"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Фурқат. Ғазаллар

Ўқилди: 1 597

m
* * *

Не балолиғ эрди, эй шўхи дилоро, суратинг,
Ақлими лол этти қилғунча тамошо суратинг.

Кетти бир кўргач ани сабру қарорим шеваси,
Айлади тоқат нечук чекканда тарсо, суратинг?

Ёки Гуландом эрурсан, боз келдинг дар вужуд,
Айлади Баҳромдек бизларни шайдо суратинг.

Сарвқадлар суратин чекканда наққоши азал,
Бир алиф шаклида ёзмиш қадди зебо суратинг.

Нақши пойингни чеколмас эрди Чин суратгари,
Олғуси миръот ила рус аҳли қайдо суратинг?

Бу латофатлар била борса калисоға агар,
Қўймағайму бош-аёғига чалипо, суратинг?

Турфаким тасвири лаълинг мурдаларға жон берур,
Йўқ эрур, жоно, ажаб бўлса Масиҳо суратинг.

Кеча-кундуз журъат айлаб моҳу меҳр ойинаси,
Бўлмади кўрмоқ ила мустағни асло суратинг.

Фурқатий қошу кўзинг айни тасаввур айлагач,
Солди ғорат кўнглига, жониға яғмо суратинг.

 

* * *

Лабларинг остидаги холингдин айлансун қулунг,
Лоладек гул-гул рухи олингдин айлансун қулунг.

Телба ошиқларга занжир икки ҳайдар кокулунг,
Дом этган сунбули долингдин айлансун қулунг.

Тонг насимидин дамодам ҳар тарафға хам бўлур,
Шохи гулдек қадди беҳолингдин айлансун қулунг.

Мақсадинг – ошиқни васла еткуруб шод айламоқ,
Бу ҳавас йўлида омолингдин айлансун қулунг.

Дарж қилғон донаи ёқут уза олмосдек,
Лаъл лаб устида табхолингдин айлансун қулунг.

Тори зулфингдин чиқиб бизларга тумори жунун,
Пойи сар фархунда бу холингдин айлансун қулунг.

Фурқатийни айладинг тасхир бу иқлим аро,
Саъд буржи узра иқболингдин айлансун қулунг.
* * *

Фасли навбаҳор ўлди, кетибон зимистонлар,
Дўстлар, ғаниматдур, сайр этинг гулистонлар.

Субҳидам тушуб шабнам, бўлди сабзалар хуррам,
Гул уза томиб кам-кам ёғди абри найсонлар.

Настаран ювиб юзни, ёсуман тузиб ўзни,
Наргис очибон кўзни интизори ёронлар.

Бир саҳар эдим уйғоқ, ўт тутошди оламға,
Тоғлар чекиб ларза, титради биёбонлар.

Қумрилар қилиб ку-ку, булбул айлабон чаҳ-чаҳ,
Сарву гул уза доим тортар оҳу афғонлар.

Булбул ўқуғоч йиғлаб субҳидам хазон фаслин,
Ғунча қон ютуб, юз чок этти гул гирибонлар.

Кечтилар вафо аҳли қолмайин тутуб, савсан,
Кийди кўк қилиб сунбул зулфини паришонлар.

Куймасун бу савдода не учун димоғимким,
Ранжу ғуссада доно, кечса шод нодонлар.

Сайт бўлими: Ўзбек мумтоз адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