"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Нурбой Жабборов. Абадиятга айланган лаҳза

Ўқилди: 1 565

Begali

Эссе

* * *
“Вақт жуда шафқатсиз. Унинг ўз қонунлари бор. Тарих тарозисига бир солиб кўринг-чи, инсон умри бир киприк қоққудек лаҳзага тўғри келармикин? Лекин ҳикмат шундаки, инсон ўша бир киприк қоққудек лаҳза – умрни абадиятга айлантира олади…” Бу фикрлар эгасининг номи ортиқча изоҳга муҳтож эмас. Жуссаси ихчам бўлишига қарамай, ҳайбати, салобати кучли эди унинг. Қошларини чимирганда, шогирдлари тугул, ҳамкасблари ҳам ботиниб сўз дейиши маҳол бўлган бу олимни Тошкентдан Қозонгача, ундан олис Оврупогача адабиёт билан шуғулланган ҳар бир мутахассис яхши билар эди ва бугун ҳам якдил эътироф этадилар. Асарлари дунёнинг уч қитъасидаги ўн бир мамлакатда чоп этилганию бир неча халқаро академиялар аъзоси бўлгани ҳам бунинг далилидир.
Устоз адабиётшунос Бегали Қосимов чин маънода ватанпарвар эди – танпарварлик билан муроса қилаолмас эди. Ҳақиқий миллатпарвар эди – миллий адабиёт ривожига борлиғини бағишлаганинг сабаби шунда. Бу фазилатлар унга бутун интеллектуал салоҳиятини бахшида этгани – маърифатпарвар жадидлардан юққан бўлса, ажаб эмас. Бинобарин, у зоҳирда ҳам, ботинда ҳам ўтган аср аввалида фаолият кўрсатган маърифатпарварларга ўхшаб кетарди. Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов уни: “Сўнгги жадид”, деб атагани бежизмас.

* * *
Ватанга муҳаббат киндик қони тўкилган жойга муҳаббатдан бошланади. Қашқадарё воҳасининг Денов қишлоғида вояга етган Бегали Қосимов ўзи туғилиб, ўсган юрт тарихини жуда чуқур билар эди. Бу ерлардан Касбавий, Паздавий тахаллусли ўнлаб, юзлаб олиму уламолар, шоиру удаболар етишиб чиққанидан фахрланарди. Болаликдаги орзуси улар сингари олим бўлмоқ эди. “Бир вақтлар, Касби – бу нима дегани экан, деб қизиққан эдим, – дея хотирлайди олим. – Машҳур маърифатпарвар аллома Заки Валидийнинг ёзишича, касбийлар Ўрта Осиёда яшаган энг қадимги халқлардан бирининг номи экан. Қизиқ, наҳотки, Ўрта Осиёнинг дунёга маълум бўлган илк қавмларидан бирининг номи шу ер билан боғлиқ бўлса? Шулардан чамалаб айтаманки, атрофимиздаги тепаларда сир-синоат кўп… Европа олимлари ҳам, Шарқ олимлари ҳам Касби ўз даврида Қаршидан катта бўлганини айтадилар. Масалан, академик Бартольднинг ёзишича, бу жойлар сувнинг энг қуйи оқимида жойлашгани учун ҳам обод, овга бой эди. Бобур мирзо ўзининг “Бобурнома” асарида бу атрофда “мурғаки Қарши” деб аталган қушлар кўплигини айтади”.
Бегали Қосимов киндик қони томган юрт ўтмиши, бу ерда яшаган эл кечмиши ҳақида чуқур билимга эга эди. Қисматини шу замин, унинг бугуни ва эртаси билан чамбарчас боғлиқ деб ҳисоблаган, элдошлари қувончини ўз қувончи, улар ғамини ўз ғами дея ҳис этган ватанпарвар зиёли эди у. Мозийга бу қадар қизиққани сабабини, назаримда, шунинг билан изоҳлаш мумкин. Устоз Озод Шарафиддиновнинг мана бу эътирофи ҳам фикримизни тасдиқлайди: “Суҳбатдошимга яна бир бор қойил қолдим – мен унинг билимдонлигини билар эдим, аммо ўз қишлоғини, унинг тарихини, қадриятларини бу қадар эъзозлашини билмас эдим. Демак, унинг ёшлик йиллари шунчаки ўйинқароқлик билан ўтмаган экан. Бегали болалик кезлариданоқ синчков, ҳар нарсага қизиқадиган, ҳар нарсани таг-туги билан чуқур билиб олишга интиладиган одам бўлиб ўсган экан”.
Отаси – Абулқосим Муҳаммадмурод ўғли ҳам эскичадан, ҳам янгичадан хабардор, мадраса кўрган, ўқимишли киши бўлган. Олимнинг хотирлашича, касб-ҳунарга лаёқати баланд бўлиб, чорвачилик, деҳқончилик, ҳатто дурадгорлик бобида ҳам ушбу касб-кор эгаларидан қолишмаган. Шеъриятни, сўзни, сўз маъносини чақишни яхши кўрган. Шеър машқ қилган. 30-йилларнинг касри билан икки маротаба қамалган. Олим отасининг қамоқда ёзган шеърларини ҳозирги имлога кўчириб, укаларига тарқатгани ҳақида ёзган эди. Маълум бўладики, адабиётга, сўз санъатига меҳр Бегали акага қондан ўтган.
Онаси – Ҳимматой ая, устознинг таърифича, битмас-туганмас хазина бўлган. Эртаклару қўшиқларни яхши билган. Ҳаддан ташқари кўнгилчан, фарзандларига беҳад меҳрибон бўлган. “Кўнгиллари титраган симобдай қалқиб турар эди”, деб эслайди олим.
Бегали Қосимов ана шундай оилавий муҳитда вояга етган. Бу муҳитдаги тарбия унинг илмдаги камолотида бош омил бўлганини тасаввур этиш мумкин.

