"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

Ахборот хати

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Биринчи халқаро анжумани
2018 йил, 7-8 август, Тошкент шаҳри, Ўзбекистон
Ахборот хати

Конференция мавзуси: Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари

Конференциянинг изланиш доираси: Ўзбек адабиёти кўп асрлик тарихга эга бўлиб, инсоният цивилизацияси ривожида алоҳида ўрин тутиб келган. Ўзбек адабиёти асрлар давомида миллий қадриятлар асосида такомиллашган, бугунги кунда эса жаҳондаги илғор тенденцияларни ҳам ўзлаштириб, шу асосда замонавий, илғор қарашларни ва асрий анъаналарни бирлаштирган ноёб ҳодисага айланган. Шунинг учун ҳам жаҳон олимларининг ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётига қизиқиши катта. Ўзбек тили ва адабиёти дунёнинг кўплаб университетларида мутахассислик фани сифатида ўқитилади. Ҳозирги кунда жаҳондаги ўнлаб университетларда ўзбек тили ва адабиёти таълим йўналишининг мавжудлиги, жаҳон таълим тизимидаги магистратура ва докторантура босқичларида кўплаб илмий-тадқиқот ишлари олиб борилаётгани бунинг далилидир.
Мазкур халқаро конференция ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёт намуналарининг хорижий тилларга таржима қилаётган чет эллик таржимонлар, мумтоз ва замонавий ўзбек адабиёти мавзусида илмий изланиш олиб бораётган хорижлик мутахассислар билан яқиндан мулоқотни йўлга қўйиш, ўзбек адабиёти тарихи, бугуни ва истиқболига доир фикр ва мулоҳазаларни тўплаш, жаҳон олимларини мамлакатимизда мумтоз ва замонавий адабиётни ўрганишда эришилаётган ютуқлар, замонавий миллий адабиётда яратилаётган янги адабиётлар билан таништиришга қаратилган.

Конференция вақти: 2018 йил, 7-8 август
Конференция мажлиси ўтказиладиган жой: Тошкент шаҳри, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биноси.
Конференция тили: ўзбек, рус, инглиз.
Конференциянинг мақсад ва вазифалари:
— мамлакатлар ўртасида адабий алоқаларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш;
— ўзбек тилидан хорижий тилларга бадиий таржима муаммоларини муҳокама қилиш;
— ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг замонавий усул ва воситаларидан фойдаланган ҳолда тарғиб қилиш йўналишларини белгилаш;
— ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш мақсадида дунё кутубхоналарида сақланаётган ўзбек адабиёти намуналарини ўрганиш бўйича ҳамкорлик ишларини янада ривожлантириш;
— жаҳон ҳамжамиятини замонавий ўзбек адабиётининг ривожланиш даражасидан хабардор қилиш;
— ҳамкорликни самарали ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
— адабиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш.

Конференцияда қатнашиш учун сўровномани ташкилий қўмита электрон манзилига 2018 йил 1 майгача жўнатиш сўралади (сўровнома матни иловада келтирилган).

Ташкилий қўмита қуйидаги мавзулар бўйича мақолаларни қабул қилади:
— ўзбек мумтоз адабиётининг хорижда ўрганилиши ва тарғиб этилиш масалалари;
— ўзбек замонавий адабиётининг хорижда ўрганилиши ва тарғиб этилиш муаммолари;
— ўзбек адабиётини хорижий тилларга таржима қилиш ва тарғиб қилиш масалалари;
— ўзбек адабиёти қўлёзма манбаларининг хорижда ўрганилиши;
— бадиий таржима соҳасида таржимон мутахассисларни тайёрлашдаги халқаро илғор тажриба;
— жаҳон адабиётшунослигида замонавий ёндашувлар.
Тезисларни жўнатиш санаси: 2018 йил 20 майгача.
Тезислар маъқуллангани тўғрисида жавоб 2018 йил 1 июнгача берилади.
Мақолаларни жўнатиш санаси: 2018 йил 10 июнгача.
Таҳрир ҳайъати маъқуллаган маърузалар алоҳида тўплам қилиб нашр этилади.

Мақолаларга талаблар:
— Муаллифнинг тўлиқ Ф.И.О. (ўнг томонда), кейинги қаторда илмий унвон, илмий даража, олий таълим муассасаси номи, лавозими (тўлиқ, қисқартмасиз), боғланиш учун эл.манзил.
— сарлавҳани конференция тилларидан бирида расмийлаштириш (ўртада, катта ҳарфларда) МАҚОЛА НОМИ.
— конференция тилларида аннотация. Аннотация асосий мавзунинг мазмунини, мақолада қўйилган илмий муаммони, унинг мақсади ва вазифаларини қамраб олиши, мазкур мақолада аввалги тадқиқотларга нисбатан олиб чиқилаётган янгиликка урғу берилиши керак. Аннотация ҳажми 250-300 сўз.
— калит сўзлар вергул билан ажратилади.
— калит сўзлардан кейин бир қатор ташлангандан кейин мақола матни. Мақола Microsoft Word форматида (.doc .docx rtf) шаклда, Times New Roman 14 шрифтда, 1 интервалда қабул қилинади.
— мақола 10 саҳифадан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
— тезис 100-150 та сўздан иборат бўлиши шарт.

Мақолаларингизни жўнатиш манзили:
Тошкент, Бунёдкор шоҳкўчаси, Адиблар хиёбони, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими. Эл. манзил: conferenceuzlit@gmail.com
Конференцияга мезбонлик қилувчи ташкилот: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси.
Конференция веб-сайти: www.ijod.uz
Ҳамма харажатлар: виза, рўйхатга олиш, йўл, яшаш ва овқатланиш, конференция кунларидаги зарур тиббий хизматлар, Самарқандга саёҳат харажатлари конференция ташкилотчилари томонидан қопланади.