"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ориф Тўхташ. Шундай деган экан

Ўқилди: 769

Шафтолининг дегани:

– Мени, дерлар, шафтоли,
Кўп мевалар қатори
Мазалиман, тотлиман,
Нархи баланд отлиман.

Мақтаниш бўлар, десам,
Минг бир дардга дориман.
Ўғирлаган сиз бўлиб,
Яна мендан нолиманг.

Мақсадим – хурсанд қилмоқ
Сиз хўранда дўстимни.
Бирон-бир сўз айтдимми,
Шилсангиз ҳам пўстимни?!.

Рубобнинг дегани:

– Одамлардай
Бошим бор.
Лек, иккита
Шохим бор.

Торимни
Сайратаман,
Дилларни
Яйратаман.

Мен куйлайман:
“Тинг-тинг-тинг”.
Қани –
Даврага тушинг.

Қўзиқориннинг дегани:

Ўзим ялпоқ,
Бошда “қалпоқ”,
Ёмғир ёғса
Ўсаман.

Сариёғда
Пиширсангиз,
Ширин бўлгум
Роса ман.

Қулоқнинг дегани:

– Қулоқ деган бир номга
Эгаман, биласизлар.
Мен орқали кўп гапни
Эшитиб, куласизлар.

Фахрлидир вазифам,
Бундан жуда розиман.
Лек баъзан “икки” олган
Боладан норозиман.

Чунки барча муаллим,
Жазо йўлин топишган.
Қўллари фақат менга
Ёпишгани-ёпишган.

Мени бошга кўтариб,
Кўча-кўйни кезасиз.
Куннинг совуқлигин ҳам
Каминадан сезасиз.

Яхши эшитмайди, деб,
Доғ суркаманг шаънимга.
…Бирор гап айтдингизми,
Тушунмадим, а, нима?!.

Олманинг дегани:

– Танишайлик, мен – олма,
Номимга қулоқ солма.
Олавер, иккиланмай,
Иштаҳанг бўлсин карнай.

Рекламага ҳожат йўқ,
Таъмим роса ёқимли.
Ортганини қуритсанг,
Қишда ейсан қоқимни.

Арининг дегани:

Мен ариман, ариман,
Мендан хафа Наримон.

У билмай асабимни,
Қўзғади ғазабимни.

Ҳозир хафа ишимдан,
Чунки еди нишимдан.

Н Нуқтанинг дегани:

– Мен нуқтаман,
Мен нуқта.
Ўрган аввал
Сен пухта.

Гапларнинг
Ҳар бирида,
Шай тургум
Охирида.

Бўлса агар
Гап сўроқ,
Бошимда
Турар ўроқ.

Гап ундов
Бўлганда боқ,
Тепамда турар
Таёқ.

Вергулларда
Думим бор,
Бошқа дўстим,
Кимим бор?!.

 

Сайт бўлими: Адабий ҳаёт, Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