* * *
Курсдошлари, тенгдошларининг эътирофича, Бегали ака талабалик йилларида ҳам вақтни қадрлаган. Вақтни беҳуда юмушларга сарфламаган, исроф қилмаган.
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов мана бундай хотирлайди: “Биз бирга ўқидик. Илм-ижод бобида баҳоли қудрат хизмат қилдик. Кечагидай ёдимда: биз у билан бирга олис Қашқадарёдан Тошкентга дорилфунунга ўқишга келдик. Кириш имтиҳонларини топшириб талаба бўлдик. Ҳеч эсимдан чиқмайди, Бегали билан иккаламиз ҳам жуссамиз кичик, нозик қадди-қоматли ўспиринлар эдик. Университетнинг ўша маҳалдаги ректори, улуғ олим, академик Обид Содиқов бизларга: “Болаларим, тағин бир йил ўзларингни жисмоний чиниқтириб келсаларинг яхши бўларди, ҳали жудаям кичкина экансизлар”, деганлари ҳамон ёдимда. Биз эса: “Йўқ, домла, биз ўқигани келдик, ўқишга қурбимиз, қувватимиз етади”, деб туриб олганмиз. Хуллас, мана шу тарзда Тошкентдай шаҳри азимда ижара уйларда туриб, иссиқ-совуқ кунларни биргаликда бошдан кечириб ўқидик, таълим олдик… Бегали курсимиздаги энг пешқадам, энг зийрак, зеҳни ўткир талабалардан эди”.
Барча фанлардан намунали ўқиган Бегали Қосимов адабиёт тарихига, айниқса, қизиқиши катта эканини намоён этади. Профессор Ғулом Каримовдай талабчан устознинг назарига тушиб, талабалик йиллариёқ, унинг яқин шогирдига айланади. Миллатимиз тарихидаги ёрқин ҳаракатчилик бўлган жадидчиликни ўрганиш у кезлари бениҳоя хатарли бўлган. Шунга қарамай, устоз Ғулом Каримов ёш шогирдини ана шу мураккаб мавзуни ўрганишга йўналтирди.
Бу ҳаракат ўша давр Туркистон ижтимоий турмушининг барча жабҳаларини қамраб олган эди. Мазкур даврда юзага чиққан на сиёсий, на маданий бирор ҳодиса йўқки, жадидчиликнинг таъсир доирасидан четда қолган бўлсин. Табиийки, бундай кенг миқёс касб этган, Ватан ва миллатнинг нурли истиқболи учун курашни бош мақсади қилиб олган ҳаракатни шўролар замонида ўз номи билан ҳаққоний ўрганиш имконсиз эди. Шу боис, жадидчиликни ўрганиш мураккаб ва зиддиятли жараённи бошдан кечирди. Ўша замонда, ўз даврининг энг пешқадам ҳодисаси деб баҳоланган жадидчилик, ўтган аср 20-йиллари иккинчи ярмидан буржуа идеалогияси сифатида қораланди, бу ҳаракат ва унинг намояндаларини авлодлар қалбидан ўчиришга зўр берилди. Бироқ миллат фидойи фарзандларини унутмади. 1956 йили ижтимоий ҳаётда озгина илиқлик пайдо бўлиши биланоқ, зоҳирда қоралаб бўлса-да, жадидчилик ўрганила бошланди. 1985-1991 йиллари бу ҳаракатни холис ва ҳаққоний ўрганиш масаласи кун тартибига қатъий қўйилган бўлса, миллатнинг мустақилликка эришиши уни ўрганишни янги босқичга кўтарди. Бунда бутун интеллектуал салоҳиятини, иқтидорини жадидчилик ва жадид адабиётини тадқиқ этишга сафарбар қилган фидойи олим Бегали Қосимовнинг ўрни алоҳида.

