"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Мунаввара Усмонова. Ҳаёт – улкан дарсхона

Ўқилди: 1 128

Munavvar opa 400Ватан билан, юрт билан боғланса, ҳар қандай тушунча қудрат, теранлик, юксалиш касб этади. Бу ҳақиқатга кўп бор амин бўлганман.
Хизмат сафарига чиққанимизда чўл худудида жойлашган хонадонлардан бирига тўхтаб ўтдик.
– Сув муаммоси яқинда ҳал бўлади. Ҳозирча сув талаб қиладиган экинларни экмай турибмиз. Албатта, ўзбек хона¬дони атиргулу райҳонсиз ўзига ўхшамайди.Шунинг учун бир жуфт атиргул парваришлаяпмиз. Қўлингизни гул остига юва қолинг меҳмон, ҳарна сув ичгани…
Уй бекаси хиёл майдароқ ғунчалари очилай-очилай деб турган атиргулини менга кўпдан кутилган чақалоқни кўз-кўз¬ла¬гандай кўрсатди. Ўша мунис гуллар гўё кун бўйи кўнглимга ўз ифорини сочиб, юрган йўлларимни файзиёб этгандек бўлди.
Ҳа, ўзбек номи билан боғланса, бир жуфт гул ҳам бўстон шодлигини беради. Эҳтимол, ҳамма ҳам Ватан, юрт билан боғ¬лиқ қалбидан кечаётган ҳароратли туйғунинг нима эка¬нини тушунтириб бера олмас, лекин айнан шу ҳиссиёт инсон¬ни жами¬ятда ҳам, оилада ҳам устун каби ушлаб туради. Унга мақсад, ҳарорат, интилиш беради.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Андижоннинг Олтинкўл туманидаги “Олтинкўл – водий гулшани” фермер хўжалиги раҳбари Сиёсатхон Абдуллаеванинг бир суҳбатда айтган гапларини эслайман:
– Одам битта ўзи учун қаҳрамонликка қадам ташламайди, таваккал қилмайди. Бир йили учқулоқ бўлиб турган ғўзаларим устидан ёмғиру дўл шаррос қуйиб ўтди. Уларнинг бир-икки сонияда шалпайиб ётганини кўриб, иситмам қирққа чиқиб, ўзимни ўнглай олмай қолганман. Кейин менга ишонч билдир¬ган элу юртим, ризқу рўзи шу ер, шу ҳосил билан боғлиқ одамларни ўйладим. Ўрнимдан туриб кетдим. “Одам уддалай олмайдиган иш борми?! Қайта экамиз”, – дедим. Беҳаловатлигимиз худога хуш келдими, ҳосил б-и-ир бўлиб берди…
Дарҳақиқат, ортида елкасидан суяйдиган эли, кузатиб турган меҳрли кўзлари бўлмаса, иситма банди-бандидан бў¬шаш¬тирган аёл ўзини роҳатбахш бир гўшага ташлаган бўл¬масмиди? Аёл боши билан этик кийиб, нам ерларга кирар¬миди?!
“Фидокорона меҳнатлари учун” ордени соҳиби, бокс бўйича Жаҳон ва Осиё чемпиони Ўткирбек Ҳайдаров, Хьюстон шаҳрида ўтказилаётган мусобақада жароҳатланади. Ўшанда у 25 ёшда эди. Соғлиғини ўйлаб олишувни тўхтатса, ўзини эҳ¬тиёт қилса бўларди. Лекин унинг ортида ғалабасини кутётган Ватани, нон-туз бериб катта қилган эл-юрти бор эди. Шу боис Ўткирбек рингни ташлаб кета олмади, жароҳат¬лан¬ган ҳолида жангни давом эттириб ғалаба қозонди.
Ватан, ватандошларинг ҳақида суюниб ўйласанг, ўйларинг гавҳар шодасидай тизилиб келаверади. Ўзбекистон халқ артисти, бетакрор овоз соҳибаси Муножатхоним Йўлчиева истиқ¬лол йилларида жаҳоннинг энг нуфузли саҳналарида мум¬тоз ашулаларимизни маҳорат билан куйлаб, халқимиз руҳияти нақадар бақувват, кўнгли гўзалликка тўла эканини на¬моён этди. Чет элликларни ҳам шунга ишонтирди, санъатимизни севдирди.
