"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Раҳматулла Баракаев. Зафар диёрнинг зафарли ижоди

Ўқилди: 1 008

Раҳматилла БаракаевУмумадабиётнинг ажралмас қисми бўлган болалар адабиёти оналарнинг болаларига айтган аллаларидан, болаларнинг ақл-заковатини шакллантиришга хизмат қиладиган тез айтишлару топишмоқлардан бошлаб, оғзаки ижод намуналаридан ўзига хос ёзма адабиёт сифатида шоёнлик топди. Ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари эса болалар адабиётимизнинг том маънодаги шаклланиш даври бўлди.
Зафар Диёр ана шу давр болалар адабиётининг ўзига хос саҳифаларини яратган ижодкор эди. У бор-йўғи ўттиз тўрт йил умр кўрган, йигирма йилга етар-етмас ижод қилган бўлса-да, шу қисқа давр мобайнида истеъдодли шоир, носир, драматург сифатида болалар адабиётимизда ўз ўрнига эга бўлди.
Зафар Диёрнинг ижодий йўли ўтган асрнинг ўттизинчи-қирқинчи йилларига тўғри келади. Бу давр адабиёти ҳақида фикр юритганда, аввало, бадиий адабиёт тўлалигича шўро сиёсати манфаатларига бўйсундирилганини қайд этиш жоиз. Ижодкорлар хоҳиш-истакларидан қатъий назар, халқ хўжалигининг барча соҳаларидаги ютуқлар, илм-фан, маданият ва маърифат соҳаларидаги ижобий натижаларни шўролар тузумининг афзалликлари сифатида мадҳ этишга мажбур эдилар. Зафар Диёр ижоди ҳам бундан мустасно эмас. Бироқ, ҳар бир ижодкор асарлари орасида том маънодаги бадиияти, самимияти, бадиий адабиётнинг эстетик-маърифий моҳияти биринчи ўринга қўйилганлиги билан ажралиб турадиган асарлар бўладики, улар даврлар бўҳронидан ўтиб, китобхонларни инсоний фазилатлар руҳида тарбиялашга, умрбоқий қадриятларни куйлашга хизмат қилаверади. Зафар Диёр ижодида ҳам шундай асарлар оз эмас. Уларда ота-боболаримизнинг яратувчилик меҳнатини мадҳ этиш, ёш авлодни оталар ишига садоқат руҳида тарбиялаш манфаатлари етакчи мавқе касб этади. Жумладан, “Пўлат қанотлар”, “Лола”, “Парвознома”, “Қаҳрамоннинг ўлими” шеърлари қаҳрамонлик ҳақидаги энг яхши, ғоявий-бадиий пухта шеърлардан ҳисобланса, “Китоб, менинг дўстимсан!”, “Биринчи қадам”, “Лагерь қўшиғи”, “Боғчамиз”, “Сентябрь қўшиғи” шеърлари ёш авлодни илм-маърифат нуридан баҳраманд бўлиш сари етаклашга хизмат қилади.
“Боғчамиз”, “Биринчи сентябрь”, “Сентябрь қўшиғи”, “Биринчи қадам” шеърлари боғчадан илк бора мактаб сари йўл олаётган болалар тилидан ёзилган. Уларда мактаб ва ўқув қуролларига муҳаббат, савод ўрганиш қувончи ва бир ёш улғайиш масъулияти ўз аксини топган. “Лагерь қўшиғи” ва “Каникул кунлари” шеърларида эса ёзги таътилда оромгоҳлар қучоғида ўйнаб-кулиб дам олган, янги куч-ғайратга тўлиб, қадрдон мактаби сари ошиқаётган ўқувчиларнинг қувончлари акс этган.
Ўша шеърлардан бирига сиз ҳам назар солинг:
Яшна, Ватан,
Жон Ватан,
Сенга шараф-шон Ватан!
Сенсан –
Бизнинг онамиз,
Ҳадя сенга жон ва тан!

