"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Жаббор Халил. Халоскор (эртак)

Ўқилди: 813

Жаббор Ҳалил2

Пешин пайти.
Саратон қуёши қоқ тепада туриб қолган. Бутун борлиқ унинг ҳукмига бош эггандай беҳол сукутга чўмган.
Қишлоқ чеккасидаги ҳовлида ҳам жимлик. Дов-дарахтлар япроқлари қилт этмайди. Тонг азонда бошланган қушлар чуғури аллақачон тинган, тиқ этган сас эшитилмайди. Кимсасиз ҳовлидаги бу оғир жимлик тагида аллақандай қўрқув, хавотир яширингандай эди гўё.
Бир маҳал… Пешайвонда чумчуқлар ваҳимали чирқиллаб ҳовли сукунатини бузишди. Бўғотларда мудраб ўтирган бир жуфт мусича сесканиб кетиб, ҳовлига учиб тушишди ва яна ҳавога кўтарилиб, том бошига қўнишди.
Пешайвон остида бир неча чумчуқ чирқираганча шифт кунжагидаги уялари атрофида чарх уриб учишар, тўсинлар оралаб эса қоп-қора илон уларнинг уяси томон сирғалиб борар, онда-сонда бошини кўтариб узун тилини кўрсатиб ғалати сас чиқарар, бўғзини шиширганча вишилларди. Илон яқинлашгани сари чумчуқларнинг ҳам важоҳати ортди. Ини бузилган арилардай уялари атрофида парвона бўлиб, ҳовлини бошларига кўтарганча шовқин сола бошлашди. Шунда, нима бўлдию, чумчуқлардан бири айвон остидан учиб чиқиб, кўздан йўқолди. Қолганлари эса бир уя олдига бир қўниб, бир учиб яқинлашиб келаётган юҳони даф этишга, полапонларини ҳимоя қилишга уринишарди. Фалокат сония сари яқинлашиб келар, вазият таҳликали эди.
Шу пайт тўдадан айрилиб қаёққадир учиб кетган ҳалиги чумчуқ айвонга ўқдай отилиб кирди-да, тўғри бориб уяси олдига қўнди. Бошқа чумчуқлар ҳам негадир тинчиб, шифтнинг у ер, бу ерига қўниб олишди. Жимлик чўкди. Сабаби, илон қаршисида митти паҳлавон – бузоқбоши пайдо бўлганди. Саккиз оёқли, боши гавдасига нисбатан каттароқ бу жонивор илон қаршисида қад ростлади. Олд оёқларига тиралганча гавдасини у ёқ-бу ёққа тебратди. Илон жиддий рақибга дуч келганини ҳис этиб, ҳушёр тортди. Хотиржамлигини йўқотди. Совуқ тусга кириб, тилини чиқарди. Чумчуқчалар юрак ютганча бошланажак ҳаёт-мамот жангини кутиб туришарди. Шу пайт бузоқбоши мағрур керишди-да, бир сакраб илоннинг бошига қўнди-да, аррасимон панжаларини ботирди. Илон ноилож қолиб, жон талвасасида бошини тебрата бошлади, аммо митти жангчининг панжаларидан қутилишнинг иложини қила олмас, бузоқбоши эса ўзини хотиржам тутганча гўё рақибини эрмак қилгандай миқ этмай ўтирарди. Илоннинг ҳаракати сусая бошлаши билан бузоқбоши ваҳимали бир чинқирди-да, олдинги узун оёғи билан илоннинг ўнг кўзини ситиб юборди. Ва шу лаҳзанинг ўзида чўяндек бақувват қийшиқ тумшуғини омбурдай катта очиб-ёпиб кўрсатди-да, бир чўқишда илоннинг чап кўзини ҳам ўйиб ташлади. Кейин бир сакраб, ёғоч тўсинга ўтиб олди. Икки кўзидан ажраган илон калтакесак каби совуқ тупроқ тусига кирди ва ҳолсизгина букчайганча пастга қулади. Уя олдида ёнма-ён турган икки чумчуқ қанотларини хушҳол ўйнатишиб бир-бирига теккизиб олишди. Айни чоғда яна бир ҳодиса рўй берди. Ҳовли чеккасидаги якка терак учида атрофни зийрак кузатиб турган қора қарға пастга шўнғиди ва ерда тўлғаниб ётган мағлуб илонни чангалига олиб яна ҳавога кўтарилди.
Бузоқбоши мағрур чириллади. Чумчуқлар унинг ёнига келиб қўнишди. Митти паҳлавон “Хўш, қалай”, дегандай уларга қараш қилди. Чумчуқлар “Раҳмат сенга, раҳмат сенга”, дегандай бараварига чуғурлашди. “Ҳа, буни ҳамкорлик дейдилар, ҳамкорликда гап кўп” деган каби бузоқбоши файласуфона бош ирғади. Шундан сўнг миннатдор чумчуқларнинг бири бузоқбошини панжаларида авайлаб тутганча қанот қоқди ва ҳовли оша кенгликлар бағрига сингиб кетди.

Сайт бўлими: Болалар адабиёти, Ўзбек насри

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