"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Рубоийлар

Ўқилди: 1 042

boburЖоно, битигингки, бўлди марқум манга,
Меҳнат била ғамни қилди маъдум манга.
Кўргач ани гарчи шод беҳад бўлдум,
Мазмуни, вале, бўлмади маълум манга.
* * *
Не ишрату айш учун майи ноб манга,
Не тоат учун гўшаи меҳроб манга,
Не фисқ қилурға бордур асбоб манга,
Не зоҳид ўлурға тоқату тоб манга.
* * *
То бўлғали дилдор ўшал ой манга,
Ҳолимни билиб, қилмади парвой манга.
Мен асру ҳаробу ёр кўп мустағний,
Эй вой манга, вой манга, вой манга!
* * *
Хуш улки, кўзум тушти сенинг кўзушта,
Бевосита ҳолимни десам ўзунгга,
Бермай сўзума жавоб ачиғланасен,
Қилдинг мени муҳтож чучук сўзунгга.
* * *
Асру кўп эмиш журъату химмат сизга,
Рўзий қилғай Худой нусрат сизга.
Мардоналиғингизни бори эл билди,
Раҳмат сизга, ҳазор раҳмат сизга!
* * *
То қилди мени фироқ аро ёд ҳабиб,
Маҳжур кўнгулни айлади шод ҳабиб.
Гар васл муяссар ўлмаса, нетай, эй Бобур,
Фарёд ҳабибу оҳу фарёд ҳабиб!
* * *
Эй қомати сарву лаблари оби ҳаёт,
Будур тилагимки, — еткамен васлингга бот!
Ҳажрингда манга не сабр қолди, не сабот,
Ё кел бу сориға ё мени ўзунгга қот!
* * *
Бу қозийи фосиқки, йибордим санга бот,
Сен доғи узатқил боту ҳам бадрақа қот!
Гар хотиринг истаса йиборгил савғот:
Маъжуну шаробу оби норанжу набот.
* * *
Келди рамазону мен тақи бодапараст,
Ийд ўлди-ю, зикри, май қилурмен пайваст.
Не рўзаю не намоз йиллар, ойлар;
Тун-кун маю маъжун била девонаю маст.
* * *
Бўлдум мени ошуфтаи ҳайрон мардуд,
Қилғил мададеки, бўлди имкон нобуд.
Дунё била уқбода ружуъум сангадур,
Эй икки жаҳонни шаҳи Султон Маҳмуд!
* * *
Мутрибки, унини ҳар киши гўш қилур,
Жон бирла кўнгулни зору мадҳуш қилур.
Мақсуд недурки, элни ёд этганда,
Ул доирада бизни фаромуш қилур?
* * *
Душманники, бу даҳр забардаст қилур,
Нахват майидин бир неча кун маст қилур.
Ғам емаки, еткурса бошини кўкка,
Охир яна ер киби они паст қилур.
* * *
Кўзунг бори соғларни маст этгусидур,
Ғамзанг бори мастларни паст этгусидур.
Кўп зоҳиду порсони Бобур янглиғ
Лаълинг хаваси бодапараст этгусидур.
* * *
Ишлар бори кўнгулдагидек бўлғусидур!
Инъому вазифа — бори буйрулғусидур!
Ул ғаллаю мухмалки, деб эрдинг, бердим,
Муҳмалға бўю ғалладин уй тўлғусидур!
* * *
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур!
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур!
Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур!
* * *
Бу телба кўнгулки, ишқ анинг судидур,
Аҳбобнинг ихтилоти мақсудидур.
Ҳижрон чекиб, аҳбобни ҳар кимки кўрар,
Хуш давлатию толеи масъудидур.
* * *
Ҳижрон қафасида жон қуши рам қиладур,
Ғурбат бу азиз умрни кам қиладур.
Не навъ битай фироқу ғурбат шарҳин —
Ким, кўз ёши номанинг юзин нам қиладур.
* * *
Жисмимда иситма кунда мақкам бўладур,
Кўздин учадур уйқу чу ахшам бўладур.
Ҳар иккаласи ғамим била сабримдек,
Боргон сори бу ортадур, ул кам бўладур.
* * *
Ё Раб, менда не яхши толеъ бордур —
Ким, бахти мутиъю ёри тобеъ бордур.
Маъзур тут ар васлингга кечроқ етсам,
Не чора қилай, озғина монеъ бордур.
* * *
Хотирни баҳор фаслида гашт оладур,
Кўз нурини ранги лолаю дашт оладур.
Хуш улки, толаларда юруб сайр этса,
Бу фаслдаким, латифу дилкаш толадур!
* * *
Эйким, қуёш ул юзунг, ҳилол ул қоштур!
Пўлоддурур кўнглушту бағринг тоштур!
Номамға агар яхши жавобинг йўқтур,
Сўкмак била ёд айласанг хам хуштур!
* * *
Ҳажри аро орому қарорим йўқтур,
Васлиға етарга ихтиёрим йўқтур.
Кимга очайин розки, йўқ махрами роз,
Ғам кимга дейинки, ғамгусорим йўқтур.
* * *
Улким, анга илм ичра ғолиб йўқтур,
Дерларки, бери келурға роғиб йўқтур.
Дедимки, бу сўз рост эмастур, негаким,
Толибни тилар андаки, толиб йўқтур.
* * *
Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!
Сарриштаи айшдин кўнгулни зинҳор
Уз, оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур!
* * *
Қайғунгни чека-чека қорибтур Бобур,
Раҳм айлаки, ўзидин борибтур Бобур.
Норанж йиборди еенгаки, билгайсен,
Яъники, бу навъ саргорибтур Бобур.
* * *
Бобур, неча бу даҳр мени зор айлар,
Сабримни каму ғамимни бисёр айлар.
То даҳрдурур, будур анинг расмиким,
Ойриб кишини азизидин хор айлар.
* * *
Қиш бўлди-ю, бўлди борча тому тош қор,
Жамъияти бор кишига бордур хуш қор.
Бу қишда ёмон йўлу паришон ҳолим,
Ё Раб, мени яхшилиғ сори бошқор!