* * *
Бугун мамлакатимиз ва хориждаги бу соҳа мутахассислари якдил эътироф этадилар: жадидчилик ва жадид адабиётини ўрганиш бўйича илмий мактаб Ўзбекистон Миллий университетида яратилди ва унинг асосчиси Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Бегали Қосимовдир. Устоз Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда: “Бутун Ўзбекистондаги миллий уйғониш даврини, унинг адабиётини ўрганишни истаган ёшлар Бегали атрофида уюша бошлади, бутун бир илмий мактаб шаклланди”.
Бу илмий мактаб жадидчилик ва жадид адабиётини ўрганиш бўйича ўзига хос тадқиқот тамойилларига, анъаналарига эга. Жадидчилик ва жадид адабиёти илмий мактаби ўзбек адабиёти тарихини тадқиқ этиш бўйича профессор Ғулом Каримов асос солган илмий мактаб негизида шаклланди. Бегали Қосимов устози Ғулом Каримов раҳбарлигида шўролар замонидаги чекловларга қарамай, жадидчиликнинг етук намояндаси – Мирмуҳсин Шермуҳамедов ҳаёти ва ижоди бўйича номзодлик диссертациясини ёқлади. Ўша кезлари, табиийки, жадид адабиётини ўз номи билан, асл ҳолича ўрганиш имкони йўқ эди. Бироқ фидойилик, мақсад йўлида қатъият бўлса, имкон топилар экан. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти “инқилобий адабиёт” истилоҳи билан тадқиқ қилина бошлади. Зеро, замон беҳад мураккаб ва зиддиятли эди. Миллатнинг неки фазилати бўлса, унинг ҳаётидаги нимаики ёруғ нарса бўлса, инқилоб шарофатига йўйилар эди. Бу истилоҳ эса, жадид адабиётини ўрганишда янгидан-янги имкониятлар эшигини очди.
Бегали Қосимов ана шу ном остида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди, “Излай-излай топганим” монографиясини яратди. Бу монография жадидчиликни ўрганишда янги босқични бошлаб берди дейилса, асло, муболаға бўлмас. Шўролар замонида ХХ аср бошлари ўзбек адабиёти атиги тўрт ижодкордан – Ҳамза, Айний, Завқий ва Аваз Ўтардангина иборат қилиб қўйилгани эътиборга олинса, мазкур монографияда юзга яқин ижодкор номи тиклангани, улар ҳақидаги илмий ҳақиқатлар юзага чиққани нечоғлиқ аҳамиятли экани аён бўлади.
Миллий истиқлол жадидчилик ва жадид адабиётини, наинки, ўз номи билан ўрганиш имконини берди, бу соҳада илмий мактаб яратилиши учун ҳам мустаҳкам замин ҳозирлади. Натижада, профессор Бегали Қосимов раҳбарлигидаги бу илмий мактаб қуйидаги муҳим натижаларни қўлга киритди:
Биринчидан, “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” истилоҳи илмий муомалага олиб кирилди. Бу давр адабиёти миллий маданиятимиз тараққиётининг ўзига хос даври экани ҳужжатлар асосида далилланди. ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошлари ижтимоий ва адабий ҳаракатчилиги ҳар бир босқичининг хос хусусиятларидан келиб чиқиб даврлаштирилди.
Иккинчидан, 1993 йили профессор Бегали Қосимов ташаббуси билан Тошкент Давлат университетида “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” кафедраси ташкил этилди. Кафедра қисқа муддатда, шу давр адабиётини тадқиқ этиш бўйича, наинки, мамлакатимизда, ҳатто хорижда ҳам эътироф этилган илмий марказга айланди. Хориждаги кўплаб фан ва таълим муассасалари билан, жумладан, Германиянинг Ҳумбольдтлар университети билан яқиндан алоқа ўрнатилди. Профессор Бегали Қосимов Ҳумбольдтлар университетида, немис олимаси Ингеборг Балдауф Миллий университет ўзбек филологияси факультетида дарс ўтдилар. Туркия Араштирма маркази ва Отатурк Култур маркази билан ҳамкорлик самараси ўлароқ, олимларимиз томонидан Туркияда нашр этилган 33 жилдлик “Турк дунёси адабиёти” қомусида ўзбек адабиёти ҳақида 1000 дан ортиқ илмий мақолалар чоп этилди. Мазкур қомуснинг таҳрир ҳайъати аъзоси ва ўзбек адабиёти бўйича мутасаддиси, профессор Бегали Қосимов Араштирма марказининг мухбир аъзоси, Отатурк Култур марказининг фахрий аъзоси этиб сайланган.
