"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Раҳматулла Баракаев. Бола қалбининг чечаклари

Ўқилди: 1 453

children-600x330Умумадабиётимиз сингари болалар адабиёти ҳам, изланиш ва ҳаракатда.

Биргина, ўтган йили болалар адабиёти вакилларининг чоп этилган асарлари бунга мисол бўлаолади. Улар: Дилшод Ражабнинг “Ўн ўртоқ”, Содиқжон Иноятовнинг “Онамни соғиниб”, Худойберди Комиловнинг “Ким қандай ухлайди?”, Зафар Исомиддиннинг “Арслоншоҳнинг патири”, Вали Аҳмаджоннинг “Орзуларим эгаси”, Эрпўлат Бахтнинг “Шодлик ҳиди”, Шукрулла Абдуллаевнинг “Архарлар сардори”, Меҳрибонгул Тожимуродованинг “Болаликнинг бир куни”, Азиза Қудратованинг “Олтин тариқ” ва наманганлик саккиз ёш қаламкашнинг дастлабки изланишлари жамланган “Илк парвоз” номли шеърий ва насрий китобларидир.
Мазкур китоблар ҳақидаги мулоҳазаларимни Содиқжон Иноятовнинг “Онамни соғиниб” тўпламидан бошлашни ният қилдим. Сабаби, Содиқжон Иноятовнинг “Онамни соғиниб” тўплами ўтган йилда чоп этилган болалар адабиёти намуналари орасида бадиият нуқтаи назаридан алоҳида ажралиб турадиган китоблардан биридир. Шоирнинг тўпламидан жой олган “Янги бола” шеъри ўзгача йўсинда ёзилган бақувват шеър:

У сузонғич таканинг // Ушлолмади шохидан.
Нок ўғирлай олмади // Носир ака боғидан.

Дедим: – Қўрқоқ бўлмасанг, // Олапарни битта сол!
Эплолмайсанми? Қани, // Бу ердан тез жўнаб кол!

Хуллас, бизнинг “синов”дан // Ўта олмади сира.
Маҳаллада йўқ унга // Битта ҳам ўртоқ, жўра.

Аммо қўшни болакай // Чўкаётган пайт сувга,
Ўзини сойга отиб // Тик боқди у қўрқувга!

Болалар шоирларининг шеърлари каҳрамонлари, кўпинча, шўх-шаддод, топқир, озгина қувроғу озгина соддароқ болакайлар. Бироқ, мазкур шеър қаҳрамони уларнинг аксича, бўш-баёвгина бола. Янги болани сафларига қўшиб олишга арзир-арзимаслигини синовчи болалар назарида, сузонғич таканинг шохидан ушлай олиш, Носир аканинг боғидан нок ўғирлай олиш сингари “қаҳрамонликлар”ни бажариш унинг кимлигини белгилашга хизмат қилади. Афсуски, янги бола (унинг ҳатто оти ҳам йўқ) бу синовларни бажара олмайди, ҳатто Олапар итни ҳам теполмайди. Демак, хулоса ҳам тайин, бу қўрқоқ болага маҳаллада битта ҳам дўст, ўртоқ бўлиши мумкин эмас. Шеърнинг муваффақияти эса кутилмаган хулосада, яъни, ташқи кўриниш, жисмоний куч ҳали ҳеч нарсани ҳал қилмаслигининг ёрқин ва асосли акс эттирилганида, “синовчи”ларнинг тан олишларидадир. Инсоннинг мардлиги, ҳақиқий қиёфаси, одатда, фавқулодда ҳодисалар пайтида намоён бўлади. Сувга чўкаётган одамни қутқариш мақсадида, сувга сакраш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келадиган мардлик эмас. Бунинг учун, шоир айтмоқчи, “қўрқувга тик қарай олиш керак”. “Шеър ҳайратдан туғилади”, деган гап ҳам бор. Демак, “Янги бола”ни ёш китобхонга манзур қиладиган сифат, бориб-бориб ўша ҳайратга, тан олишга тақалса, ажабмас.
Содиқжон Иноятов шеърларига хос жиҳатлардан яна бири – унинг шеър вазни, қофияси, туроғи сингари шаклий жиҳатларига жиддий эътиборида намоён бўлади. “Юмронқозиқ” шеъри шу жиҳатдан эътиборга сазовор:
Очлигидан // Тутақиб,
Ялмоғиздай // Ютақиб,
Келди Қуён // Инига.
– Салом бердик // Инига.
Кулиб-силаб // Бошини,
Ичиб кетди // Ошини.