* * *
Арбоби ҳасад сўзига буттунг ўхшар,
Бегоналиғ атворини туттунг ўхшар.
Бир доғи соғинмадинг бу фурсатта мени,
Мен хастани, эй ёр, унуттунг ўхшар.
* * *
Васлингга кўнгул қиёссиз толибтур,
Ҳажринг аро ихтиёрсиз қолибтур.
Муштоқлиғим шарҳини дей олмасмен,
Дийдоринга иштиёқ кўп голибтур.
* * *
Эй боди сабо, айла Хуросонға гузар,
Мендин дегил ул ёри паришонға хабар.
Неча сафар ўз кўнглунг учун қилғайсен,
Эмди бизинг учун айла бу ёнға сафар.
* * *
Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,
Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.
Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.
* * *
Қиш гарчи замони манқалу оташтур,
Лекин бу шито Ҳиндта кўп дилкаштур.
Ҳангоми нишоту бодаи беғаштур,
Май бўлмаса, маъжун доғи бўлса хуштур.
* * *
Аҳбобки, базмида гулистон хастур,
Йўқ лек алар базмида бизга дастур.
Гар сизда ҳзур бирла жамъият бор,
Юз шукр, бу жамъ беҳузур эрмастур.
* * *
Юз шукр де, Бобурки, карими Ғаффор,
Берди санга Синду Ҳинду мулки бисёр.
Иссиклиғиға гар сенга йўқтур тоқат,
Совуқ юзини кўрай десанг, Ғазни бор.
* * *
Кўнглумда ўту икки кўзумда судур,
Мен хастаға раҳм қилки, ҳолим будур.
Ғам кундузию фироқ шоми янглиғ,
Тун-кун менга не қарору не уйқудур.
* * *
Бу ёғлиғким, «Боғи жаҳон» чоғлиқдур,
Жон риштаси ҳар риштасиға боғлиқдур.
Тан тори юзум олтунидектур сенсиз,
Кўр ул иккидин намуна бу ёғлиқдур.
* * *
Жисмимда иситма тобидин оташдур,
Жонимға балою ғусса бебаркашдур.
Кўп дард ила ғамдин манга нохушлуқ эди,
Сен сўрғали, эй ҳабиб, кўнглум хушдур.
* * *
Девонима не рабту не тартибдурур,
Не жадвалу не лавҳу не тазҳибдурур.
Гар санга йибордим ани, айб айламаким,
Девонингни тиларга тақрибдурур.
* * *
Эй қўрғон эли, қолдиму дармонларингиз?
Чиқмай, недурур бу жахл қилгонларингиз?
Жондек кишилар очлиғидин чун чиқадур,
Сиз чиқмасангиз — чиқса керак жонларингиз!
* * *
Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз!
Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз!
Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун,
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз!
* * *
Ҳажринг ғамидин оқибат ўлгум, қаро кўз,
Юз ғуссаю андух. ила боргум, қаро кўз.
Васлинг била қилмадинг иложин, Бобур,
Мушкилки, фироқингда тирилгум, қаро кўз.
* * *
Озор ила неча гуфтугў қилғайсиз?
Озурда бўлурни жустужў қилғайсиз.
Мунчаки, кўнгулларга етишти озор,
Май бирла магарки шустушў қилғайсиз?
* * *
Ҳаммомки, то маскани жонона эмиш,
Анда парилар ҳусниға девона эмиш.
Ул худ паридур, борча мулозимлари ҳам,
Алқиссаки, ҳаммом парихона эмиш!
* * *
Ҳусн ахлиға зору мубтало кўз эрмиш,
Жоним била кўнглумга бало кўз эрмиш.
Фахм айладим эмди, Бобуро, ишқ ичра
Кўзумни қорортқон қаро кўз эрмиш.
* * *
Қар ҳазки, халойиқ андин айрилмас эмиш,
Ул ҳаз мазасию қадрини билмас эмиш.
Маъжуну баситу бўзаю лутеки,
Бир журъа чогар дурди ишин қилмас эмиш.
* * *
Бу хаста кўнгул эрди висолинг била хуш,
Жоним ҳам эрур сенинг жамолинг била хуш.
Ҳижрон ғами гарчи асру нохуштур, лек,
Фикринг била шодмен, хаёлинг била — хуш.
* * *
Чун борди Худой раҳматиға ул ёш,
Не фойда тўкмак ғами ҳижронида ёш.
Ул ёш ғами ҳижронида кўп ёш тўктунг,
Бир ёшинг учун Худой берсун юз ёш!
* * *
Гар водийи хажринг аро бўлдум ноқис,
Айб айламаким, хрдисаедур ходис.
Қавми ажабе чоғирға қилди тарғиб,
Амри ажабе хажрға бўлди боис.
* * *
Эйким, бори шеър аҳлиға сен хон янглиғ!
Шеъринг бори шеърларга султон янглиғ!
Мазмуни анинг хатти саводий ичра,
Зулмат аросида оби қайвон янглиғ!
* * *
Не ёр вафо қилғуси охир, не ҳариф,
Не сайфу шито қолғуси боқий, не ҳариф,
Юз хайфки, зоеъ ўтадур умри азиз,
Афсуски, ботил борадур умри шариф.
* * *
Андин бериким, қасдим учун турди фироқ,
Юз дарду аламни манга еткурди фироқ,
Мени эшикингдин, нетайин, сурди фироқ,
Қил чора, йўқ эрса мени ўлтурди фироқ.
* * *
Май таркини қилғали эрурмен ғамлиқ,
Бор тийра кўнгулга ҳар замон дарҳамлиқ.
Ғам бирла фасурдалиқ халок этти мени,
Май бирла эмиш шодлиғу хуррамлиқ.
* * *
Олудаи юз туман маосий бўлмоқ,
Юз ранжу туман азоб хоси бўлмоқ.
Кўп яхши экин ах,ли хираднинг қошида —
Ким, оғритибон атони осий бўлмоқ.
* * *
Ким ёр анга илм, толиби илм керак,
Ўргангали илм толиби илм керак!
Мен толиби илму толиби илме йўқ,
Мен бормен илм толиби — илм керак.
