"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Алексaндр Сергeевич Пушкиндан янги таржималар

Ўқилди: 1 214

Pushkin 400Дўстларимга

Парвардигор бахш этмиш сизга
Олтин кундуз, олтин кечалар,
Хумор қизлар кўз тутмиш сизга
Синчков нигоҳ дилга ўт қалар.
Ўйнанг, куйланг, менинг дўстларим!
Шўҳ оқшомлар ўткинчи, бир зум
Ташвиш билмас бахтингизга жим
Кўз ёш билан қилгум табассум.

1816

Кўз ёш

Болдай шароб базмида, оқшом
Гусар билан ўлтирдим.
Дил лиммо-лим қайғу, қўлда жом
Олис йўлга термулдим.

“Нечун йўлга қарайсан, айтгил? –
Сўради шунда ботир. –
Кузатмадинг ундан, шукур қил,
Ахир дўстингни, ҳозир”

Кўксига бош қўйганча айтдим,
Шивирладим мен ғамгин:
“Гусар! Уни кўрмасман қайтиб!..”
Хўрсиндиму, қолдим жим.

Кипригимга илинди кўз ёш
Кейин томди жомимга.
“Бир қизга ҳам қиларми кўзёш,
Уял” – дер у, ҳолимга.

“Тинч қўй, гусар… оҳ! Оғрир дилим.
Дард билмас – тани бошқа.
Эвоҳ! Етар томчи ёш, билдим,
Бир жомни оғулашга!..”

Казак

Ярим тунда бир сафар
Туман ва зулмат аро,
Дарё бўйлаб жим ўтар
Чапани казак танҳо.

Қора телпак чаккада,
Чопони чангга ботган.
Тўппонча ён, чеккада,
Қиличи ерга теккан.

Содиқ от, жилов ҳоли
Қадами шаҳдам-шаҳдам;
Тўлқиндай узун ёли
Олисларга боққан дам.

Учрар бир-икки уйлар,
Йиқилган ёғоч девор;
Қишлоққа борар йўллар,
Бу ён қалин қайинзор.

“Ўрмонда топилмас қиз,–
Ўйлади чапдаст Денис, –
Гўзаллар уйда бу кез
Тунда юрмаслар ёлғиз”.

Жиловни силтар донлик,
Пошна-ла ниқтар, онда,
От чопар мисли ўқдек,
Ёғоч уйлар томонга.

Булутда ой товланар
Олис осмон-фалакда;
Дарчадан оловланар
Гўзал маъюс ва якка.

Мард кўриб гўзал қизни;
Юраги дуккиллайди.
От чапга бурар изни –
Ва дарча тиққиллайди.

“Тун қораяр тобора,
Яширинди ой тунга.
Тезроқ бўл, бекам, қара
Сув берсанг-чи, отимга.”

“Йўқ! Навқирон йигитга
Қўрққум яқин боргани,
Қўрққум уйдан чиқишга,
Отингга сув бергани”.

“Оҳ! Албатта, гўзал қиз,
Дўст бўлгин ундан кўра!”
“Тун гўзалга хавф ҳаргиз”.
“Бахтим! Қўрқмагин сира!

Ишон, бекажон, етар;
Ёлғон қўрқувни ташла!
Олтинга тенг вақт кетар;
Кел, албатта, йўл бошла!

Бедовга ўлтир, сен-ла
Олисга борай, албат;
Бахтли бўласан мен-ла:
Дўст бўлса, ҳар ер жаннат”.

Шўрлик қиз нетар? Кўнди
Енгдими қўрқув, бадкор;
Бирга кетарди энди,
Казак бўлди бахтиёр.

Елишиб, кезди дунё.
Бир бирин севди, албат;
Икки ҳафта қилди вафо,
Уч ҳафтада ҳиёнат.
1815

Дарча

Яқинда, бир оқшом маҳали,
Туман қучган чўлнинг қамари
Ўз йўлида сузгани сари,
Бир қиз кўрдим – дарчадан нари.
Ўйга чўмиб ёлғиз ўлтирар,
Энтикади, ҳадик бор дилда,
Кўзларда хавотир… термулар
Дўм пастига, қоронғу йўлга.

«Бу ёққа!» – бесабр пичирлаб,
Қиз узатди қўлин, ҳойнаҳой.
Дарча аста-аста қисирлаб …
Зулмат ичра яширинди ой.
«Бахтли, – дедим дилимда ҳижрон, –
Висол сени кутмоқда бу дам.
Ахир қачон бир гўзал оқшом
Очилгайдир дарча менга ҳам?»
1816

Моҳият

Донишлар изламиш қадимдан қадим
Унутилган моҳиятнинг изларин,
Жуда узоқ, узоқ қилмишлар талқин
Аждодларнинг қолдирган гап-сўзларин.
Айтмишлар баралла: “Бешак, моҳият
Бекинган, қудуққа тушиб, бетамиз”,
Ҳаммаси сув ичиб, қилибдилар аҳд,
Қичқириб: “Шу ердан уни топамиз!”

Аммо кимдир чиқиб, қай валинеъмат
(Ҳудди ўзи Кекса Силеннинг, салкам),
Телбаликни кўриб, қилолмай тоқат,
Сув, бақир-чақирдан безор бўлган дам,
Ўз ҳолига қўйиб бекинганни ҳам,
Кашф этиб шаробни, тип-тиниқ кўзгу
Косани сипқориб, қўймай томчи, нам,
Тубида кўрибди моҳиятни у.

1816

Рус тилидан Ҳумоюн Акбар таржималари

Сайт бўлими: Жаҳон шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