Саҳнада куйлаётганимда юртимизнинг боғлари, гулзорлари кўз олдимдан ўтади, – дейди Муножатхоним.
Сойларнинг новвот рангли мавжлари, худди қорачиғимда тўхтаб қолгандек бўлади. Шамоллар шивири, отлар дупири қулоғимга эшитилади…
Нақадар қалбга яқин сўзлар. Демак, вужудимиздаги бор жонли, ҳароратли ҳиссиётлар Ватан билан боғланган. Азал¬дан шундай яралганмиз. Шунинг учун Ватан билан боғлик ҳар бир сўз, ҳар бир суврат юрагимиздан ўтади.
Халқимиз қалбида оғир жароҳатлар қолдирган Андижон воқеа¬ларидан кейин бир азадор хонадонга ҳамдардлик бил¬ди¬риш ниятида кирдик. Ёш жони завол топган йигитнинг хиз¬мат кийими хонадон тўрига осиб қўйилган, юлдузчалари ел¬ка¬сида ярақлаб турибди. У гўё бир неча дақиқага қаергадир чиққану ҳозир келиб кийимларини кияди-да, онасининг дуо¬сини олиб, вазифасини адо этишга кетадигандек… Ўғли¬нинг бўйини гулларга тенглаб ўстирган, йигитлар қаторига кирга¬нида, Аллоҳга минг шукрлар айтган, тушларида куёвлик ли¬бо¬сида, “ёр-ёр”лар бағрида кўриб, қувончдан кўзи ёшлан¬ган, энди эса айрилиқдан жигари титилиб, бағри ситилган онага қандай тасалли берамиз? Фотиҳага келиб-кетувчилар учун қўйилган хонтахта атрофида бир сиқим бўлиб ўтирар экан¬миз, ҳар биримизнинг қалбимиздан шундай ўйлар кечар¬ди. Шу топда ёмғирлар шодасидан букилиб турган мажнунтол шох¬ларига ўхшардик. Битта шарпа тегса, тўкилиб кетадиган ҳолда эдик гўё …
Мотам либосидаги аёл (раҳматли йигитнинг онаси) кириб келди. Дуои фотиҳа, тиловатдан сўнг аёл деди:
– Ҳаёт-да, одам ўз боласидан доим яхшилик кутса-да, баъ¬зи¬лар ота-онасига иснод келтиради. Гиёҳванд бўлиб жо¬ни¬га жабр етказади. Ичиб, машина остида қолади, қимор ўйнаб, пичоқлашиб, ёшини яшолмай завол топади. Лекин менинг ўғлим тинчликни, осойишталикни, элу юртни асраб қолиш учун ҳалок бўлди. Инсоннинг бу дунёси ҳам обод бўлсин экан…
– Мотамсаро аёлнинг овози тетик эди, кўксимизда ербағирлаб ётган ҳиссиётлар тик тургандай бўлди. Онаизорга сўз айтмадик. Хайрлашаётиб, бир — бир бағримизга босдик. Ким– кимдан куч олди…
– Ҳа, Ватан билан боғланса, юрт билан боғланса, таскинлар ҳам кучли бўларкан, — деди қайтишда орамиздаги ёши улуғ олима.
Бир одам тақдир тақозаси билан юртдан кетиб хорижда истиқомат қилиб қолган экан. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганда у Ватанга қайтишни истаган, лекин соғлиғи, кексалиги туфайли бунинг иложини топа олмабди.
– Юртимиздан бир ҳовуч тупроқ олиб келинглар! – деб Ўзбекистонга бориб-келувчилардан илтимос қилибди. Ота¬хон¬нинг истаги бажарилибди. Ўша қария ҳар куни чойига бир чимдим тупроқ солиб ичар экан. Бунинг сабабини сўраган¬ларга:
– Чойимдаги тупроғдан келиб турган ис соғинч, ҳижронда адо бўлган қалбимга мадор бўлади,– дер экан.
Шу кунларда истиқлол шарофати билан хорижда ўқиётган бир йигит хатида:
