"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса — миллат яшар".     Абдулҳамид Чўлпон

«Ижод» фонди

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги «Ижод» жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил  26 февралдаги «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида «Ижод» фондини ташкил этиш тўғрисида»ги ПҚ-1292 Қарорига асосан ташкил этилган.

Фонднинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланган:

—ўзбек адабиётини янада ривожлантириш, бадиий сўз санъати соҳасидаги ютуқларни кенг тарғиб этишга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағлар жамғариш ва йўналтириш;

—Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг самарали ижодий фаолиятини таъминлаш мақсадида улар учун зарур маиший, тиббий хизматлар кўрсатиш ва бошқа шарт-шароитлар яратиш;

—адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса кўшган кекса авлодга мансуб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига аниқ йўналтирилган моддий ёрдам кўрсатиш;

—ижодий кўрик-танловларни ташкил этиш, иқтидорли ёш адибларнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этиладиган ижод намуналарини, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш;       —халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъана ва қадриятлари тараннум этилган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз ва замонавий адабиётимиз муносиб намуналарининг хорижий тилларга таржима қилинишини ҳамда Интернетда кенг тарғиб этилишини молиялаштириш;

—Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, унинг тасарруфидаги кўчмас мулкни бошқариш, Фонд маблағларидан Фонд низомида белгиланган вазифаларни амалга оширишда мақсадли ва самарали фойдаланиш.

 ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ (26.02.2010 й. ПҚ-1292)

 ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАР УЮШМАСИ ҲУЗУРИДА «ИЖОД» ФОНДИНИТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

Халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришда бадиий адабиётнинг беқиёс ўрни, таъсири ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, адабиётимиз равнақи учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ёзувчи ва шоирларнинг ижодий салоҳиятини тўла рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 30 июлдаги 394-ф-сон фармойишига биноан ташкил этилган Республика комиссиясининг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Адабиёт фонди негизида Уюшма ҳузуридаги юридик шахс мақомига эга бўлган «Ижод» фондини (кейинги ўринларда — Фонд) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Қуйидагилар Фонднинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ўзбек адабиётини янада ривожлантириш, бадиий сўз санъати соҳасидаги ютуқларни кенг тарғиб этишга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағлар жамғариш ва йўналтириш;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг самарали ижодий фаолиятини таъминлаш мақсадида улар учун зарур маиший, тиббий хизматлар кўрсатиш ва бошқа шарт-шароитлар яратиш;

адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса кўшган кекса авлодга мансуб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларига аниқ йўналтирилган моддий ёрдам кўрсатиш;

ижодий кўрик-танловларни ташкил этиш, иқтидорли ёш адибларнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этиладиган ижод намуналарини, жумладан, биринчи китобларини нашр этиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш;

халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъана ва қадриятлари тараннум этилган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз ва замонавий адабиётимиз муносиб намуналарининг хорижий тилларга таржима қилинишини ҳамда Интернетда кенг тарғиб этилишини молиялаштириш;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, унинг тасарруфидаги кўчмас мулкни бошқариш, Фонд маблағларидан Фонд низомида белгиланган вазифаларни амалга оширишда мақсадли ва самарали фойдаланиш.

2. Қуйидагилар:

Фонднинг Васийлик кенгаши таркиби 1-иловага мувофиқ;

Фонд ижро этувчи дирекциясининг ташкилий тузилмаси 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки, Фонднинг ижро этувчи директори Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг тавсиясига биноан Фонднинг Васийлик кенгаши томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

3. Фонднинг Васийлик кенгаши (Ш. Мирзиёев):

ҳар йили Фонднинг даромад ва харажатлари истиқбол кўрсаткичларини тасдиқлаб борсин;

Фонд маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини кўриб чиқсин ва маъқулласин;

Фонд олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишда манфаатдор давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини, шунингдек Фондга ҳомийлик ёрдамини жалб қилсин;

Фонднинг ижро этувчи дирекцияси фаолиятини Фонд даромадларининг шакллантирилиши, харажатларининг асослилиги ҳамда маблағлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан мунтазам назорат қилиб борилишини таъминласин.

