"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Рухсора Тўлибоева. Бадиий асарда ижтимоий муҳит ва бола руҳияти

Ўқилди: 1 092

Инсон руҳияти тасвирланар экан, уни шакл¬лантирувчи, юзага чиқарувчи асосий восита жамият, ижтимоий муҳит эканлиги маълум. Ўсмир шахси ижтимоий муносабатлар маҳсулидир, бунинг сабаби, у доимо инсон даврасида, улар билан ўзаро таъсир доирасида бўлади. Шундай экан, унинг ҳиссий ва ақлий ривожланишида ижтимоий муҳит катта ўрин тутади.
Ижтимоий муҳитнинг бола руҳиятига таъсири масаласи Х.Тўхтабоевнинг “Мунгли кўзлар” романида яққол намоён бўлади. Бу асар қаҳрамонлари адибнинг барча қаҳрамонларидан тубдан фарқ қилади. Са¬баби, адиб яратган болалар образларининг кўп¬чи¬лиги гўлроқ, кўпинча ё очликдан қийналган, ё мак¬таб директори ва ўқитувчиларидан дакки эшитиб юрувчи, содда қишлоқ болалари эди. Аммо “Мунгли кўзлар”даги болалар ҳеч қандай муҳтожлик билмаган, эрка ва арзанда болалар, роман қаҳрамонлари катта шаҳарда, данғиллама кошонада яшайдилар. Улар бой ота-оналарининг эркалари. Бу уйда ҳамма нарса муҳайё, ота-онанинг қўли узун, мактаб директоридан тортиб, барча таниш-билишларигача уларга қуллуқ қилади. Болалар табиатига ҳам бу ҳолат таъсир этмай қолмаган. Болалар руҳиятида кибр бўй кўрсатиб борарди: “…Очиғини айтсам, Илҳом, Манзура син¬гари аълочиларни, аълочилиги, ҳурмати мендан баланд бўлгани учун кўнглим унча хушламайди. Ичи қораликданми, ҳасадданми, ишқилиб, ёқтирмайман-да. Лекин улар¬дан устун келишнинг, ҳурмат қозонишнинг бошқача йўлларини ҳам билардим. Биз бой, жуда ҳам бадавлат яшардик… Туғилган кунларни нишонлаганимизда… шўринг қурғур аълочиларнинг таъзирини бериб қўяман. Бири китоб, бошқаси бир сўм йигирма ти¬йинлик сассиқ атир кўтариб боради. Мен бўлсам совғанинг энг каттасини қиламан. Ҳаммасининг кўзи ўйнаб кетади…”. Психологларнинг айтишича, дастлаб боланинг онги тоза оқ қоғоз сингари бўлади ва унга қандай чизиқ тортсангиз ўша чизиқлар сақланиб қолади. Шунинг учун ҳам бола тарбияси ҳақида Шарқда бежиз оила бирламчи, деб кўрсатилмаган.Қизиғи шундаки, ҳамма нарса муҳайё бўлган бу оилада нимадир етишмасди. Сабаби бу хонадонда ўйин-кулги, ҳазил-ҳузул, эркинлик, табиийлигу самимийлик танқис. Катталар ўз оламида яшайди. Зафар, унинг укалари ота-онага эркаланишни, улар билан самимий муносабатда бўлишни истайдилар. Лекин бойвачча ота, бойвучча она бола олдидаги бурчини едириб-ичиришда, кийинтиришда деб англайдилар.
“Мунгли кўзлар”да Худойберди Тўхтабоев бир кошона сирини фош қилади. Зафарлар оиласи бирдан таназзулга учрайди: ота пора билан қўлга тушади, ноқонуний савдо билан шуғулланувчи тиллафуруш онанинг жиноятлари фош бўла бошлайди. Рўй берган фалокат эрка фарзандларни ҳанг-манг қилиб қўйди. Акбар хонасига қамалиб, индамас бўлиб қолди, Зафар дам холаси, дам поччаси билан ҳали у маҳкамага, ҳали бу идорага танда қўйди. Зуфар ўзи билан ўзи бўлиб қолди. Нигора эътиборсиз қолиб кетди. Фожеа чуқурлашди: она қамоқхонада вафот этди. Болалар гўё осмондан ерга қуладилар: қон қақшаб, етим бўлиб қолдилар.
Буларнинг барчаси болалар руҳига таъсир эт¬масдан қолмади. Дастлаб, фожеалар бошланмасдан олдин оилада икки хил муҳитдан нафас олган болалар борлигига ишора қилинади. Булар: Зафар ва акаси Акбар, Зафар бой ота-она билан фахрланиб юрувчи такаббурроқ бола. Акбар эса, ўзи ногирон, аммо қалби бутун бола эди. Бунинг сабаби у устози Атаулло Исаевичдан жуда кўп нарсани – ўз оиласидан топа олмаган хотиржамликни ўрганар эди. Атаулло муаллим таъсирида бу бола меҳнат қилиш бахти, самимийлик, эркинлик каби туйғуларни ҳис этиб яшайди. Муҳитлар хилма-хиллиги болалар ўртасига зиддият солади.
