"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Матлуба Маҳкамова. Мустақиллик даври болалар драматургиясида замонамиз қаҳрамони

Ўқилди: 1 174

Матлуба  Махкамова

Мустақиллик йилларидаги янгиланиш барча соҳалар қатори адабиёт ва санъатнинг турли жанрларида ҳам ўз ифодасини топди. Шундай сиралардан бири драматургиядир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, драматургия адабиёт жанрининг энг мураккаб соҳаси саналади. Болалар драматургияси эса инчинун. Бу соҳа ҳамма вақт энг долзарб масала бўлиб келган ва келмоқда. Азал-азалдан болалар драматургиясидаги муаммолар ўз ечимини топган эмас. Бизга яхши маълумки, болалар учун назмда ижод қилган шоирлар кам бўлмаган. Бироқ насрда болалар учун деярли пьесалар ёзилмаган. Театр жамоалари учун махсус пьесалар ёзилган бўлса-да, улар яхлит китоб ҳолида ёинки матбуот саҳифаларида чоп этилмаган. Драматурглар пьесаларини тўғридан-тўғри театр жамоасига олиб боришган. Ва ҳозир ҳам бу жараён давом этиб келаяпти. Театрлар кўпроқ ўзбек халқ эртаклари ёхуд халқ оғзаки ижоди намуналаридан кенгроқ фойдаланишган. Бу орада таниқли ёзувчиларнинг айрим асарларини инсценировка қилиб, саҳнага олиб чиқиш ҳоллари ҳам учрайдики, буни ижодда ўзига хос услуб дейиш мумкин.
Мустақиллик йилларида болалар учун ҳам бир қанча бадиий асарлар яратилдики, драматургия майдонида таниқли шоир Анвар Обиджон, олим ва драматург Шуҳрат Ризаев, ёзувчи Тоҳир Малик, Шароф Бошбеков, Салоҳиддин Сирожиддинов, Эркин Хушвақтов сингари ижодкорларнинг пайдо бўлиши яхши натижа эди. Бу ижодкорларнинг асарлари жажжи, ўрта ёш ва ўсмир ёшдаги болалар учун мўлжалланган бўлиб, улар саҳна юзини кўрди. Албатта, бу каби асарлар бугунги кун ёшлари учун ниҳоятда аҳамиятлидир. Лекин бу билан биз ҳали болалар драматургияси олдида турган мсуаммолар ўз ечимини топди, дейишга ҳақли эмасмиз.
Масаланинг бошқа томонлари ҳам борки, бу қуйидагиларда ўз аксини топади.
Биринчидан – сир эмаски, бугун биз ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз. Бу эса ёшларимиз турмуш тарзи, маънавияти, дунёқараши, онгу шуурида салбий ва ижобий бурилиш ясаяпти, десак муболаға бўлмайди. Бугун уяли телефон, интернет тармоқларида ишлашни деярли барча ўсмир ёшлар яхши билади. Ҳиссиз бу воситаларнинг салбий томони шундаки, у ўсмир ёшларнинг қалбларидаги инсонийлик ҳис-туйғуларини тарбияламайди. Аксинча ёшлар қалбида шафқатсизлик, баджаҳллик, бепарволик, лоқайдлик каби қирраларни шакллантиришга хизмат қилади. Бир сўз билан айтганда, кўнгил ва руҳ тарбиясини, ёшлар тафаккурини ўтмаслаштиришга олиб келади.
Иккинчидан – четдан ёппасига бостириб келаётган “оммавий маданият” эса ҳар бир ёшни ўз домига тортиб кетаётгани ҳам бор гап. Кўча-кўйларда интернет тармоқлари орқали турли ахборотларни ўзлаштиришга, қимматли вақтларини компьютер хоналарида соатлаб ўйин ўйнашга, уяли телефондаги беҳуда ёзишмаларга сарфлаётган ёшлар ҳам кам эмас.
Учинчидан – бундай таъсирлар оқимидан бизни фақат адабиёт ва санъатгина қутқариб қолиши мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Бугун болалар учун исталган мавзуда бадиий жиҳатдан мукаммал асарлар яратиш мумкин. Фақат уни қай ҳолатда тақдим этиш, болалар руҳиятига, қалбига сингдириш мумкинлиги ижодкордан катта маҳорат талаб этади. Бугунги глобаллашув даврида интернет тармоқларининг ёшлар онгига зарари ва таъсири, унинг оқибатлари ҳақида нима учун саҳна асари ёзиб бўлмайди. Вақт шу қадар одимлаб кетаяптики, ҳар бир ижодкор бу имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдалана билмоғи замон талабидир.
Бинобарин, ҳаёт билан ҳамқадам бўлиш, болаларнинг руҳиятига хос ва мос асарлар яратиш бу куннинг энг долзарб масаласидир.