* * *
Юзунг била лабларинг эрур гул, мулдек,
Балким, юзунг олида эрур гул қулдек.
Бобур киби ишқдин дам урмайдур эдим,
Эй гул, мени ишқинг айлади булбулдек.
* * *
Бобурни бурун маҳрами асрор эттинг,
Васлингға бериб йўл, ўзунга ёр эттинг,
Охир бординг, доғи они зор эттинг,
Ҳижрон алами бирла гирифтор эттинг.
* * *
Лутф эттингу кўнгул била жон ўргаттинг,
Васлинг била, эй жону жаҳон, ўргаттинг.
Бу қотла ёмонроқ ўлса ҳолим сенсиз,
Айб айламагайсенки, ёмон ўргаттинг.
* * *
Хаттинг била кўнглакингки, ирсол эттинг,
Қайғу била меҳнатимни помол эттинг.
Ул хат била хотиримни хурсанд айлаб,
Бу кўнглак ила кўнгулни хушҳол эттинг.
* * *
Кўз шамъини ёрутқали махваш келдинг,
Сабр уйини куйдурғали оташ келдинг,
Қилдинг мени келганинг била миннатдор,
Раҳмат сенга, яхши келдингу хуш келдинг!
* * *
Сенсиз неча ғам бирла малоле кўралинг,
Ҳажринг неча бўлғуси, висоле кўралинг.
Ҳажрингда неча хаёл ила ўткаралинг,
Лутф айла-ю келгилки, жамоле кўралинг!
* * *
Эйким, ясабон юзунгни хуршид эттинг,
Фурқат аламини жонга жовид эттинг.
Мен сени дедим, сен ўзгани қилдинг ёд,
Навмид ўлғил, чун мени навмид эттинг.
* * *
Ётларни, керакки, ошно кам қилсанг,
Ҳар кимки вафо қилса, жафо кам қилсанг.
Навмид бўлур борча вафодорларинг
Гар шоҳ назаринг бирла вафо кам қилсанг.
* * *
Ҳижрон аро ёд этиб, мени шод эттинг,
Маҳжур кўнгулни ғамдин озод эттинг.
Не лутф эди, дей, ҳури паризод эттинг,
Гўёки бузуқ Каъбани обод эттинг!
* * *
Ҳар ердаки гул бўлса, тикон бўлса, не тонг?!
Ҳар қандаки май дурдидан бўлса, не тонг?!
Шеъримда агар хазл, агар жид, кечурунг,
Яхши борида агар ёмон бўлса, не тонг?!
* * *
Ҳижрон ғамидин неча шикоят қилолинг,
Келгилки, висолдин ҳикоят қилолинг.
Тенгри ҳақи, бизни деб агар сен келсанг,
Кўнглунгдагидек лутфу иноят қилолинг.
* * *
Келгилки, даме ўлтурубон май ичолинг,
Дунё ғаму ранжидин замоне кечолинг.
Чун айшу нишот лашкари саф тузди,
Эй меҳнату ғусса хайли, сизлар сижолинг!
* * *
Кўрдунг, доғи кўзушта гирифтор эттинг,
Сўрдунг, доғи сўзушта гирифтор эттинг.
Бу табъу камолинг била ўз бошинг учун,
Бошдин мени ўзунгга гирифтор эттинг.
* * *
Эй ёр, ҳазин кўнглумни ёд айламадинг,
Меҳрингни кам айладинг — зиёд айламадинг.
Ё менда гунаҳ бордур, унуттунг ё сен,
Оё, не жиҳатдурурки, ёд айламадинг?
* * *
Ё қаҳру ғазаб бирла мени туфроқ қил!
Ё баҳри иноятингда мустағрақ қил!
Ё Раб, сенгадур юзум — қаро, гар оқ қил,
Ҳар навъ сенинг ризонг эрур, андоқ қил!
* * *
Ноз уйқусидин бирор замон ойилғил!
Гулдек кулуб, эй ғунчадахан, очилғил!
Кўнглумни иликладинг чолиб чанг, эй ёр,
Чангингдадурур кўнгул — навозиш қилғил!
* * *
Доим соғиниб, кўнгулни ол, хуш қолғил!
Раҳмат назарини менга сол, хуш қолғил!
Нохуш эди буки, мен ёмон бордим, лек,
Сен лолаузор, яхши қол, хуш қолғил!
* * *
Эй ел, бориб аҳбобқа номимни дегил!
Ҳар ким мени билса, бу паёмимни дегил!
Мендин демагил гар унутултон бўлсам,
Ҳар кимки мени сўрса, саломимни дегил!
* * *
Наққош, менинг ҳолима тадбир этгил,
Бир ёғлиғ аро кашида тахрир этгил.
Ул сафхада мен хаёл қилгон янглиғ,
Ул ёрға мушкилимни тақрир қилғил.
* * *
То қилғали зикр табъ номини кўнгул,
Вирд айлади табъ аҳли каломини кўнгул.
То ҳажр ғаму меҳнати таскин топқай,
Истайдурур аҳбоб паёмини кўнгул.
* * *
Ғавтода май иртикоб қилмоқ мушкил,
Жонға куч ила азоб қилмоқ мушкил,
Бўлмай доғи маст хоб қилмоқ мушкил,
Аҳбобдин ижтиноб қилмоқ мушкил.
* * *
Эй ёр, сенинг васлинга етмак мушкил,
Фархунда ҳадисингни эпштмак мушкил,
Ишқингни доғи бартараф этмак мушкил,
Бошни олибон бир сари кетмак мушкил.
* * *
То водий ҳажрингда қилибмен манзил,
Суврат била гарчи айрумен мен бедил.
Валлаҳки, эй ёр, сенинг ёдингдин
Бир лаҳзаю бир замон эмасмен ғофил.
* * *
Жониға етишти тузу тоғ бирла кўнгул,
Дардини тугатмас иситмоғ бирла кўнгул.
Ғурбатда оёқ бирла бадан етмасдек,
Юз шукрки, тинчдур қулоғ бирла кўнгул.