“Онажон, бу ерда ҳамма нарса бор, фақат Ўзбекистон йўқ”, – деб ёзади. Ҳижронзада чол ва талабанинг туйғулари қанчалар бир-бирига яқин, ўхшаш! Демак, “Ватан ягонадир, Ватан биттадир”, – деган гап ҳам ҳақиқат. Шу юрт ҳақида ўй¬лай¬диганлар нафақат атрофимизда, балки хорижда ҳам борлиги қалбда жонбахш туйғуларни уйғотиб юборади. Япо¬ния¬лик таниқли олим, ёзувчи, саёҳатчи Акио Каватонинг жур¬на¬листларга берган интервьюсини ўқидим. “Ўшa маҳаллар халқ ўзини вақтинча еб-ичишдан, кийиниш, кўнгил очишдан, валютани четга чиқармаслик мақсадида саёҳатдан ҳам чеклаган. Бир сўз билан айтганда, миллат Японияни тиклаш, оёққа турғазиш йўлида бирлашди,” – дейди у иккинчи жаҳон урушидан сўнгги йилларни хотирлаб.
Бундай фидокорлик бизга бегонами? Йўқ, асло! Фашизмга қарши жанг – жадаллаб бораётган пайтда момоларимиз қўл қовуштириб ўтирмаган, далага чиқиб меҳнат қилган, ҳатто сандиғидаги мерос зеб-зийнатгача “Аскарлар учун ” деб бериб юборган.
Ўзи юпун нимчада қолса ҳам, пахталик камзулини фронт¬га жўнатган.
Ватан муҳаббати, ватанпарварликнинг замони йўқ, у ҳамиша замонавийдир. Ҳаёт – улкан дарсхона. Ватан эса унинг ҳар кунги ўқитилиши, ўқилиши керак бўлган мавзуси. Шунинг учун Бобурнинг Андижон қовуни орқали акс этган Ватан соғинчини қандай тушунсак, бугун юртдошимиз, мусиқашунос, луғатшунос олимаси Дилором Кароматнинг ҳинд диё¬ри¬нинг Лакхноу шаҳридан ота-онасига ёзган мактубидаги интизорликни шундай тушунамиз.
Яқинда бир коллежда учрашув ўтказилди. Унда талаба¬лар¬дан бири менга шундай деб қолди:
– Шоира опа, мен унча яхши ўқимайман. Сиз ватан¬пар¬вар бўлиш учун яхши ўқиш, яхши ишлар қилиш керак, дедин¬гиз. Демак, мендан ватанпарвар чиқмайдими?
Бир қараганда оддий, лекин кутилмаган савол. Гап Ватан ва ватанпарварлик ҳақида борар экан, ҳар бир сўз ва жумла¬нинг залвори бўлади.
– Ватан учун буюк ишлар қилиш ҳар кимнинг имконидаги иш эмас. Бунинг учун тарихнинг бурилиш нуқталарида тақдир ўзгача шахсларни яратади. Лекин Ватан учун яшаш ҳар бири¬мизнинг имконимизда бор. Масалан, ўзимизни ёмонлик¬лар¬дан асраб, ҳалол, тўғри инсон бўлиб етишсак, ўзимиз севган касб-кор билан шуғулланиб, рўзғоримизни пешона те¬ри эвазига тебратсак ҳам юрт учун яхши иш қилган, Ватан учун чиройли яшаган ҳисобланамиз,–деб жавоб қайтардим. Рости ҳам – шу.
Кейинги пайтларда “Ватан” демасдан ҳам юртни севиш мумкин, ҳадеб айтилаверса, оҳори тўкилади, деган мазмун¬даги гаплар пайдо бўлди. Ватан либос эмас, кийса, оҳори тўкиладиган. У дунё ичидаги дунёмиз. Товушларида виқор, муҳаббат, ҳарорат бор. Нега “Мен нечун севаман Ўзбекистон¬ни” – дея шеър ўқисак, ”Ўзбекистон-Ватаним маним,” “Ўзбегим” деб куйласак, ўзимизни оддий Мунаввара ё Муниса эмас, буюкликнинг бир қисмидай тасаввур этамиз?! Ўша сўз салобатидан, ўша сўз меҳри, сеҳридан эмасми бу улканлик!

Ватан, деб айтамиз.
Ватан, деб куйлаймиз.
Ватан, деб яшаймиз.
Ва шу туйғулар ичра улғаямиз, юксаламиз.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” 
газетаси, 2011 йил, май.

Сайт бўлими: Адабий-бадиий нашрлар

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