Шоирнинг “Ватан” деб номланган ушбу шеъри Иккинчи жаҳон уруши йилларида ёзилган. Маълумки, ҳар бир даврнинг ўз етакчи мавзулари бўлади. Бу мавзуларда яратилган асарлар қиммати эса, аввало, конкрет давр воқелигини қай даражада жонлантира олганлиги билан ўлчанади. Шу маънода, Иккинчи жаҳон уруши даврининг асосий мавзуси  Ватан мадҳидир. Инчунин, шу даврда яратилган Ватан мавзуидаги ёзувларда вояга етаётган ёш авлодни туғилиб-ўсган, киндик қони тўкилган она тупроққа садоқат руҳида тарбиялаш, унинг ҳар бир қаричини қадрлашга ўргатиш руҳи устуворлик қилади.
Бироқ, Ватан мавзуси Зафар Диёр ижодига уруш муносабати билангина кириб келган тасодифий мавзу эмас. Унинг “Серқуёш ўлка”, “Ўзбекистон” сингари шеърлари ҳам юртимизнинг умумлашма поэтик тимсолини яратишга бағишланган. Бундан ташқари, шоирнинг ўттизинчи йилларда битилган бир қатор шеърларида диёримиз гўзалликларини бутун оламга кўз-кўз қилган, ёш авлодни Ватанни янада яшнатиш учун яратувчилик меҳнати сари чорлаган йил фасллари Ватан гўзаллиги билан ҳамоҳанг тасвирланади. Табиат ва ҳайвонот дунёси тасвирида ҳам ўзгача бир меҳр барқ уриб туради. “Январда”, “Арча қўшиғи”, “Баҳор келди, ўртоқлар”, “Гунафша”, “Қушлар қўшиғи”, “Қанотли дўстлар” сингари шеър ва қўшиқлар шулар жумласидандир.
Шоирнинг “Арча қўшиғи” шеърида янги йил арчаси атрофида қувнаб ўйнаётган болалар шодлиги, хурсандчилиги тараннум этилади. Шуни ҳам айтиш жоизки, мазкур шеър ўзбек адабиётидаги арча байрами, янги йил арчаси тасвирига бағишланган илк асарлардандир. Шеър болалар тилидан ёзилган бўлиб, уларнинг бахт, қувонч қўшиғи каби янграйди:

Чаман-чаман боғларнинг,
Бизлар жамбил, райҳони.
Бизнинг қувноқ қўшиқлар,
Жаранглатар ҳар ённи.

Дарҳақиқат, фарзандларимиз “чаман боғ”нинг  обод Ватанимизнинг энг гўзал ва сўлмас гуллари  “жамбил, райҳон”ларидирлар. Фақат уларгина “қувноқ қўшиқлар” айтиб, “ҳар ённи жаранглатиб”, бахтли ёшликни мадҳ этишлари мумкин. Ушбу фахриянинг болалар тилидан айтилиши ва “жамбил, райҳон” сингари такрорланмас ўхшатишлар эса шеърнинг самимияти ва ғоявий-эстетик аҳамиятини янада оширган, ёш китобхонга тўла етиб боришини таъминлаган. Бу фикр “Баҳор” шеърида янада ёрқинлаштирилган. Гул Ватан, гулзор Ватан баҳорда янада кўрк очиши, унинг фарзандлари  гулу булбуллари эркинликни, бахт-саодатни куйлаши шеърнинг бошидан охиригача қизил ип бўлиб ўтади:
Яна гулга
Тўлгай Ватан,
Биз қўйнида яйраймиз;
Гул новдага
Қўниб турган
Булбул каби сайраймиз…
Биз шу кўркам
Гулбаҳорнинг
Гўзал асл гуллари!