* * *
Яксон караминг қошида мудбиру муқбил,
Осон сенинг оллингда жамиъи мушкил.
Ё лутфу иноят онча қилким, кўтарай,
Ё қаҳру ғазабни тоқатим борича қил.
* * *
Юз ҳамд ангаким, ҳамдин анинг аҳли мақол,
Юз йил десалар тугатмаги амри маҳол.
Васфида хирад ожиз эрур, нотиқа — лол,
Не навъ сифат қилай они жалла Жалол.
* * *
Аъзою жавориҳингни ҳозир қилғил,
Жон бирла кўнгул ҳoзиру нозир қилғил.
Ҳар лаҳза бир андишаю бир фикрни қўй,
Андишаю фикрингни борин бир қилғил.
* * *
Кўзунгдин эрур, назора қил, хасталиғим,
Қошингдин эрур ғам била пайвасталиғим.
Бошимни олиб кетгай эдим юз қотла,
Бўлмаса эди сочингға дилбасталиғим.
* * *
Сенинг била менки, ошнолиғ қилдим,
Ишқингни ҳазин жонға балолиғ қилдим.
Кўрмай-билмай мени вафосиз дебсен,
Мен сенга не навъ бевафолиғ қилдим?
* * *
Кўнглум тилаги висол эмиштук, билдим,
Ул васл доғи маҳол эмиштук, билдим.
Ҳар қандаки бўлса меҳрибондур, дер эдим,
Ул доғи ғалат хаёл эмиштук, билдим.
* * *
Зулфиға кўнгул қўюб, паришон бўлдум,
Кўз олдурубон юзига, ҳайрон бўлдум.
Чин дей сенга, Бобуроки, ошиқлиғда,
Ҳар неки қилиб эдим, пушаймон бўлдум.
* * *
Ҳуснунг сифатини эшитиб зор ўлдум,
Кўрмай сени ишқингға гирифтор ўлдум.
Сўрғилки, ғаминг фироқи беҳол этти,
Кўргилки, кўзунг ҳажрида бемор ўлдум.
* * *
Ҳижронда, сабо, етги фалакка оҳим,
Гар ул сори борсанг, будурур дилхоҳим-
Ким, арзи дуо ниёз ила қилғайсен,
Гар сўрса мен хастани гулруҳ моҳим.
* * *
Йиллар тилаб, ишни қобу сахлаб турдум,
Юз жаҳд била ишни мунга еткурдум.
Мардона бўл, эмди яхшидур иш келиши,
Тенгрига сени, элни сенга топшурдум.
* * *
Гар Руҳдам этса эрди оҳанги нағам,
Мажлисда не ҳузн қолур эрди, не ғам.
То борғали Руҳдам бизинг мажлисдин,
Мажлис элига не руҳ қолди-ю не дам.
* * *
Ўт солди кўнгулга ранжу бетоблиғим,
Сув қилди бу хаста жонни беоблиғим.
Бу иккаласи агарчи бор муҳлику саъб,
Лек ўлтурадур тонгғача бехоблиғим.
* * *
Эй гул, не учун қошингда мен хор ўлдум?
Юз меҳнату андуҳ била ёр ўлдум!
Васлинг била бисёр севиндум аввал,
Қажринг била оқибат гирифтор ўлдум.
* * *
Юз номаи иштиёқ таҳрир эттим,
Юз навъ била васлинга тадбир эттим.
Маъзур тут, эй қуёшки, толеъ йўқидин
Васлинга етар маҳалда тақсир эттим.
* * *
Ёр ёғлиғидин кўнгулни хурсанд эттим,
Руҳум қушини тори била банд эттим,
Кўнглумни не навъ узай ўшал ёғлиғдин,
Жон риштасини ториға пайванд эттим.
* * *
Бемеҳр деса эл сени, мен бутмас эдим’,
Ҳаргиз бу сифатни сенга ёвутмас эдим.
Ноҳақ оғриб, мени унуттунг охир,
Валлоҳки, сендин бу тамаъ тутмас эдим.
* * *
Ислом учун овораи ёзий бўлдум,
Куффору ҳунуд ҳарбсозий бўлдум.
Жазм айлаб эдим ўзни шаҳид бўлмоққа,
Алминнатулиллоҳки, ғозий бўлдум.
* * *
Ҳар кунда юзунгни кўрмак эрур хавасим,
Ҳар кеча сочинг хаёлидур ҳамнафасим.
Исо дамидин руҳ берур жисмимға,
Сенинг соридин паём келтурса насим.
* * *
Қотингда агар гунох. гоҳе қилдим,
Юз қотла надомат била оҳе қилдим,
Қилдим ёмону асру табоҳе қилдим,
Лутфунг била сен кечур — гуноҳе қилдим.
* * *
Аҳбоб унутмаса керак аҳди қадим,
Еткурса керак хабар гаҳи пайки насим.
Бобур, чу умид ила қилур арзи ниёз,
Шоядки, қабул айлагай табъи салим.
* * *
Бу олам аро ажаб аламлар кўрдум,
Олам элидин турфа ситамлар кўрдум,
Ҳар ким бу «Вақоеъши ўқур, билгайким,
Не ранжу не меҳнату не ғамлар кўрдум.
* * *
Ҳаммомки, арк ичинда пайдо қилдим,
Соғинмаки, судин табарро қилдим.
Суд ушбу эмасмуким, тадбир била
Покиза баданларни тамошо килдим.
* * *
Юз шукр қилайки, ёна ошиқ бўлдум,
Оламға бўлуб фасона, ошиқ бўлдум.
Яхши сўзунггу васфи жамолинг эшитиб,
Кўрмай сени гойибона ошиқ бўлдум.
* * *
Ҳаммомки, қилдим кўрунгизким, айём,
Ўхшатти анинг бори иши манга тамом.
Кўз ёшию кўнгул ўти бирла мендин
Гулчеҳралар истабон юруйдур ҳаммом.
* * *
Ул юзи қуёшки, бордур ойдин афзун,
Ҳусн ичра ул ой оллида хуршид забун.
То бир кун ул ойдин навозиш топқай,
Кўк доира бўлди-ю, жаложил ою кун.