Олим раҳбарлигидаги кафедра, бундан ташқари, АҚШ, Франция, Япония, Россия, Қозоғистондаги жадид адабиёти билан шуғулланувчи олимлар ва илмий марказлар билан ҳамкорликда фаолият олиб борди. Профессорлар Бегали Қосимов, Шариф Юсупов, Улуғбек Долимов ва бошқа кафедра аъзоларининг илмий мақолалари мазкур мамлакатларнинг нуфузли нашрларида чоп этилди.
Бу илмий мактаб вакилларининг саъй-ҳаракати билан миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Абдулла Авлоний, Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Сиддиқий-Ажзий, Сидқий-Хондайлиқий, Мустафо Чўқай ўғли, Каримбек Камий, Тавалло, Ибрат, Ажзий, Сўфизода, Абдулҳамид Мажидий, Ҳожи Муъин, Вадуд Маҳмуд каби йигирмага яқин йирик намояндалари асарларини тадқиқ этиш, нашр қилиш ва оммалаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Бу ижодкорлар ҳаёти ва ижодий мероси бўйича номзодлик, докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди.
Бегали Қосимов раҳбарлигидаги жадидшунослик ва жадид адабиёти илмий мактаби вакиллари ўзбек миллий уйғониш адабиётининг йирик намояндалари асарларини оммалаштириш билангина чекланмади. Бу адиблар мероси ўрта ва олий мактаб дастурларига, дарсликларига киритилди. Профессор Бегали Қосимов “Миллий уйғониш” монографиясини яратди. Олим раҳбарлигида олий ўқув юртлари учун “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” дарслиги, бир қанча ўқув қўлланмалар чоп қилинди. “Ўзбек миллий уйғониш адабиёти материаллари” сериясининг нашри йўлга қўйилди.
Ҳар қандай илмий мактаб анъаналари давом этган тақдирдагина чинакам илмий мактаб мақомини олиши мумкин. Бу илмий мактаб адабиётшунослик ва ёндош соҳаларда янги илмий йўналишларга ҳам замин вазифасини ўтади. Жадид адабиётшунослиги (Ҳ.Болтабоев, Б.Каримов, И.Ғаниев, У.Жўрақулов), жадид драмаси (Ш.Ризаев, У.Саидов), жадид педагогикаси (У.Долимов), жадид матбуоти (Б.Дўстқораев, Ҳ.Саидов), янгича маърифатпарварлик ва жадидчилик (Н.Жабборов), жадид тарихшунослиги (С.Холбоев) сингари илмий йўналишлар шулар жумласидандир.
Жадид адабиёти бўйича чет мамлакатлар учун ҳам мутахассислар тайёрлаб берилгани олим асос солган илмий мактабнинг халқаро эътирофига яна бир далилдир. 2002 йили туркиялик тадқиқотчи Фатма Ачиқ, 2008 йили хитойлик Турсун Қурбон мазкур давр адабиёти муаммолари юзасидан диссертация ҳимоя қилдилар.
Мазкур далилларнинг ўзиёқ кўрсатиб турибдики, жадидчилик ва жадид адабиётини ўрганиш бўйича профессор Бегали Қосимов асос солган илмий мактаб анъаналари муносиб давом эттирилмоқда.
* * *
Бегали Қосимовнинг ёш олимлар ўрнак олиши зарур бўлган фазилатлари кўп эди. Илмий ҳалоллик унинг учун эътиқод даражасига кўтарилганди. Асарларида, ҳатто ўзининг раҳбарлигида ёқланган диплом ишига ҳам ҳаволалар берилгани бунинг исботидир. Ваҳоланки, шогирдларининг ишини ўзлаштиришдан тап тортмайдиган, бу ҳам етмагандек, бошқаларнинг фикрини ҳам ўғирлайдиган “олим”лар камми? Устоз Бегали Қосимов бундан парҳез қиларди.