Болалар бир ота-онанинг фарзанди бўлса-да, икки дунёқараш, икки хил тушунчалар асосида тарбия топади. Уларнинг қарашларида ўзини ҳақ деб ҳисоблашлари кўриниб турибди. Ака ҳам, ука ҳам ўзича ота-онасини яхши кўради. Лекин бу муҳаббат орасида фарқни келтириб чиқарган муҳит уларнинг тез-тез зиддиятли баҳслашувига олиб келади. Зафар – бой ота-она муҳитида улғайди, уларнинг тарбиясини олди ва дунёнинг мазмуни бойликда, деган тушунча миясига сингиб бора бошлади. У ота-онасини севади, аммо, ота-онасини қандай бўлса шундайлигича, порахўрми, чайқовчими, бундан қатъий назар уларни ҳақ деб билади ва айни шу масалада акаси билан келиша олмайди. Аканинг фикрлари унда ғазаб уйғотади. Акани оқибатсиз, ота-она қадрини билмайдиган, ёки китоб ўқийвериб “сал ғалатироқ” бўлиб қолган, деб ҳисоблайди. Ака ўзича ҳақ. У устози, ўқиган кўплаб китоблари таъсирида дунёни бошқача англайди. У ҳам ота-онасини яхши кўради. Аммо болага ота-онаси нотўғри иш қилаётгани ва бунинг оқибати ёмон бўлиши мумкинлиги тинчлик бермайди. Акбар ажойиб рассом, унинг ижодкор ва нозик қалби ҳақиқат торларини доимо чертиб туради. У ҳаммаси бошқача бўлишини истайди. Отасининг пора олиб гуноҳга ботиши, онаси ноқонуний савдо билан шуғулланиб, жиноятга қўл уриши уни қўрқитади. Бир кун келиб бу ишларнинг оқибати у кутган фожеаларни бошлаб келишидан қўрқиб яшайди. Оқибатда, ўзи ҳам англамаган ҳолда, яъни ота-онасини хавфдан огоҳлантириш мақсадида уларнинг устидан юқорига ёзиб юборади. У буларнинг оқибати даҳшат ва фожеа билан якун топишини ўйлаб кўрмаган эди. У шунчаки, ўз ҳақиқатини англатмоқчи, ота-онасини келиши мумкин бўлган хавфдан огоҳ қилмоқчи эди. Аммо фожеа шиддат билан юз берди. Отани узоқ йил қамоққа, онани боқий дунёга кетишига сабаб бўлган ишлар фарзандларни довдиратиб қўйди. Айниқса, бу зарба Акбарга ҳаммадан ёмонроқ таъсир қилди. У шунчаки, муҳитни ўзгартирмоқчи эди. Ҳа, муҳит бутунлай ўзгарди. Улар отадан, онадан, оилавий дўстлардан, молу-дунёларидан, ҳузур-ҳа¬ловатларидан, борингки, бой ота-она нималарни уларга берган бўлса, ҳаммасидан айрилишди. Эн¬ди улар бутунлай ёлғиз ва кимсасиз қолишди. Бу зиддиятни ўсмир руҳи кўтаролмайди. Унинг руҳиятида синиш юз беради, натижада бола ўзини ёқиб юборади. Бола психологик трагизми шу шаклда юз беради.
Зафар психологияси бироз бошқача талқин этилади. Тўғри, унга ҳам юз берган ҳодисалар таъсир этмай қолмайди. Аммо бу боланинг руҳиятида динамик ўзгаришлар ҳосил бўлади. Бу ўзгаришлар руҳий синиш ва ўзга одамлар билан мулоқотда бўлгани натижасида юзага келади.
Биринчи. Зафар Атаулло муаллим уйига кириб боради ва у ерда ўзига тенгдош болаларнинг турли ҳунар билан машғул бўлиб ўтирганларини кўради. Улар чизган гўзал суратлар, ўз қўллари билан ёғочдан ясаган чиройли, оппоқ каптарлар боланинг қалбида ҳавас, орзу, завқ уйғотадики, у бундай туйғуларни бой ота-онаси тайёрлаб берган шароитда сира ҳис қилмаган эди. Бу ердаги эркин ва самимий муҳит болани ўзига торта бошлайди. Натижада психик ўзгаришнинг биринчи белгилари намоён бўлди.