4. Қуйидагилар Фонд маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгилансин:

ноширлик ва матбаа корхоналарининг босма маҳсулотларини реализация қилишдан, шунингдек босма маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш билан боғлиқ таҳрир, матбаа ва ноширлик хизматлари кўрсатишдан тушган тушумнинг 2 фоизи миқдоридаги ажратмалар;

«Дўрмон» ижод уйи коттежлари ва меҳмонхона хоналарини ижарага беришдан ҳамда Фонднинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик ёрдами;

қонун хужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Ушбу қарорнинг 4-банди иккинчи хатбошида кўрсатилган ажратмалар фойдадан олинадиган солиқ, ягона солиқ тўлови ва давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Бюджетдан ташқари мактаб таълими жамғармасига ажратмаларни ҳисоблашда солиққа тортиладиган базани камайтириши белгилаб қўйилсин.

6. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг:

«Дўрмон» ижод уйи ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникасини Фонд бошқарувига ўтказиш;

Фонд томонидан «Дўрмон» ижод уйидан фойдаланиш дирекцияси» унитар корхонасини таъсис этиш ва унга бошқариш учун берилаётган мулкдан самарали фойдаланиш вазифасини юклаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг Захира жамғармасидан Фондга унинг айланма маблағларини шакллантириш мақсадида 2010 йилда 100,0 (юз) млн. сўм маблағ ажратишни, шунингдек зарур бўлган ҳолатларда, кейинги йилларда маблағ ажратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилишини таъминласин.

8. Фонд ва «Дўрмон» ижод уйидан фойдаланиш дирекцияси» унитар корхонаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси 2015 йил 1 январгача барча солиқлардан, шунингдек давлат мақсадли жамғармаларига ва Бюджетдан ташқари мактаб таълими жамғармасига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилсин.

Белгилаб қўйилсинки, ушбу имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар фақат Фонд ва унинг бошқарувидаги «Дўрмон» ижод уйидан фойдаланиш дирекцияси» унитар корхонаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси зиммасига юкланган вазифаларни бажаришга йўналтирилади.

9. Фонднинг Васийлик кенгаши Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан келишилган ҳолда Фонд уставини ҳамда Фонд  маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига «Дўрмон» ижод уйи коттежлари ва меҳмонхона хоналарини уюшма аъзоларига ижодий хизмат сафарлари учун фойдаланишга бериш тартиби тўғрисидаги низомни бир ой муддатда ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш тавсия этилсин.

11. Фонд Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси балансидаги Тошкент шаҳри, Ўзбекистон проспекти, 16а-уй манзилидаги бинога жойлаштирилсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                И. Каримов

“Халқ сўзи”, 2010 йил 27 февраль. 

 Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2010 йил 26 февралдаги ПҚ-1292-сон қарорига

1-ИЛОВА                

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги «Ижод» фондининг Васийлик кенгаши ТАРКИБИ

Мирзиёев Ш.М.-Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Васийлик кенгаши раиси

Арипов А.Н.-Ўзбекистон Республикаси   Бош вазири ўринбосари, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари

Алимов Б.Ш.-Ўзбекистон Ёзувчилар   уюшмаси раиси, Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари

Васийлик кенгаши аъзолари:

Қўзиев Т.К.-Маданият ва спорт ишлари   вазири

Ходиев Б.Ю.-Олий ва ўрта махсус   таълим вазири

Ширинов Т.Ш.-Халқ таълими вазири

Турдиев Д.Р.-Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари

Каньязов Е.С.-Адлия вазирининг   ўринбосари

Қўчқоров Ж.А.-Молия вазирининг   ўринбосари

Сафаев Р.С.-Ўзбекистон Матбуот ва   ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари

Бўрибое И.-Ўзбекистон Республикаси   Президенти Девонининг етакчи консультанти

Иқбол Мирзо-Ўзбекистон Ёзувчилар   уюшмаси раисининг ўринбосари, Васийлик кенгаши котиби