Ўзининг илмий қарашларига зид бўлган фикрни, асосли бўлган тақдирда ҳам, қабул қила олиш – чинакам улуғ олимларгагина хос фазилат. Фақат илм майдонининг шери шогирднинг ана шундай хулосаларини эътироф этмоғи мумкин. Бегали Қосимов ана шундай олим эди. Биргина мисол. 1999 йили камина университет ўзбек филологияси факультетида домла раҳбарлик қилаётган “Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти” кафедраси доценти сифатида иш бошладим. Факультет олимларининг анъанавий йиллик илмий конференцияси ўтказиладиган бўлди. Каминанинг “Зокиржон Фурқат ижодида мустамлака сиёсатига муросасиз муносабат талқини” мавзуида маъруза қилишим режалаштирилди. Ростини айтсам, катта ҳаяжон билан келдим конференцияга. Гарчи анча-мунча янги маълумотлар аниқлаган, улар Фурқат ижоди ҳақидаги мавжуд қарашларни ўзгартириши мумкинлигини ҳис этсам ҳам, кўнгилда бир андиша бор эди. Бу фикрларимни устоз Бегали Қосимов қандай қабул қилади? Ваҳоланки, ўша кезлари чоп этилган 10-синфлар учун “Ўзбек адабиёти” дарслигида домла Фурқат чор Россиясининг илм-фан ва техника ривожида эришган ютуқларига маҳлиё бўлиб, унинг мустамлака сиёсати моҳиятига етмаганини афсус билан таъкидлаб ёзган эди. Энди эса, бир шогирди бу фикрларнинг зиддини исботламоққа чоғланса-я?!. Буни қабул қилиб бўладими?
Конференцияга келар эканман, хаёлим ана шундай ўйлар билан банд эди. Ниҳоят, маъруза учун каминага сўз берилди. Минг истиҳола билан фикрларимни баён этишга киришдим. Фурқатнинг “Муножоти мусаддас” асаридаги “куффор банди ичра сонсиз тугунда қолган” юртга ачиниб, “Бечоралар на қилсун бўлса сиёсати Рус”, тарзидаги исён руҳи билан суғорилган мисралари, “Бегим” радифли ғазалида “Келди зоғу қолди булбуллар навосидан, бегим” сингари изтироблари, “Бўлди” радифли мухаммасида “Ҳамани эмди кўз тутгони бир соҳибқирон бўлди” дея миллатни озодликка, ҳурриятга олиб чиқувчи йўлбошчи зарурлиги ҳақидаги орзулари талқини хусусида сўзладим. Сўзлар эканман, устознинг “Бўлди, тўхтатинг энди”, дейишини кутаман. Бироқ…
Бироқ маъруза ниҳоясига етган сари, устознинг юзи ёришиб бораётганини сездим. Конференция сўнггида музокарада Бегали Қосимов: “Бугунги маърузалар ичида менга энг ёққани Фурқат ҳақидагиси бўлди. Мумтоз адабиётимиздан энг йирик беш ижодкорни ажратиш зарурати туғилса, шубҳасиз, улардан бири Фурқат бўлади. Узоқ йиллардан буён мутахассис сифатида мени бир фикр изтиробга солиб келар эди: “Наҳотки, шундай улкан ижодкор мустамлака сиёсатининг моҳиятини англаб етмаган бўлса?” Шу боис яқин-яқингача шоир ҳақида худди шундай мулоҳазаларни ёзиб келдик. Бугун мендаги ана шу иштибоҳ тарқади. Бу гапларни секин айтиб бўлмайди. Бу фикрларни бонг уриб айтиш керак. Токи, шоир ҳақидаги асл ҳақиқат юзага чиқсин”.
Тўғриси, ҳайратда қолдим. Жуссаси унчалик катта бўлмаган Бегали Қосимовнинг салобати менинг кўз ўнгимда беқиёс даражада катталашгандек туюлди. Унинг учун илмий ҳақиқат ҳамма нарсадан устун эканини билиб, устозга бўлган ҳурматим аввалгидан ҳам юз карра ошди. Одамнинг ҳаётида юлдузли онлар кўп ҳам бўлавермайди. Мен учун ўша кун ҳаётимнинг ана шундай нодир саҳифаларидан бўлиб қолди.