Иккинчи. Унинг бошига кетма-кет фожеалар ёғил¬ди. Ҳамма нарсасидан ажралди. Ота-онаси, акаси, укасидан ажралди, синглиси пес касалига йўлиқди. Бойликларидан, данғиллама уйларидан асар ҳам қолмади. Ота-онасининг бой, номдор дўстлари вафо қилмади. Ҳеч кимдан нажот қолмади. Бола бутунлай ёлғиз қолди ва бунинг натижасида унинг дунёқараши бутунлай ўзгарди. У энди кибрни эмас, хору зорликни ҳис этиб яшай бошлайди. Унинг ҳам руҳида тушкунлик бошланди. Яшашни истамас эди.
Учинчи. Зафар билан синглисини қишлоқда яшай¬диган аммаси олиб кетди. Бу ерда бола ҳақиқатдан шу кунгача англамаган, ҳис қилмаган нарсаларни туя бошлади. Аммаси, ўғиллари содда қишлоқ одам¬лари эди. Бу ерда улар ҳаёт гаштини меҳнат ва ҳаётга муҳаббат билан сурардилар. Амманинг ўғил¬лари ўз юмушларини ўйин-кулги, ҳазил-ҳузил билан бажаришади. Зафар уларга ҳавас билан қарайди ва аста-секин ўзи ҳам меҳнат қилиш гаштини се¬за бошлайди. Бу сезги унда яна қайтадан ҳаётга муҳаббат уйғотади. Яъни, сўлий бошлган ниҳол сув ичиб қайтадан кўкарган каби.
Тўртинчи. Зафар болалар калониясида. Тўғри, унинг айби йўқ эди. Англашилмовчилик оқибатида уни қамоққа оладилар. Қамоқда унга ҳунар ўргатишади, ўқитишади. Бу ерда турли тақдирлар, фожеалар эгалари бўлган болалар бор эди. Зафар бу болалар, уларнинг тақдирлари билан танишар экан, ҳаёт ҳақида янада аниқроқ хулосалар чиқара бошлайди. Хулосалари, фикрлари бир тўхтамга келган сари акаси Акбар кўз ўнгида гавдаланаверади. Акбар ногирон вужуди, бутун қалби билан ҳаётларининг гўзал бўлишини истаган, ота-онасини қилган айблари учун жазолашларидан, улардан ажраб қолишдан қўрқиб яшаган эди. Энди Зафар бутунлай бошқа олам. У роман бошидаги Зафардан тубдан фарқ қилади. Кибр, дунёни бойлик билан англаш унга бутунлай бегона, у оламни инсонийлик, меҳр-шафқат, бошқаларни тушуниш, яхшилик қилиш, ҳамма нарсага ўз меҳнати билан, вақти келса қийинчилик билан эришиш билан англайди.
Хуллас, бола психологизми шу шаклда динамик ўзгариб боради.
Бундай ижтимоий муҳитда улғаяётган болалар албатта руҳий зиддиятлар гирдобида қолиши та¬биий. Х.Тўхтабоев бу романи билан бола руҳини парваришлаб, гўзал ишлов бериш ҳам, уни таназзулга бошлаб бориш ҳам ижтимоий муҳитдан эканлигига ишора қилади.
Бола руҳиятини очишда ижтимоий муҳит катта аҳамиятга эга. Ижтимоий муҳитда бола руҳияти шакл¬ланади, ривожланади ва қандай эканлигини намоён этади. Ижтимоий муҳит, жамият аҳволи шахснинг ҳам аҳволини белгилаб бериш жаражасида катта кучга эга.
Мазкур мақолада Х.Тўхтабоев “Мунгли кўзлар” асари мисолида икки хил ижтимоий муҳит таъсирида бола руҳиятининг ифодасини кўриб ўтдик.
“Мунгли кўзлар” романида ижтимоий муҳит бола¬лар руҳиятига катта таъсир этади. Тўкин-сочин оила фарзанди эканлиги асар бошида бола¬нинг бошқача руҳиятини ифодаласа, асардаги фожеалар давомида болалар руҳиятида ўзгаришлар динамикасини юзага келтирди. Ушбу динамика турли ижтимоий муҳитда турли руҳий кечинмаларнинг юзага келиши билан изоҳланади.

Ёшлик” журнали. 2011 йил, 6 (247)-сон

Сайт бўлими: Адабий танқид

Қўшимча:

НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ НЕМИС ШОИРИ ВА МУТАФАККИРИГА ЭҲТИРОМ
КИТОБ ТАҚДИМОТИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ
«ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ» «ҚАЛДИРҒОЧ»НИНГ «ПАРВОЗ ЗАВҚИ»
ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ ТАНИҚЛИ ЖУРНАЛИСТ ВА ЁЗУВЧИ ИЛҲОМ ЗОИР ВАФОТ ЭТДИ