Шеърда юмронқозиқнинг айёрлиги (халқона «ишинг тушганда эчкини ака дейиш мумкин» ҳикматига ишора) қанчалик ишончли тасвирланган бўлса: “а-а”, “б-б”, “в-в” тарзида қофияланиш тизимида “тутақиб-ютақиб” қофиясидаги кетма-кет 6 товуш такрори, “бошини-ошини” қофиясидаги 5 товуш такрори, айниқса, “инига-инига» қофияланишидаги сўз ўйини (ин – уй, ини – ака, ука) шеър оҳангдорлиги ва маънодорлигини маълум даражада кучайтиришга хизмат қилади.
Худойберди Комиловнинг “Ким қандай ухлайди?” тўплами ҳам ўтган йили чоп этилган бу борадаги маъқул китоблардан ҳисобланади. Тўпламдан жой олган “Чорасиз рассом”, “Қўшоқ нега беўртоқ?”, “Танбалвойнинг орзуси”, “Шикоятлар” туркумидаги “Трамвайнинг шикояти”, “Таксининг шикояти” сингари шеърларни бадиий жиҳатдан пишиқ, шаклий жиҳатдан расо шеърлар сифатида қайд этиш жоиз. Айниқса, ёш бола тимсолининг турли қирраларини тасвирлашга бағишланган шеърларини ижодкорнинг муваффақиятли изланишлари самараси сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқ. Жумладан, “Қўшоқ нега беўртоқ?” шеъри нафақат бадиий, балки маърифий-тарбиявий нуқтаи назардан ҳам эътиборга молик:

Уч йилдирки // Ўйлар Қўшоқ:
– Кимни қилсам // Экан ўртоқ?
Қўшним Адҳам // Яхши, бироқ
Жаҳли ёмон, // Феъли чатоқ.
Дилмурод сал // Калондимоғ,
Салимжоннинг // Шими ямоқ.
Лапас жўрам // Яхшику-я,
Аммо у ҳам // Шалпангқулоқ.
Алишернинг // Сочи пахмоқ,
Ғанишер-чи, // Сал-пал аҳмоқ.
Аҳмад қолоқ, // Раҳмат шалоқ.
Эшмат ўпоқ, // Тошмат сўпоқ.
Уч йилдирки // Ўйлар Қўшоқ,
Қотиб кетди // Калла қовоқ.
Ҳой болалар, // Айтинг бундоқ:
Қўшоқ кимга // Бўлсин ўртоқ?

Халқимизда: “Эшмат ўпоқ, Тошмат сўпоқ” деб бошланадиган ҳикматли сўз бор. Шоир ушбу ҳикматли сўзни муваффақиятли қўллаб, шу асосда, ўзгалардан фақат айб ахтарадиган ва, шунинг оқибатида, дўстсиз қолиб кетаётган бола характеридаги иллатни холис тасвирлайди. Шеър охиридаги болаларга мурожаат эса, аслида, риторик сўроқ. Чунки, “беайб парвардигор” дейди доно халқимиз. Дўст қидирган одам ўзгалардан фазилат ахтариши керак. Ушбу шеър шу маънода “донога ишорат, нодонга калтак” вазифасини муваффақиятли ўтай олади.
Худойберди Комиловнинг “Шикоятлар” туркумидаги “Трамвайнинг шикояти” ва “Таксининг шикояти” шеърлари, муайян маънода, Анвар Обиджон таъсиридан холи эмас. Анвар Обиджоннинг “Кумуш уй” туркумига кирувчи рамзларга йўғрилган шеърларидаги оҳанглар Худойберди Комилов ижодида ўзига хос тарзда янгиланган десак, хато бўлмаса керак. Жумладан, “Трамвайнинг шикояти” шеърига назар солайлик:
Ўнгга юриш мумкинмас, // Чапга юриш мумкинмас.
Чарчаб қолсам бир нафас, // Тўхтаб туриш мумкинмас.
Ҳатто, оддий рулим йўқ, // Чунки бошқа йўлим йўқ.
Ўтса ҳамки неча йил, // Шу издаман муттасил.
Осма симлар қўймайди // Эркин қадам босгани.
Нима қилай, шу экан // Пешонамга ёзгани?