* * *
Ишқинг йўлида фироқ ила нетгаймен?
Бир йўл кўрсатки, васлинга етгаймен!
Васлинг манга гар муяссар ўлмас бўлса,
Бошимни олиб бир сориға кетгаймен!
* * *
Васфингни неча улусдин эшитгаймен,
Не навъ қилиб висолинга етгаймен?
Гар васл муяссар ўлмаса нетгаймен?
Бошимни олиб қай сориға кетгаймен?
* * *
Ул хатки, мен анда сени ёд этгаймен,
Кўз оқида, кошки, савод этгаймен.
Кирпиклардин анга қалам рост қилиб,
Кўз қорасидин анга мидод этгаймен.
* * *
Бир гўшаи боғ ўлсаю сен бўлсангу мен,
Май қуйсоқ икимиз қадаҳ ичра бир ҳин.
Ондин сўнгра аёқ иликка олибон,
Сен тутсангу мен ичсам, мен тутсаму сен.
* * *
Беқайдмену ҳароби сийм эрмасмен,
Ҳам мол йиғиштирур лаим эрмасмен.
Кобулда иқомат этти Бобур дерсиз,
Андоқ демангизларки, муқим эрмасмен.
* * *
Меҳринг недурур — бурун чу бор, жавр — кейин,
Бефоида ишқинг ғамини неча ейин.
Ҳолимни неча десам, демассен мени ёр,
Сен демасанг «Эй ёр!» мени, мен не дейин?!
* * *
Ҳажрингда не қон қолдики, ютмайдурмен?!
Кўз ёшини бир лаҳза қурутмайдурмен.
Дийдорингнинг ҳаққини, эй юзи қуёш,
Тенгри ҳақи, бир зарра унутмайдурмен.
* * *
Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен,
Сен шуъласен, ул шуълаға мен кулдурмен.
Нисбат йўқтур, деб ижтиноб айламаким,
Шаҳмен злга, вале сенга қулдурмен!
* * *
Хаттимни кўруб, сўзумни чун билгайсен,
Келмакта бизга ел киби елгайсен.
Ихлосингни билиб йибордим қосид,
Раҳмат сенга, зинҳорки, бот келгайсен!
* * *
Ул бордики, ишрат орзу қилғайсен,
Ишрат тиламакликта ғулу қилғайсен.
Чун айшу фароғ мумкин эрмас зинҳор,
Бобур, ғаму меҳнат била хў қилғайсен.
* * *
Аҳбобға ҳар хатки, савод этгайсен,
Бизни доғи ул битикда ёд этгайсен.
Мақсудки, қосиди агар келса бу ён
Бир нома била кўнгулни шод этгайсен.
* * *
Ҳижронда соғиниб, мени шод этгайсен,
Мен хастани мухлис эътиқод этгайсен.
Бу хатни анинг учун битидим мунда,
Кўргач бу хатимни мени ёд этгайсен.
* * *
Неча менга жавр муттасил қилғайсен?
Меҳринг йўқу неча мунфаил қилғайсен?
Жаврингни кўруб, меҳони кўрмай кеттим,
Гар кўрсаму кўрмасам биҳил қилғайсен.
* * *
Захмингни кўнгул тилар — анго қилғайсен,
Захмингни кўнгулга бехато қилғайсен.
Тил ики алиф кўксума, наъл ўртадаким,
Кўнглум тиларин ҳаққин адо қилғайсен.
* * *
Хуш улки, келиб ёнимда ўлтурғайсен,
Ё бир нафас оллимда келиб турғайсен.
Оғзингға ўпар сўзин битий олмасмен,
Боргон кишидин оғиз сўзин сўрғойсен.
* * *
Давлат била шоду шодмон бўлғойсен,
Шавкат била маигҳури жаҳон бўлғойсен.
Кўнглунгдагидек даҳр аро ком суруб,
Бу даҳр боринча Комрон бўлгойсен.
* * *
Эйки, ёролиғ жисмима марҳам сенсен,
Мажруҳ кўнгулға ништар хам сенсен.
Гаҳ шоду гаҳи ғамгин эсам, айб этма-
Ким, боиси шодмонлиғу ғам сенсен.
* * *
Жонимда менинг ҳаёти жоним сенсен,
Жисмимда менинг руҳу равоним сенсен.
Бобурни сенингдек ўзга йўқ ёри азизи,
Алқиссаки, умри жовидоним сенсен.
* * *
Эйким, манга мужда бердинг ул жонондин,
Қилдинг мени озод ғами ҳижрондин.
Бу муждани не навъ сифат қилғаймен,
Гўёки, хабар бердинг ўлукка жондин.
* * *
Даврон мени ўткарди сару сомондин,
Ойирди мени бир йўли хонумондин.
Гаҳ бошима тож, гаҳ. балойи таъна,
Неларки, бошимға келмади даврондин.
* * *
Сўз сўрғали лаъли нуктадонинг топмон,
Юз суртгали ул остонинг топмон.
Беному нишонлиғ истасам, не тонгким,
Номингни эшитдиму нишонинг топмон.
* * *
Аҳбоб йиғинидин неча қолғоймен,
Ўзумни нетиб ул ароға солгоймен?!
Борсам дағи анда меҳмон касратидин,
Маълум эмаски, ер топа олғоймен.
* * *
Эл суҳбатиники, орзу қилмишмен,
Не хушлуғ ила бу гуфтугў қилмишмен.
Ишрат била айшни не иш қилғоймен,
Менким, ғаму меҳнат била хў қилмишмен.
* * *
То тарки маноҳию шароб этмишмен,
Нафсимға Худой учун азоб этмишмен.
Тавба эшиги ҳануз очуқ эрди,
Бу тавбада бир нима шитоб этмишмен.
* * *
Май таркини қилғали паришондурмен,
Билмон қилур ишимнию ҳайрондурмен.
Эл барча пушаймон бўлуру тавба қилур,
Мен тавба қилибмену пушаймондурмен.
* * *
Ишқинг мени қилди асру шайдо, нетайин?
Олам элига айлади расво, нетайин?
