"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Аветик Исаакян. Тоғ чўққиси ортида қуёш

Ўқилди: 867

avetik_isakyanЁРУҒ ВА ТИНИҚ ШЕЪРИЯТ

Аветик Исаакян – арман классик шоири. У 1875 йил 31 октябрда Арманистоннинг Александрополь шаҳрида дунёга келди. Шу ерда бошланғич таълим олиб, Эчмиадзин семинари ва Лейпцих, Цюрих университетларида таҳсил олди. Болалигидан шеъриятга катта муҳаббат қўйди, шеърлари адабий журналларда чоп этилди. Шоир узоқ йиллар чет эллар – Швейцария, Германия, Австрия, Италия, Францияда яшади; асарларида ўз Ватани соғинчи ва орзу-ўйлари билан нафас олди.
Унинг бой адабий мероси дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Хусусан, улуғ рус шоири Александр Блок унинг шеърларини рус тилига ўгираркан, дўстларига ҳайратланиб мактублар йўллайди: « … Бу ажойиб шоирни таржима қилиш – ўта машаққатли. Меҳнатим қай даражада чиққанлигини муҳокама қилиш – менинг ишим эмас. Бироқ шуни айтишим лозимки, менинг бу шоирга меҳрим тушди, уни яхши кўриб қолдим… Исаакян – биринчи рақамли шоир. Эҳтимол, бундайин содда ва тиниқ тил талант бугунги кунда бутун Европада ҳам топилмас…»
Аветик Исаакян 1957 йил 17 октябрда Ереванда вафот этди.
Таржимон

* * *

Тунлар боғимда кўз ёш
Тўкаётир мажнунтол.
Қайғудан кўтармас бош,
Изтиробда ғамғин тол.

Ярқирар тонг ҳур мисол
Қўнғироқ соч бошини
Силкиб, артар мажнунтол
Тўккан аччиқ ёшини.

* * *

Тоғ чўққиси ортида қуёш,
Ғира-шира олисда ўтлоқ.
Тинди қушлар куйи-да юввош,
Менинг уйқум келмайди мутлоқ.

Том оралаб ой боқади, гул
Баргларида кўчади мезон.
Салқин ҳаво торқилайди йўл
Тун тоқида юлдузлар томон.

О, майин ел, юлдузли дунё,
Қани бу тун азиз дилдорим?
О, юлдузлар, танҳосиз, танҳо,
Қайда кезар тун бўйи ёрим?

Тонг отади, эшик очилиб,
Туман босар, ёғмоқда ёмғир.
Ёлғиз қайтар от ҳам дил тилиб,
Оҳ, ёр уйга қайтмайди, ахир!

ОНАМГА

Она юртдан олис-олисда
Саргардонман – на уй, на ором.
Она, қолдим айрилиб сиздан,
Ғариб сайёҳ каби беором.

Тоғдан учган бу қушлар билар:
– Онам йўлда йўламадими?
Денгиз бўйлаб шовдирар еллар:
– Онам салом йўлламадими?

Кўчиб кетди шамоллар бесас,
Жанубга йўл олади қушлар.
Юрагимга зар сочиб ҳавас,
Жанубга кўз солади қушлар.

Юзларингиз, ширин сўзингиз
Соғинаман, азиз онажон!…
Айлансайдим тушга, изингиз
Топар эдим албат, бегумон.

Тунлар тушсам дилингиз томон,
Қучсам – гўё ҳуши йўқ туман.
Кетсам – кулиб, йиғлаб, онажон,
Ёндиргувчи соғинчлар билан!

* * *

Ўлсам, кўминг мени Алагяз
Тоғидаги шоҳсупага, то
Эссин Манташ чўққисидан соз
Бошим узра энг сарин ҳаво.

Токи қабрим ёнида ийиб
Буғдойзорлар тебранган сайин
Мажнунтоллар сочини ёйиб,
Кўз ёш тўксин жимгина, майин.

* * *

Тушларимда – шўр сувлар бўйи,
Қалбда оғриқ, ёнбошлайман жим.
Аллалайди тушларим куйи,
Тўлқинларни ичиб тўймас қум.

Тушда – ёнлаб ўтар дўстларим,
Қувнаб, куйлаб, ҳайқирар бетин.
Менга боқмас, чорламас ҳеч ким,
Сукутдаман, тортаман ғамғин.

* * *

Мендан узоқларда ўзга юртлар бор,
Унда яшаётган диллар мен каби.
Гоҳида ёлғизу, маҳзун ва бедор,
Ёниб-куяр, менга талпинар қалби.

Шунда туюлади ул олис қўлга
Йўллайман оташин, сирли ўтинчим.
Қўлим узатаман олтинсоч гулга,
Сочларини силай бошлар соғинчим.

* * *

Қанотлари учқур қорамтир бургут,
Осмондан тушгандай кўксимни ўяр.
Тишида – юрагим, парвозида ўт,
Энг баланд чўққини айланиб суяр.

Тоғларни қиялаб учар, кўк ичра,
Қалбимни ирғитар илкис қонатиб.
Шундан қулоғимдан кетмайди сира –
Шовуллаб туради бургут қаноти.

* * *

Тонг нурига ёғилар титроқ –
Қутлаётир тўрғай бу дамни.
У зулматдан, ғамлардан йироқ,
Ёниб куйлар севги, оламни.

Қоронғулик ичра йўл очиб,
Юрак тўкар зарралаб ўкинч.
Бўзтўрғайнинг навоси сочиб
Ўтар эгик бош узра севинч!

* * *

Тушимга кирибди: тотли куй чалиб,
Тебраниб, эшилиб кетмоқда карвон.
Тоғ оралаб, ўрлаб, қалбга ўт солиб,
Нурларга қўшилиб кетмоқда карвон.

Карвонда борадур суюкли дилдор,
Кўзларида жилва, либоси ҳашам…
Ортидан қолмайман, соғинчим бисёр,
Карвон қалбим тилиб,кул этар танам.

Дил яра, беланиб чангу тупроққа,
Ёлғиз қолдим ютиб ҳасратли ўйим.
Карвон ўтиб кетди узоқ-узоққа,
Майин жаранглатиб қўнғироқ куйин.

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржималари

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