* * *
2004 йил 25 сентябрь. Саҳар соат учлар эди чамамда. Кечқурун нима сабабдандир ўчиб қолган телефонимиз бирданига ишлаб қолди – совуқ жиринглади. Уйғониб кетдим: устоз Улуғбек Долимовнинг овози… Нима бўлганини англаёлмай, довдираб қолдим… Кейин эса машинаси бор танишларимдан бирига телефон қилиб, Бегали Қосимов вафот этганини, Қорақамишга боришимиз зарурлигини айтдим. Нозик бир жойга ошга боришини айтиб, узр сўради. Ҳайронлар қолдим. Наҳотки, Бегали Қосимовдай олим вафот этсаю бемалол ош ейиш мумкин бўлса-я?!. Бошқа бир дўстимга телефон қилдим, унинг машинасида йўлга тушдик. Шу қадар изтироб ичидаманки, дод солиб йиғлагим келади…
Устознинг жасадини васиятига кўра, яқин дўсти, машҳур шифокор Жуманазар Бекназаровнинг машинасида Қашқадарёга кузатдик. Зудлик билан адабиёт ва ижод аҳлига имкон даражасида хабар берган бўлдик. Ўзимиз ҳам тилшунос Зиёдулла Ҳамидовнинг машинасида йўлга тушдик… …Бегали Қосимов улғайган ҳовлига тупроқ йўл орқали борилар экан. Тупроқ йўл бошланган жойдан то устознинг уйига қадар бир неча чақирим йўлга сероб қилиб сув сепилган. Сув ерга сингиб, чанг кўтарилмас даражага келган. Бу қишлоқ аҳлининг ўзларидан етишиб чиққан олимга бўлган эҳтироми эди…
Жанозага тумонат одам йиғилди. Жаноза ўқилишидан аввал олимнинг ибратли ҳаёт йўли эсланди. Айниқса, Абдулла Ориповнинг сўзлари юракларни сел қилиб юборди. Бу одатдаги айрилиқлардан эмаслиги аён эди.