Аслида, бу ҳам қизиқ: биз фарзандларимизни тўғри йўлдан юр, тўғри қадам бос, тўғри гапни гапир тарзида фақат тўғрилик сари чорлаймиз. Шоир эса муттасил бир издан юришга маҳкум этилган трамвайнинг бир хилликдан зерикканини чиройли тарзда тасвирлай олган. Шуниси қизиқки, Худойберди Комилов трамвайи муттасил бир изда юришидан шикоят қилса, Вали Аҳмаджоннинг “Орзуларим эгаси” тўпламидаги “Эҳтиёткор трамвай” шеърида ушбу ҳолат ижобий ҳодиса тарзида тасвирланади:

Темир издан чиқмайин, // Чопиб, ишлаб боради.
Адашмайин деб яна // Симни ушлаб боради.

Ўйлаб қарасангиз, ҳар иккала нуқтаи назарда ҳам ҳақиқат бор: Худойберди Комилов трамвайи бир оз ёши улуғроқ, доимий бир хиллик унинг жонига теккан; Вали Аҳмаджон трамвайи эса ёшроқ, шу сабабли ҳам адашиб қолмай деб симни ушлаб юради. Назаримизда, ижодкорлик, ўзига хослик ҳам ана шунда намоён бўлади: бизга бир хил кўринадиган ҳолатни турли ижодкорлар турли жиҳатлардан, турли нуқтаи назарлардан талқин этишлари мумкин:
Вали Аҳмаджоннинг “Орзуларим эгаси” тўплами ҳам 2011 йилда чоп этилган китоблар орасида ўзига хос бадиияти билан ажралиб туради. Тўпламдаги “Оймома – олтин чироқ”, “Соғинтирма баҳор”, “Тажрибадан сўнг”, “Игна”, “Ғаройиб от”, “Тилла балиқ тилаги” сингари ўнлаб шеърларни ҳар қандай талабчан китобхон ҳузур қилиб ўқийди, деб ўйлайман. Шоирнинг “Булоқнинг юраги” шеъри бу жиҳатдан аҳамиятга молик.
– Айта қолинг, дадажон, // Ўйлантирар бир жумбоқ.
Ўт ёқмаса ҳам биров, // Нега қайнар ҳў булоқ?

– Одамларга яхшилик, // Ўйида яшар булоқ.
Шу туфайли юраги // Жўш уриб турар ҳар чоқ.

