"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Сирожиддин Рауф. Ким айбдор? (шеърлар)

Ўқилди: 1 276

Sirojiddin Rauf DSC_0033-4-400Она жаҳл қилади:
«Ҳеч кирмадинг сўзимга.
Оғриб қолса томоғинг,
Билгинки, айб ўзингда!».

Бир чеккада қимтиниб,
Елка қисиб Fолибшер:
«Музқаймоқ совуқ бўлса,
Менда нима айб?», дер.
***
Дўқ қилди

Табиатда энг зўри
Момақалдироқ экан.
Гумбурлатса осмонни
Ҳамма қалтироқ экан.

Бизлар тоққа отланган
Якшанбада «дўқ» қилди.
Кўп орзиқиб кутилган
Дам олишни йўқ қилди.

***

Маймуннинг ҳикояси

Чангалзорда бир замон,
Авжи тириклик фасли.
Бизларга эш, биродар
Бўлган одамзод насли.

Ён қўшни-ю жон қўшни —
Fорларда яшаганмиз.
Неки топсак, қизғанмай
Ўртада ошаганмиз.

Шохдан-шохга сакрашиб,
Терганмиз банан, кокос.
Сўнг тақсимлаб олганмиз,
Жону жигарларга хос.

Шундай аҳил эдик биз —
Биргаликда қилиб ов.
Йўлолмаган биз томон
Ҳатто қонхўр, йиртқич ёв.

Беминнат пўстин дея,
Мўйимизни асрардик.
Ақлнинг балосидан
Ўйимизни асрардик.

Билмадим не хаёлда
Фикр қилди одамзод —
Қувиб илм ортидан
Бўлди бизга етти ёт!

Асли азал дўстликка
Шундан рахна ташланган.
Устара кашф этилгач,
Бегоналик бошланган.

***
Тулкининг айтганлари

Ўрмондаги ҳаёт бешафқат,
Омад кулар зўрларга фақат.
Заиф бўлса қайсидир ҳайвон,
Пусиб яшайди у нотавон.
Бирда бўривой турткилайди,
Бирда қоплонбек нақ талайди.
Бизларга ҳам бундайин қисмат —
Бегонамас, беролсам нисбат.
Ўйлаб ниҳоят мен бечора,
Топдим-ку охир шундай чора.
Совға-саломлар қилиб бордим,
Йўлбарсойга кўнглимни ёрдим:
«Суянч топгандир ҳамма, — дедим,
Бўлинг менга сиз амма, дедим.
Бу ҳаётимни қайта қурай,
Жиян бўлиб бир даврон сурай.
Хизматингизни қотираман,
Товуқлар тутиб келтираман.
Олий зотсиз ва олий мақом,
Бирга юрмоқлик — фахр мудом…»
Мақтов сўзни жуда дўндирдим,
Йўлбарсойни аранг кўндирдим.
Ўрмон аҳли тинглангиз такрор,
Қавмимга мен бўлдим халоскор.
Ҳасад эмас, қилинглар ҳавас,
Почча бўлди бизларга йўлбарс!

***
Ҳимоя

Болаларни халқаро
Ҳимоя қилиш куни.
Ота-онам ўзаро
Қилди ҳимоя мени.

Аввал байрам баҳона
Томошага чиқдик биз.
Томошамас озгина
Машмашага чиқдик биз.

Бу не ҳолат (оҳ шўрим),
Бўлса ҳамки ҳаво дим,
Кийим кийдим зап пўрим,
Рўдапога айландим.

Онам деди: «Гапим шу,
Ёпинғични иласан!
Ҳозирча ёз, қишда-ку,
Майли, ўзинг биласан».

Отам деди: «ҳайвонот
Боғини бориб кўрсак».
Онам дер: «Чарчар, ҳайҳот,
Болани асраш керак».

Сўнгра деди: «Арғимчоқ
Уча қолсин дадаси…»
Отам деди: «Ўйлаб боқ,
Айланмасин калласи».

«Бир яйрасин чўмилиб», —
Отам деди ниҳоят.
«Шамоллаб қолмасин» деб
Онам қилди ҳимоя.

Кейин сирти зарқоғоз
Музқаймоқ олиб берди.
Отам қилиб кўксин ғоз:
«Касал қиласан» дерди…

«У яхшимас, бу ёмон…»
Онам гирдикапалак.
Етмасин деб бир зиён,
Отам тағин жон ҳалак.

Қилишди мени зада,
Айтишиб ади-бади.
Хуллас икки ўртада
Байрам ҳеч татимади.

Аслида меҳр ширин,
Меъёр бўлса… кифоя.
Излар бўлдим ноўрин
Ҳимоядан ҳимоя!

Сайт бўлими: Болалар адабиёти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