"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Бердақ ижодидан

Ўқилди: 812

berdaq

ЯХШИРОҚ

Оқ буғдойи туриб, сули сепкандан,
Тоза шоли туриб, курмак эккандан,
Жўнсиз қирқ кун қайғу-ҳасрат чеккандан,
Тан соғликда бир кун шодлик яхшироқ.

Дунёга чиққан сўнг, бахтинг очилса,
Душманларинг оёғингга бош урса,
Ёв бўйсуниб, икки қўлин қовширса,
Кўзни олайтгандан, иззат яхшироқ.

Юмуш ишла, туғилган сўнг, эл учун,
Жонингни аяма, элда эр учун,
Киндикдан қон томиб, туққан ер учун,
Ўлиб кетгунингча хизмат яхшироқ.

Ҳеч қачон дўстларинг бўлмасин ҳайрон,
Қўлдан келса солинг душманга вайрон,
Элу халқ бир бўлиб айлангиз сайрон,
Туғилган ер учун ҳурмат яхшироқ.

Ғайри бировларни этиб қурдошинг,
Оқизмагин дилбарингнинг кўзёшин,
Ёмон бўлса ҳам умрлик йўлдошинг,
Вақтинча қўл берган ҳурдан яхшироқ.

Одам боласинда бўлсин ор-номус,
Энг ками юз бўлсин кўз кўрган таниш,
Магар билмай қўлни қийса бир қамиш,
Шул вақт қонин тийган ордан яхшироқ.

Эр йигитга номус билан ор керак,
Оқкўнгил, қаламқош севар ёр керак,
Меҳмон келса кутиб олар ҳол керак,
Сўйгани бир эчки-молдан яхшироқ.

Хуш келдинг, деб, отдан тушган ул қўноқ,
Ўтирган бўлмасин шу уйни синаб,
Кўзли ҳам оёқли, тилли бир чўлоқ,
Ҳунарсиз, билимсиз қўлдан яхшироқ.

Хива хон қасд этиб, пўсди қанғиб юрт,
Мулксиз ночорларга тушди кўп солғирт,
Узунаси текис, йўғон бир арғит,
Сони юз, сифатсиз толдан яхшироқ.

Уйғониб, эртадан юмушга чиқиб,
Қўлингни қабартиб, белингни букиб,
Тиззангни сизлатиб, меҳнатин чекиб,
Еган бир зоғоранг болдан яхшироқ.

Теран ақл керак сўзни тизмоққа,
Тиниқ хаёл керак барин сезмоққа,
Сув ичинда ваҳимасиз сузмоққа,
Бир қайиқ олти юз солдан яхшироқ…

…Ўзга кам-кўст келиб тушди, оҳ-войим,
Сабабсиз таёқ еб, недур гунойим,
Ерни, кўкни халқ айлаган худойим,
Бу юришдан ажал келган яхшироқ.

Бир оқшом айттириб урди ёзиқсиз,
Не чора бойлоғсиз ҳолда, қозиқсиз,
Қорақалпоқ кунинг ўтди ёруғсиз,
Бул ўтган умрдан зиндон яхшироқ.

Не асл сўз айтдим, ўтди аёнсиз,
Не хизматлар этдим, кетди поёнсиз,
Мен ҳам бир жон эдим юртга зиёнсиз,
Хўрлик кўрдим, тек ўлгандан яхшироқ.

Бердимурод айтар, кўролмай ёғду,
Ўлиб кетар бўлди, очилмай бахти,
Бердимурод – халқни, халқи – Бердақни,
Ёлғизиндай кўрар жондан яхшироқ.

Қорақалпоқчадан
Янгибой ҚЎЧҚОРОВ
таржимаси
САҲРО СЎФИТЎРҒАЙИ

Бердақ туркий халқлар шеъриятининг йирик намояндаси, қорақалпоқ мумтоз адабиётининг асосчилардан бири, тарихчи, жамоат арбоби ҳисобланади. Бўлғуси шоир, дастлаб, овул мактабида, кейин “Қорақум эшон” мадрасасида ва бошқа жойларда таълим олади. Таълим мобайнида ёш Бердимурод Шарқ мумтоз адабиётининг Ҳофиз, Саъдий, Хайём, Навоий, Фузулий, Махтумқули ва ўз замондоши улкан қорақалпоқ шоири Кунхўжа асарларини мутолаа қилган, улардан ижод қирраларини чуқур ўрганган.
Бердақ чиндан ҳам халқ оғзаки ижодини, адабиётни, фалсафани, тарихни яхши ўзлаштирган ижодкор эди. Унинг инсонпарварлик руҳи билан суғорилган теран сиёсий лирикасида, кенг қамровли достонларида қорақалпоқ халқининг XVIII-XIX асрлардаги ижтимоий ҳаёти рангин туйғулар воситасида, табиий реалистик бўёқларда тасвирланган. У ўз даврининг мураккаб воқеаларига, мавжуд ижтимоий муносабатларга файласуф шоир, холис тарихчи сифатида баҳо бераолган. Барча асарларидан ижтимоий тенглик, ватанпарварлик, адолат ва инсонпарварлик ғоялари бош лейтмотив бўлиб ўтади. Бердақ ўз ижодига меҳнаткаш халқнинг ижтимоий аҳволини асосий мавзу қилиб олганлигини “Бўлган эмас”, “Солиқ”, “Бу йил”, “Умрим” сингари шеърлари яққол намоён этади. “Халқ учун”, “Менга керак” шеърлари шоир ижоди учун адолат ва ҳақиқат асосий мезон эканлигини кўрсатиб турибди. Айниқса, “Халқ учун” шеъри, наинки, қорақалпоқ поэзияси, балки жаҳон шеъриятида гражданлик лирикасининг юксак намуналари қаторига киради. Унда инсон ҳаётининг бош мазмуни аниқ, равон, қуйма сатрларда ифодаланган:

Бердимурод, ўйлаб айтгин сўзингни,
Лоф уриб, кўтарма қуруқ ўзингни,
Қизартмагай халқинг сенинг юзингни,
Қўлдан келса хизмат айла халқ учун.

Тарихий мавзудаги “Авлодлар”, “Омонгелди”, “Айдосбий”, “Эрназарбий” асарлари халқ ҳаётининг ўзига хос манзараларидир. Бердақнинг “Авлодлар”, яъни, “Шажара” асари тарихий воқеалар солномаси сифатида, наинки, қорақалпоқ халқи, балки бошқа туркий халқлар учун ҳам муштарак мазмунга эга. “Яхшироқ”, “Шекилли” ва бошқа айрим шеърларида у баъзи таъмагирларнинг кирдикорларини фош этса, “Ўғлимга”, “Аҳмоқ” шеърларида ожиза аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади, ёшларни Ватанни севишга, маърифат чўққиларини эгаллашга чақиради. “Ёрдам бер”, “Изладим”, “Керак” ва бошқа шеърларида эса шоир ўз даврининг муҳим муаммоларини қаламга олади.
Бердақнинг адабий мероси қорақалпоқ адабиёти тарихида саҳро сўфитўрғайи бўлиб, марказий мавқени эгаллаб қолаверади.

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ

 

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