Булоқ тубидан қайнаб чиқаётган сувни кўрган ёш бола (лирик қаҳрамон) дадасига ҳайратини намойиш қилиши, шубҳасиз. Чунки, аввало, унинг дадаси билмайдиган нарса йўқ, иккинчидан эса, булоқнинг тагидан биров ўт ёқмаса, сув қандай қилиб қайнаши мумкин?! Савол қанчалик табиий бўлса, жавоб ҳам шу қадар ишонарли: одамларга яхшилик қилиш мақсадида яшаётган булоқнинг қалби доимо жўш уриб туради (жўш урмоқ – қайнамоқ).
Худди шундай таърифларни юқорида қайд этилган бошқа китоблар ҳақида ҳам айтиш мумкин. Уларнинг барчаси болалар адабиётимиз, ҳар ҳолда, ривожланиш йўлидан бораётганлигини тасдиқлайди. Лекин мен таъриф-тавсифни шу ўринда тўхтатиб, баъзи танқидий мулоҳазаларимни ҳам ўртага ташламоқчиман.
Юқорида тилга олинган тўпламларнинг деярли барчасида учрайдиган камчиликлардан бири – сунъий қофиябозликда намоён бўлади. Фикримни далиллаш учун айрим мисолларга мурожаат қиламан:
Малика така-пука, // Чунки йўқ унда ука…
Тўйгунингча опичлаб, // Ачом қилиб, ўпичлаб.
(Худойберди Комилов. “Малика”.)
“Така-пука”, одатда, қўрқиш билан боғланади. Маликанинг қўрқувига нима сабаб бор? Бу ўринда, “така-пука” бор-йўғи “ука”га қофия, холос. “Ўпичлаб” деб ишлатиш ҳам сунъий, “опичлаб”га қофия учун “қулоғидан тортиб” келтирилган.
Иккинчи хил нуқсонлар ижодкорларнинг сўз танлаш маҳоратига тааллуқли бўлиб, кўпинча, керакли сўзларни танлай олмасликда акс этади. Баъзи мисоллар:
Осмондами, кўкдами, // Бўлсанг ҳамки қайда сан,
Бир кун эмас, бир куни // Яна ерга қайтасан.
(Худойберди Комилов. “Ракетанинг самолётга мактуби”.)

Бу мисрада “осмондами, кўкдами” бошқа-бошқа маъноларни англатувчи сўзларми? Уларни қарама-қарши маънода ишлатиб бўладими?
Навбатдаги мисолда ноўрин ишлатилган сўзларни тўла англаш учун шеърни тўлиқ келтирамиз:
Қопағон ит бир куни, // Ириллади, ғашланди.
Мактабга кетаётган // Ҳафизага ташланди.
Ўқдек учиб келдиму // Тепдим уни аямай.
Кутилмаган зарбадан // Қочди ортга қарамай.
Қайдан келди жасорат, // Ҳануз англаб етмайман?
Қаршимда шер бўлса ҳам // Энди ортга қайтмайман.
“Қўрқманг, мен бор”, дедиму // Мардларга хос қарадим.
Қаймоқ еган мушукдек // Лабларимни яладим.
“Катта раҳмат сизга”, деб, // Ушлаб қўйди қўлимдан.
Дик-дик урар юрагим, // Адашдим-ку йўлимдан.
(Вали Аҳмаджон. “Кўринмас ип”.)
Шеърдан кўзда тутилган мақсад яхши, муаллиф энди вояга етиб келаётган ёш йигит-қиз кўнгилларида чечак отаётган муносабатлар ипларининг боғланишини тасвирламоқчи. Бироқ, “қаймоқ еган мушукдек лабларини ялаш” иборасини ижобий маънода қўллаш мумкинми? Бундай ҳолатда юрак “дик-дик” эмас, “дук-дук” урса керак. Бундан ташқари, нега лирик қаҳрамон “адашдим-ку йўлимдан”, дейди? “Йўлдан адашиш” ибораси ҳам, одатда, салбий маънода қўлланмайдими?
Албатта, юқорида қайд этилганидек, “беайб парвардигор” ёки “ойнинг юзида ҳам доғ бор”. Бинобарин, иш бор жойда камчилик ҳам бўлади. Энг асосийси, болалар адабиётимиз, айниқса, шеъриятимиз бир жойда тўхтаб қолмаган, унинг ўзига хос намуналари, озми-кўпми яратилаяпти, устозлар ёнига умидли навқирон авлод кириб келаяпти. Мана шунинг ўзи дилга таскин беради, болалар адабиётимизнинг эртасидан умид бахш этади.

 

Сайт бўлими: Адабий танқид, Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