Шу руҳ  табиат гўзалликларини Ватан гўзаллиги билан боғлаб тасвирлаш шоирнинг ушбу мавзудаги деярли барча шеърларига хос бўлган хусусиятлардир. Мазкур шеърда ҳам ёш боланинг ўсиб-униб келаётган беғубор гулга, Ватаннинг ушбу гуллар билан янада чирой очган гулзорга, фарзандларимизнинг Ватан гўзалликларини куйлашдан чарчамайдиган булбулга ўхшатилиши тўла маънода ўзини оқлаган, шеър бадииятини оширишга хизмат қилган.
Шунингдек, Зафар Диёрнинг ҳайвон ва паррандаларга бағишланган шеърларида ҳам шунга ўхшаш икки мақсад кўзга ташланади. Уларнинг биринчиси, болаларга ҳайвон ёхуд паррандаларнинг ўзига хосликлари ҳақида маълумот бериш бўлса; иккинчиси, болаларни табиат ва ҳайвонот дунёсига меҳрибонликка, уларни авайлаб-асраш ва кўпайтириш ҳамда қадрдонлашишга ундашдир. Ҳар иккала мақсад ҳам аслида тарбияга бориб тақалади. Тарбиянинг қуруқдан-қуруқ панд-насиҳат тарзида эмас, балки гўзал бадиий шаклга солинган шеър тарзида берилиши мақсадга тезроқ етказишини ва ёш китобхоннинг бадиий дидини ҳам чархлашини истеъдодли санъаткор тўғри англаган ва асарларида буни акс эттирган.
Болалар адабиёти бир вақтнинг ўзида ҳам эстетик, ҳам маърифий аҳамият касб этар экан, у ёш авлодни илм-фан нуридан баҳраманд қилиш орқали маънавий камолотга етказиш сираларига ҳам масъулдир. Болалар шеъриятимизда ушбу мавзудаги асарлар етакчилик қилиши ҳам шу боисдандир. Бу асарларда илм-маърифат таърифланади, унга эҳтиромлар билдирилади. Улар орасида Зафар Диёрнинг “Китоб, менинг дўстимсан!” номли шеъри алоҳида ўрин тутади. Шеър бола тилидан ҳикоя қилиниши, чуқур самимияти ва ўйноқилиги, равонлиги ва мусиқийлиги билан ажралиб туради. Зеро:
Гулшан аро мен ила
Суҳбатларинг чиройлик,
Катта-кичик эл аро
Улфатларинг чиройлик, – дейиш, фақат китобга ўртоқ бўла олган болагагина хосдир. Ҳар бир тўртликдан сўнг такрорланувчи:
Шунинг учун дейманки,
Китоб, менинг дўстимсан! – нақароти эса шеър оҳанггини янада мусиқийлаштирган, китоб яхши сифатлар жамулжами эканлиги таъкидини мантиқий асослаган. Ушбу шеърдаги жонлантириш санъати (китоб билан суҳбат) шеър бадииятига кўрк бўлиб тушганки, бу бадиият унсурлари бирлашиб, шоир ижодиётини гўзал гуллардан сараланган сархил гулдастага ўхшатишга асос бўлади.
Зафар Диёрнинг ўттизинчи йиллар ижодиётида ҳажвий ва аллегорик тарздаги дидактик асарлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Бунда, аввало, юмор ва мажозийликда болалар адабиётининг баъзи ўзига хосликлари намоён бўлишининг таъсири кўринади. Шунингдек, ҳажвнинг тарбияда катта ўрин тутиши ҳам ижодкорларни улардан унумли фойдаланишга ундаган бўлиши табиий бир ҳолдир. Шоирнинг “Зарар эмасми?” шеъри бу мавзудаги ёзувлар орасида ажралиб туради. Унда болалар қувноқ кулги билан тоза-озода юришга, шахсий гигиенага амал қилишга ўргатилади ва ўз камчиликларини тузатишга ундалади.
Иккинчи жаҳон уруши даврида шеърият болалар адабиётининг етакчи жанри сифатида болалар руҳий дунёсини чуқур ифодалай олди. Зафар Диёр бу йилларда “Бизнинг қуролимиз” (1941), “Бизнинг оила” (1942), “Совға” (1944) сингари шеърий тўпламларни яратди. Бу тўпламлардаги келажакка ишонч руҳи билан суғорилган қатор шеърларда тасвирдаги лиризм кучайиб, бола қалбининг катта воқеаларга муносабатини аниқ акс эттира олиш даражасига кўтарилди. Бу давр шоир ижодининг юлдузли, энг сермаҳсул ва камолотга эришган даври бўлди.
Зафар Диёр қисқа умр кўрган бўлса-да, унинг ёш авлод шахсиятини шакллантиришга хизмат қиладиган аксарият ёзувлари бугунги кунда ҳам ўзбек болалар адабиётининг энг гўзал саҳифаларини ташкил қилади.
Истиқлол шарофати билан миллий, маданий, адабий қадриятларимиз тикланаётган, ёш авлодни ота-боболаримизнинг энг яхши фазилатлари руҳида тарбиялаш имкониятларига кенг йўл очилган бугунги кунда, ўзининг самимий ва беғубор шеъру достонлари билан халқимиз қалбидан жой олган шоир – Зафар Диёрнинг ижод йўлига яна бир карра назар ташлаш “яхши қўшнидан сўрагандан кўра, ёмон уйимиздан ахтариш”нинг ўзига хос моҳият касб этишини тасдиқлайди. Шу маънода, Зафар Диёр асарлари бугунги кунда ҳам, эртага ҳам фарзандларимизни, шоирнинг ўзи бир шеърида таъкидлаганидай: “ўзбек ўғли  эр ўғли, асл ботир  шер ўғли”, бўлиш руҳида тарбиялашга астойдил хизмат қилаверади.

 

Сайт бўлими: Адабий танқид, Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