Жонимни фидо қилиб санга, андин сўнг
Дерменки, сени жон этай, аммо нетайин?
* * *
Васлингни тилаб неча, сабодин билайин,
Келгилки, қуюндек бошингга эврулайин.
Гар келмасанг, истасанг мени хидматингга,
Бошимни қадам қилиб, қадамға келайин.
* * *
Ишқ ишини боштин яна бунёд этайин,
Ишқинг ғами бирла хотирим шод этайин.
Дебсенки, унутма мени ҳижрон аро, вой,
Сени унутуб, не кишини ёд этайин?!
* * *
Ёринг сенинг илоҳий «Таборак» бўлсун!
Душманларингга тўъма палорак бўлсун!
Мулкунгда фароғат била хонликлар қил,
Мулкунг била хонлиғинг муборак бўлсун!
* * *
Бесабрмену бесару сомондурмен,
Бир ғамзададурмену паришондурмен.
Не диннинг ишин қилдиму не дунёнинг,
Ё Раб, нетай, ўз ишимга ҳайрондурмен.
* * *
Ул шўхки, билдурди вафодорлиғин,
Тарк айлади гўёки ситамкорлиғин.
Лутф айлади — ёрлиққа фармон берди,
Аъдо била ёрдур, нетай ёрлиғин?!
* * *
Сенинг била сўз муқаррар андоқ қилайин,
Оламда сени мўътабар андоқ қилайин.
Тенгри хақи, бу хидмат агар сен қилсанг,
Ҳар навъки, кўнглунг тилар — андоқ қилайин.
* * *
Нисён қаламин неча менга сургайсан,
Вақт ўлдики, хажр номасин бургайсен.
Будур тилагим — хатимни чун кўргайсен,
Албатта, ўзунгни манга еткургайсен!
* * *
Кечрак келасен, бу хастадин тўйдунгму?
Дил сафҳасидин ҳарфи вафо йўйдунгму?
Номусу уёт керак, уй, от саҳлдурур,
Юз қўй учун ул эшикка юз қўйдунгму?
* * *
Ғам хонаси сори гузар, эй жон, қилма!
Ишрат уйини кулбаи аҳзон қилма!
Зулфунг киби кўнглумни паришон айлаб,
Лаълинг киби бағримни тўла қон қилма!
* * *
Ҳар зулфтин, эй кўнгул, паришон бўлма,
Ҳар юзга ҳам асру зору ҳайрон бўлма.
Мен сенга демонки, тарки ишқ эт, лекин,
Андоқ қилким, сўнгра пушаймон бўлма!
* * *
Мунча мени зор, эй юзи хуршид, этма,
Фурқат аламини менга жовид этма.
Тенгридин агар сенинг умидинг бордур,
Тенгри учун, эй ой, мени навмид этма.
* * *
Давлатқа етиб, меҳнат элин унутма!
Бу беш кун учун ўзунгни асру тутма!
Борғонни, кел эмди, ёд қилмай, эй дўст,
Бориш-келишингни лутф этиб, ўксутма!
* * *
Ҳижрон аро ёд этиб, мени шод айла,
Маҳжур кўнгулни ғамдии озод айла.
Бу хатни анинг учун битидим мунда,
Кўрган сойи хаттимни мени ёд айла!
* * *
Кўз равшан эди сенинг жамолинг бирла,
Кўнгул хуш эди сенинг висолинг бирла.
Бас тийраю нохуш этти ҳажринг бизни,
Эмди қилалинг хўй хаёлинг бирла.
* * *
Сен анда фароғу айшу ишрат бирла,
Мен мунда ҳароб ранжу меҳнат бирла.
Асрармен ўзум бирла сени нақш қилиб,
Хурсанд бўлурмен ушбу суврат бирла.
* * *
Нетгай киши бу фалак нифоқи бирла,
Этгай бу фалак оту сўроқи бирла.
Гаҳ тиргузадур висол айёмидин,
Гаҳ ўлтурадур шоми фироқи бирла.
* * *
Рафгорию қаддиға равоним садқа,
Бир боқишиға икки жаҳоним садқа.
Оғзию белига буду нобудум сарф,
Кўзию лабиға жисму жоним садқа.
* * *
Бобур мутаважжиҳ ўлса Лангар сориға,
Қилмас назари бихишту кавсар сориға.
Сендин тилагумдур мадад, эй шоҳ Ғиёс,
Ҳар вақтки, азм айласам ҳар сориға.
* * *
Азм айла, сабо, ет гули хандонимға,
Не гулки, қуёшдек маҳи тобонимға.
Етгил доғи иштиёқ ила Бобурдин,
Зинҳор дегил салом туққонимға!
* * *
Келдим санга юз умид бирла, эй моҳ,
Лекин, бордим юзунгни кўрмай, юз оҳ,
Ҳамсуҳбату ҳамраҳни нетай бу йўлда?
Дардинг менга ҳамсуҳбату ишқинг ҳамроҳ.
* * *
Не хеш мени хушлару не бегона,
Не ғайр ризо мендину не жонона.
Ҳар нечаки яхшилиқта қилсам афсун,
Халқ ичра ёмонлиғ била мен афсона.
* * *
Бу даҳр аро гар эҳтимоли бўлса,
Мендек сенга ёри лоуболи бўлса.
Ул ёр басе нозику йўқ менда адаб,
Мендин, не ажаб, агар малоли бўлса.
* * *
Ёр улдурким, шеърға майли бўлса,
Нетгай киши шеър ғайр хайли бўлса?!
Ағёрнинг озорини ҳар ҳол била
Чеккаймен агар ёр туфайли бўлса.
* * *
Дунё бориси манга мусахҳар бўлса,
Уқбода доғи Худой ёвар бўлса.
Будур тилагим икки жаҳонда Ҳақдин,
Ҳар не тиласам, бори муяссар бўлса!
* * *
Бобур била Мир иттифоқи бўлса,
Йўқтур ғам агар жаҳон нифоқи бўлса.
Будур тилагимки, шоҳ даргоҳида
Мен банда учун ҳамиша боқий бўлса!
