлари келади.)
БЕК. Ўғлонларим, оғир кунимда ёнимда бўлдингиз. Сизлардан розиман. Фарзандларимға ва барча мени сўрағонларға айтингизки, неки жангга кирғон бўлсам, эл учун, ватан учун кирдим, неки хатти-ҳаракат қилғон бўлсам ор учун, номус учун қилдим! Қолғонини Оллоҳ билур…(Ҳолсизланади.) Ла илаҳа иллаллаҳ…(Жони узилади.)

Сайт бўлими: Драматургия

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