Кунларим тийрадур, оқшомлар пурғам,
Бир-бир кетаётир жўраларим ҳам, – деган мисраларини тинглаганда, ичимдан келган ўкирикни аранг босдим… Шу тарзда, устозни чин дунёга кузатдик…
* * *
…Бегали Қосимовнинг табъи назми ҳам бор эди. Ҳеч қачон шоирликни даъво қилмаган, бирор марта ҳам шеърларини матбуотда чоп эттирмаган бўлса-да, шеърий иқтидори унча-мунча шоирдан кам эмас эди. Балки, бу хусусият унга отадан ўтгандир. Ҳар ҳолда, устознинг ёзган шеърлари теран маъноси, бетакрор бадиияти билан ажралиб туради. Мана, умрларининг охирларида ёзган шеърларининг айрим бандлари:

Биламан, ҳар кимга бу он келадир,
Сўнгги сўз айтурга имкон келадир,
Виждон-ла юзма-юз иймон келадир,
Қувончлар чекиниб, армон келадир,
Комида яширин аламли нидо,
Ул видо онидир, видо, алвидо!

Зангор хаёлларга тўлганда дунё,
Нозли келинчакдай тўнганда дунё,
Жаннатдан бир тимсол бўлганда дунё,
Ўз-ўзига мафтун қолганда дунё,
Оҳиста қалбимга кирди бир нидо,
Ул видо онидир, видо, алвидо!

Боғимда қулади азамат чинор,
Чинорки, мен учун ҳам номус, ҳам ор.
Фарзандлар толбаргдай, кўзёш шашқатор,
Бундан аламлироқ қандайин дард бор,
Бехосдан тилимга кўчди бир нидо,
Ул нидо – видодир, видо, алвидо!

* * *
Инсон умри чексизликка нисбатан қиёсланганда, лаҳзанинг ҳам неча миллиарддан бирига тенгдир, эҳтимол. Лекин, бошқа яралмишлардан фарқи шундаки, у ана шу беҳад оз муҳлатда оламга татирли ишларни бажаришга улгуриши, ўз номини абадиятга муҳрлаши мумкин. Бегали Қосимов қисқа умри давомида, катта илмий мерос қолдирди.
Олимнинг қабристондаги хоки устига ўрнатилган мўъжаз лавҳада мана бундай сўзлар битилган: “Унинг азиз вужуди Ватан тупроғига, муқаддас руҳи эса миллат қалбига кўчди”. Бегали Қосимовнинг энг катта орзуси ҳам шу эди. Гарчи, фоний дунёдан бақо оламига кўчган бўлса-да, устознинг асарлари, уларда илгари сурилган ғоялар миллат қалбида доимо яшаб қолади.

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Мақолалар, Ўзбек насри

Қўшимча:

Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида Ўзбек шеърияти озарбайжон тилида
Анвар қори Турсунов вафот этди Анвар қори Турсунов вафот этди
Адабий анжуманга марҳамат! Адабий анжуманга марҳамат!
Барчани китоб тақдимотига таклиф этамиз! Барчани китоб тақдимотига таклиф этамиз!