* * *
Кўнглушта нечаки, сайр матлуб ўлса,
Аҳбобни сўрмоқ доғи марғуб ўлса.
Гар ҳажринг имтидоди мундин ортар,
Қолмас манга сабр — сабри Айюб ўлса.
* * *
Хуш улки, баҳор фасли бу дунёда,
Бўлғай тараб асбоби бори омода.
Гар бўлмаса асбоб, этолинг дангона,
Мендин газаку таом, сендин — бода.
* * *
Аҳбобқа қилсанг гузар, эй ел, ногоҳ,
Ул жамъни бу сўзумдин этгил огоҳ.
Сиз кўргандек эсон-саломаттурмиз,
Сиз доғи эсон бўлғосиз, иншооллоҳ!
* * *
Жон вола эрур лаъли шакарборингға,
Кўнглум ҳам эрур ҳароб руҳсорингға.
Гуфторинг эрур бошдин-аёқ борчаси хўб,
Мен банда бўлай боштин-аёқ борингға.
* * *
Эй, ой юзунг оллида қуёш шарманда,
Ширин сўзу яхши хулқунгга мен банда,
Ҳижронда неча нома била сўзлашалинг,
Ё сен бери кел, ё борайин мен анда.
* * *
Неча бу фалак солғуси ғурбатқа мени,
Ҳар лаҳза тугонгусиз машаққатқа мени.
Не чора қилай, нетайки, Тенгри гўё,
Меҳнатни менга яратти, меҳнатқа — мени.
* * *
Бедард ҳабиб билмади дардимни,
Туфроқча кўрмади руҳи зардимни.
Мендин неча кўнглида ғубори бўлғай,
Кеттим муна, эмди топмағай гардимни
* * *
Кўнгли тилаган муродиға етса киши,
Ё борча муродларни тарк этса киши.
Бу икки муяссар ўлмаса оламда,
Бошини олиб бир сориға кетса киши.
* * *
Ёд этмас эмиш кишини ғурбатта киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатта киши.
Кўнглум бу ғариблиқда шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатта севунмас эмиш, албатта, киши.
* * *
Оворалиғ асру хонумондин яхши,
Бир гўша манга икки жаҳондин яхши.
Овора бўлурни яхши эрмас демагил,
Бўлсам агар овора, не ондин яхши?!
* * *
Ҳар сўзники дермен санга, лоф ўлмағуси,
Бемаънию ҳарзаю газоф ўлмағуси.
Ул ишта агар мухолафат айларсен,
Тенгри ҳақи, бу сўзда хилоф ўлмағуси.
* * *
Эй ёр, жафо расми чиқормоқ не эди?!
Ё меҳр гиёҳини қўпормоқ не эди?
Бир меҳр, яна лутф, яна жавр недур?
Бир бордингу келдинг, яна бормоқ не эди?
* * *
Гар меҳр била бу чарх эврулса эди,
Жонлардин анинг жавфи керак тўлса эди.
Бобур киби жонға меҳр боғлар эрдим,
Гар ушбу жаҳонда меҳр, жон бўлса эди.
* * *
Ҳолимға, керак, ҳабиб эврулса эди,
Ишрат қадаҳи ҳабибдин тўлса эди.
Хуш вақттурур ёз, вале нохушмен,
Хушвақт бўлур эдим, чоғир бўлса эди.
* * *
Жон аҳди бор, эй нигор, етмасму эди?
Ул аҳд била қарор етмасму эди?
Эмди доғи васл интизорин берасан,
Мунча маҳал интизор етмасму эди?
* * *
Ғурбат туғи ёпқон руҳи зардимниму дей?
Ё ҳажр чиқаргон оҳи сардимниму дей?
Ҳолинг недурур? Билурмусен дардимни?
Ҳолингаи сўрайму, йўқса дардимниму дей?!
* * *
Ишванг била ғамзангаию нозингниму дей?
Жаврунг била сўзунггу гудозингниму дей?
Сўзунг, қилиғинг, навозишингму айтай?
Овозу усулингнию созингаиму дей?
* * *
Кўзум уйи юзидин мусаввар бўлди,
Бу важҳ била кўнгул мунаввар бўлди.
Юз шукрки, Бобур киби ошиқликда,
Ҳар неки тилаб эдим — муяссар бўлди.
* * *
Хаттингни кўруб, кўнгулга ҳайрат бўлди,
Шеъринг эшитиб, жонға мусаррат бўлди.
Бу неча маҳал тағофул эттинг, демагил,
Толеъ йўқ эдики, мунча ғафлат бўлди.
* * *
Эй пайк, бориб сано била қуллуқ, де!
Ер ўп, доғи қўп, адо била қуллуқ, де!
Гар ёр мени хастани сўрса зинҳор,
Мендин юқунуб, дуо била қуллуқ, де!
* * *
Номангки, тириклигим нишони эрди,
Ҳар сатри ҳаёти жовидони эрди.
Ҳар лафзида ошкор юз ҳарфи вафо,
Ҳар ҳарфда юз меҳр ниҳони эрди.
* * *
Ҳажрингда бу тун кўнгулда қайғу эрди,
Васлингға етишмадим — жиҳат бу эрди:
Оҳим тутуни бирла кўзумнинг ёшидин
Йўл балчиқ эди, кеча қаронғу эрди!
* * *
Ҳажрингда, агарчи жонға бедод эрди,
Сенсиз манга юз фиғону фарёд эрди.
Фикрингдин эрди, валек, хурсандлиғим,
Зикринг била бу хаста кўнгул шод эрди.
* * *
Хотирға хутур этти бу сўз ёнгла, ахий,
Айтай сенга, сен қулоқ солиб онгла, ахий.
Умрунгни бу кун хуш кечир аҳбоб илаким,
Топилмагусидур ушбу кун тонгла, ахий.
* * *
Эшитса киши бу шўру шеван, не дегай?
Доим бу тарийқ ичкуни кўрган не дегай?
Душман сўзига кирма, эшит дўст сўзин,
Эшитмаса сўзни дўст, душман не дегай?
* * *
Ишқингда кўнгул ҳаробдур, мен не қилай?
