"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Юсуф Хос Ҳожиб. Қутадғу билиг

Ўқилди: 1 179

m2

(Саодатга элтувчи билим)
Парча

…Билимни буюк бил, ақл-идрокни йўл,
Улуғдир икковин тта билган қул.

Сўз дедим, исботи шундай келди мос,
Мендан эшит уни, қулоғингга ос:

Заковат кўрган ер, бўлур улуғвор,
Билим кимда бўлса, буюклиги бор.

Доно билур, идрок этади оқил,
Билимли, оқилнинг муроди ҳосил.

Билим маъносин бил, яхши билим ол,
Билимни бил, мушкул ерингда қурол.

Билимсизнинг бари дардлик бўлади,
Дардин эмламаган киши ўлади.

Дардингга даво қил, келгил, эй нодон,
Билимсиз – хор, доно – бахтлидир, инон.

Билимдир бурундуқ гар тутса одам,
Тилакка етар ҳам яшар муҳтарам.

Закийга каттадир законинг нафи,
Билимдан ортажак яна шарафи.

Уқув бирла қилур бор иш-амалин,
Билимдан бил, беклар бахтин, камолин.

Ақл-идрок, билимнинг таржимони – тил,
Улуғловчи эрни равон тилни бил.

Тил-ла киши улуғ, бўлур бахтиёр,
Тил-ла беқадр эр, ғамга гирифтор.

Тил арслондир, боқ эшикда ётар,
Маккору ваҳшийдир, бошинг йўқотар.

Тилдан озор топган, не дейди эшит,
Бу сўзга амал қил, ўзингга иш эт:

Тил етказар менга жуда кўп алам,
Бошим кетмай, унга берайин барҳам.

Сўзингни тузатгил бошинг кетмасин,
Тилинг тий, тишингга кулфат етмасин.

Эсонлик тиласанг, ўзингга-ўзинг,
Тилингдан чиқарма яроқсиз сўзинг.

Билиб, сўзланса сўз, зако саналар,
Сўздан йўқотар бош нодон таналар.

Киши сўз-ла ўсди, бўлди шоҳ-малик,
Кўп сўз – изза, қадни эгар ерчалик.

Гапдон тилни дерлар, эзма-сўзамол,
Камгап бўлса, яна, дейдилар, гунг-лол.

Ҳолат бўлса шундай, ўртача йўл тут,
Ўртача йўриқда баракаю қут.

Тилга ҳушёр бўлсанг, бошингдир омон,
Яшарсан, сўзласанг қисқа, кўп замон.

Тилнинг нафи талай, шошмасанг бироз,
Гоҳо сўкилар тил, гоҳ топар эъзоз.

Икки нарса билан қаримас киши,
Бири – эзгу сўзи, бири – қилмиши.

Кишидан кишига қолари сўздир,
Мерос сўзни тутсанг, нафи юз-юздир.

Эй оқил, қош тугма, букун куйманиб,
Ўзим узрим айтсам, турма ийманиб.

Тилак сўз эди, эй билағон, оқил,
Авлодларга қилсам, дегандим, нақл.

Идрок ўнг келди, кўр, ишончим айтар,
Хато сўз ҳамиша зарар-ла қайтар.

Сени сўзлар мудом эл тили ёмон,
Ҳасадчилар бермас этингга омон.

Қарасам, ғам-алам кўп енгил тортди,
Виждоним, айт, деб, сўз тилимга ортди.

Не демакка ҳамки, бўлса у қодир,
Сўзим айтай сенга, эй мард, баҳодир.

Янглишмас киши ким, айтиб бер менга,
Янглишар туман минг, айтайин сенга.

Билимсиз кўп эди, заковатли кам,
Уқувсиз беқадр, доно муҳтарам.

Шундан, донишмандга ёв бўлди нодон,
Билимлига қилди адоват ёмон.

Кишидан кишининг талай фарқи бор,
Бу фарқни билим этади ошкор.

Донога сўзладим, мен ушбу сўзим,
Нодон тилин англай олмасман ўзим.

Билимсиз-ла, йўқдир, сўзим ҳеч менинг,
Хизматингда бўлай, эй оқил, сенинг.

Барча эзгуликлар билим туфайли,
Билим сабаб бўлди, кўкка йўл хайли.

Ҳар не десанг, сўзинг, билим-ла, сўйла,
Кўпнинг билимини буюк, деб, ўйла.

Сўз бўз ерга кўм-кўк осмондан инди,
Сўз-ла, инсон қадр тахтига минди.

Киши кўнгли денгиз каби бепоён,
Билим-инжу, денгиз тубида, аён.

Чиқармаса инжу денгиздан киши,
Инжуми, сой тоши, бефойда иши.

Билимли, билимин тилга ёр этмас,
Йиллаб ётсин ҳамки, у ҳеч ёритмас.

Уқув, билим жуда эзгу нарса, соз,
Етсанг ишлат, кўкка айлагил парвоз…

…Нима дер эшитгил билимли одам,
Етук ёш, синаган дунё муқаддам:

Билимсизга тўрдан ўрин бўлса, боқ,
Пойгак тўр саналар, тўр эса қирғоқ.

Агар доно олса пойгакдан бир жой,
У пойгак топади тўрдан зўр чирой.

Билимга эрур бу эҳтиром бари,
Фарқсиз: пойгакми, тўр дунё жойлари.

Кўргин, икки турли асл инсон бор,
Ё донишманд, ё бек – етакчи, сардор.

Ундан нари барин, ҳисоб эт уюр,
Иста буни тут ё иста бунга юр.

Сен қайси бирисан, менга очиқ айт,
Иккидан бири бўл, учинчидан қайт.

Тиғ олди-бердиси элни тузатар,
Қалам иши ёруғ йўлга узатар.

Улардан келмоқда бор эзгу тузук,
Бу мерос, билганлар бўлишар бузрук.

Марҳумлардан қолган ёдгор – сўздир ул,
Панд, насиҳат тутгин нафи жуда мўл.

Билимсизлик аниқ, ожизликка тенг,
Эй нодон, зулматни билим билан енг.

Киши кўрки – сўз, ул сўз эса талай,
Кел, эзгу сўзларни, эй тил, мадҳ қилай…

Қадимги туркий тилидан ўзбек тилига ўгирувчи Фазлиддин РАВШАНОВ

 

 

Сайт бўлими: Ўзбек мумтоз адабиёти, Ўзбек шеърияти

Қўшимча:

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Звезда Востока” журналининг 85 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири Александр ФАЙНБЕРГ, Ўзбекистон халқ шоири
СИРОЖИДДИН САЙЙИД  (1958) СИРОЖИДДИН САЙЙИД (1958)
САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ САМАРҚАНДДА КЎЧМА ЙИҒИЛИШ