Болалар драматургияси ҳақида сўз кетар экан, яна бир муҳим масала юзасидан фикр билдиришни лозим, деб биламиз. Бу масала – бадиий асарларда замон қаҳрамони масаласидир. Назаримизда, бугунги давр ёшлари учун кимни замонамиз қаҳрамони деб кўрсатиш ҳам диққат ва эътибор талаб қиладиган масала. Ёшларимизга Алпомиш, Гўрўғли сингари халқ достонлари асосида саҳна асарлари ёхуд миллат шаъни ва шавкати учун курашган буюк аждодларимиз Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби соҳибқиронларимиз ҳақида ёйинки мумтоз адабиётимизда улкан маънавий мерос қолдирган Навоий, Бобур сингари алломаларнинг ибратли ҳаёти ва ижоди, уларнинг болалиги ҳақида саҳна асарлари ёзиш пайти келмадимикин, деб ўйлаб қоласан киши. Ҳолбуки, бизнинг юртимизда бундай улуғ сиймолар, улар қолдирган маънавий мерос беҳисоб. Бугунги аксарият ёшларимиз эса булар ҳақида яхши билмайдилар. Болалар учун хоҳ тарихий мавзу, хоҳ замонавий мавзу бўлсин ибрат бўла оладиган қаҳрамон жуда-жуда зарур. Негаки, бугун ўсиб- улғайиб келаётган ёш кимгадир ҳавас қилгиси, ўхшагиси, ўша қаҳрамон қиёфасида ўзини кўргиси келади ва бунга интилади. Гап шундаки, ўша қаҳрамоннинг ўзи ким? У қай жиҳатлари билан, қай феъл – атвори билан ёшларга ўрнак бўла олади? деган савол ҳар бир қалби уйғоқ ижодкорни ўйлантириши керак. Яна бир муҳим масала. Бугун, ҳамонки, болалар учун махсус асарлар ёзилмаётган экан, болалар учун ёзилган бадиий асарларни инсценировка қилиш нега мумкин эмас? Масалан, ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг “Сеҳрли қалпоқча” ва шу сингари асарларини худди Тоҳир Маликнинг “Алвидо, болалик” қиссаси каби инсценировка қилиниб, саҳнага олиб чиқилса бўлади-ку?! Назарамизда, биз ана шундай услуб ва усуллардан ҳам кенг фойдалана билишимиз керак. Бундан ташқари жаҳон драматургларининг ҳам асарларига мурожаат қилиш, бизнингча, яхши натижа беради. Ёшларнинг эстетик дидини шакллантиришда, тарбиялашда, қалбида ғурур ва ифтихор туйғуларини сингдиришда, қолаверса, миллий истиқлол ва миллий ғоя, қадрият ҳамда анъаналар каби тушунчаларнинг пайдо бўлишида, болалар драматургиясининг, адабиётнинг ва саҳнавий асарларнинг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёс эканини унутмаслик лозим. Бу борада, адабиёт намояндалари, драматурглар, болалар ёзувчилари ёшларимиз учун, келажак авлод учун бадиий жиҳатдан пухта, мазмунан теран, ҳам замонавий, ҳам тарихий мавзулардаги асарларни яратишга киришишлари муҳимдир.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг: “Биз фарзандларимизнинг руҳий дунёси учун, уларнинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, жисмонан соғлом бўлиши учун доимо қайғуришимиз, курашмоғимиз зарур”, деган сўзлари ижодкорларимиз учун ҳамиша дастуруламал бўлиб қолиши лозим.
Зеро, бугун ахборот асрида ёшлар олдида турган долзарб вазифалар, муаммолар, ютуқлар, уларнинг маънавий олами яратилаётган асарларда бадиий таъсирчан очиб берилсагина, кутилган натижаларга эришиш мумкин.
Драматургларимиз оилавий-маиший мавзулар атрофида ўралашиб қолмасдан, атрофга кенгроқ назар солишлари, айниқса, болалар қалбига чуқурроқ кириб боришлари талаб этилади. Халқимиз ҳаётида, ёшлар ва болалар оламида ҳар кун, ҳар дақиқа ўзгаришлар, янгиланишлар бўлиб турибди. Бу жараёнларни диққат билан кузатиб, ютуқ ва камчиликларга рўй-рост муносабат билдириш ҳар биримизнинг, жумладан, ижодкорларнинг ҳам бурчи. Биз ижод аҳлидан болалар учун махсус, бадиий пухта, мазмунан теран, уларни фикрлашга ундайдиган, қалбан улғайишга сафарбар этадиган, қизиқарли асарлар кутишга ҳақлимиз.
Зеро, ёш томошабинларни тарбиялашда, эстетик дидининг шаклланишида, қалбида ғурур, ифтихор, ватанпарварлик туйғуларини сингдиришда, қолаверса, миллий қадрият ва анъаналар каби тушунчаларнинг пайдо бўлишида саҳнага олиб чиқилаётган асарларнинг аҳамияти ҳамда ўрни беқиёс эканини унутмаслик лозим. Бу борада, адабиёт намояндалари, драматурглар болалар учун бадиий жиҳатдан пухта, мазмунан теран, бугунги кун ёшларига мос бўлган замонавий мавзулардаги асарлар яратишга эътибор беришлари лозим.

Сайт бўлими: Адабий танқид, Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