Ҳажрингда кўзум пуробдур, мен не қилай?
Жисмим аро печутобдур, мен не қилай?
Жонимда кўп изтиробдур, мен не қилай?
* * *
Шохим, санга маълум эмастур, не қилай?
Оҳим санга маълум эмастур, не қилай?
Мен юзу қошинг дермену сен — бадру ҳилол,
Моҳим, санга маълум эмастур, не қилай?
* * *
Бошимни туфайл ул саромадқа қилай,
Жонимни фидо ўшал сиҳи қадқа қилай.
Бу хаста кўнгул била хамида қадни
Кўзи била зулфиға анинг садқа қилай.
* * *
Етсам санга, қуллуғумни чўқ арз қилай,
Сен етсангу мен десамки, йўқ арз қилай.
Кўптур сўзуму маҳрам эмас ҳеч киши,
Руҳсат этса, тобуғунгда-ўқ арз қилай.
* * *
Ҳижрон аро неча нома таҳрир қилай,
Хома тили бирла ҳол тақрир қилай.
Хуш улким, сўзум санга десам воситасиз,
Сен андаю мен мунда — не тадбир қилай?
* * *
Менинг тилагим будурки, то зинда бўлай,
Қар қанда эсанг, банда доғи анда бўлай.
Не хулқ эди, ёна кўнглум олдинг сўз ила,
Ширин сўзу яхши хулқунгга банда бўлай!
* * *
Ҳуснунгаи сенинг кимки тааққул қилғай,
Сендин бошқа нечук таҳаммул қилғай?
Бу табъу бу ихтилотким, сендадурур,
Не менки, бори олам элин қул қилғай.
* * *
Ашъорингким, шеър оти то бўлғай,
Табъ аҳли анга волаю шайдо бўлғай.
Ҳар лафзи дуру баҳри маоний анда,
Ким кўрди дуреки, анда дарё бўлғай.
* * *
Арбоби ҳасадки, дунёдин дур ўлғай,
Истар севаридин киши маҳжур ўлғай.
Доим кўрайин юзунг ало рағми ҳасуд,
Ҳар ким кўра олмаса, кўзи кўр ўлғай.
* * *
Носиҳ сўзи санга неча мардуд ўлғай,
Яхшию ямон қошингда нобуд ўлғай.
Бори эмди маош, бир навъ этким,
Ҳақ розию олам эли хушнуд ўлғай.
* * *
Юз жаҳд ила етмай санга, эй ой, нетай?
Ҳажринг аламида неча йиғлой, нетай?
Йўқ санга вафою раҳму парвой, нетай?
Эй вой, нетай? Вой, нетай? Вой, нетай?
* * *
Мен неча жафою жаврунга сабр этай?
Бир зарра вафою меҳр йўқ сенда, нетай?
Чун бошим аёғингға қўярға ярамас,
Бошимни олиб аёқ етганча кетай!
* * *
Аҳбоб, фироқингиз била эл нетгай?
Сизларга киши не чора айлаб етгай?
Жамъиятингизни жамъ тутқай Тенгри,
Бобурни доғи бу жамъда жамъ этгай.
* * *
Қосидки йибординг, айлади шод мени,
Доим бу йўсунлуқ айлагил ёд мени.
Озодингга қул бўлайки, хаттинг кетуруб,
Ҳажринг ғамидин айлади озод мени.
* * *
Ҳар ким деса бурно ё агар ёнгла мени,
Ўзунгга мусоҳибу мухиб англа мени.
Бу кун мени ёд этиб, унутма тонгла,
Зинҳорки, кўз тут ушбу кун тонгла мени.
* * *
Шеъринг эшитур фикрини Бобур қилди,
Не фикри хушу яхши тасаввур қилди.
Кўзни ёруқ айлади саводи бирла,
Мазмуни била қулоқни пурдур қилди.
* * *
Ҳижрон ғамидин заиф жоним сўлди,
Ғурбат алами бирла ичим қон бўлди.
Юз шукрки, мунча йилғи ғам бирла алам
Роҳат била ишратқа мубаддал ўлди.
* * *
Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники, айладим — хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Қинд сори юзландим,
Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!
* * *
Ҳуснунгки сенинг шуҳраи скроқ ўлди,
Жон бирла кўнгул васлингга муштоқ ўлди.
Ҳажринг аро интизор ҳаддин ошти,
Кел ё мени иста — тоқатим тоқ ўлди.
* * *
Идрокинггу табъу ҳушунгга банда бўлай,
Овозу усулу жўшунгга банда бўлай.
Тақсим қилурда нақшларға абёт,
Таъриб била ўқушугата банда бўлай.
* * *
Бу чеҳраи зардимдин уёлсанг, нетгай?
Раҳмат назарини манга солсанг, нетгай?
Бир ишва била кўнгул бериб Бобурға,
Бир бўса била кўнгулни олсанг, нетгай?
* * *
Гар сидқ била бировки, ошиқ бўлғай,
Маъшуқ висоли анга лойиқ бўлғай.
Пир оллида топқуси муродин бешак,
Ҳар кимки, агар муриди содиқ бўлғай.
* * *
Ишқинг, нетай, ихтиёрсиз қилди мени,
Сабримни олиб, қарорсиз қилди мени.
Олам зли ичра орсиз қилди мени,
Зуҳд аҳлиға зътиборсиз қилди мени.
* * *
Бобурки, демас ҳар кишига ҳар сўзини,
Элчингга деди вале саросар сўзини.
Султонали ар сўзум сенга деса, не тонг,
Оре, лақу дақ дегай қаландар сўзини.
* * *
Келмас кўзума қуёш киби гар мингдур,
Ёқмас менга гар ой минги янглиғ мингдур.
Гил бирла гул ичра фарқ эта олмасмен,
Гулхан била гулшан менга эмди тенгдур.
* * *
Кўнглумки, эрур қуёш киби юзунго,
Йл ўтди-ю, келмади бу сори ул моҳ
Тил бирла кўнгул ишқ аро бир қилдиму бас,
Ёр оғритти ғамин кўнгулни аммо.
Сайт бўлими: Ўзбек мумтоз адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